Ҳижоб – тажовузга қарши!

0 1 108

Бугунги дунё янгидан-янги ташвишлар ва муаммоларни келтириб чиқармоқда. Аммо шундай муаммолар ҳам борки, инсоният пайдо бўлгандан буён аёллар бу муаммоларда ҳар доим дуч келадилар. Бу – таъқиб ва тажовуздир. Баъзи даврларни истисно қилганда, аёлларга нисбатан тажовуз жамиятда долзарб муаммога айланмаган пайт бўлмаган бўлса керак.

Хўш, бугунги кунимизда бу ҳақда нима дейиш мумкин?

Қайғули статистик маълумотларга кўра, АҚШда аёлларнинг, тахминан, 22 фоизи жинсий таъқибга учраган ва зўрланган. Уларнинг 39 фоизи эса ҳаётида икки ва ундан кўп марта! Уларнинг ярмидан кўпи – 11 дан 24 ёшгача бўлган хотин-қизларлигини ҳисобга олсак, демак, «жинсий жиноятлар – ёшларнинг фожиаси»дир! 75-80 фоиз ҳолларда зўрловчи ҳам, зўрланган ҳам бир-бирига таниш бўлган – улар ҳамкасблар, қариндошлар ёки дўстлар (!) бўлишган. Ваҳоланки, бу мамлакатда аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, уларнинг ҳуқуқий жиҳатдан даҳлсизлиги каби, жуда яхши ҳимоя қилинади.

Россиядаги статистика юқоридагидан деярли фарқ қилмайди: аёлларнинг деярли тўртдан бири (улар, асосан, ёшлардан иборат) жинсий тажовузга учраган. Аммо Россияда бундай муаммолар билан ҳуқуқни ҳимоялаш органларига мурожаат қилиш (айниқса, бундай нозик масалада) ва ўз манфаатларини судда ҳимоя қилиш урф бўлмаганлиги туфайли, расмий статистика маълумотларига кўра, аҳвол қониқарли.

Айни пайтда мусулмон дунёсидаги худди шу муаммо билан боғлиқ вазиятга назар ташласак, бу ерда у қадар кескинлик йўқ. Ўз динининг тартиб-қоидаларига риоя қилувчи муслима ҳатто АҚШ каби «эркин аҳлоқ»ли мамлакатда ҳам мутлақо тажовузга учрамайди.

Муслима ўзининг ташқи кўриниши ва хатти-ҳаракати биланоқ ҳар қандай тажовузни бартараф қилади. Мастура қиз ўзининг олий адолатга бўлган иймон билан ҳимояланганлигини намойиш этади, «Ҳамкасбларнинг шилқимликларидан ўз-ўзини ҳимоя қилиш» деб номланган китобчага ёки бахтли тасодифга умид қилмайди.

Хўш, Аллоҳ таоло аёлларни ахлоқ бузилган, шарм-ҳаё, ибо пардаси кўтарилган, оила ва никоҳ деган нарсанинг ўзи йўқолиб бораётган баъзи жамиятларда қандай қилиб, ниманинг воситаси ила ҳимоя қилади? Албатта, ҳижоб билан! Фақат кийим-бош маъносида эмас, балки феъл-атвор, юриш-туриш, турмуш тарзидаги ҳижоб билан.

Ҳижобдаги аёл – Исломнинг рамзидир; аёлнинг чин эгаси Аллоҳ Таоло эканлигини билдириб турувчи белгидир; аёлнинг ожиза эмас, ҳар қандай таҳқирларга нишон бўлган мавжудот эмас, балки эркинлиги, қадр-қиммати, ор-номуси, ҳурмат-эътибори ҳар қандай эркакникидан кам бўлмаган чин инсон эканлигининг ҳужжатидир.

КЎЧАДА

Мастура қиз шовқин-суронли, тили, маданияти ранг-баранг бўлган байналмилал оломон орасида юриб бормоқда… Энг аввало таъкидлаш лозим бўлган жиҳат шуки, ҳижобли аёл камдан-кам ҳолларда ёлғиз юради. Кўпинча унинг ёнида дугоналари, қариндошлари ёки болалари бўлади. Бу ҳам ҳижобнинг шартларидан биридир. Ёлғиз аёлни хафа қилиш ҳамманинг қўлидан келади, қизлар бир нечта бўлиб кетаётганда эса уларнинг ёнига сурбетлик билан, дадиллик билан яқинлашишга ҳам ҳамманинг юраги дов беравермайди.

