Ҳаж сирларига ишора
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Билинг, ёлғизлик ва ажралишлик билан Аллоҳ хизматида қоим бўлиш орқали Унга етилади. Роҳиблар Аллоҳ (унсини) суҳбатини топиш талабида тоғларда ёлғизликда бўлишарди. Шунинг учун ҳам ҳаж бу умматга роҳиблик этилди. Унинг яна одобларини айтиш мумкинки, ҳожи ўзининг ҳажида Аллоҳ ибодатида бор вужуди билан жам (қоим) бўлиши учун қалбини машғул этадиган олди-сотди ва ҳимматини бузадиган амаллардан ҳамда кўп зебу-зийнатдан холи бўлиши, сочлари чанг-ғуборга беланган, кийимлари тўзиган бўлиши керак. Ҳожи, иложи борича, замбил нарвонга минмаслиги лозим, магар узрли бўлса, жоиз (ҳозир ғилдиракли аробалар мавжуд... – тарж.). Шу каби таом ва анжомларини кўтариб юрадиган ҳаммол ёлламаслиги керак, зеро Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устига эски эгар урилган уловда ҳаж этганлари маълум. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят этган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай нақл этилади: «Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ҳожи билан малоикалар ҳузурида фахрланиб: «Менинг бандаларимга қаранглар! Дунёнинг ҳамма еридан чанг-тўзонга беланиб Менинг ҳузуримга келишди. Сизларнинг гувоҳлигингизда айтурманки, Мен уларнинг гуноҳларидан ўтдим», дейди». Имом Аҳмад «Муснад»ларида ривоят этганлар. Аллоҳ таоло Ўз уйини шарафлади ва уни улуғлаб Ўзининг бандалари учун уни тиклади. Атрофини дахлсиз айлади ва амрини машҳур қилиб, шаънини улуғлади. Атрофини ўзининг кенглигига ўхшаган майдон айлади. Билинг! Ҳақиқатдан ҳам ҳаж афъолларининг ҳар бирида эсловчи учун эслатма, ибрат олувчига ибрат бор. Шу жумладан, сафар учун лозим бўлган зоду-рохилани ҳозирлаш охират учун солиҳ амаллар даркорлигини эслатади. Унга ҳеч бир фойда ҳам бермайдиган, у билан бирга бўлмайдиган риё, шуҳрат йўлида адо этилган фосид амаллардан эҳтиёт бўлишга даъват этади. Бунинг мисоли сафарнинг биринчи кунларидаёқ бузилиб, яроқсиз ҳолга келган ҳўл таомга ўхшайди, бас, унинг соҳиби таомга ҳожати тушган вақтда нима қиларини билмай ҳайронликка тушади. Ҳожи ўз ватанидан узоқлашиб, чўлу биёбонларга киради ва қанчадан-қанча тўсиқлару қийинчиликларга гувоҳ бўлади. Буларнинг барчаси вафот этиши билан дунёдан қиёмат миқотига чиқишини ҳамда дунё ва қиёмат ўртасидаги қўрқинчу даҳшатларни хотирасига келтиради. Шунингдек, кийимларини ечиб, эҳром боғлаш вақти унга гўё кафанига кирганини эслатади. Зеро, у Парвардигори ҳузурига дунё аҳлининг кийимидан ўзгача либосда боради. Агар у «Лаббайкаллоҳумма! Лаббайкаллоҳумма!» («Лаббай, эй Аллоҳим! Лаббай, эй Аллоҳим!») деб талбия айтса, ўзининг бу нидоси билан Аллоҳ таолонинг «Одамларга ҳаж этишларига изн беринг» (Ҳаж сураси, 27-оят) деган сўзига жавоб берган бўлади. Ҳажи қабул бўлишини умид этиши ва дуолари мустажоб бўлмаслигидан қўрқувда бўлиши лозим. Шу каби у Ҳарами шарифга етиб келганида азоб-уқубатдан омонда бўлишини ражо (умид) этмоғи ва Аллоҳга яқин бандалар жумласидан ўзгача бўлиб қолишдан, хавф-хатарда бўлмоғи зарур бўлади. Қандай бўлмасин, умид ғолиб келмоғи лозим, зеро, карам умумий, зиёратчининг ҳаққи риоя этилади ва ҳимоя сўровчининг талаби жавобсиз қолмайди. Иншааллоҳ! Яна агар Байтуллоҳни кўрса, унинг улуғлигини қалбида (мужассам) ҳозир этади. Зиёратчилар сафида уни ҳам бу муборак ерга еткизгани учун Аллоҳ таолога беҳад шукроналар айтади. Байтуллоҳ тавофи улуғ эканлигини чин дилдан ҳис қилади, зеро, у ибодатдир. Ҳажар ул-асвадни бўса этганида у Аллоҳ таоло тоатига байъат этдим, деб эътиқод қилади. Байъатга вафо этиш борасидаги азиятини ҳам таъкидлайди. Каъба пўшига