Етимларни то никоҳ(ёши)га етгунларича синаб туринглар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

«Етимларни то никоҳ(ёши)га етгунларича синаб туринглар. Агар уларнинг эс-ҳуши жойида эканини билсангиз, уларга ўз молларини топширинг. У молларни исроф ила ва эгаларининг катта бўлиб қолишидан қўрқиб шошилиб еманг. Бой бўлганлар иффатли бўлсинлар. Ким камбағал бўлса, тўғрилик билан есин. Уларга ўз молларини топшираётганингизда гувоҳлар келтиринг. Ҳисобчиликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур».

(Нисо сураси, 6-оят)

Бу ояти карима етим балоғатга етиб, эсҳушини таниганда, дарҳол унга молини топшириш зарурлигини, уларнинг молини исроф қилмаслик, оталиқка олганлар томонидан, бу балоғатга етса, молини қайтариб беришим керак бўлади, деб шошилиб еб қўймаслик, агар оталиққа олган одам бой бўлса, етимнинг моли масаласида иффатли бўлиш зарурлиги, камбағал бўлса, маълум чегарада ейишига рухсат борлиги ва етимга молини топшираётганда гувоҳлар олдида топшириш каби фиқҳий амалларни баён қилмоқда.

«Етимларни то никоҳ(ёши)га етгунларича синаб туринглар».

Демак, оталиққа олган одам етим бола балоғат ёшига яқинлашганда уларни синаб, текшириб ва ҳолатларини синчиклаб кузатиб туриши лозим. Ёш болаларнинг никоҳ балоғат ёшига етганини билишнинг шариатда баён қилинган аломатлари бор. Қиз болалар ҳайз кўрсалар, балоғатга етган саналадилар. Ўғил болаларнинг балоғатга етганининг асосий белгиси эҳтилом бўлишидир. Яъни уйқусида булғанишидир. Инсон балоғатга етиши билан тўла масъулиятли – мукаллаф бўлади, яъни шариат таклифларини амалга ошириши лозим бўлган шахсга айланади. Шу кундан эътиборан ўзи содир қилган ишларга ўзи жавобгар бўлади. Шу билан бирга, катта одамларга берилган ҳуқуқлардан фойдаланишга, жумладан, ўз молини ўзи сарфлаш ҳуқуқига эга бўлади.

Аммо оталиққа олганлар етим болада балоғатга етганлик аломати пайдо бўлиши билан дарров унга молни топшириб қўймайдилар . Балки унда молни тўғри тасарруф қилиш қобилияти борми, эс-ҳуши жойидами  – синаб кўришлари лозим. Буни билиб олиш унча қийин эмас. Бу борада ҳар бир жамоанинг ўзига яраша тажрибаси, аломат-белгилари бор. Қачонки етим бола балоғатга етиши билан унда молу мулк тасарруфида эс-ҳуш, қобилият борлиги англаб етилса, дарҳол унга моли топширилади. Бу нарса оятдаги:

«Агар уларнинг эс-ҳуши жойида эканини билсангиз, уларга ўз молларини топширинг», деган жумлада баён қилинган.

Етимни оталиққа олган шахс унинг молини ҳам вақтинча олиб туради. Баъзи кишилар «Мен етимни оталиққа олганимдан кейин молини нима қилсам, ўзим биламан» деб ёки «Бу балоғатга етса, молини қайтариб беришим керак экан, ундан кўра у балоғатга етгунча тезроқ молини еб қўяй» дейиши мумкин. Аллоҳ таоло бу оятда шундай тасарруфларни қайтариб:

«У молларни иcроф ила ва эгаларининг катта бўлиб қолишидан қўрқиб, шошилиб еманг», демоқда.

Демак, етимни оталиққа олганлар учун асосий ҳукм етимларнинг молидан емаслик. Аммо оталиққа олувчиларнинг ҳоли ҳам ҳар хил бўлади, баъзилари бой, ўзига тўқ, бошқалари камбағал, муҳтож. Буни эътиборга олиб, оятда бойга алоҳида, камбағалга алоҳида ҳукм баён қилинган:

«Бой бўлганлар иффатли бўлсинлар. Ким камбағал бўлса, тўғрилик билан есин!»

