Устозимиз Шайх ҳазратларининг фитначиларга муносабатлари

0 1 656

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин.

Устозимиз Шайх ҳазратлари раҳимаҳуллоҳ билан бирга бўлганимизда юртимиздаги бемазҳаб, фитначи қориакалардан бири тўғрисида сўз борганида ўзларининг бошларидан ўтган бир воқеани айтиб берган эдилар. Ўша пайтда ҳижратдан қайтиб келганларига ҳали кўп муддат ўтмаганди.

Устозимиз раҳимаҳуллоҳ қуйидагича ҳикоя қилдилар:
«Бир куни уч-тўрт киши қабулимга кириш учун изн сўради. Рухсат берганимдан кейин кириб, салом-аликдан сўнгра ўзларини қийнаб юрган, балки уларга анчадан бери тинчлик бермаётган, ҳаттоки уларга алам қилаётган бир саволни сўрадилар:

«Сиз хорижда юрганингизда «Озодлик» радиосининг мухбири сиздан фалончи қориакамиз тўғрисидаги фикрингизни сўраганида, сиз унинг саволига бизнинг қориакамизни «фитначи» деб жавоб бердингиз, биз учун бу жуда ҳам оғир гап бўлди. Нима учун фитначи дедингиз? Шу гапингиз ва айбловингиз учун жавоб бера оласизми?»

Мен ҳам уларга ўз ўрнида савол билан мурожаат қилиб:
«Фитначи» нима дегани, биласизларми?», деб сўрадим.

Улар:
«Ҳа биламиз. Фитначи – одамларнинг орасини бузадиган, уларни тафриқага соладиган, бир-бирлари билан низо қилишларига сабаб бўладиган одам», дейишди.

Шунда мен уларга:
«Сизларни ўша қори акаларинг бир масжидда имом бўлиб турган пайтида ўзинглар айтганларингдек ишларни қилмадими? Намозхонлар, мўмин-мусулмонлар, энди ибодатга қадам қўяётганларнинг ўртасида ҳар хил бўлмағур фикрларни, фатволарни тарқатган эмасми? Қолаверса, масжид қавмини ва ўзига эргашганларни юртимизда жорий бўлиб турган миллионлаб мусулмонлар амал қилиб турган Ҳанафий мазҳабига қарши қўзғамаганми? Ундан ташқари, бир қанча намозхонлари диний идора ва унинг раҳбарларига қарши фикрлар билан фитнага солмаганми?! Саволларингга жавоб бердимми? Мен сизларнинг ўша қори акангизни «фитначи» деганим учун бу дунёда ҳам, охиратда ҳам, иншаАллоҳ, жавоб бераман. Мен бу сўзларимни билиб туриб айтаяпман», дедим.

Сўнгра уларга: «Бўлдими? Саволларингга жавоб олдиларингми? Қани, энди тезлик билан бу ердан туриб чиқиб кетинглар», деб қаттиқ оҳангда гапирдим. Шунда улар индамасдан чиқиб кетишди», дедилар.
(Маълум бир сабабларга кўра ҳикоямиздаги «фитначи»нинг номини ошкор этмадик).

Ҳа азизлар, мана шундай баъзи бир фитначи бемазҳаб аҳли илмларнинг гумашталари шу даражада юзсиз, ҳаёсиз, одобсиз эдиларки (худди ўз устозлари каби), дунё тан олган энг мўътабар уламоларга ҳам тўғридан-тўғри сўз отадиган, керак бўлса, уларга қарши ҳар хил фитнали ғояларни тарқатадиган, ҳаттоки тўғридан-тўғри жисмонан зарар етказишдан ҳам қайтмайдиганлардан эди.

Уларнинг «устозлари»нинг кирдикорликларини, фитначи эканликларини кимдир халққа ошкора қилиб, улардан эҳтиёт бўлиш тўғрисида огоҳлантирсалар – мазкур фитначиларнинг ҳамтовоқлари дунёни остин-устун қилиб: «Уламоларни, қори акаларимизни ғийбат қилманглар, уларга туҳмат қилманглар», деб айюҳаннос солишар эди.
Ваҳоланки, уларнинг илмлари ўта саёз бўлганлигидан ўз устозлари ҳақида айтилаётган ва тарқатилаётган хабарлар, рухсат берилмаган ҳаром бўлган ғийбат ёки тухмат эмас, балки айнан халқнинг, мўмин-мусулмонларнинг бирлигини сақлаб қолмоқлик учун уларнинг кирдикорликларини, фитначи ва фосиқликларини бошқаларга ҳам етказиб, огоҳлантириб қўйиш мумкинлигини, балки лозим эканлигини билишмасди.

Қуйида мазкур сўзимизга далил келтириб ўтамиз. Динимизда бир неча ўринларда ғийбат қилишга рухсат берилади. Шулардан бири, мусулмонларни ёмонликдан огоҳлантириш учундир, яъни мусулмонларга зарар келтириши мумкин бўлган фосиқ кишилардан одамларни огоҳлантириш учун ундаги бор гапни айтиб қўйиш мумкин.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хузурларига киришга изн сўради. Бас, у зот:
«Унга изн беринглар. У ўз уруғининг қандай ҳам ёмон биродари ёки уруғининг қандай ҳам ёмон ўғли», дедилар.
У кирганида эса унга мулойим гап айтдилар.
Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, айтган гапингизни айтдингизу, кейин унга мулойим гапирдингиз?» дедим.
«Оиша! Одамларнинг ёмони одамлар унинг фаҳшидан қўрқиб, тарк қилганларидир», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Уламоларимизнинг таъкидлашларича, ушбу ҳадиси шарифда номи зикр қилинмасдан, у ҳақда сўз кетаётган одамнинг исми Махрама ибн Навфал бўлган. Мазкур шахс мунофиқ ва фосиқ одамлардан бўлган. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақда ўзига эшиттирмасдан, мазаммат сўзини айтганлар. Ул зот бу билан унинг ёмонлигини бошқаларга билдириб, уларнинг ундан эҳтиёт бўлишлари чорасини кўрганлар.

Исҳоқ Муҳаммад,
«Тўхтабой» жомеъ масжиди имом хатиби

 
Баҳам кўринг

Leave A Reply