Дунёда илк бор ҳаж амаллари тартибини виртуал воқеликда ўргатувчи дастур яратилди

0 609

Исломобод: Ҳаж амалларини тўғри бажара олмасликдан хавотир оляпсизми? Муқаддас зиёратга илк бор сафарбар бўлаётган мусулмонларнинг кўпчилиги тайёргарликни бир неча ой илгари бошлаб юборади.
Ҳаж зиёратининг бир мунча осон ва юксак руҳий мақомда адо этилишини таъминлаш мақсадида Покистон стартапи зиёратчиларга муқаддас Макка ва Мадина шаҳарларида ҳаж амаллари ҳамда маросимларини бажариш бўйича йўл-йўриқ берадиган ва ўргатадиган “дунёнинг биринчи виртуал реалликдаги (Virtual Reality) ҳаж ва умра симулятори” иловаси (дастури)ни яратди. (Симулятор – виртуал муҳитда ҳодисалар ҳамда хусусиятларни намойиш этиш орқали ҳақиқий воқеликдаги каби таассуротни яратадиган дастурий ва аппарат воситаларидир.)
«Labbaik VR симулятори муқаддас ҳаж зиёратининг энг аниқ ва ҳаётий тажрибасини тақдим этади. Сиз унда ўзингизни Сафо ҳамда Марва йўллари бўйлаб юраётгандек сезасиз, Жамаратнинг муҳитини ҳис қиласиз ва Каъба атрофида тавофни синаб кўришингиз мумкин», деди Arab Nеws’га лойиҳа раҳбари Аднан Мақбул.
Иловада динимиздаги энг муқаддас жойларнинг 360 даражали қизиқарли кўриниши мавжуд. Дастурчилар жамоаси виртуал тажрибани иложи борича воқеликка яқин қилиш учун майдонларнинг ҳақиқий ўлчамларини сантиметргача тўғрилашди.
«Бундан ташқари, биз юқори аниқликда 8К (7,680 х 4,320 пиксел) ўлчамдаги муқаддас жойларнинг 80 мингга яқин фотосуратларини суратга олдик, бу эса устунлардаги мураккаб тўқималар каби майда тафсилотларни кўриш имконини беради», деди Мақбул.
Натижалар қандай? Келгусида 5G технологияси талабларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган илова яхши қабул қилинди, унинг ишлаб чиқарувчилари қатор Исломий давлатлардан, шу жумладан, Саудия Арабистонидан таклифлар олишди.
Илова ғоясининг эгаси, Карачида жойлашган компаниянинг бош директори Шаҳриор Ашраф Arab News’га берган интервюсида: «Labbaik VR дастури орқали ҳаж зиёратчилари хавфсиз ва қулай тажрибага эга бўлади ҳамда тегишли тайёргарликка эга маъмурлар билан бу руҳий тайёргарликни янада оширади. Таълим (ўқув) ва Туризм воситаси сифатида хизмат қилувчи ушбу илова, шунингдек, зиёратчиларнинг ҳаж пайтида дуч келадиган қийинчиликларини минималлаштиришга қаратилган”, деди.
«Зиёратчилар Макка ва Мадинадаги ҳақиқий муқаддас қадамжоларга ўхшаш виртуал муҳитда ўқитилгандан сўнг ҳаж амаллари ва маросимларини муаммосиз бажаришлари мумкин бўлади».
Ўтган йилдан бери компания сайёҳлик операторлари билан ҳамкорлик қилиб, симулятор иловасидан фойдаланган ҳолда 30 мингга яқин ҳаж зиёратчиларини тайёрлади.
Бир соатлик ўқув машғулотларида оператор ўз жиҳози (қурилма)ни кияди ва бошқарувчи ёрдамида 3D олам билан ўзаро алоқа ўрнатади, томошабинлар эса уларнинг олдидаги хира экранларда ҳаж амаллари бажарилишини томоша қилишади.
Ҳозирда ушбу дастур “Оculus Rift” (виртуал реаллик кўзойнаги) каби виртуал реаллик жиҳозларида ишлайди ва яқин орада мобил иловани ишга тушириш режалари мавжуд.
Жорий йилнинг апрел ойида компания Карачи шаҳридаги Долмен Маллда 4000 кишига тақдимот ўтказди, уларнинг бир нечтаси Покистонда бундай технологияни кўришдан жуда хурсанд бўлишди, деди Мақбул.
Покистон ҳаж ва умра зиёратчиларининг сони энг кўп бўлган давлатлардан биридир. Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлигининг маълумотларига кўра, 2019 йил 6 июн ҳолатига кўра жорий мавсумда 1,6 миллионга яқин покистонлик умра қилган.
Шу билан бирга Саудия Арабистони ҳаж квотасини оширгандан сўнг бу йил 200 мингга яқин покистонлик зиёратчилар ҳаж қилишади.
Асосан қишлоқ жойлардан бўлган покистонлик зиёратчилар иммиграция жараёнидан бошлаб, ҳаж маросимлари бошланиши ва тугагунига қадар тегишли тайёргарликни кўришга муҳтождирлар.
Ишлаб чиқувчиларнинг айтишича, Labbaik VR иловаси орқали Покистоннинг диний хизмати кўп сонли зиёратчиларни виртуал шароитда ўқитиб, кўп сарфланадиган куч ва вақтларини тежаши мумкин.
«Биз дин ишлари ва динлараро тотувлик вазири, доктор Нурул Ҳақ Қадри ҳамда Президент доктор Ориф Алви билан VR (виртуал реаллик) тренингини кенг миқёсда жорий этиш ғоясини батафсил муҳокама қилдик», деди Мақбул.
Бюрократия дунёси Поки
стонда тезкор технология дунёсига етиб олиш учун курашаётган бир пайтда ушбу гуруҳ халқаро мутахассисларга эришган муваффақиятини тақдим этиш ва дунёдаги минглаб мусулмонларга ёрдам бериш учун учрашувлар ташкил этмоқда.
Яқинда Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида асосий гуруҳ, шу жумладан, бош директор Шаҳриор Ашраф, бош техник директор ва ишлаб чиқувчи Файсал Хавожа, лойиҳа директори Аднан Мақбул Ҳаж ва Ислом ишлари вазирлиги вакиллари ҳамда техник ривожланиш ва тадқиқотлар маркази раҳбарлари билан учрашиш учун келишди.
«Биз маъмурларга замонавий технологиялар ёрдамида ҳаж тажрибасини оптималлаштиришга қандай ёрдам беришимиз мумкинлигини кўриш учун мулоқот бошлаш ниятидамиз», деди Ашраф Arab Nеws’га.
Иловага кейинчалик киритиладиган яна бир муҳим функция Саудия полициясига бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун Минодаги транспорт ҳаракати ва кириш-чиқиш йўлларини кузатишга имкон беради.
«Илова асосан покистонлик зиёратчиларнинг талаблари инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилган, аммо у мусулмон мамлакатлари ҳукуматлари учун ҳаж машғулотларини сифатли ўтказиш учун жуда фойдали восита бўлиб хизмат қилиши мумкин», дейди компаниянинг маркетинг бўйича менежери Шариб Жафар.
Симуляторлар виртуал муҳитда ҳодисалар ва хусусиятларни намойиш этиш орқали ҳақиқий воқеликдаги каби таассуротни яратадиган дастурий ва аппарат воситаларидир.

Баҳам кўринг

Leave A Reply