«Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласининг иккинчи кито­би «Ислом ва иймон китоби»

0 263

Бизларни Ўзига иймон келтиришга мушарраф қилган ва неъматини батамом қилиб, Исломни дин деб рози бўлган Аллоҳ таолога У Зотнинг улуғлигига муносиб ҳамду санолар бўлсин!

Бизларга оламларнинг Роббидан Ислом ва иймон ҳақидаги таълимотларни етказган ва шахсий намуна бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад мус­тафога салавоту саломлар бўлсин!

«Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласининг иккинчи кито­би «Ислом ва иймон китоби» деб номланади. Биз шарҳ қилаётган «ат-Тож ал-жомеъ лил-усул фии аҳадийсур-Росул», яъни «Расулнинг ҳадисларидан аслларини жам қилувчи тож» деб аталган китобнинг муаллифи Мансур Али Носиф ал-Ҳусайний раҳматуллоҳи алайҳи аввал динимизнинг асоси Ислом ва иймондан иборат экани ҳақида шу мавзуга боғлиқ ҳадислардан жамлаб, бир «китоб» қилганлар.

Динимиз билан батафсил ошно бўлмоқни истаган ҳар бир киши учун аввало, Ислом ва иймонга оид маълумотлар билан танишиб олгани яхши. Албатта, мазкур танишиш илмий асосда, оят ва ҳадислардан келтирилган далиллар билан бўлса, яна ҳам яхши бўлади. Илмсиз равишда, узуқ-юлуқ ва асоссиз маълумотлар асосида олинган тасаввур нотўғри бўлиши ҳаммага маълум. Хусусан, баъзи ғаразгўйларнинг уринишлари кўпайган пайтларда эҳтиёт бўлишимиз керак.

Мазкур нарсаларни эътиборга олган ҳолда сиз билан биз бошлаётган бу китобимиз Аллоҳ таолонинг ёрдами ила ҳаммамиз учун яхши ёрдамчи бўлар, деган умиддамиз. Зотан, ушбу китобнинг боблари ҳар бир мўмин-мусулмон билиши лозим бўлган Ислом ва иймон ҳақидаги асосий мавзуларни қамраб олган, десак, муболаға қилмаган бўламиз.

«Ислом ва иймон китоби»нинг биринчи боби «Ислом ва иймоннинг баёни ҳақида» деб номланиб, у Ислом ва иймоннинг луғатдаги ва уламолар истилоҳидаги маънолари ҳамда улар ҳақида умумий баёнотлар келган ҳадиси шарифларнинг шар­ҳи билан бошланади.

Иккинчи боб «Комил иймон сифатлари ҳақида» деб аталади. Ҳар бир нарсанинг камолот сифатлари бўлгани каби иймоннинг ҳам камолот сифатлари бўлади. Ана ўша сифатлар нимадан иборат эканини ушбу бобда ўрганамиз.

«Иймон зиёда ва ноқис бўлади. Унга васваса зиён қилмайди» деган сарлавҳа остида ақоид уламолари орасида икки хил фикр чиққанлиги мутахассисларга яхши маълум. Ашъарийлар «Иймон зиёда ва ноқис бўлади» дейдилар. Мотуридийлар эса «Иймон зиёда ва ноқис бўлмайди» дейдилар.

Бу тортишувларга уларнинг иймонни турлича таъриф қилганлари сабаб бўлган. Иймон тасдиқ, иқрор ва амалдан иборат, деганлар «Иймон зиёда ва ноқис бўлади», дейдилар.

Иймон тасдиқ ва иқрордир деганлар «Иймон зиёда ёки ноқис бўлмайди, лекин амал зиёда ва ноқис бўлади» дейдилар.

Икки тараф бу ҳақдаги оятларни ўз таърифларига биноан тафсир қилиб, бирлари зоҳирий маънони олса, иккинчилари амалга таъвил қилади. Аммо уларнинг тортишувлари моҳиятда эмас, фақат таърифдагина эканини далиллар билан ажратиб оламиз.

Учинчи боб «Диннинг фазилатлари ҳақида» бўлиб, унда динимизнинг сиз билан бизга фойда келтирадиган фазллари ҳақида сўз юритилади.

Тўртинчи боб «Қадарга иймон келтириш ҳақи­да» бўлиб, унда ақийдамиздаги рукн масалаларидан бири бўлмиш қазои қадар ҳақида илмий маълумотлар тақдим қилинади. Ундан бу борадаги саволларимизга жавоб топамиз, иншааллоҳ.

