«Гўзал ўрнак» ҳақида

0 333

«Гўзал ўрнак» ҳақида

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Биз мусулмонларга Рамазон рўзасини фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

Умматларига рўза аҳкомларини ўргатган гўзал ахлоқ соҳиби Ҳабибимиз Муҳаммадга салоту саломларимиз ёғилсин!

Жаннат дарвозалари очилиб, дўзах эшиклари ёпилган, шайтонлар кишанланган ушбу муборак ойда қалблар тақвога мойил бўлиб, янада кўпроқ насиҳатларга муҳтож бўламиз. Мана шундай хайр, барака, саховат, раҳмат ва мағфиратга тўла ойда иймонимизни мустаҳкамлайдиган, ахлоқларимизни сайқаллайдиган ваъз, маъруза ҳамда гўзал суҳбатларга эҳтиёжимиз янада ортади.

Шу сабабдан бу галги Рамазон ойида сизлар учун «Гўзал ўрнак» туркум суҳбатларимизни тақдим этмоқчимиз. Айнан мана шу мавзуни танлаганимизнинг боиси ҳозирги кунда гўзал ўрнак масаласи зарур бўлиб қолганидандир. Нафақат бугунги кунимизда, балки бу масала ҳамиша зарур бўлиб келган ва доим шундай бўлиб қолади.

Аллоҳ таоло инсон зотини яратиши билан бирга унга турли хусусиятларни ҳам берган. Шу хусусиятлар ичида ўзгадан ўрнак олиш, кимгадир ўхшашга интилиш, ибратланиш кабилар ҳам бор. Бундаги ҳикмат инсоннинг яхшилик, гўзаллик ва камолот сари интилишга лаёқатли бўлиши ҳамда бундан манфаат олиб, икки дунё саодатига эришишидир.

Аллоҳ таоло инсонни яратиб, унга мазкур хусусиятни сингдирганидан сўнг уни шундайлигича ташлаб қўймади. Балки асрлар оша башарларга гўзал ўрнак қилиб, ўз пайғамбарларини юбориб турди. Пайғамбарлар силсиласи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан якун топар экан, инсонларни пайғамбарларга меросхўр бўлмиш олимлардан, солиҳ кишилардан, муршидлардан ва яхши дўстлардан ўрнак олишга буюрди.

Аммо минг афсус билан айтамизки, бугунги кунимизда гўзал ўрнак ким эканини билмайдиган, ўзгадан намуналанишга интилмайдиган тоифалар ҳам бор. Янада ачинарлиси, мусулмон миллатига мансуб бўла туриб, ғайридинларни ўзига пешво қиладиганлар йўқ эмас. Айниқса, ёшларимиз, қиз бўлсин, ўғил бўлсин, тайини йўқ, беодобликда ном чиқарган шахсларга тақлид қилмоқдалар. Динимиз, қадриятларимиз, миллийлигимиз, одоб-ахлоқларимизни тарк қилиб, бизга умуман ёт бўлган дунё сари интилмоқдалар.

Аслида эса биз мусулмонлар учун энг гўзал ўрнак Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 21-оятида: «Батаҳқиқ, сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди», дейди.

Ҳа, биз мусулмон уммати ҳар ишда ва ҳар сўзда бу муборак зотдан ўрнак олмоғимиз, у кишига эргашмоғимиз лозим.

Келгуси суҳбатларимизда ўрнак олишимиз керак бўлган кўпгина амаллар ҳақида бирма‑бир маълумот бериб борамиз. Зора, гуноҳларимиздан фориғ бўлиб, яхшиликларни касб қилишга фурсат бўлган бу ойда гўзал ўрнак борасида ҳам ислоҳот ишларини амалга оширишни Роббимиз барчаларимизга насиб айласа!

Одинахон Муҳаммад Содиқ

Баҳам кўринг

Leave A Reply