Ҳидоят томчилари

0 1 563

Ҳидоят томчилари

Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ҳазратнинг дунёдан ўтганларига эртага бир йил тўлади.
Эрта тонгги намозларимиздан бошлаб Ҳазратимимизни ёдга олиб, Қуръон тиловат қилиб, Устозимизни муносиб ёд этайлик! Зеро, Ҳазрат бизлар учун бир куни, бир йили эмас, бутун бир умрларини бағишлаган эдилар.
Ҳазрат аёлларимиз учун ибрат бўладиган “Никоҳ, талоқ ва идда китоби”, “Таом, шароб ва либос китоби”, “Нубувват хонадони хонимлари”, “Бахтиёр оила” каби китобларни ёзган эдилар. Бошқа кўпгина китобларида ҳам аёлларга оид масалаларни кўп муолажа қилган эдилар.
Мен газетамизда эълон қилиш мақсадида Ҳазрат билан бўлган суҳбатларимизда, учрашувларда, савол-жавобларда айтилган устознинг аёлларга оид фикрларини жамладим. Бугун уларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман.

Ҳазратни ёдга оламиз:
Устозимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ҳазрат 1952 йил 15 апрелда Андижонда таваллуд топганлар.
Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасини, Тошкентдаги Олий Ислом Институтини, Ливиядаги Миллий Ислом Университетини, Триполидаги Исломий даъват факультетини тугатганлар.
Имом Бухорий номли олий маъҳадда устоз, мудир, Ислом университетида устоз эдилар. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси ҳамда муфтийси лавозимида ишлаганлар. Ўзбекистоннинг биринчи муфтийси эдилар.
Қуръонга энг гўзал тафсир (“Тафсири Ҳилол”) ва 39 китобдан иборат Ҳадисларнинг шарҳи (“Ҳадис ва Ҳаёт”) ва мусулмонлар учун дасутуруламал бўлган 100 дан ортиқ китоблари чоп этилган эди. Ўндан ортиқ интернет сайтлари фаолиятини ҳам йўлга қўйган эдилар.
Ҳазрат Ислом дунёсидаги энг машҳур олимлардан эдилар. Ислом Уламоларининг Миллатлараро Иттифоқининг аъзоси эдилар. Маккадаги Бутун Дунё Ислом Робитасининг таъcис мажлиси, Бутун дунё тасаввуф уюшмаси, Бутун дунё Исломий халқлари бошқаруви, Бутун дунё даъвати уюшмаси, Бутун дунё уламолари кенгаши уюшмаси, Бутун дунё Ислом уюшмаси, Бутун дунё мутафаккир уламолари йиғинининг, Бутун дунё масжидлар уюшмасининг, Исломий фикрлар академиясининг аъзоси эдилар.
Устозимиз 2015 йил 10 март куни дунёдан ўтдилар.
Аллоҳ Устозимизни раҳматига олиб, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшни қилиб қўйсин! У кишидан қолган уммондек меросни чуқур ўрганиб, унга амал қилиб, Ҳазратимизга ёруғ юз билан юзлашишни бизларга насиб этсин!

