Гўдак тилидан (иккинчи кун…)

0 284

Иккинчи кун…

Ассалому алайкум! Мана бугун Рамазоннинг иккинчи куни. Иккинчи кун биринчисига қараганда енгилроқ ўтяпти. Биласизми, кеча нима бўлди?! Дадам билан ифтордан кейин масжидга чиқдик, намоз ўқигани… Роса кўп намоз ўқидик. Оёқларим оғриб кетди?. Авваллари ўртоқларим билан тўп тепганимизда ҳам, қувламачоқ ўйнаганимизда ҳам бунчалик чарчамас эдим. Лекин масжиддаги Ёқуб отанинг айтишларича, тўп ўйнасак, савоб олмас эканмиз-ку, намоз ўқисак, савоб олар эканмиз. Мен қанча савоб олишимни сўрадим. Ёқуб ота эса: «Жуда кўп!» деб айтдилар. Қизиқ, қанчалик кўп экан-а?! Роса билгим келяпти. Бунчамикин ёки мана бунчамикин?! Нима бўлганда ҳам, мен оёқларим оғришига қарамай, ҳамма намозларни ўқимоқчиман.

Намоздан кейин дадам бир киши билан кўришдилар. Кейин мен ҳам салом бериб сўрашдим. У киши менинг пешонамдан ўпдилар. Илгари холаларим юзимдан ўпишса, ёқтирмас эдим. Юзларим ҳўл бўлиб кетар эди. Лекин бу киши пешонамдан ўпганларида пешонам ҳўл бўлмади. Кейин билсам, у киши масжидимиз имоми эканлар.

Масжидимиз имоми менга қараб: «Муҳаммад Айюб! Сен туғилганингда даданг роса хурсанд бўлиб, менинг олдимга келган эдилар. Дадангга ўхшаган яхши инсон бўлгин. Ҳеч қачон юзини ерга қаратма!» дедилар.

Мен масжидимиз имомини яхши кўриб қолдим. Роса яхши киши эканлар. Ҳозир ҳам у кишини кўргим келяпти. Бориб дадамдан сўрай-чи, бугун масжидга борамизмикан? Унгача сизлар билан яна бир кунга хайрлашаман.

Хайр!

Баҳам кўринг

Leave A Reply