Ҳаж одоби
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Ҳаж одоби

• Аллоҳ таоло: «Кимнинг қудрати етгайдир, Аллоҳ йўлида Байтуллоҳга ҳаж қилмоғи фарздир. Кимки Аллоҳнинг ҳукмига қарши чиқғайдир, Аллоҳ ундоқ бандаларга муҳтож эмасдир!» – дейди.

 • Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладирлар: «Зулҳулайфада Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг туяларига минаётганларини кўрдим. Туяга миниб олгач, талбия айтдилар, туя эрса тик турганча қимирламай турди».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Ислом амалларидан қай бири афзал?» – деб сўрашди. Жаноб расулуллоҳ: «Аллоҳ ва Расулига иймон келтирмоқ»,– дедилар. «Яна қайсиниси?»– деб сўрашди. Жаноб Расулуллоҳ: «Холис ният билан ҳаж қилмоқ»,– деб жавоб бердилар». • Зуҳайр разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Зайд ибн Жубайр Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳунинг уйларига бордилар. Абдуллоҳ ибн Умарнинг ҳовлисида чодир ўрнатилган бўлиб, ҳовли саҳнининг тепасига ҳам ип мато тортилган эрди. «Қаердан умра қилмоқни бошларман?»– деб сўради Зайд. Абдуллоҳ ибн Умар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Нажд аҳлига Қарн деган ердан, Мадина аҳлига Зулҳулайфадан, Шом аҳлига эрса Жуҳфадан бошламоқни фарз қилганлар» – дедилар». • Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина аҳлига Зулҳулайфани, Шом аҳлига Жуҳфани, Яман аҳлига Яламламни, Нажд аҳлига Қарнни мийқот қилиб белгилаб бердилар. Ўша мийқотлар уларга ҳам, бошқа томонлардан ҳаж ва умра қилмоқни ихтиёр айлаб келганлар учун ҳам мийқот вазифасини ўтағайдир. Мазкур мийқотларга яқин турганлар учун ўша ўзлари турган ер мийқотдир, ҳатто Макка аҳли ҳам Маккада эҳром боғлағайдир». • Абдураҳмон ибн ал-Қосим ривоят қиладирлар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари Оиша разияллоҳу анҳо: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эҳром боғлаб Каъбани тавоф қилмоқларидан олдин ҳам, тавоф қилиб чиққанларидан кейин ҳам хушбўй нарсалар суртиб қўйғай эрдим»,– дедилар». *Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу: «Русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини ихчамлаб олиб, таҳлил айтганларини кўрдим»,– дейдилар.  

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар: «Бир киши: «Ё расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, эҳром боғлайдирган одам қандай кийимлар киймоғи керак?»– деб сўради. Жаноб Расулуллоҳ: «Кўйлак, салла, чолвор, бурнус (бош ва елкани ёпиб турадиган халат), маҳси киймағайдир, мободо маҳсидан бошқа оёқ кийим топмаса, қўнжини тўпиғидан паст қилиб кесиб ташлағайдир, агар кийимга заъфарон ва варс (сариқ дарахтдан олинадиган ранг) теккан бўлса, киймангиз!»-дедилар».

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада тўрт ракъат пешин, Зулҳулайфада икки ракъат аср ўқидилар, мен жаноб Расулуллоҳ ва саҳобаларнинг баланд овоз билан таҳлил айтишаётганини эшитдим»,– дейдилар. • Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар: «Биз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирлан бирга Ҳажжат ул-Вадоъга чиқиб, умрага таҳлил айтдик. Кейин, жаноб Расулуллоҳ: «Кимки ўзи бирлан қурбонлик олиб келган бўлса, ҳаж бирлан умрага таҳлил айтсин ва токи иккала ҳажни адо этмагунча эҳромини ечмасин!» – дедилар. Мен Маккага ҳайз ҳолимда келиб, Каъбани тавоф қилолмадим. Сафо билан Марва оралиғида югура олмадим. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтувдим, ул киши: «Сочингни ёзиб, тарағил (яъни ғусл қилғил), сўнг ҳажга эҳром боғлағил, умрани қўя турғил!»– дедилар. Мен айтганларини қилдим.

Биз ҳажни тамомлаб бўлганимизда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Абдураҳмон бин Абу Бакр бирлан бирга Танъимга юбордилар, мен умра қилиб қайтдим. Шунда, Жаноб Расулуллоҳ менга: «Бу ўша бажара олмаган умранг ўрнига ўтғайдир»,– дедилар. Ўшанда умрага ният қилганлар Каъбани тавоф айлаб, Сафо ва Марва оралиғида югуришди, сўнг эҳромларини ечишди. Минодан қайтишгач, яна бир марта Каъбани тавоф қилишди. Аммо бирваракайига ҳаж ва умрага ният қилганлар бир марта Каъбани тавоф қилдилар».