Аёлларнинг тўй, маъракалар меҳмондорчиликдаги таомлари ҳақида

Аёллар тўй, маърака, маросим ва ҳар хил зиёфатларга кўп боришади. Муслималар таомлари ҳалол бўлиши учун қайғурмоғи, ҳаракат қилмоғи фарз. Ҳалол топиб, ҳалол емоғлиқ ҳар бир мусулмоннинг бурчи, фарзи, қарзи ҳисобланади. Ўзи топмаган, бошқалар тарафидан топилган, бошқалар томонидан тайёрланган таомларга бўладиган муносабат қандай?
Тўй, маросимни ким қилаётганига назар солинади. У ҳалоллиги, поклиги, тақвоси, Аллоҳдан қўрқиши билан танилган одам бўлса, албатта унинг таоми бемалол ейилади. Чунки, исломий хулқи билан таниқли одамнинг таомида ҳам ҳаром аралашиши эҳтимоли йўқ. Маросим қилаётган кишининг топиш-тутишини ҳалол-ҳаромлигида шубҳангиз бўлса, ўша тўйнинг таомини тайёрлаш пайтида қандай омилларга суянилганлигини сўраб-суриштириб, билиб олишга ўтилади. Ҳалол-пок бўлса, шубҳасиз тановвул қилинади, шубҳали бўлса, ўзини четга олиш яхши бўлади.
Кўча-кўйда, умумий овқатланиш масканларида ҳам ана шундай таом тайёрлаб, шу савдо билан машғул бўладиган одамлар маълум ва машҳур. Бу одам ҳар доим таомни пок қилади, ўзи айтиб туради ёки ишончли, тақводор, Аллоҳдан қўрқадиган, одамлар гувоҳлик берган, деган маълумотлар бўлади. Бу ҳам эътиборга олиниб, улар тайёрлаб сотаётган овқатларни бемалол олиб, еса бўлади, чунки билим бор.
Энди аксинча бўлса, ундан четланади, ҳалол поклигини ҳам, шубҳали эканлигини ҳам, соҳибининг тақводор ёки тақводор эмаслигини ҳам билиб бўлмайдиган ҳолат бўлса, албатта, сўраб-суриштирилади. Қалби қаноат топадиган жавоб олса есин, бўлмаса четлангани яхши. Ҳаромни емаслик кераклигини билиб туриб ейиш, албатта бу катта гуноҳ.
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. У киши «Эй Аллоҳнинг Расули, мени дуоси қабул бўладиган кишилардан қилиб қўйинг», дейдилар. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат қилиб, «Эй Анас, луқмангни, таомингни ҳалол қилгин, дуоинг қабул бўлади. Аллоҳга қасамки, бир инсон бир луқма ҳаром еса, қирқ кунгача дуоси қабул бўлмайди», дедилар. Еган озуқа инсоннинг қонига, гўштига, бутун вужудига таъсирини ўтказади, сингади, қувват бўлади. Бир луқма бўлса ҳам кирган таомнинг таъсири инсоннинг жисмида қирқ кунгача турар экан.

Аёлларнинг қош териши, соч бўяши, линза тақиши ҳақида

Инсон аъзосини ўзгартириш Аллоҳ ҳалқ қилган нарсани бошқачага айлантиришга уриниш бўлганлигидан ман қилинган. Масалан, қош териш. Лекин хина қўйиш, сочга хина суртиш Аллоҳ яратган нарсани ўзгартириш эмас. Бу сочларни парваришлаш, уларнинг ҳолатини яхшилаш учун хизмат қиладиган, хушбўй қиладиган нарса сифатида қабул қилинган. Буни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзлари қилганлари учун, суннатга амал қилиш дейилади.
Бугунги кунда урф бўлиб, кўзига рангли кўз линзасини ёпиштириб юриш бугун зарар кўрсатиб қўймаса ҳам, бора-бора зарар қилиш эҳтимоли бор. Ундан кейин бу нима мақсадда қилинаяпти? Уни ўша кўзига рангли линза қўйганлар кўчадаги номаҳрамларга чиройли кўриниш учун қилишяптими? Мана бу тарафлари ҳисобга олинса, бу нарсанинг жоиз эмаслиги, беҳуда уриниш эканлиги аён бўлади. Бундан узоқ бўлиш керак бўлади.