Шунингдек, адашган ақийдавий тоифалардан бўлмиш Қадария ва Муржиъага ўхшаш бидъат соҳиблари кимлиги ва уларнинг бузуқ ақийдалари нимадан иборат эканини англаб етамиз.

Бешинчи боб аввалги мусулмонлар авлодининг Пайғамбаримиз алайҳиссаломга қилган байъати ҳақида, яъни, мусулмон бўлганларида у зотга қўл бериб, қабул қилиб олган топшириқлари тўғрисида сўз кетади. У зот барчага фақат яхшиликни топшириқ қилиб берганларини билиб оламиз.

Олтинчи бобда Китоб ва Суннатни маҳкам ту­тиш ҳақидаги маълумотлар билан танишамиз. динимизнинг асосий масдарлари Аллоҳ таолонинг Китоби ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг Суннатлари эканини кўпчилик яхши билади. Энди ушбу икки асосий масдарни маҳкам тутиш ҳақи­даги илмий далилларни ҳам билиб олсак, ниҳоятда яхши бўлади.

Динда ҳаддан ошиб кетиш доимо мақсадга мувофиқ нарса ҳисобланмаган. Ушбу китобимизнинг еттинчи боби «Амалда тежамкорлик ва бардавомлик Аллоҳ учун маҳбубдир» деб аталган бўлиб, унда динда мўътадил бўлиш ва ҳаддан ошмаслик асосларини оят ва ҳадислар асосида пухта ўрганишга ҳаракат қиламиз.

Аллоҳ таоло яхши ният билан бошлаётган бу ишимизда Ўзи мададкор бўлсин ва уни барчамизга баракотли қилсин!

Шайх Муҳаммад Содиқ

Муҳаммад Юсуф

كتاب الإسلام والإيمان

ИСЛОМ ВА ИЙМОН КИТОБИ

وفيه سبعة أبواب

Е т т и   б о б д а н   и б о р а т

Шарҳ: «Китоб» сўзи араб тилидаги «ёзиш» сўзининг ўзагидан олинган бўлиб, «ёзилган» маъносини англатади. Бир тўп ёзилган варақларнинг муқова орасига олингани «китоб» деб ишлатиб келинган. Аслида эса у кенгроқ маънони англатади. Қуръони Каримнинг номларидан бири ҳам «Китоб»дир. Исломда ­ «Аллоҳнинг Китобида», «Китоб ва Суннат­да» каби иборалардаги «Китоб» деганда Қуръони Карим назарда тутилади. Шунингдек, Ислом адабиётида бир неча фасл ва бобларни ўз ичига олган бир мавзу ҳақидаги маълумотлар тўпламини ҳам «китоб» деб аташ одат бўлиб қолган. «Ҳаж китоби», «Рўза китоби» кабилар шу жумладандир. Шу боис Ислом ва иймон ҳақидаги ҳадислар тўплами ҳам «китоб» деб аталмоқда.

Шарҳ: Аввало, ушбу ҳадиснинг ровийси Абдул­лоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг қисқача таржимаи ҳоллари билан танишиб чиқайлик.

Исмлари Абдуллоҳ, кунялари Абу Абдурраҳмон, оталари Умар ибн Хаттоб, оналари Зайнаб бинти Мазъундир. Абдуллоҳ ибн Умар ҳали балоғат ёшига етмай, оталари билан Маккада Исломга кирдилар. Бадр ва Уҳуд жангларида қатнашиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан рухсат сўраганларида, ёшлари кичик бўлганлиги сабабли рухсат бермадилар. Лекин Хандақ жангига чиққанлар. Ана шу вақтда Ибн Умарнинг ёшлари ҳали ўн бешдан ўтмаган эди. Оталари билан бирга Мадинага ҳижрат қилдилар. Ёшлари йигирмага етганда Маккани фатҳ этишда иштирок этдилар.

Абдуллоҳ ибн Умар ёшлик вақтларидан тақводор, иффатли эдилар. У кишини Қурайш ёшлари ичида нафсига молик кишилардан, деб танишарди. Кишилар орасида сахийлик ва ростгўйлик билан ҳам машҳур эдилар. Аллоҳ йўлида ҳақдорлар учун бир кунда юзта туяни инъом этганлари ривоятларда келади. Доимо етим ва мискинлар билан бирга овқатланиб юрар, агар бирор маърака қиладиган бўлсалар, унга фақат етим ва камбағалларни таклиф қилар эдилар. Албатта, бу сахийликлари фахр ёки мақтов учун эмас, балки Аллоҳ йўлида бўлар эди. Абдуллоҳ ибн Умар зоҳидлардан эдилар. Дунёга мойил ҳам бўлмас ва унга ортиқча ҳаракат ҳам қилмас эдилар, балки ундан баданларини тўсгудек ки­йимни, эгилган беллари тўғри бўлгудек таомни умид қилар эдилар, холос.

