Гўдак тилидан (тўққизинчи кун…)

0 306

Тўққизинчи кун…

Ассалому алайкум! Тўққизинчи куннинг ҳам ярми ўтиб бўлди. Сизларга айтсам, бугун ойим билан шифохонага чиқдик. У ерда кўп болалар худди мендек оналари билан бирга шифохонага келишибди. Лекин бир бола дадаси билан ўтирар эди. Ёнида китоби ҳам бор. Менимча қандайдир эртак китоб бўлса керак. Ойиси бандлигидан дадаси билан келган кўринади.

Бизнинг навбат ҳам келиб, шифокор олдига кириб чиқдик

. Роса ширинсўз эканлар шифокор опа. Уларнинг олдидан чиқиб, ҳалиги бола ўтирган жойга қарадим. Қарасам улар кетиб қолишибди. Ўриндиқда эса ҳалиги китоб турар эди.

Китобни қўлимга олдим. Номи «Она меҳри» экан. Варроқлаб чиқаётудим ичидан икки варроқ қоғоз чиқди. Нима экан деб роса қизиқдим. Унинг теппасига «Онажонимга мактуб» деб ёзилган экан. Сизларга уни ўз ҳолича ўқиб бера қоламан.

«Ассалому алайкум меҳрибон онажоним! Яхшимисиз? Биз яхшимиз. Ҳар куни сизни эслаймиз. Гоҳ йиғлаймиз, гоҳ куламиз. Лекин, кулгумиз ҳам йиғи аралаш. Мен дадамнинг олдиларида камроқ йиғлашга ҳаракат қилябман. Чунки биздаги кўз ёшни кўрсалар, биздан ҳам кўп йиғлайдилар. Баъзида укам Абдуллоҳ сизни қидириб хонангизга кириб кетади. Кўп тушунтиришга ҳаракат қилдим. Лекин тушунмаяпти. Охири хонангиздан кўйлагингизни олиб чиқадида, айвоннинг ўртасига ёзиб, устига ётиб олади. Онажон! Биласизми, мен овқат қилишни ўргандим. Авваллари сиз овқат пиширсангиз секингина ўртоқларим билан ўйнашга чиқиб кетар эдим. Ўша кунларни эслаб роса йиғлайман. Нимага сизни олдизда кўпроқ бўлмадима? Нимага меҳрингиздан кўпроқ олмадима?

Онажон! Сиз доим кўтариб юрадиган китобингиз борку, ўша китоб энди дадамнинг қўлларидан тушмайди. Дадам менга « Агар бу китобни ўқисак онангга фойда бўлади, ётган жойи нурга тўлади» дейдилар. Онажон сиз ётган жой жуда ҳам ёруғ, тўғрими? Ахир дадам ҳар куни ўша китобни ўқиябдиларку. Катта бўлсам мен ҳам ҳар куни ўша китобни ўқийман. У китобнинг номи Қуръон экан. Онажон! Ўша охирги марта уйимиздан чиқиб кетаётганингиз эсимда. Сизни шифокорлар қандайдир аравада олиб чиқиб кетишди. Ортингиздан югурмоқчи бўлдим, аммо. Аммо, тоғам мени маҳкам ушлаб, қўйиб юбормадилар. Тоғажон қўйиб юборинг десам ҳам бўлмади. Қочаман десам ҳам бўлмади.

Анчадан кейин дадам бизни бир жойга олиб бордилар. Икгари ҳеч бу ерга келмаган эканман. Номи қабристин экан. Дадам кўтариб қўйилган тупроқни кўрсатиб «Ойинг шу ерда» дедилар. Тупроқни қучоқлаб олганимни кўрдингиза? Ахир сиз ўша ерда эдингизку.

Онажон! Сизни яхши кўраман. Жудаям-жудаям яхши кўраман. Гарчи буни сизга айтмаган бўлсамда.

Кўз ёшларимни артгувчи қўлларингизни, меҳрга тўла бағрингизни, ҳамма нарсадан ҳам ширин сўзларингизни соғиндим, онажон.

Сизни қаттиқ соғиндим.»

Шу билан мактуб тугаган экан. Уни ўқиб бўлгандим ҳамки, ҳалиги бола келиб қолди. Маҳкам қучоқлаб олдим. Кейин эса у кетди.

Баҳам кўринг

Leave A Reply