Ҳақиқат ва ҳаёл

0 363

  Эй Қасво!
Қандоқ ҳам саодатлисан! Сенга берилган мақом, сенга берилган шарафнинг учқуни ҳам йўқ бизларда…
Зотан, сенга бу дунёда буюк бахт – Расулуллоҳ салллоллоҳу алайҳи васалламни Мадинага олиб бориш имконияти берилди.
Дунё ва охиратнинг энг улуғи, энг яхшиси, Аллоҳ таолога энг суюкли бўлган бир зот ва унинг дўстини авайлаб, елкаларингда тутиб, омонлик юртига етказдинг.
Зотан, сенга мусулмонларнинг илк масжиди қурилиши, Ҳабибулоҳ салллоллоҳу алайҳи васалламнинг истиқомат қилишлари ун ўринни танлаш ихтиёри берилди.
Эй,Қасво! Оламнинг барча қимматбаҳо уловлари йиғилганда ҳам сенинг кесик қулоқларингга арзимайди.
Эй Қасво, қани энди сенинг ўрнингда бўлганимда…
Қани энди сенинг устингга ёпилган тўшанча бўлганимда…
Қани энди сенга боғланган жилов бўлганимда…
Шу хаёллар билан ўтирар эканман, кимдир: «Ҳиссиётларингни тушуниб турибман. Аммо, иккинчи томонни ҳам унутма! Сен асри саодатда яшаганингда, боринг-ки, туя бўлиб яралганингда ҳам Расулуллоҳ салллоллоҳу алайҳи васалламга хизмат қилишинг аниқ эмас эди. Балки устингга Абу Жаҳл ёки Умайя ибн Халафни миндириб юрар, мусулмонлар зиддига ҳаракат қилишинг мумкин эди», дегандек бўлди…

   «Эй,Зулфақор!
Эй Расулуллоҳ салллоллоҳу алайҳи васалламнинг қадрдон қиличи!
Ислом тарихида сен каби яна бир машҳур аслаҳа борми?
Сенинг Каъба яқинидан топилганинг, ялтироқлигинг ва тузилишингни ўзиёқ, бошқалардан ажралиб туради.
Эй Зулфақор, эй саодатли қилич! Сендан аввалига Расулуллоҳ салллоллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари фойдаландилар, кейин Аллоҳнинг шери – Али ибн Абу Толибга ҳадя қилиндинг.
Эй Зулфақор, сенинг ўткир тиғинг қанча мушрикларнинг ҳаётига нуқта қўйиб, диннинг зафарига хизмат қилди…
Уҳуд куни қанчалар катта жасорат кўрсатинг!
Эй Зулфақор, қани энди сенинг ўрнингда бўлсам. Лоақал тутқичинг ёки ғилофинг бўлсам…
Буюклар қўлида Исломга хизмат қилганимда қани эди…

Назаримда, расмига термулиб ўтирганим – Зулфақор қиличи гапиргандек бўлди:
«Ҳиссиётларингни тушуниб турибман. Аммо бошқа тарафни ҳам унутма! Агар сен менинг давримда ясалган тақдирингда ҳам, Исломга хизмат қилишингга кафолат йўқ эди. Сен балки мушриклар қўлига тушиб, Ҳамзанинг ёки Саъднинг шаҳид қилинишига сабаб бўлишинг мумкин эди»…

Эй, Ҳаннона! Эй саодатли хурмо ёғочи! Эй Жаннат дарахти! Қани эни бир мартагина сенинг ўрнингда бўлганимда. Расулуллоҳ салллоллоҳу алайҳи васалламнинг бир мартагина менга суяниб, маъруза қилишлари ун боримни нисор этишга рози эдим…
Ҳаннона тилга кирди:
«Ҳиссиётларингни тушуниб турибман. Бу орзуни биринчи бўлиб қилаётган сен эмассан. Унутма, сен Ислом пайғамбарини суямаган бўлсанг-да, ўша пайғамбар суйган умматга суянч бўлишинг мумкин. Диндошларинг қайғусига шерик бўл, яхши ишларида кўмакчи бўл, ёмон кунида ёнида тур. Иншааллоҳ, ихлос ва муҳаббат ила қилинган ҳар бир ишинг ун Ҳаннона каби мукофотланасан»