Ибн Умар кечалари кўп намоз ўқиб, доим Қуръон тиловат қилиб, Аллоҳни кўп зикр қилар­дилар. Агар огоҳлантирувчи, қўрқитувчи оят эшитсалар, кўзларига ёш ёмғир каби қуйилиб келар­ди. Ибн Умар туннинг кўп қисмида намоз ўқиб чиқар, тонг саҳарларда эса истиғфор айтиб, йиғлаб чиқардилар.

Улуғ зотлардан Товус раҳматуллоҳи алайҳи: «Ибн Умардан кўра тақволи, Ибн Аббосдан кўра билувчироқ кишини кўрмадим», дейди.

«Лан танаалул бирро хаттаа тунфиқуу миммаа туҳиббун» («Яхши кўрган нарсаларингиздан инфоқ қилмагунингизча яхшиликка эриша олмайсизлар») ояти каримаси нозил бўлганида Ибн Умар Румайса исмли чўриларини Аллоҳ йўлида озод қилдилар ва: «Аллоҳга қасамки, дунёда энг яхши кўрган кишим сенсан, озодсан, кетавер», деб айтдилар.

Улуғ зотлардан Нофеъ айтадилар: «Агар Ибн Умарга дунё ишларидан бирор нарса оғир келиб қолса, Роббларига яқин бўлар эдилар».

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Абдуллоҳ ибн Умардан бошқа молу дунёга мойил бўлиб кетмаган бирор кишини кўрмадик».

Кишилар айтишар эди: «Абдуллоҳ ибн Умарнинг зоҳидликлари оталаридан мерос эди. Шунингдек, дин таълимотларини ҳам оталаридек касб қилган эдилар. Ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва оталарига эргашар эдилар. У зотнинг қалблари беҳожатлик билан тўлган эди. Ақллари олий даражада, руҳлари эса пок эди. Агар ҳузурларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинсалар, у зотга бўлган муҳаббатларидан кўзлари ёшга тўлар эди».

Ибн Умарда уламоларга хос бўлган бир хислат бор эди. Агар инсонлар бирор нарсада жоҳиллик қилсалар, уларга адоватларини зоҳир қилмас ёки жавобни узиб қўймас эдилар. Агар билмайдиган нарсалари тўғрисида сўралса, дарҳол «Билмайман», деб айтар эдилар.

Ибн Умар ҳаммаси бўлиб 2630та ҳадис тўплаб, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан кейинги ўринни эгалладилар. Ибн Умар ҳадисларни Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Абдуллоҳ ибн Масъуд каби улуғ саҳобалардан ва Оиша ҳамда Ҳафса оналаримиздан ривоят қилдилар. У зотдан Саъид ибн Мусаййиб, Ҳасан Басрий, Ибн Шиҳоб Зуҳрий, Ибн Сийрийн, Нофеъ, Мужоҳид, Товус, Икрима каби тобеъинлар ривоят қилдилар.

Абдуллоҳ ибн Умар ҳижратнинг 73 йили 84 ёшларида Макка шаҳрида бу фоний дунёдан дорулбақога риҳлат қилдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифни баён қилишда истиъора ишлатмоқдалар. Яъни, у зот Ислом динини бир бинога ўхшатмоқдалар. «Бино қилинди» деб, бино қилувчини мажҳул қолдирмоқдалар. Чунки араб­ларда ишнинг бажарувчиси жуда аниқ-равшан бўлса, шундай услуб ишлатилади. Исломнинг бино қилувчиси Аллоҳ таоло бўлиб, бу маълум ва маш­ҳур эканидан «Ислом бино қилинди» дейилмоқда. Лекин бу ҳадисда тўлиқ, мукаммал бино ҳақида эмас, бинонинг асосини ташкил қилувчи беш рукн ҳақида сўз кетмоқда. Шунинг учун ҳам:

«Ислом беш нарсага бино қилинди», дейил­моқда. Демак, Ислом биносининг қаддини кўтариб турадиган асосий рукнлар ушбу ҳадисда зикр қилинаётган беш нарсадир:

1. Аллоҳ таолонинг ибодатга сазовор ягона Зот экани ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ­  Аллоҳнинг Пайғамбари экани ҳақида шаҳодат бериш.