осилиб, унинг остонасига қалбини босган вақтда гўё ўзини гуноҳкор, Хўжаси ҳузурида паноҳ топгандек, ўзига маҳбуби яқин бўлганидек ҳис этади. Бу ҳақда улардан баъзилари қуйидаги байтларни айтади: Байтинг пардалари сендан омонлик белгиси, билдинг, Эй Борий Худо! Ёрдам истовчиларга уларни осиб қўйдинг. Мен этмасман гумон осилган вақтимда уларга, Оташи дўзахдан қўрқиб, яқин этдинг мени оловга, Мана, мен Байтинг ёнидаман, айтган эдинг бизларга: «Байтуллоҳни ҳаж этинглар», дея, Қўшнилар риоясини васият айладинг. Шунингдек, ҳожи Сафо ва Марва тоғлари ўртасида саъй этган вақтида уларни тарози палласига ўхшатиши лозим. Ўртасидаги бориб-келишни эса қиёмат аросатига ёки қул ўз хожаси уйи эшигига тез-тез қатнашига ўхшатиши лозим. Бу билан у холис хизматини Унга изҳор этади ва унга раҳмат кўзи билан қарашидан, ҳожатини раво этишда Ундан умидвор бўлади. Арофат тоғида қоим бўлган вақтида одамларнинг бир ерда зич бўлиб тургани, уларнинг баланд овозлари, ҳар хил лаҳжадаги сўзлари, турли халқларнинг бир ўринга жам бўлиши ва гуноҳлардан шафоат тилашлари ҳожига қиёмат кунини эслатади. Шайтонга тош отган вақтида эса бу билан Аллоҳ амрига бўйин эгишни, қуллик ва бандаликни изҳор этишни, беором нафснинг Аллоҳ амрларини адо этишини лозим деб билади. Ҳожи Мадинаи мунавварага Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам зиёратлари учун ташриф этганида, унинг биринчи манзаралари намоён бўлганида бу муборак шаҳарни Аллоҳ таоло Пайғамбарига ихтиёр қилиб, у Зотга ҳижрат этишни амр этганини беихтиёр эсга олади. У Зот алайҳиссаломнинг турбатлари шу ерда бўлишини Аллоҳ ирода этганлигини хотирлайди. Сиз ҳам ўз кўнглингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу шаҳар ерига қўйган муборак қадамлари ўрнини намоён этинг ҳамда у Зотнинг хушуъ, таъзим ва тавозуларини ўзингизда тасаввур этинг. Пайғамбар алайҳиссаломнинг равзаларини зиёрат қилмоқчи бўлсангиз, у Зотнинг таъзимларини ва ҳурматларини қалбингизда ҳозир этинг. Хаёлингизга у Зоти шарифнинг мукаррам суратларини келтиринг. Қалбингизда улуғ даражаларини ҳозир қилиб, у Зотга салом беринг. Билингки, у Зоти олийлари сизнинг ҳозир бўлганингиз ва салом берганингизни батаҳқиқ биладилар, зеро бу ҳадисларда вориддир. Имом Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят этишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Уйларингизни қабрга айлантирманг (яъни суннат ва нафл намозлар ўқиб уларни обод этинг… – тарж.), қабримни ўзларингизга ийдгоҳ қилиб олмангизлар. Менга саловот айтинглар, сизлар қаерда туриб менга саловот ўқисангизлар, албатта, менга етиб келгусидир». Бас, қайси жойда бўлмасин, айтилган саловот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб келар экан. У Зот алайҳиссаломнинг муборак равзалари олдида туриб айтилган саловотнинг етиб бориши аълороқ, балки у Зот бу салавот ва саломларни эшитарлар, зеро анбиёлар тирик бўлиб, ўз марқадларида Аллоҳга ибодат этадилар, чунончи бу ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Исро кечаларида маълум бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мусо алайҳиссаломнинг ўз қабрларида Аллоҳга ибодат этаётганларини эшитдилар.

Мавзуга оид мақолалар
Хозирда Пойтахт бизнес маркази Қизилқум мажлислар залида Глобал тармоқда диниймаърифий мавзуларни давоми...

12:38 / 29.05.2018 2549
Улуғ устоз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари вафотига чуқур қайғу ила битилган марсия Этиб жон давоми...

08:13 / 09.02.2017 4866
Ислом лашкари ўрта ер денгизи мамлакатларини фатҳ қилган кун буюк ва бахтли кун бўлди. Мусулмонларнинг давоми...

15:41 / 22.11.2016 4196