Мусиқа эшитиш ҳақида

Мусиқа эшитиш макруҳми, ҳаромми, эшитсак бўладими?, деган саволлар кўпайди. Бу турли тортишувларга, ихтилофларга сабаб бўлмоқда. Макруҳ деганлар ҳам, бошқаси ҳам аниқ манбага суяниб, исбот, далил билан асослаб бермаганидан бу савол такрор-такрор берилмоқда. Қисқача қилиб тушунтирсам, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мусиқани эшитганликлари, хусусан, никоҳ тўйларида қўшиқ айтилиши, рақс тушилишини ўзлари даъват қилганликлари тўғрисида талай ҳадислар айтилган. Хулоса шуки, беадаблик қилинмаган, беҳаёлик қилинмаган қўшиқларни, шариат одоблари доирасидаги қўшиқларни айтиш, тинглаш айб эмас. Никоҳ тўйларида базм қилиш ҳам дуруст. Ватанпарварлик, ота-онага ҳурмат, динимизга даъват тарғиб қилинадаган қўшиқларни айтиш ҳам, эшитиш ҳам мумкин.

Аёлларнинг уйда намоз ўқиши ҳақида

Намозни жамоат билан ўқишда савоб кўп. Қачонки узрли сабаб билан эркаклар масжидга чиқмай қолган кунларида аёллар эри, отаси, акаси, укаси, ўғли каби маҳрам бўлган эркакларга иқтидо қилиб, намоз ўқиши дуруст, савобли. Ана ўшанда эркак киши имомликка ўтади, кейинги сафда аёллар туришади. Эркаклар иккита ёки бир нечта бўлсалар имомдан кейинги сафда эркаклар ундан кейинги сафда аёллар туришади. Албатта, имом жамоатга имомлик қилишни ният қилиши билан эркаклар жамоасига ҳам, аёллар жамоасига ҳам имом бўлади. Айрим уламолар имомнинг “Аёллар жамоасига ҳам имом ўтишни ният қилдим”, деб алоҳида ният қилишини айтишган. Бизнингча, шарт эмас. Аллоҳ ўзи ибодатларимизнинг хато ва нуқсонларини кечириб, даргоҳида қабул қилсин!

Аёлларнинг масжидга чиқишлари ҳақида

Аёл ҳам намоз учун масжидга чиқиши мумкин. Лекин уйда ўқиган намози афзал. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: «Аёлларингизни масжиддан тўсманглар. Лекин уйлари улар учун яхшироқдир». Ҳофиз ад-Димётий айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) вақтларида аёллар намозга чиқсалар, кийимлари, ёпинчиқлари билан ўраниб чиқардилар. Ғира-ширада уларни таниб бўлмас эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) намоз ўқиб салом берсалар, эркакларга: «Аёллар кетгунларича жойларингда ўтиринглар!» дер эдилар. Шундай бўлса ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Уйларида ўқиган намозлари афзал», деб айтардилар.
Энди бўяниб, ясан-тусан қилиб, «таннозхон» бўлиб кўчага чиқадиган аёллар хусусида нима дейсиз? Оиша (розияллоҳу анҳо) айтдилар: «Агар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) аёлларнинг у кишидан кейин нималар қилганларини билганларида, уларни масжидга чиқишдан тўсиб қўйган бўлар эдилар». Бу Оиша (розияллоҳу анҳо)нинг саҳобия аёллар хусусида гапирган сўзлари. Оиша (розияллоҳу анҳо) бизнинг замона аёлларини кўрганларида нима дер эдилар? Оқила аёл масжидга чиқмоқчи бўлса, салафларнинг аёллари каби ўраниб, мастура бўлиб чиқиши керак. Аёлнинг нияти тўғри бўлсин. Яъни намозни адо қилиш учун ва Аллоҳнинг оятларини эшитиш учун боряпман, деб ният қилиб олсин. Бу уни хотиржамлик, виқор ва бошқаларнинг эътиборини ўзига тортмасдан юришга чақиради. Баъзи аёллар машинада ёлғиз ҳайдовчи билан масжидга борадилар. Натижада нафл ибодат қиламан деб, ҳаром ишга қўл уришади. Бу жоҳиллик ва нодонликдан бошқа нарса эмас.
Аёл кишига уйидан чиқаётганида хушбўйлик сепиш мумкин эмас. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: «Қайси аёл хушбўйлик сепса, биз билан бирга Хуфтон намозига ҳозир бўлмасин». Аёллар агар ўз ҳолига ташлаб қўйилса, йиғлаб, бақириб ёки масжиддаги нарсаларни ўйнаб, атрофдаги мусулмонлар хаёлини чалғитадиган ёш болаларни ўзлари билан бирга намозга олиб чиқмасинлар.