Ҳижобли аёлнинг устида дидсизлик билан илиб олинган, баданни яшириш ўрнига кўпроқ уни яна ҳам очиб турадиган, эркакларнинг хаёлини ўғирлайдиган нарсаси ҳам қолмаган «топик», «мини» ёки «супер-мини» юбкалар бўлмайди. Унинг нурли юзида ҳиндуларнинг жанговар бўяниши каби бир неча килограммлик декоратив косметикани ҳам кўрмайсиз.

Муслима аёл ибо билан, кўзларини ерга қадаб, атрофга алангламай, навбатдаги ўлжани – энг замонавий, қимматбаҳо кийимлар кийган, «Мерседес»нинг энг зўрини минган, бўйнига тилла занжирлар осиб олган «ов»ни – қидирмай, аста қадам қўйиб боради.

У бирон иш билан кетяпти: дўконга, дарсга ёки болалари билан сайр қилишга. У ўзининг ишлари билан машғул, унинг атрофдагилар билан, айниқса, бошқа замондошлари каби кўпроқ пул ундириш, шартли равишда «эр» деб аталувчи «кўчмас мулк»ка айлантириб олиш мумкин бўлган эркаклар билан иши йўқ.

Албатта, унинг оёқ-қўли кишанлаб қўйилмаган, тили суғуриб олинмаган – керак бўлиб қолса, адашган кишига йўл кўрсатиб юборади, юзида майин табассум билан қари кампирни йўлдан ўтказиб қўяди, йиқилиб тушган болакайни турғазиб қўяди, бироқ унинг эътиборини Ислом доирасидан четга чиқадиган бирор нарсага чалғитишга салгина уриниш сезса, шу заҳоти у ердан нари кетади. Бирор эркак киши чегарадан чиқадиган даражада уни гапга тортишга уринса, шу заҳоти ўртада кўринмас девор пайдо бўлади. Айнан шунинг учун муслима аёл ҳар қандай, ҳатто энг ахлоқсиз шаҳарнинг кўчасида ҳам ҳимояланган бўлади.

ИШХОНАДА

Аввало, айтиб ўтиш керакки, муслима аёл ишлаб, оила боқишга мажбур эмас. Муслима аёл хоҳласа, ишлашга ҳаққи бор, холос. Бироқ бунинг учун унинг бўш вақти ва ота-онаси ёки эрининг рухсати бўлиши лозим.

Муслима аёл оиласини, ота-онасини (эрини-ку айтиб ўтирмаса ҳам бўлади) таъминлаш учун ишлашга мутлақо мажбур эмас. Аёл ишлаб топган пуллар фақат ва фақат унинг ўзига тегишли бўлади, бироқ у топган пулини оиласига, рўзғорга ишлатса , садақа ҳукмига ўтади.

Бироқ, муслима аёл ҳатто ўлим хавфи остида ҳам шуғулланиши мумкин бўлмаган ишлар, касблар бор: булар – стрип-клублар, интим-магазин, эскорт-ҳамроҳлик ва шунга ўхшаш кабилардир. Уларнинг номиданоқ ёлловчига «қўшимча» хизматлар кўрсатиш кераклиги кўриниб турибди. Табиийки, бундай ишлар муслималарга тўғри келмайди.

Бошқа баъзи касблар ҳам муслималарга юқоридаги сабабларга кўра мумкин эмас (уларда «қўшимча» хизматлар ҳақида алоҳида айтилмаган бўлса ҳам) – тунги кафе ва клубларда официантлик, котибалик (ишга олишдаги талаблар қаҳва дамлаб беришдан бошланади) ва ҳоказо. Бундай ишлар фақат муслималар учун эмас, ҳар қандай аёл учун ҳам ҳақоратлидир, бироқ кўпчилик бундай ишларга ё чорасизликдан, ё енгил пул топиш мақсадида рози бўладилар.

Яна баъзи бир касблар ҳам аёлларнинг аёллик табиатига мутлақо тўғри келмайди. Тракторчи аёллар, темир йўл шпалларини ётқизувчи хотинлар фақат коммунизм давридагина «улуғланди»… Аёлларнинг нозик қўллари шахталарда, қурилишларда, домна печларида, қайноқ цехларда қаварди… Бу ишларнинг оналик табиатига, аёлнинг жисмоний ва руҳий фитратига тўғри келмаслигини айтиб ўтиришнинг ҳам кераги йўқ. Қанчадан-қанча аёллар бундай оғир меҳнат оқибатида соғлигидан ажраб, ногирон бўлдилар, ҳатто оналик бахтидан маҳрум бўлдилар.

