Гўзал ўрнакнинг жамиятга таъсири

0 37

Гўзал ўрнак, албатта, жамиятда ўз аҳамиятига эга. Диндор, тақводор, илм-маърифатли, гўзал хулқли кишилар доим инсонларга таъсирларини ўтказиб келганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жоҳилият ботқоғига ботган халқ ичига пайғамбар қилиб юборилганлар. У зот сабабли одамлар жаҳолат зулматидан Ислом, иймон ва эҳсон нурига чиққанлар. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз тажаллисини нозил қилиб, у зот бобаракотнинг вужудларига сингдирган. Мана шу Аллоҳдан бўлган тажаллий туфайли инсонлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашганлар, у зотдан таъсирланганлар. Хато ва гуноҳларини бир зумда тўхтатиб, бошқа унга қайтмаганлар. «Эшитдик ва итоат қилдик», дея Аллоҳдан бўлган буйруқларга бўйсунганлар, қайтарганларидан қайтганлар. Натижада қисқа муддат ичида буюк шахсларга айланганлар.
Қайси жамиятда гўзал ўрнак бўладиган шахслар кўп бўлса, ўша ерда яхшилик кўпаяверади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳар бир саҳобий гўзал ўрнак бўлишга арзигулик шахслар эдилар. Шу сабаб улар яшаган даврлар саодат асрларига айланди.
Бизда ҳам илгари замонлар гўзал ахлоқли, бошқага намуна бўладиган кишилар кўп бўлган. Ёши улуғлар ҳамиша ёшларга ўрнак бўлиб келишган. Аммо ҳозирда ҳолимиз ундай даражада эмас. Қайноталикка етган, боболик бахтига муяссар бўлган кишиларимиз ичра дилозорлари кўп эканини эшитамиз. Улардан ароққа ружу қўйган, попирис ва нос чекадиган, сўконғичлари бор. Бўлар-бўлмасга жанжал кўтариб, оилага тинчлик бермайдиган, эл-юрт олдида шарманда қиладиганлари-да йўқ эмас. Қўшниларга озор берадиганлари-чи…
Қайнона, момо, она бўла туриб ёшларни йўлга солиш, уларга тарбия бериш, намуна бўлиш ўрнига можаро чиқарадиган, гиж-гижлаб уриш кавлайдиган, ҳаттоки оилаларни бузиб, болаларни тирик етим қилаётган аёллар кам дейсизми?
Мураббийларимиз-чи? Кийинишлар, юриш-туриш ва гап-сўз, маданият, ўзни тутишлар ўқувчиларга мисол бўладиган даражадами?
Биз ёш авлоддан яна нимани кутмоқдамиз?!

Одинахон Муҳаммад Содиқ

Баҳам кўринг

Leave A Reply