Нима учун аёллардан пайғамбарлар чиқмагани ҳақида

Пайғамбарликнинг жуда кўп хусусияти ва шартлари бор. Пайғамбарнинг эркак бўлиши шулар жумласидандир. Бу борада Қуръони Каримнинг «Юсуф», «Наҳл» ва «Анбиё» сураларида очиқ баён этилган. “Эй, Муҳаммад, Биз сиздан илгари ҳам сиз каби кишиларни — инсонларнигина ўзимиз туширган ваҳий билан пайғамбар қилиб юборганмиз”. Оятдаги “эркаклар” маъносини ифодаловчи кишилар сўзи “рижалан” шаклида келган.
Аёллардан пайғамбар юборилмаганлигининг ҳикматлари ҳақида қуйидагиларни ҳам айтиш мумкин: Пайғамбарлик оғир юк, машаққатли вазифа. Аёл эса яратилиш жиҳатидан нозик ва заифа бўлгани учун ҳам бундай оғир ва ниҳоятда қийин вазифани бажара олмайди. Чунки пайғамбарлик доимий равишда сабр ва матонатни талаб қилади. Истисносиз барча пайғамбарлар ҳақ динни тушунтиришда турли бало ва мусибатларга дучор бўлишган. Одам алайҳиссаломдан Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)гача ўтган барча пайғамбарларга ҳар хил бўҳтон ва ҳақоратлар қилинган. Закариё, Яҳё ва Жиржис каби пайғамбарлар эса шаҳид этилган. Пайғамбарларнинг ҳаммаси барча зулм ва азиятларга сабр ҳамда сабот билан жавоб беришган. Аллоҳ бундай қийин ва оғир вазифани аёллар зиммасига юкламаган. Қолаверса, аёлнинг фитрий тузилиши ҳам бунга монеълик қилади. Зеро, у нубувват вазифасини ойда беш-олти кун ҳайз сабабли адо этиб, имомликка ўта олмас, рўзасини тута олмас эди. Бундан ташқари нифос ва лоҳусалик ҳолатлари ҳам борки, ҳомиладорлигида иш юритиши бутунлай қийинлашарди. Чунки фарзандини қорни ёки қўлида кўтариб юриш билан бирга қўшинга бошчилик қилиши, жисмонан бақувват бўлиб, олдинги сафларда эпчил ҳаракат қилиши лозим бўларди. Буларнинг барчаси аёлнинг пайғамбар бўлишига имкон бермайдиган ҳолатлардир. Ваҳоланки, бу масъулиятли ишларни аёлларга хос узрлар билан бирга олиб боришнинг имкони йўқ. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам шу масалага эътибор қаратиб, уларни “динга оид масалаларни тўлиқ адо қилмайдиган ва баъзи нарсаларни идрок эта олмайдиганлар”, деб тушунтирганлар. Фарзанди туфайли ибодатлари қусур ва нуқсонли аёл қандай қилиб пайғамбарлик қилсин? Ҳолбуки, пайғамбар ҳамма нарсада ўрнак, раҳбар ва қусурсиз йўлбошчи бўлиши керак. Зеро, ҳамма унинг ҳолатига қараб ўзини тузатади. Аёлларга оид жиҳатлар эса пайғамбар саодатхонасидаги аёллардан ўрганилади.

