Ҳазрат!!!

0 2 487

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ҳазрат!!!

 

 Сешанба, хуфтон кирган палла. Мен уйда беморликдан ҳароратим ошиб ётибман. Болаларим ўз жуфтлари билан ҳожи онани зиёрат қилгани кетишган.

Телефон жиринглади. Алло… А?! Гўё гумбур аввал ҳодис бўлдими, зарбли чақмоқ олдими? Еру осмон чаппасига айлана бошлади хаёлимда. Ақлим тошдек қотди.

Кейин бирдан бир сонияда инсоннинг бутун умрини кўз ўнгидан тасмадек ўтказиб қўйишга қодир Эгам хаёлимда ғириллаб хотираларни жонлантира бошлади.

1989 йил, баҳор… Ҳазрат энди муфтийлик лавозимига сайланган эдилар.

Мен оғир дарддан тузалиб, ҳали қувватга ҳам кирмаган, тўрт нафар ёш фарзандларим билан (каттаси тўққиз, кичиги бир ярим ёшда) кўчиб келдим. Қарасам, фарзандларим бу меҳрибон эру хотиннинг этакларида, қайсиниси қўйниларида, қайсиниси атрофларида, гўё уларнинг фарзандларидек. Улар менга «Болаларим тирик етим бўлиб қолдими?» деган жумлани биринчи бора оғзимдан чиқишига ҳам йўл қўймай тафтли, қўлларини лабларимга босишди. Ёнимда меҳрибон онажоним, акалар, опа, поччалар мадад елкаларини менга таянч бўлиш учун тутишди. Фарзандларим Ҳазратнинг қуёш каби иссиқ қалбларининг меҳридан, тафтидан баҳра олиб, Ҳожи ойининг қўлларида ўз болалари қаторида катта бўла бошлашди. Ўз болалари қандай тарбия кўришса, қандай илм ўрганишса буларга ҳам баробар эди. Лекин, қўшнилар ҳайрон: «Сиз қандай яшаяпсиз?»

Мен эса кечалари болаларни бирма-бир ухлатгандан сўнг, дуога қўл очаман: «Аллоҳим, болаларим соғлом улғайсин, солиҳ бўлсин, илоҳо катта бўлиб шу инсонларнинг хизматларини қилсин!»… Чархпалак хаёллар гир айланиб, ҳозирги вақтдаги болажонларим гавдаланишди. Қатор бўлиб қўлларида, ёнларида фарзандлари, бошлари эгилиб…

Оҳ, болаларим етим бўлиб қолдилар!… Йигирма беш йил аввал айтилмаган сўзлар бўғзимдан отилиб чиқа бошлади. Ёнимдаги қизларга «Бундай пайтларда сажда қилинган» дея бошладим…

Менга бу буюк мусибатнинг биринчи зарба онларини ўринда ётиб кечириш насиб қилган экан.

Эй Худо! Нега мен ўз болаларимни ўйладим? Ахир у зотнинг меҳри қалбларга ўрнашган инсонлар миллионлаб-ку! Мен у кишига бошқалардан кўра маҳбуброқман деб кўнгли тоғдек  ўсиб юрганларчи?! Ҳаммамизга сабр бер!

Болапарварлик у зотнинг айтиб охирига етказиб бўлмас фазилатларидан бири, холос! Қалблари улкан, серқирра гавҳар каби ҳар бир қиррасидан бир фазилатлари ўрин олганмиди!

Ўгирилиб деворга қарайман. Девор менга таъзия билдиради, мен унга… Қалбимдаги дардимни танимдаги дардимга айтаман, у дардкашим бўлади.

Шифтга қарайман. Унда китоблар қатор келиб, варақлари очилаверади, очилаверади. Ана, янги бўёқ иси келиб тургани. Ундаги ёзувлар ичида икки жумла ҳарфлари катталашиб, кўзларимга бота бошлади: «Замонасининг ажойиботи эди».

«ВОРИД»… «ВОРИД»… «ВОРИД» …

Чаккаларимдан қайноқ ёш қуйила бошлади. Эй Аллоҳ! Ахир у зот илм денгизидан дуру гавҳар, ёқуту, олтинларни ҳовуч-ҳовуч олиб, тилло идишларга солиб, олдимизга қўйиб кетдилар-ку! У кишини орамизда қандоқ турғизиб қўйишни ирода қилганингдек, энди ҳузурингга чорлаб олганингда бизларга ҳам бу мусибатдан сўнг қандоқ туришимиз Сенга матлуб бўлса, шуни насиб эт.

Бу улкан хазинани ё сандиқлар тубида сақлаб қўймаслигимизни, ё душман назарига бериб қўймаслигимизни, ё дунё ишлари бу ишлардан бизни тўсиб қўймаслигини, бу дуру гавҳарларни то қиёматгача гард юқтирмай тўлиқ асрашимизни насиб эт!

Бу хазина гўё муқаддас бир супра ўртасига қўйилган ҳамиртуруш кабидурким, унинг тўрт тарафида пок ниятли қўллар ҳарчанд тугамас.

Болаларим, хизматга белни маҳкам боғланг!

Ҳимматда ул зотдан ўрнак олдик.

Аллоҳим, ул зотнинг даражотларини бундан-да улуғ эт!

Аллоҳим, у кишининг яқинларига ва мусибатдошларимизга ўзинг сабр бер!

Қўшни хоналарнинг бирида қўллари дуода, қиблага қараб қўшни девор, томлар оша Кўкча қабристонига ғамгин кўзларини тикиб ўтирган Онажонимга (буюк дуогўйимиз деб ардоқлар эдилар) ҳам сабр бер!

Омийн…

Изоҳ: «Ворид» қалбга етган илоҳий туртки бўлиб, у қалбни одатдаги ҳолидан қўзғатади ва роббоний маърифатлар ва раҳмоний латофатларга сабаб бўлади.

У Аллоҳ таоло банданинг қалбига солган бир нур бўлиб, ўша нур уни (бандани) У Зотдан бошқадан узоқлаштиради. Банда У Зотнинг зикри билан машғул бўлишда, Ундан ўзгадан ғойиб бўлишда давом этаверганидан кейин қалб нурга тўлади ва У Зотдан ўзгадан ғойиб бўлади. Нурдан бошқа нарсани кўрмайди. Шундай қилиб банда ағёрлар қарамоғидан чиқади ва таъсир қилувчи нарсалар қуллигидан қутилади.

   Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан

Умму Мансур

Баҳам кўринг

Leave A Reply