Бой одам ўзига етарли моли бўлгани, ҳожати тушмагани учун иффат қилиб, ўзини шубҳали нарсадан узоқ тутгани маъқул. Етимларни оталиққа олгани, уларнинг мол-мулкини сақлагани, парваришлагани учун ажру савобини олади. Агар оталиққа олувчи шахс камбағал бўлса-чи? Унда парваришдаги етимнинг молидан яхшилик – тўғрилик билан фойдаланишига рухсат бор. Бу нарса унга хизмати учун ҳақ ўрнида ўтади. Буни қуйидаги ривоят ҳам тасдиқлайди.

Имом Абу Довуд ва имом Насаийлар қилган ривоятда айтилишича, бир киши Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб:

«Қарамоғимда бир етим бор. Унинг моли бор, меники йўқ. Унинг молидан есам бўладими?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Иероф қилмасдан, тўғрилик билан егин», дедилар.

Имом Молик ривоят қилишларича, бир саҳройи араб Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг олдиларига келиб:

«Қарамоғимда етимлар бор. Уларнинг туялари бор, менинг эса биттагина туям бор, холос. Мен ўз туямнинг сутидан камбағалларга бериб тураман. Етимларнинг туялари сутидан менга нима ҳалол бўлади?» деб сўради. Абдуллоҳ ибн Аббос:

«Агар йўқолганда топиб келсанг, қўтирига қарасанг, ҳавзини тузатиб турсанг ва уларни боқаётган бўлсанг, наслига зарар келтирмай сутидан ич. Аммо уларни соғиб олишингдан қайтараман», дедилар.

Шу таълимотлардан келиб чиқиб, оталиққа олган одам етимнинг молидан муҳтож бўлганда ҳожатини қоплагунча еса бўлади, дейилади.

Оятнинг сўнгида яна бир нозик, зарурий ҳукм баён этилган:

«Уларга ўз молларини топшираётганингизда гувоҳлар келтиринг».

Мол олди-бердиси жуда ҳам нозик иш. Унда бировнинг ҳақига хиёнат бўлиши эҳтимоли кучли. Шунинг учун ҳам Исломда бундай ишларни ҳужжат-далил билан, адолатли гувоҳлар иштирокида амалга ошириш таъкидланади. Шундай қилинса, бировнинг ҳақига хиёнат эҳтимоли йўқолади, бирор келишмовчилик чиқса ҳам, гувоҳлар ҳақиқатни (адолатни) ўрнатишда ёрдам берадилар

Оятнинг сўнгида «Ҳисобчиликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур» жумласининг келиши эса бу ишларда доимо Аллоҳдан қўрқиб туриш лозимлигини уқтиради.

Мавзуга оид мақолалар
Инсон учун энг катта неъматлардан бири саломатлик. Соғлигимизнинг қадрига етиб, унга доимо эътиборда бўлишимиз шу неъматга бўлган шукронамиз ифодаси эканлигини давоми...

23:50 / 22.01.2017 4275
Бу ҳодиса бир неча йил аввал эрта кузда содир бўлган эди... Бу дунёда мусулмон учун ҳар он, ҳар нафас синовга тўла экан. Биргина вазиятнинг ўзи бир неча инсонлар учун давоми...

00:07 / 01.12.2016 2365
2015 йилнинг 21 майидан   то 23 майигача Москванинг «КрокусЭКСПО» Халқаро кўргазмалар марказида VI Москва Халқаро «ҳалол» кўргазмаси доирасида йиллик «Moscow Halal Style» давоми...

03:02 / 06.02.2017 3800
1. Тирсакларини икки ёнидан йироқ қилиш. 2. Рукуъ ва саждага такбир айтиш. 3. Рукуъ ва саждада тасбеҳ айтиш. 4. Рукуъ ҳолида икки тиззани қўл билан ушлаб туриш. 5. Эр давоми...

07:14 / 09.12.2016 2583