Аёлларнинг нафақаси ҳақида

Кўпчилик аёлининг нафақаси деганда унинг кийим-кечаги ва ейиш-ичишига етарли озиқ-овқат билан таъминласак етади, деб ўйлайди. Бу масалада аниқ миқдор йўқ. Бой эркак аёлига, бола-чақасига кўпроқ нафақа ажратади, ўрта ҳол киши ўзига яраша, камбағал киши ўз ҳолига яраша нафақа ажратади. Умумий қоида шуки, эркак ўзининг никоҳидаги аёлининг яшаши учун турар жой, кийим-кечак ва озиқ-овқат билан таъминлаши керак. Бундан ташқари, эр хотиннинг дам олиши, даволаниши, илм олиши билан боғлиқ харажатларни ҳам гарданига олиши лозим. Бу вожиб. Демак, кимки ҳалол меҳнат қилиб, аёлининг мазкур харажатларини тўласа, вожиб амални бажарганлик савобини олади.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) “Кимки ҳалол йўл билан топилган бир луқмани аёлининг оғзига тутса, ўшанинг ҳам мукофотини олади”, деганлар.
Яна бир ҳадисда бундай дейдилар: “Бир динорингни Аллоҳ йўлида сарф қилдинг, бир динорингни зиёрат учун сарф қилдинг, яна бир динорингни аёлинг учун сарф қилдинг. Шуларнинг ичида энг савоблиси аёлингга сарфланган динордир”.
Кимки дангасалик ва ялқовлик қилиб аҳлини, аёлини нафақасиз қолдирса, у жамият олдида жиноятчи, Аллоҳ олдида қаттиқ гуноҳкор бўлади. Мўъмин кишининг оиласи, бола-чақаси ва аёлининг таъминотига бепарво бўлишга ҳаққи йўқ.

Кишининг ўз қизини ўпиши ҳақида

Мўминларнинг онаси Оишадан ривоят қилинади: «Ҳадисда ва калoмда Фотимачалик Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ўхшаш одамни кўрмадим. Агар у ул зотнинг ҳузурларига кирса, ўринларидан туриб, ўпиб кутиб олар ва ўз ўринларига ўтқазар эдилар. Агар у зот унинг олдига кириб қолсалар, у туриб ул зотни қўлларидан ушлаб, ўпиб кутиб олар ва ўз ўрнига ўтқазар эди. У, ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қабз қилинган хасталикларида кирди. Бас, ул зот уни кутиб олдилар ва ўптилар».
Фотима онамиз розияллоҳу анҳо сўзлашда, одамларга калом айтишда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га қуйиб қўйгандек ўхшаш бўлган эканлар. Хусусан, Оиша онамиз (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га бу қадар ўхшайдиган бошқа одамни кўрмаган эканлар.
Фотима онамиз (розияллоҳу анҳо) келиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг олдиларига кириб қолсалар, у зот ўринларидан туриб, қизларини кутиб олар, «Марҳабо, марҳабо» деб бориб, пешонасидан ўпар, қўлидан ушлаб, ўз ўринларига ўтиргизар эканлар.
Худди шунингдек, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Фотима (розияллоҳу анҳо)нинг уйларига бориб қолсалар ҳам, қизлари ўринларидан туриб, югуриб оталарига пешвоз чиқар, қўлларидан ушлаб, «Марҳабо, хуш кўрдик» деб, пешоналаридан ўпиб, ўринларига олиб бориб, ўтиргизар эдилар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) касал бўлиб, вафотлари яқинлашиб, бемор ётганларида ҳам Фотима (розияллоҳу анҳо)ни «Марҳабо» деб кутиб олиб, пешонасидан ўпган эканлар.
Ҳадиси шарифда баён қилинган бу гўзал ҳолатдан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан Фотима онамиз (розияллоҳу анҳо)нинг ўрталаридаги бу буюк меҳр-оқибат намунасидан маълум бўладики, ота ўз қизининг пешонасидан ўпиши, қиз ҳам ўз отасини ўпиши жоиз экан. Албатта, бу ерда фақат пешонадан ўпиш ҳақида сўз кетаётганини унутмаслигимиз лозим. Бироқ, бошқаларга мутлақо мумкин эмас.

