Гўдак тилидан (еттинчи кун...)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Еттинчи кун...

Ассалому алайкум! Мана бугун еттинчи кун! Рамазоннинг биринчи ҳафтаси ҳам ўтди.

Бир ҳафта ичида рўса кўп ишлар бўлдими!? Сизларни ҳам жонингизга теккандурман ҳойнаҳой. Лекин гапиришни яхши кўраман. Шунинг учун сизларга хар куни бўлаётган воқеалардан яна айтиб бераман.

Бугун тушликка яқин дўконга кетаётган эдим. Бир қари бувижон қўлларида оғир нарсалар билан қийналиб кетаётган эканлар. Югуриб бориб қўлларидан олиб ёрдамлашдим. Узоқдан келаётган эканлар. Маҳалламиздаги Камолиддин акани бувилари эканлар. Лекин уларни уйини аниқ билмас эканлар.

Мен уларга:

- Бувижон! Камолиддин акани уйларини мен биламан. -дедим.

Бувижон эса менга қараб:

- Чиндан ҳам биласанми!? Қандай ҳам яхши бўлди. Мен қаердан топсам экан деб ҳайрон бўлятувдим. - дедилар.

Икковимиз Камолиддин аканинг уйлари олдига бордик. Бувижон менга қараб:

- Болам! Умрингдан барака топ! Отангга раҳмат! - дедилар ва менга ширинликлар узатдилар. Мен эса:

- Бувижон! Лекин мен рўзадорман. - дедим.

Шунда улар:

- Болам ахир сен ҳали кичкинасанку. Рўза тутмасанг ҳам бўлаверади, -дедилар.

- Тўғри айтасиз. Мен рўза тутмасам ҳам бўлади. Лекин мен қариганимда қийналмаслигим учун ҳозирдан рўза тутябман, бобожоним менга шундай ўргатганлар, - дедим.

Шу пайт бувижон негадир йиғладилар. Мен эса қўрқиб кетдим ва сўрадим:

- Бувижон! Сизни ҳафа қилиб қўйдимми!? Ёки бирор нима бўлдими!? - деб.

Шунда бувижон:

- Йўқ, йўқ болажоним. Сен асло ҳафа қилмадинг. Мени жавобинг йиғлатди. Мен ҳам худди сендек ёш пайтимда дадам менга рўза тутишимни айтардилар. Мен эса ёшманку дея тутмасдим. Кейинчалик болаларимни баҳона қилиб яна тутмадим. Ҳозир эса қариб қолдим. Истасам ҳам тута олмайман, - дедилар.

Чўнтагимдаги дастурмолимни олиб уларга узатдим. Қўлимдан дастурмолни олаётиб мени маҳкам қучоқлаб олдиларда яна йиғладилар. Кейин эса менга қараб:

- Болагинам рўзаларингни канда қилмай тут. Ота-онангни айтганларини қил. Иссиқ кунларда қилган сабрингга яраша кўплаб савоблар бор, - деб, пешонамдан ўпиб, кетаверишимни айтдилар.

Мен эса йўлда кетаётиб савобларимни ҳисобламоқчи бўлдим. Лекин ҳали ҳисоблашни яхши билмаганим учун эплолмадим. Ҳа майли. Катта бўлай, албатта ҳисоблаб оламан.

Мавзуга оид мақолалар
Қадрли болажонлар, бир кеча ва кундузда бир неча марта овқатланганимиз каби уйқу ҳам кундалик зарурий давоми...

08:45 / 27.06.2019 2783
Пекинда энг катта халқаро Дасин аэропорти очилди. Сина ахборотлар порталининг хабарига кўра, у 25 сентябрь давоми...

16:00 / 26.09.2019 2315
 Ҳозирги вақтда мусибатхоналарда турли бидъатхурофотларнинг авж олиши, инсонларнинг жаноза одобларига давоми...

07:18 / 02.04.2018 4366
САВОЛ Нима учун Ислом динида аввал онага яхшилик қилишга буюрилади ЖАВОБ Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Бу давоми...

13:57 / 15.10.2016 3359