2. Фарз қилинган беш вақт намозни ўз вақтида тўла-тўкис адо этиш.

3. Моли нисобга етса, закотини бериш.

4. Қодир бўлганда Байтуллоҳни ҳаж қилиш.

5. Рамазон ойи рўзасини тутиш.

Ушбу беш рукннинг ҳар бири ҳақида китобимизда алоҳида ҳадислар тўплами келиши туфайли улар ҳақидаги батафсил сўзни кейинга сурамиз.

Мазкур нарсалар Ислом биносининг асосий рукнлари бўлганлиги учун Ислом ўша беш нарсага бино қилинган, дедик. Аммо бу Ислом фа­қат беш нарсадан иборат, дегани эмас. Улар асос ва устундир. Ҳар бир бинонинг асоси ва устуни унинг ўзагини ташкил қилганидек, бу беш нарса ҳам Исломнинг ўзагини ташкил қилади. Бино мукаммал бўлиши учун асос устига, устун атрофига девор урилади. Сўнг шифт қилиш ва бошқа зарур ишларни бажариш лозим бўлади. Исломнинг бош­қа фарз ва вожиблари ҳам шунга ўхшайди.

«Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулул­лоҳ» иймон рукнининг ўзаги бўлса, фаришталарга, пайғамбарларга, илоҳий китобларга, яхшию ёмон қадар Аллоҳдан эканига ва бошқа лозим бўлган нарсаларга иймон келтириш унга тобеъ бўлади.

«Намоз» амалий, баданий-жисмоний, руҳий ибодатларнинг рукнидир. Бошқа шунга ўхшаш ибодатлар эса унга тобеъ бўлади.

«Закот» молиявий ибодатларнинг рукнидир. Бош­қа молиявий ибодатлар унга тобеъ бўлади.

«Ҳаж» ҳам молиявий, ҳам жисмоний ибодатларнинг рукнидир. Бошқа молиявий, жисмоний ибодатлар унга тобеъ бўлади.

«Рўза» тарк қилиш (ўзини тийиш) ибодатлари рукнидир. Бошқа ўзини тийиш ибодатлари унга тобеъ бўлади.

Буларнинг ҳаммаси қўшилганда Ислом биноси мукаммал ҳолатга келади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

Ҳадисда мусулмон инсон учун ушбу беш нарса рукн ибодат экани аниқ кўриниб турибди.

1. Ушбу беш рукн фарзи айнлардир, яъни, ҳар бир шахсга алоҳида, бевосита фарздир. Мусул­монман, деган одам бу ибодатларни шахсан ўзи адо қилиши фарз. Бу ибодатларни биров адо қилса, бошқадан соқит бўлмайди. Ота адо қилгани билан, боладан соқит бўлмайди. Она адо қилгани билан, қиздан соқит бўлмайди.

2. Бу ҳадисдан Ислом айнан ушбу беш рукн­га бино қилинганини билиб олмоқдамиз. Демак, Ислом бу беш нарсадан бошқага бино қилиниши мумкин эмас.

Хулласи калом, ушбу буюк ҳадиси шарифдаги асосий рукнлардан бошқа нарса Ислом биноси учун рукн бўла олмайди.

Ҳадиси шарифдан чиқадиган ҳикматлар:

Ўзида буюк маъноларни мужассам қилган ушбу ҳадиси шарифдан, унда зикр этилган рукнлардан келиб чиқадиган ҳикматлар ҳақида жилд-жилд китоблар ёзилган, кўплаб ваъз-насиҳатлар қилинган. Улар шунчалик кўпки, санаб адоғига етиш ҳам қийин.

Аллоҳ таоло ҳакимдир. У Зот беҳикмат иш қилмайди. Инсониятга Исломни қиёмат кунигача икки дунё саодат йўлини кўрсатувчи Ўзининг охирги дини қилиши ҳам бир олам ҳикматдир. Инсоният босиб ўтган йўл, қилиб кўрган тажрибалар Исломсиз мақсадга етиб бўлмаслигини кун сайин кўрсатмоқда.

Инсониятнинг якка илоҳий маъбудга эъти­қод қилишга муҳтож эканини ҳам тажриба кўрсатди. Худосизлик нима экани, қандай балоларга гирифтор қилиши синаб, татиб кўрилди. Кўпхудолик ҳам фойда бермаслигини ҳамма тушуниб бормоқда. «Аллоҳнинг ўғли бор, Аллоҳ уч шахс – ота, ўғил ва муқаддас руҳларнинг қўшилишидир», деб даъво қилганлар ҳам ҳозирда ўзларининг ақийдалари нотўғри эканини тушуниб етмоқдалар.