Жобир разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Али разияллоҳу анҳуга эҳромни ечмасликни амр қилдилар, чунки унинг қурбонлиги бор эрди». • Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг заифалари Ҳафса разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар: «Ё Расулуллоҳ, одамлар нега умра қилиб эҳромларини ечмокда-ю, сиз ечмаётирсиз?»– деб сўрадим. Жаноб Расулуллоҳ: «Мен сочимни тўзғимайдиган қилиб ёпиштириб олганман, кейин қурбонлик ҳам атаб қўйганман. Шунинг учун қурбонлигимни сўймасдан туриб эҳромимни ечмасман»,– дедилар». • Имрон разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида таматтуъ қилдик, унинг жоизлиги тўғрисида Қуръон (оят) ҳам нозил бўлди. Бир киши бир пайтлар ўзбошимчалик қилиб, оғзига келганини айтган эрди (яъни таматтуъ қилмоқни ман этган эрди)». • Икрима разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар: «Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ҳаж мутъаси тўғрисида сўраганларида, ул киши бундай деб жавоб бердилар: «Муҳожирлар, ансорлар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари Ҳажжат ул-Вадоъда ҳажга эҳром боғлашди, биз ҳам ҳажга талбия айтдик. Маккага келганимизда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қурбонликка жонлиқ атаб олиб келганлардан ташқари, барчангиз ҳажга қилган ниятингизни ўзгартириб, умрага талбия айтингиз!» -дедилар. Биз Каъбани тавоф айлаб ва Сафо ва Марвада саъй қилиб, сўнг аёлларимиз ёнига келдик-да, кийимларимизни кийиб олдик. Жаноб Расулуллоҳ: «Кимки қурбонлик атаб жонлиқ олиб келган бўлса, жонлиғини қурбонлик қиладиган жойга олиб бориб сўймагунча, эҳромини ечмасин!»– дедилар. Кейин бизга Тарвия кечаси ҳажга талбия айтмоқни буюрдилар. Биз ҳаж удумларини бажарганимиздан кейин Каъбани тавоф айлаб, Сафо ва Марвада саъй қилдик. Шу билан ҳажни тугатдик, фақат қурбонликка аталган жонлиқни забҳ (сўйиш) қилмоқ қолганди, холос. Аллоҳ таоло айтганидек, «(Кимга)... қурбонликка жонлиқ олиб келмоқ муяссар бўлмаган эрса...», кимки жонлиқ тополмаган эрса, ҳаж вақтида уч кун, уйига қайтгандан кейин, етти кун рўза тутғайдир. Қурбонликка бир қўй кифоядир. Бир йилда икки удумни – ҳаж ва умрани адо этингиз! Чунким Аллоҳ таоло бу ҳақда ўз Китобида нозил қилган ва бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ҳамдир! Жаноб Расулуллоҳ Макка аҳлидан бошқа кишиларга бемалол (чекловсиз) ҳаж қилмоқни рухсат берганлар. Аллоҳ таоло: «Бу (ҳукм) аҳли Масжид ул-Ҳаромда бўлмаганлар учундир!» – дейдир. Аллоҳ таоло зикр этган ҳаж ойлари: Шаввол, Зулқаъда ва Зилҳижжа. Кимки мана шу ойларда ҳаждан баҳраманд бўлса, қон чиқармоғи (қурбонлик қилмоғи) ёки бунинг эвазига рўза тутмоғи лозим бўлур. Бундан ташқари, у ҳаж давомида шалоқ сўзлар айтмаслиги, хотинига яқинлашмаслиги, фисқу фасод қилмаслиги ва жанжаллашмаслиги керак». • Обис ибн Рабийъа ривоят қиладирлар: «Умар разияллоҳу анҳу Қора Тошга келиб ўпдилар-да:«Мен сенинг тош эрканлиғингни ва зараринг ҳам, фойданг ҳам йўқ эрканлиғини билурмен. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сени ўпаётганларини кўмаганимда, мен сени ўпмас эрдим»,– дедилар». • Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва ул кишининг саҳобалари Маккага келганларида, мушриклар саҳобаларга қараб: «Сизларни ул (Расулуллоҳ) бошлаб келган, аслида сизларни Ясриб (Мадина) мудофааси заифлаштириб қўйгандир»,– дейишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига лўкиллаб югуриб Каъбани уч марта айланиб чиқмоқни, кейин икки устун оралиғида юрмоқни буюрдилар. Жаноб Расулуллоҳ Каъба теграсида кўпроқ лўкиллаб югурмоқни буюрсалар бўлар эрди-ю, лекин саҳобаларга раҳмилари келди». • Ибн Аббос разияллоҳу анҳу: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбани тавоф айлаётиб, қўлини тасма бирлан бошқа бир одамнинг қўлига боғлаб олиб, етаклаб кетаётган кишининг ёнидан ўтиб қолдилар. Шунда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тасмани кесиб юбордилар-да, унга: «Қўлтиғидан етаклағил!»-дедилар».
Мавзуга оид мақолалар
Тошкент вилоятининг Бўка тумани Ўртақўрғон жоме масжидида Қуръон қироати мусобақаси ўз якунига етди. Бўка давоми...

15:45 / 10.02.2018 2297
embedhttpswww.youtube.comwatchvbCPZS2WRYembed

08:07 / 15.11.2016 4073
gallery linkfile sizemedium ids11739,11740,11742,11741,11743,11744,11745,11746,11747,11748,11749,11750,11752 orderbyrand Муборак мавлид ойлиги бошланди Биз учун давоми...

01:47 / 25.02.2017 4316
Кўпинча биз Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг «Унинг ҳамди ила тасбеҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг давоми...

11:07 / 03.04.2019 3674