Гўдак тилидан (биринчи кун…)

0 390

Биринчи кун…

Ассалому алайкум! Менинг исмим Муҳаммад Айюб! Ушбу муборак Рамазон ойи кириб келиши муносабати билан сизларни ва ўртоқларингизни табриклайман. Бу муборак ойни сизлар билан бирга ўтказиш ниятидаман.

Дадамнинг айтишларича, кичкиналигимда рўза тутган кунларим баъзида сув ичиб қўяр эканман. Аслида ҳозир ҳам кичкинаман. Хуллас, бу йил сув ичиб қўймасликка ҳаракат қиламан.

Онамнинг айтишларига қараганда, биз рўза тутсак, жисмонан соғлом бўлар эканмиз. Яна айтишларича, Рамазон рўзасини тўлиқ тутганлар жаннатга кирар эканлар. Мен жаннатга киришни жуда-жуда хоҳлайман. Сиз-чи?!

Ўртоқларим Алишер ва Юсуфлар ҳам бу йил Рамазон рўзасини тутишмоқчи эди. Алишернинг айтишича, уларникида фақат бувиси рўза тутар экан. Ахир рўза тутиш яхши-ку. Ҳеч нима емаймиз, ҳеч нима ичмаймиз. Асосийси, ҳеч ким тушлик вақти менга «Муҳаммад Айюб, нон олиб кел!» демайди.

Одатда рўза тутган кунларим ифторликка яқин дастурхон атрофида ухлаб қоламан. Ифторлик вақти бўлганда дадам мени уйғотиб, таҳорат олишимни айтадилар. Таҳорат олиб келсам, дастурхон устида ҳамма нарса муҳайё бўлади. Тезда тақвимга қарайман, сўнг соатга… Беш дақиқа қолибди. Биласизми, энг секин ўтадиган вақт ана шу беш дақиқадир. Ўтган сафар соатда беш дақиқага адашиб, ҳаммадан дакки эшитган эдим?. Бу йил ундай бўлмайди. Чунки мен соатни яхшилаб ўрганиб олдим.

 Мана, азиз дўстларим! Вақт ҳам бўлди. Энди сизлар ҳам ифторлик қилиб олинглар! Эртага яна суҳбатлашамиз!

Баҳам кўринг

Leave A Reply