«Муҳаммадур Расулуллоҳ» эса ўзининг инсон ҳаёти учун нақадар зарурлигини аниқ аён этди. Инсоният учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдек ўрнак бўларли зот, йўлбошчи қайтиб туғилмади. Бу ҳозирги кунда ҳар дамда, ҳар қадам­да сезилиб турибди. Инсон ўрнак олиши учун унинг ўзи ихтиёр қилган шахслар фойда бермаяпти. Хаёлда тўқиб олинган сохта ибратлар ҳам иш бермай қўйди. Бугунги кунда айниқса, Муҳаммад алайҳиссаломга душман бўлган ғарб юртларида у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахс­ларига эҳтиёж кучайиб бормоқда.

Аввалроқ буюк инглиз ёзувчиси Бернард Шоу: «Агар Муҳаммад пайғамбар тирик бўлганида, бизнинг ҳаётий муаммоларимизни бир пиёла қаҳва устида ҳал қилиб берар эди», деган бўлса, яқинда ғарблик мутахассислар кишилик тарихида инсониятга энг кўп фойда келтирган юз киши рўйхатини тузиб чиқиб, унда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни биринчи ўринга қўйдилар. Бу ерда гап моддий фойдалар ҳақида кетмоқда. Шундай экан, мусулмонман, деб юрганлар ўзларининг Пайғамбарлари билан ҳар қанча фахр­лансалар арзийди. У кишидан ҳар нарсада ўрнак олишлари, ҳар ишда у зотнинг суннатларига амал қилмоқлари зарур.

«Намоз» инсоннинг кундалик ҳаёти учун ҳар томонлама зарур амал экани илмий равишда ҳам исботланмоқда. Намоз ўзининг сон-саноқсиз фойдалари билан инсон ҳаётини ҳамма соҳаларда тартибга солиб турувчи восита экани тобора аён бўлмоқда. Ҳозирги кунда илмий йўл билан ҳаёт кечириш услубини излаган моддий тараққий этган юртлар аҳолисининг кўпчилиги намоз туфайли Исломга кирмоқдалар. Кишининг ҳар тарафлама поклигини, соғлигини таъминловчи, уни Аллоҳ билан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан, мўмин биродарлари билан доимий алоқада ушлаб турувчи намознинг аҳамиятини энди ким инкор қила олади?!

«Поклик» сўзидан олинган «Закот» асосида қурилган иқтисодий алоқаларгина инсониятнинг иқтисодий муаммоларини ҳал қилиши мумкинлигига ишончимиз комил.

«Ҳаж» «зиёрат» маъносини англатади. Уни адо этиш учун сафар қилиш лозим бўлади. Ҳажда дунёнинг турли бурчакларидан келган одамлар учрашиб, турли муаммоларини ҳал этишга уринадилар. Дунёда кундан-кунга саёҳат ширкатлари кўпайиб, турли хал­қаро учрашувлар сони ортиб бораётганининг ўзиёқ ҳажнинг инсоният ҳаётида қанчалик зарур нарса эканини кўрсатиб турибди. Мазкур саёҳат ширкатлари ва учрашувлар одамлар томонидан ўз эҳтиёжларини қондириш учун бир уриниш, холос. Уни инсоннинг ўзи ўйлаб топгани учун ҳам камчиликлардан холи эмас.

Исломий зиёрат ва учрашувларда эса ҳамма нарса ҳалоллик-поклик билан ҳалоллик-поклик йўлида бўлади.

Бугунги кунда «Рўза»нинг фойдасини рўза нималигини билмайдиган халқлардан сўраш керак. Улар асрлар давомида ўзлари учун руҳий, жисмоний соғлик манбаини излаб, сон-саноқсиз тажрибалар ўтказиб, бу нарса «ихтиёрий очлик»да эканини милодий йигирманчи асрнинг охирига келибгина тушуниб етдилар. Ислом эса бу нарсани мусулмонларга бундан ўн беш аср муқаддам исботлаб қўйган ва ибодат сифатида буюрган эди.

Аввал айтганимиздек, Аллоҳ хоҳласа, бу рукн­лар ҳақида ўз ўрнида алоҳида сўз юритамиз. Ушбу айтилганлар уммондан томчи, холос.

Ҳадис ва Ҳаёт китоби 2 жуз

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ

Баҳам кўринг

Leave A Reply