Ғийбат ҳақида

Албатта, ғийбат энг катта гуноҳлардан. Аллоҳ «Ҳужурот» сурасида «Бир-бирингизнинг гўштингизни ейсизми?» деб, ғийбат қилган кишини ўлган ўз биродарининг гўштини еяётган пасткашга ўхшатган. Ғийбат деб, бир кишининг ўзи йўғида бирор айбини, нуқсонини айтганга айтилади. Кўпчилик «Ғийбати эмас, сифати», деб ўзларига таскин берувчи сўз билан гап бошлайдилар ва бемалол ғийбат қиладилар. Ғийбат қила туриб, ўзларини сифатини айтаётган кишидек тутиб, аслида шу нарса ғийбат эканини билмай қоладилар.
Баъзи бир ҳолатда инсон ўз хатти-ҳаракатини шарҳлаши учун кимнингдир исмини қўшиб айтишига тўғри келиб қолади. Бунда ғийбат бўлмайди. Чунки, бу киши мазлум, у кимдандир зулм кўрган. Унинг айби билан бир ҳолатга тушган. Қолаверса, бировнинг айбини юзига айтиш ҳам ғийбатга кирмайди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам «Айрим гуноҳкор бандаларнинг айбини қолганлар бу айблардан ҳазар қилиши учун ҳам ошкор қилинглар», деганлар.
Аллоҳ барчаларимизни ғийбатчилардан бўлиб қолишимиздан сақласин. Покиза ҳаёт кечириб боришимизни, Аллоҳ қайтарган хулқлардан четланиб, буюрган, унга мақбул бўлган хулқлар билан хулқланишимизни насиб қилсин!

Аёлларнинг қабристонга бориши ҳақида

Аёлларнинг қабристонга бориши тўғрисидаги гапнинг кўпайишига сабаб, халқимизнинг диний таълимотлардан йироқлиги ва бу масалалар кўп ёритилмаганлигидир. Ислом энди тарқала бошлаган пайтларда Макка атрофидаги одамлар бут ва санамларга чўқинар эдилар. Қабристонларда қўйилган турли ёдгорликларни Худо деб сиғинишга бориб етган эдилар. Ана шу эътиқоддан мусулмонларни узоқ қилиш мақсадида дастлабки йилларда мусулмонларга қабристонларнинг зиёрати тамоман ман қилинди. Аммо кишиларнинг қалбида тавҳид ақийдаси жойлашиб бўлганидан сўнг, қабрларни зиёрат қилишга ижозат бериб, “Энди уларни зиёрат қилаверинглар. Қабрларни зиёрат қилиб туриш ўлимни эслатиб туради”, дедилар. Рухсат умумий ҳолда, яъни эркак ва аёллар учун бирдай берилган.
Аёл кишилар қабристонни зиёрат қилишлари мумкин. Фақат аёллар зиёрат пайтида бетаҳорат бўлмасликлари керак. Дод-вой солиб йиғлаб, хафачиликларни янгилаб, ношаръий ишларни қилмасликлари керак. Қабристонга, қабристон аҳлига салом бериб, одоб билан зиёрат қилишлари, уларга раҳмат ва мағфират тилашлари керак. Қуръон тиловат қилиб, дуо қилиш савобли бўлади. “Ихлос” сурасини ўн бир марта такрорлаб, дуо қилинса, қабристондагиларнинг сонича савоб олишлари ҳақида ҳадислар бор. Шу одобларга амал қилиб, душанба, пайшанба, жума кунлари қабристонларни зиёрат қилиш савобли. Айтилганларга зид равишда зиёрат қилсалар, гуноҳкор бўлиб қоладилар, Аллоҳ асрасин!
“Аёл киши қабристон зиёратига борса, қабристон аҳлига кийимсиз кўринар эмиш”, деган асоссиз гаплар ҳам бор. Шу гапдан қўрқиб, аёллар камроқ борсинлар, деган мақсадда айтилган бўлиши мумкин.

