Ҳажга оид маълумотлар

0 530

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ҳаж Исломнинг беш арконларидан бўлган бир улуғ рукн ва маҳбуб ибодатдир. Бу ибодатда Аллоҳ таолога юзланилади ва Унинг тажаллиси ва нури маркази бўлган жойда адо қилинади. Ҳадиси шарифларда келишича, Байтуллоҳи шариф шундай жойга жойлашганки, уни айни устида, яъни еттинчи осмонда Байтул маъмур ва уни устида, яъни юқорисида Аллоҳ таолонинг Арши жойлашгандир. Аллоҳ таолонинг таважжуҳи, нури ва тажаллиёти дастлаб Каъбатуллоҳга нозил бўлиб, кейин бутун оламга тарқалади. Шунинг учун бу ерга келган мусулмонлар учун катта саодат бор.

Бу ошиқона ибодат бўлиб, у ерга бориш фақат ҳазрати Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳаж эълонига “лаббай” деб жавоб берган кишиларгагина насиб этади. У неча маротаба “лаббай” деган бўлса, ўшанча Каъбатуллоҳга ҳозир бўлиш шарафига муяссар бўлади.

Шунингдек, у ерга бориб, ҳаж ибодатини адо қилиш яна бир саодатга сабабдир. У ибодатни ўзига яраша шарт-шароитлари ва қайтариқлари мавжуддир. Арзимаган хатоларнинг гуноҳида каффорат ва қон вожиб бўлади. Уларни ҳожиларнинг ўзлари ҳам сезмай қоладилар. Шунинг учун ҳам умрида бир маротаба Байтуллоҳни ҳаж қилиш фарздир. Ҳа, агар Аллоҳ таолонинг раҳмати ва инояти билан бирор киши ҳар йили ёки бир неча йилда у ерга қайта-қайта борса, нафл ибодат бўлади ва у инсон яхши насибали инсонлардан бўлади.

Ушбу ошиқона ибодат юзасидан кўплаб кичик, катта ҳажмдаги китоблар ёзилган. Уларнинг барчаси фойдадан холи эмас. Улардан бири ҳаж масалаларига, бошқаси ҳаж фазилатларига ва яна бошқаси ҳаж ва умра дуоларига бағишлангандир. Хуллас, уларнинг барчасида қимматли сўзлар ва фойдалар мавжуддир.

Умрида бир маротаба ҳаж қилишни фарз қилган, ҳар вақт умра ибодатини бажаришни суннат қилган ва улуғ қабр соҳибига ҳаж ва “Фурқон” сурасини нозил қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг оилаларига ва асҳобларига кўплаб салавоту саломлар бўлсин.

Ҳажнинг фазилати

Ҳаж Ислом динининг муҳим фарзи ҳамда ошиқона ибодатларидандир. Унга эътибор бериб, сидқи дилдан у ибодатни бажарувчиларга беҳисоб ажру савоблар ваъда қилинган. Унга бепарво бўлган кишиларга эса, ваъидлар мавжуддир.

Имом Табароний раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Муъжами кабийр” асарларида ҳаж ибодатини бажаришга юзланган кишиларга бериладиган мукофот ҳақида ворид бўлган қуйидаги ҳадисни ривоят қилганлар:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رضى الله عَنْهُمَا، أَنَّهُ قَالَ لِبَنِيهِ : اخْرُجُوا حَاجِّينَ مِنْ مَكَّةَ مُشَاةً، فَإِنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ : إِنَّ لِلْحَاجِّ الرَّاكِبِ بِكُلِّ خُطْوَةٍ تَخْطُوهَا رَاحِلَتُهُ سَبْعِينَ حَسَنَةً، وَلِلْمَاشِي بِكُلِّ خُطْوَةٍ يَخْطُوهَا سَبْعُمِائَةِ حَسَنَةً

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ўз ўғилларига: “Эй, ўғилларим! Маккадан (Арафотга) пиёда ҳаж қилгувчи ҳолда чиқинглар. Чунки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “(Маккадан Арафотгача улов билан борган) Уловлик ҳожи учун улови босиб ўтган ҳар бир қадамига етмишта ҳасанот, (Маккадан Арафотгача юриб бориб ҳаж қилган) пиёданинг ҳар бир қадамига эса, етти юзта ҳасанот бўлади” деяётганларини эшитганман” деди” (Муъжамул кабий).

Имом Ҳоким раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Мустадраку Ҳоким”, Имом Абу Бакр Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Шуаъбул иймон” асарларида саҳиҳ санад билан қуйидаги ҳадисни нақл қилганлар:

عَنْ زَاذَانَ قَالَ : مَرِضَ ابْنُ عَبَّاسٍ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُمَا مَرَضًا فَدَعَا وَلَدَهُ فَجَمَعَهُمْ فَقَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ :«مَنْ حَجَّ مِنْ مَكَّةَ مَاشِيًا حَتَّى يَرْجِعَ إِلَى مَكَّةَ كَتَبَ اللَّهُ لَهُ بِكُلِّ خَطْوَةٍ سَبْعَمِائَةِ حَسَنَةٍ كُلُّ حَسَنَةٍ مِثْلُ حَسَنَاتِ الْحَرَمِ» قِيلَ وَمَا حَسَنَاتُ الْحَرَمِ قَالَ «بِكُلِّ حَسَنَةٍ مِائَةُ أَلْفِ حَسَنَةٍ»

Зозон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо қаттиқ касал бўлиб, фарзандини чақириб, уларни жамлаб:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ким пиёда Маккадан ҳаж қилса, Маккага қайтгунича Аллоҳ унинг ҳар бир (босган) қадамига етти юзта ҳасана ёзади. Ҳар бир ҳасана ҳарам ҳасанотлари мисличадир” дедилар. “Ҳарам ҳасанотлари нима?” дейилди. У зот:

“Ҳар бир ҳасана эвазига юз минг ҳасана бордир” дедилар” деяётганларини эшитганман” деди” (Ҳоким, Байҳақий ривояти).

