«Эрурсиз барча оламларга раҳмат, ё Расулуллоҳ!» танловининг 2-йўналишига оид 5-мақола

0 252

 

Эрурсиз барча оламларга раҳмат, ё Расулуллоҳ!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўришимизга ўн сабаб:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириш иймоннинг бош шартларидандир. Исломнинг асоси бўлган иймон калимаси аввал Аллоҳга, сўнгра Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтиришдан иборатдир. Иймон келтирган кишининг қалбида албатта, муҳаббат пайдо бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат иймонимиз билан қалбимизга кирган. Мустаҳкам иймон эгаси бўлиш ниятида у зотни яхши кўрамиз!

2. Чинакам мўмин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўради. Чунки у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирор киши мени ота-онасидан, фарзандларидан, барча яқинларидан кўпроқ яхши кўрмагунча мўмин бўла олмайди”, деб марҳамат қилганлар. Чинакам мўмин банда бўлиш ниятида у зотни яхши кўрамиз!

3. Ҳеч ким бир-бирига ёрдам бера олмайдиган қиёмат куни умматларини шафоат қила оладиган ягона инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Шафоатларини умид қилган ҳолда у зотни яхши кўрамиз!

4. “Умматим!” деб йиғлаганлари, умматларига бўлган меҳр-муҳаббатларига жавобан биз ҳам узотни яхши кўрамиз!

5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз – умматларига Қуръони Каримни қандай қироат қилишни, қандай намоз ўқишни ўргатдилар. Бизнинг биринчи муаллимимиз бўлганлари учун у зотни яхши кўрамиз!

6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга юриш-туришимиз, одоб-ахлоқимиз, муомаламизгача – ҳаммасини тартиб билан, ўзлари ўрнак бўлган ҳолда ўргатиб кетганлар. Энг гўзал ахлоқ эгаси бўлганлари учун у зотни яхши кўрамиз!

7. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз учун ҳам, фарзандларимиз учун ҳам ҳар соҳада энг яхши ўрнакдирлар. У зот бизга ҳар соҳада намуна ўлароқ яшаб ўтдилар. Шунинг учун у зотни яхши кўрамиз!

8. Жоҳилият даврида аёлларга ниҳоятда ёмон муносабатда бўлинган. Оилада қиз фарзанд туғилиши эркаклар учун ор ҳисобланган. Ҳатто қиз фарзандидан бутунлай қутулиш мақсадида уларни кўмиб ташлашгача бориб етишган. Ислом дини бундай жоҳилликка, гуноҳи кабирага чек қўйган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нозик хилқат бўлмиш аёлларга гўзал муносабат кўрсатишда бошқаларга намуна кўрсатганлар. Аёл зотини юксак мақомларга кўтарганлар. Мен аёл киши бўлганим учун ҳам у зотни яхши кўраман!

9. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мени тушида кўрса, ҳақиқатда мени кўрган бўлади. Чунки шайтон менинг қиёфамга кира олмайди», дедилар» (Икки шайх ва Термизийлар ривоят қилганлар).

Мен ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўрганимда гўёки дунёда мендан бахтли инсон йўқ эди. Ҳа, мен у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни, яъни ўзларини тушимда кўрганман! Кейинчалик мазкур ҳадисни ўқиганимда у худди айнан мен ҳақимда айтилгандек, у зотни яна ҳам кучлироқ яхши кўриб қолганман.

10. Ҳар кунги намозларимизда ташаҳҳуд айтамиз. Ташаҳҳуднинг аввалида Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган саломини айтамиз: «Эй Набий! Сенга Аллоҳнинг саломи, раҳмати ва барокати бўлсин!»

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай улуғ даргоҳда туриб ҳам, бу саломни эшитиб, бу улуғ неъматнинг фақат ўзларига эмас, балки барчамизга бўлишини сўраганлар, Аллоҳнинг барча солиҳ бандаларига бўлишини сўраганлар. Ана шундай буюк мақомда туриб ҳам биз умматларни унутмаганлари, ўзларига ато этилган бениҳоя улкан неъматни бизга ҳам раво кўрганлари учун у зотни севамиз, эъзозлаймиз.

Аллоҳим! Иброҳимни ва Оли Иброҳимни ёрлақаганингдек, Муҳаммад алайҳиссаломни ва Оли Муҳаммадни ёрлақагин!

Аллоҳим! Иброҳимни ва Оли Иброҳимни барокатли қилганингдек, Муҳаммад алайҳиссаломни ва Оли Муҳаммадни баракотли қилгин!

Дурдона Вафоева

Баҳам кўринг

Leave A Reply