Аёлларнинг фотиҳахонликда юриши ҳақида

Жанозадан кейин қирқ кун давомида ҳар пайшанба ва якшанба кунлари аёллар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, фотиҳахонликда юришади. Ийд кунлари ҳам янги ўлик чиққан уйларга фотиҳахонликка боришади. Бу ишлар Исломда йўқ. Жанозада иштирок этолмаганлар, ҳали таъзия билдиролмаганлар марҳум чиққан жойга уч кунгача келиб, таъзия изҳор қилсалар бўлади. Эслатиб ўтамизки, шу уч кун марҳумнинг хонадонида таом тайёрланмайди. Исломда пайшанба, якшанба кунлари тўп-тўп бўлиб фотиҳахонликларда юриш ҳам, “Худойи”, “Уч”, “Етти”, “Йигирма”, “Қирқ”, “Йил” деган нарсалар ҳам йўқ. Бундай нарсаларни тўхтатиш керак. Одамларнинг ийд кунлари, бошқа кунларда ҳам фотиҳахонликка келишларини тўхтатиш осон. Дарвозангиз олдида яқинларингиз билан саф тортиб, қўл қовуштириб туришнинг ўрнига дарвозани беркитиб қўйинг, тамом! Ҳеч ким келмайди, келганлар ҳам қайтиб кетади.

Аёллар талоқ бўлса, идда сақлаши ҳақида

Талоқ сўзининг луғавий маъноси «бўшатиб қўйиш» га тўғри келади. Шариатда эса эр-хотинлик боғланишини очиқ ёки киноя иборалар билан бўшатишга айтилади. «Сен талоқсан» ёки «сени талоқ қилдим» иборалари эру хотиннинг ажралишини очиқ англатгани учун, очиқ иборали талоқ деймиз. Киноя иборалари эса «сен менга ҳаромсан» каби ифодалардир.
Аллоҳ “Талоқ” сурасида: «Қачонки аёлларингизни талоқ қиладиган бўлсангиз, уларнинг иддаларида талоқ қилинг ва иддани тўлиқ ҳисобланг ва Аллоҳдан қўрқинг», деб буюради. Оятдаги «иддаларида» дегани-идда бошлашга муносиб вақтда талоқ қилинг, деганидир. Идда шариатда эридан ўлим ёки талоқ туфайли ажраб қолган аёлнинг бошқа эрга тегмай кутиб турадиган оралиқ муддати бўлиб, бу уч ҳайз кўргунга қадар вақтдир. Иддадан мақсад-талоқ қилинган аёлга насл-насаблар аралашиб кетмаслигидир. Шу муддат ичида ҳомила бор-йўқлиги маълум бўлади ва аёл энди эрга тегиши мумкин. Идда пайтида эр қилмишидан пушаймон бўлиб, ярашишни истаса, у аёлини яна қайта никоҳига олишга ҳақлидир.
Идда ўтириш никоҳдан сўнг эру хотин сифатида яшаб туриб, сўнг талоқ қилинган хотинлар учундир. Баъзи ҳолатларда никоҳдан сўнг қўшилмай туриб ажралиш ҳам бўлади. Бундай пайтда идда ўтиришнинг ҳожати йўқ. Кейин Қуръони Карим хотинини талоқ қилган эркакни Аллоҳга тақво қилишга, аёлга зулм қилмасликка ва иддаси тугамагунча уйдан чиқариб юбормасликка буюради.
Идданинг муҳлати одатда тўрт ой ва ўн кун ҳисобланади. Бу муддатни талоқ қилинган аёл эрининг уйида ўтказади.