Муслима аёл ишласа, ҳамшира, доя, хуллас, шифокор ёки муаллима, журналист, дизайнер бўлиб ишлаши мумкиндир. Муслима аёл тадбиркор ҳам бўлиши – масалан, ўз бизнесини юргазиши ёки турмуш ўртоғининг бизнесига шериклик қилиши мумкин. Аёл киши Ислом доирасидан чиқмаган ҳолда ўзининг иқтидори, салоҳиятини рўёбга чиқара оладиган касблар жуда кўп. Албатта, аёл киши фақат аёллар орасида эмас, балки аралаш меҳнат жамоасида ҳам ишлаши мумкин. Бироқ бундай шароитда ҳам ҳижобли аёл бепарда ҳазиллар, шилқимлик, ноўрин гап-сўзларга йўл қўймади.

Унинг либоси ҳар қандай муассасанинг кийиниш тартиб-қоидаларига ҳам, Ислом қонунларига ҳам мос келади. Муслима очиқ чеҳрали бўлади, бироқ бу ноз-карашма эмас. Ҳижобли аёл хизмат пиллапояларидан муваффақият билан кўтарилиб боради, бироқ бу унинг қадди-қомати ёки чиройли лаб бўёқлари учун эмас, балки ўз иқтидори ва қобилияти ва албатта, Аллоҳнинг ёрдамига бўлган мустаҳкам ишончи, иймони туфайли бўлади.

Бундайлар ҳақида «У ортиқча кўзга ташланмайди, лекин бебаҳо ходима», дейишади. Яъни у атрофдагиларни ўзига қаратадиган даражада кўзга ташланиб турмайди, бироқ ишхонада унинг ўрнини ҳеч ким боса олмайди. У худди ҳавога ўхшайди: ўзи одатда сезилмайди, лекин унингсиз бир неча дақиқадан ортиқ яшаб бўлмайди.

ДАМ ОЛИШДА

Муслима, мастура аёлларнинг дам олиши ҳақида сўз кетса, кўпчилик ҳайрон қолиб, таажжубланади. Чунки «аёл киши фақат уйни эплаб ўтириш, бола туғиб, эрини ва болаларини боқиш учунгина яратилган» деган фикрда юрадиганлар кўплаб топилади.

Аммо бундай эмас. Ҳозирги кунда муслималарни ҳамма жойда – истироҳат боғларида, югуриш йўлакчаларида югураётган, чанғи, коньки ва скейт учаётган ҳолда учратиш мумкин. Исломий оилалар биргаликда табиат қўйнига дам олишга, чет элларга саёҳатга чиқмоқдалар. Муслима аёллар болалари билан истироҳат боғларига борадилар, болаларга мўлжаллаган кўнгилочар аттракционларга тушадилар.

Бироқ  муслималарни дискотекаларда, тунги клубларда кўрмайсиз – бу нарсаларнинг уларга кераги ҳам, қизиғи ҳам йўқ. У ерлардаги турмуш тарзини нафақат муслималар, балки ҳар қандай соғлом фикрли одамнинг ҳам дам олиш дейишга тили бормайди. Тўғрироғи, буни организмни ортиқча зўриқтириш десак тўғрироқ бўлар…

Тана ва руҳ ҳақиқатдан ҳам ҳордиқ чиқарадиган дам олиш ёки спорт турларида эса ҳижобдаги муслима аёл ташқи тажовузлардан ҳимояланган бўлади. Бунда муслималар аврат ёпишнинг шаръий чегараларидан чиқмайдиган бичимдаги, дам олишга ёки спорт билан шуғулланишга ҳалақит бермайдиган ҳижобларни кийиб оладилар. Албатта, узун, бир неча қаватли юбка ёки кўйлакда гулхан учун шох-шабба йиғиш, конькида учиш қийин, шунинг учун бу пайтда кенг қилиб тикилган шимлар ва узун тикилган туникалар қўл келади.

Дарҳақиқат, ҳижобга тўсиқ йўқдир, ҳижоб зарурдир, чунки бу фарздир. Аммо бу муборак фарзни аёлнинг қайси бир қилмишлари учун «жазо» деб қабул қилмаслик керак. Ҳижоб муслима аёлнинг турмуш тарзигина эмас, балки у ўз бекасини турли таҳдид ва муаммолардан, шу жумладан, тажовузлардан ҳам ҳимоя қилиб туради.

Фотима Манзур

Баҳам кўринг

Comments are closed.