Юз мингни етти юзга кўпайтирилса етмиш миллион бўлади. Шунинг учун Маккадан Арафотгача пиёда юриб ҳаж қилинса, ҳар бир босилган қадамга етмиш миллион ҳасана берилади.

Бир ибодат эвазига юз минглаб, ўн миллионлаб ибодатлар савобини ато қилиш Аллоҳ таолонинг бандаларига берган инъоми ва фазлидир.

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم :«إِنَّ اللَّهَ عَزَّ وَجَلَّ يُدْخِلُ بِالْحَجَّةِ الْوَاحِدَةِ ثَلاَثَةَ نَفَرٍ الْجَنَّةَ الْمَيِّتَ وَالْحَاجَّ عَنْهُ وَالْمُنْفِذَ ذَلِكَ»

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳ азза важалла битта ҳаж билан уч нафар кишини жаннатга киргазади: Маййит, ҲАЖИ БАДАЛ қилувчи, ҳажжи бадални қилдиргувчи(васий)ни” дедилар” (Байҳақий ривояти).

عَنْ أَبِي مُوسَى الأَشْعَرِيِّ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ رَفَعَهُ إِلَى رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم، قَالَ : الْحَاجُّ يَشْفَعُ فِي أَرْبَعِ مِائَةِ أَهْلِ بَيْتٍ، أَوْ قَالَ مِنْ أَهْلِ بَيْتِهِ، وَيَخْرُجُ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу марфуъ ҳолатда ривоят қилади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ҳожи тўрт юз хонадон аҳлини ёки (бир ривоятда) “ўз аҳли байтидан тўрт юзтасини шафоат қилади ва гуноҳларидан онасидан туғилган кундагидек пок бўлади” дедилар” (Муснади Баззор).

عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ: عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: » إِذَا خَرَجَ الْحَاجُّ مِنْ أَهْلِهِ فَسَارَ ثَلَاثَةَ أَيَّامٍ أَوْ ثَلَاثَ لَيَالٍ خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ، وَكَانَ سَائِرُ أَيَّامِهِ دَرَجَاتٍ»…

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ҳожи аҳлидан чиқиб, уч кун ёки уч кеча юрса, гуноҳларидан онасидан янги туғилгандек (пок) бўлиб чиқур. (ундан кейин ҳаж сафарида ўтказган) Қолган кунларда унинг мартабаси юқори бўлади” дедилар” (Байҳақий ривояти).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ حَجَّ هَذَا الْبَيْتَ فَلَمْ يَرْفُثْ وَلَمْ يَفْسُقْ رَجَعَ كَمَا وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ким бу байтни ҳаж қилиб, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, онасидан туғилган кундагидек бўлиб қайтади”, дедилар” (Бухорий ривояти).

Саҳобаи киромлар, тобеинлар қанчалар банд бўлишларига қарамай кўплаб ҳаж ва умра қилишга қаттиқ бел боғлаганлар. Ҳазрати Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳам эллик беш маротаба ҳаж қилганлар. Шунинг учун кимгаки Аллоҳ таоло соғлик-саломатлик ҳамда мол-дунёда кенгчиликни ато қилган бўлса, фақат, фарз қилинган ҳаж билан кифояланиб қолмай, вақти-вақти билан қайта-қайта ҳаж қилишга ҳаракат қилиб туриш лозим. Энг камида ҳар тўрт ёки беш йилда бир маротаба ҳаж қилиб туриши лозим. Қайта-қайта ҳаж қилиш фарз ёки вожиб бўлмасада, лекин кўплаб ажру савобга сабаб бўлувчи амаллардандир. Шу билан бир қаторда қайта-қайта ҳаж қилиш билан фақирлик ва муҳтожликдан сақланилган бўлади.

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ يَرْفَعُهُ قَالَ: » مَا أَمْعَرَ حَاجُّ قَطُّ «، فَقِيلَ لِجَابِرٍ: مَا الْإِمْعَارُ ؟، قَالَ: » مَا افْتَقَرَ»

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолатда ривоят қилинади:

“Ҳожи ҳаргиз имъор бўлмас” дедилар. Жобирга “Имъор нима?” дейилди. У:

“Фақир бўлмас (деганидир)” деди” (Байҳақий ривояти).

عَنْ أبي سعيد رَضِيَ الله عَنْه قال أَنَّ رَسُولَ الله صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال عن اللَّهِ عز وجل يقول إِنَّ عَبْدًا أَصْحَحْتُ لَهُ جِسْمَهُ وَأَوْسَعْتُ عَلَيْهِ في المعيشة تمضي عليه خمسة أَعْوَامٍ لَا يَفِدُ إِلَيَّ لَمَحْرُومٌ

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳ азза ва жалла деди:

“Қайси бандани жисмини соғлом, ризқини кенг қилсам, сўнг у ҳар беш йилда мени ҳузуримга ҳозир бўлмаса, (у раҳматимдан) маҳрумдир” дедилар” (Ибн Ҳиббон ривояти).

Бошқа бир ҳадисда ҳар тўрт йилда деб ривоят қилинган. Эй, Аллоҳим! Бизларни мақбул бандаларингдан қилгин ва қайта-қайта Ўзингни байтингга боришга мушарраф қилгин ҳамда ҳабибинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни такрор-такрор зиёрат қилишни насиб этгин. Амийн!

Баҳам кўринг

Leave A Reply