Аёллар ҳам талоқ қилиши ҳақида

Талоқ Исломдаги энг нозик масалалардан бири. Динимиз талоқни оиладаги келишмовчиликларнинг энг сўнгиси, ноилож нуқтаси, деб қарайди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Аллоҳ энг ёмон кўрган ҳалол-талоқдир», деганлар. Ислом нуқтаи назарида бирор ерда талоқ содир бўлса, Аллоҳнинг арши ларзага келади. Демак, сал жаҳл чиққанда, эр-хотин ғижиллашиб қолганда ёки мастликда бўлар-бўлмасга талоқ қилиш ё талоқ талаб қилиш мумкин эмас.
Талоқ қилиш ҳуқуқи эркакларга берилгани-инсон табиатини эътиборга олишдан келиб чиққан илоҳий ва исломий ечимдир. Чунки оилани барпо қилиш учун асосан эркак елиб-югуради: мол-пул сарфлайди, тўй харажатларини кўтаради, қаллиғига маҳр беради. Оила обрўйи унинг шахсий обрўйидан устун бўлиб қолади, фарзандлар ҳам отасига нисбат берилади. Хуллас, ана шундай сабабларга кўра, эркак талоқ қилишдан олдин ҳамма нарсани ҳисобга олишга, етти ўлчаб бир кесишга мажбур бўлиб қолади. Шу боисдан ҳам, Исломда талоқ қилиш ҳуқуқи эрга берилган. У ҳам бирданига эмас. Аввал аёлига насиҳат қилади, ётиғи билан тушунтиради. Фойда бермаса, жойини бошқа қилиб ётади, аёлига гапирмайди. У ҳам кор қилмаса зарар етмагундек қилиб урушгача рухсат берилган. Эр-хотиннинг ораси бу билан ҳам тузалмаса, эр ва хотиннинг қариндошларидан бир кишидан ҳакам сайланиб, уларни яраштириш чора-тадбирларини кўрадилар. Булар ҳам фойда бермай, эр-хотиннинг бирга яшаши ҳар иккови учун чексиз азоб-уқубатга айлангандагина талоққа ижозат берилади.
Бир гуруҳ одамлар «талоқ ҳуқуқини аёлларга бериш керак», деб даъво қилишади. Бу нотўғри! Сабаби аёлларимиз латиф, эҳтиросга бой, ҳис-ҳаяжонлари жуда нозик, аччиқлари тез чиқади, қўполлик, уруш-жанжални ҳазм қилиша олмайди, аччиқни дарров юта қолмайдилар. Энди тасаввур қилинг: уларга талоқ ҳуқуқи берилса, эрларини неча марта қўйиб юборишган бўлар эди.
Аммо аёлга «хулуъ» ҳуқуқи берилган. Яъни, аёл киши эр билан яшашни хоҳламаса, қозига арз билан бориб, ажралиб кетишга изн сўрайди. Даъвоси асосли бўлса, қози уларни ажратиб қўяди.

Бу тўплаганларимни “Ҳидоят томчилари” деб атаганимнинг боиси шуки, аввало, булар Ҳазратдан бизга қолган мерос олдида уммондан олинган томчига ўхшайди. Қолаверса, тарихда ҳам кўплаб алломаларнинг шогирдлари устозлари ҳақида “Рашоҳот”лар ёзишиб, уларнинг илмларини, хислатларини кейинги авлодларга етказишган. Менинг қилаётган ишим ҳам ана шу йўлдаги бир уриниш, холос. Ҳали Ҳазратимизнинг юзлаб шогирдлари Устоз ҳақида ажойиб китоблар битишиб, Ҳазратимизнинг минглаб хислатларини баён этишади, ин шаа Аллоҳ!

 манба: www.karimberdi.uzсайти

Баҳам кўринг

Leave A Reply