Эй Ҳабибулоҳ салллоллоҳу алайҳи васаллам юрган йўлларда туриб саловот айтувчи тошчалар! Қани энди сизлардан бирингиз бўлганимда. У зотни кўриб, эшиттириб салом бера олганимда…
«Ҳиссиётларингни тушуниб турибмиз. Аммо унутма, сен асри саодатда ва Расулуллоҳ савнинг ўлкаларида яшаганингда балки бадбахтлардан бўлишинг мумкин эди. Сенинг чекинга балки Ул зот Тоифга борганларида, нодонлар томонидан отилиб, бошларини ёрган тошларнинг вазифаси тушармиди. Балки, Уҳуд куни муборак тишларини айнан сен синдирармидинг… яхши ўйла, Ислом қизи! Сен бахтлисан. Сен Расулуллоҳни кўрмай туриб ҳам саловот айтсанг, Роббинг сенга ўн баробар кўп қилиб жавоб беради. Расулуллоҳ салллоллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари алик оладилар. Беҳуда орзуларга берилмай,бугунинг ва эртанг бн яша! Саловотни кўпайтир, зеро сен Одам наслидан, Расулуллоҳ умматларидан бирисан!»
Шу хаёллар, орзулар ила ўтирганимда, гўё буларнинг ҳаммаси тилга киргандек баробар:
«Эй муслима, бунчалар ношукур бўлмасанг! Сен Исломга хизмат қилиб, шуҳрат топган биз каби жонли-жонсиз мавжудот эмас, айнан мусулмон эканинг, Ислом умматининг бир банди қилиб яралганингга шукр қилмайсанми?
Аллоҳ таоло фаришталарга сажда қилишни буюрган, Каломида, Биз бани одамни азиз қилдик, дея сифатлаган инсон бўлганингга шукр қилмайсанми?
Биз динга жонини фидо қилган инсонларга хизмат қилиб иззат кўрган бўлсак, сен, ҳа сен айнан ўзинг борлиғинг, вужудинг билан унга фидо бўлишинг, хизмат қилиш имконинг борку?!
Биз, ҳеч иш қилмадик, шунчаки бурчимиз ва вазифамизни бажардик, холос. Сен ҳам зиммангга Роббул изза юклаган вазифаларинг – фарз ва вожиб, суннат ва эҳсонни астойдил адо этсанг, қалбингни соф тутсанг, сенинг шарафингга ким ҳам ета олар эди?
Тур, эй Ислом қизи, ўзингни ўнгла!»

Бу танбеҳдан сесканиб, титраб кетдим. Булар айни ҳақиқат эди.
Ҳаа… биз динни ва Расулини суйишни шеърлар битиш, саловот айтиш ва у зот бн бир даврда туғилишни орзулашдан гина иборат деб ўйлаб қолган эканмиз…
Бир бурчакда ўтириб, дунёнинг норасолигидан оҳ-воҳ қилиб, аммо чора кўрмай яшашимизнинг ўзиёқ, бу муқаддас туйғуга хиёнат аслида.

Дунёнинг бир четида оч-наҳор ҳолатда рўза тутаётган диндошларимиз борлигини унутиб, шоҳона ифторликлар қилиб, ҳазми ун дори ичишдан уялмаслигимиз бу даъвомизнинг сохта эканига ишорат аслида.
Динимиз ривожига ҳисса қўша олмаганимиз ҳолда, унга тош отилишига сабаб бўлишимизнинг ўзиёқ, динимизни севиш у ёқда турсин, ҳатто ҳурмат ҳам қилмаслигимизга далолат аслида…
Ҳа, алҳамдулиллоҳ, биз шарафли Исломнинг бахтиёр умматимиз. Бизнинг ҳар бир ишимизда яхшилик, савоб ва ҳикмат бор.

Эътибор қилсак, юқорида тилга олинган, шеърларга мавзу бўлган, умматга орзу бўлган нарсаларнинг барчаси ўз вазифасини бажаргани, бурчини танигани ун бу мақомга эришди. Демакки, ўз масъулиятига жиддий қараш, зиммасидагини адо этиш, борлиқнинг онгсиз аъзоларини юксалтирибдими, инсонни иззатли фаришталар бн бир мақомга чиқариши ҳам шубҳасиз…
Динга фақат диний тарафлама хизмат қилинмайди.
Чевар бўлиш орзусидаги қизларжонимиз динимиз буюрган бичимда, аммо ўта чиройли, бошқаларнинг ҳавасини келтириб, шундоқ кийинишга ундайдиган либослар тикишлари ҳам динга хизматдир.
Табиба бўлиш иштиёқидаги қизларжонимиз диндошларимнинг дардига дармон бўлай, муслималаримизни номаҳрам докторларга кўриниш хижолатидан қутарай, деб таълим олишлари ҳам динга хизматдир.
Муаллималик касбини танлаган қизларжонимиз, ёш авлодга ўзлиги, асл қадриятлари, диёнат ва ҳамияти, одоб ахлоқини ўргатишни ният қилишлари ҳам динга хизматдир.
Ҳеч қандай касб эгалламаса-да, рўзғорини гуллатиб, фарзандларини яхши тарбиялаш, одобини гўзал қилишнинг ўзи ҳам динга хизматдир.
Азиз муслималар, келинг, Ислом гулзорига кирайлик. Унда очилган соф ислом ахлоқи гулларидан териб, ўзимиз ва уйимизни зийнатлайлик.
Бўлмайдиган беҳуда орзуларни қўйиб, ўша савобни ҳаётдан излайлик. Шоядки нажотга эришсак…


Зебуннисо НАЖМИДДИНОВА
«УНУТИЛГАН КУНДАЛИК»дан

Баҳам кўринг

Leave A Reply