Ҳақиқий эркакларни эр кишилар вояга етказади(2)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(давоми)

Йўл четида белкурак кўтариб олиб ер кавлаётган, енгил машина у ёқда турсин, юк машиналарини ҳам елдек учириб бораётган, бозорларда эркаклар билан тенгма-тенг савдо қилаётган, керак бўлса эркаклардан қолишмай сўкинаётган аёлларни кўрганда ёки аёллар салонида аёлларнинг сочларини турмаклаётган, аёллар ательесида уларнинг қоматига ёпиштириб оқшом кўйлакларини тикиб бераётган, аёлларга, қизларга яқин дугонасидек  сузилиб, эшилиб, қандай кийиниш, суратга тушаётганда ўзини қандай тутиш ҳақида маслаҳат бераётган, ўзига аёллардан ҳам баттар оро бериб олган назокатли йигитларни кўрганда бу гапларнинг қанчалик ҳақиқат эканлигини англаб етасан киши.

Яна ҳам аянчлироғи, очиқ-сочиқ кийинган онасини, хотинини, синглисини етаклаб юришдан ор қилмаётган эркакларни, отаси, эри, акаси тугул, ҳатто кўчадаги номаҳрам эркаклардан ҳам уялмай бели ва тиззаларини очиб юрган аёлларни кўрганда «Бу замонда ориятли эркаклар қолмабди» деган хаёлга борасан.

Баъзида хотинидан аёл киши билиши керак бўладиган ҳамма нарсани талаб қиладиган эркакларнинг ўзлари, ҳатто битта мих қоқишни ҳам эплолмайдиган ношудлигини кўриб, ҳайрон қоласан. «Йигит кишига етмиш ҳунар оз» деган мақолга зид равишда, ҳатто битта ҳунарни ҳам эплай олмаётган йигитлар қанча. Ҳозирги кунда қиз бола бўй етиши билан уни «Иффатли келин» каби ўқув курсларига юбориб, тикувчилик, пазандалик каби ҳунарларни ўргатиб, уларни келинликка тайёрлаш урф бўлди, токи қиз бола келин бўлгач, ҳаётда қийналмасин. «Нега ҳаётга фақат қизлар тайёрланиши керак, ўғил болалар-чи?» деган ўринли савол туғилади. Нега йигитлар учун мана шундай курслар йўқ? Нега улар ҳам куёв бўлиш учун тайёргарлик кўрмайдилар? Негаки, йигитлар учун уйланиш ҳам, оила боқиш ҳам жуда осон бўлиб қолган. Ахир уйланишни истаса, ҳамма нарса қўлидан келадиган, ҳунари бор келин билан бирга унинг бир умр яшаса етгулик сеп-сидирғаси ҳам келса, куёвнинг усти бошию қорнини ҳам бутлайдиган қайнона-қайнота «лаббай» деб турса, нима қилади бош қотириб. Ана, пул керак бўлса, хотиннинг ўзи топади, ё чеварчилик қилади ёки торт пишириб сотади, жуда бўлмаса муаммоларини ҳал қилгани ота-онасиникига чопади. Ахир оила хотинга керак, эплолмаса, жўнасин онасиникига, бошқасини топиб олаверади бу шоввоз! Бу кинояли гапларим баъзи эркакларнинг ҳамиятига тегиши мумкин. Оилани муқаддас билган, Аллоҳга тақво қилган ҳолда ҳар кимнинг ҳаққини ўз ўрнида адо этаётган, аҳли аёлининг барча масъулиятини елкасига олган йигитлар бу гаплардан хафа бўлишмасин, улардан Аллоҳ рози бўлсин.

Лекин атрофимиздаги, жамиятдаги ҳолатларни, одамларни кузатар эканман, аксарият йигитлар эркакнинг бурчи, масъулияти нимадан иборат эканлигини билмаслигининг гувоҳи бўламан. Энг ёмони, эркакшода аёлларнинг ва аёлсифат эркакларнинг кўпайиб бораётганига қараб туриб, буни тузатиш учун қўлингдан ҳеч бир иш келмай ожиз қолишинг экан. Ундан ҳам ёмони шуки, кўпчилик эркаклар оила бошлиғи деган шарафли номга лойиқ бўла олмай, тизгинларини хотинларининг қўлига топшириб, ўзлари хўжасининг амрига маҳтал ходимдек аёлларининг туганмас орзу-ҳавасларини бажо айлаш учун бош  эгиб турадилар.

Нега бундай бўлмоқда? Нега эркак ва аёлнинг ҳаётдаги ўрни алмашиб бормоқда? Бу дунёда Аллоҳ таоло зиммамизга юклаган бурч ва вазифаларимизни адо этишдан  бошқа ҳақ-ҳуқуқларимиз ҳам борлигини унутиб қўймайлик. Ўғлингизга турмушга чиқаётган қиз нозиктаъб «дугона»га эмас, ҳақиқий эрга эга бўлишга тўла ҳаққи борлигини, қизингизга уйланаётган йигит ҳам эркакшода аёлга эмас, назокатли хотинга эга бўлишга ҳақли эканини унутманг!

Статистик маълумотларга қараганда, ноқис оилада тарбия топганлар орасида ажралишлар кўпроқ учрар экан. Ўғил болаларни эркаклар тарбия қилиши лозим! Балки эркак тарбиясини кўрмай улғаяётган ўғил болалар  доим онасининг ёнида бўлиб, бора-бора аёлсифат бўлиб бораётгандирлар? Балки оналар ажралишаётган пайтларида ўғил болаларни отасига қолдирганлари маъқулроқмикин?... Оғриқли мавзу...

Масаланинг яна бир томони  бор. Оилада отасининг йўқлиги етмагандай,  мактабда ҳам болага фақат аёл ўқитувчилар таълим берадилар. Эркак ўқитувчилар эса бармоқ билан санарли даражада оз. Уйда онасининг чизган чизиғидан чиқмайдиган бола кўпинча мактабда аёл ўқитувчининг  нафсониятига тегадиган даражадаги босими остида қолади ва келажак ҳаётида ўзи хоҳламаган ҳолда аёл кишининг ҳукмига бўйсунувчан бўлиб боради. Бундай ҳолатда бола ибратни аёл кишидан ола бошлайди, ўзини қандай тутишни, бирор масалада қандай йўл тутишни аёл кишидан ўрганади. Қарабсизки, ўзини аёллардек тутадиган эркакларнинг сони тобора ортаверади. Шунинг учун оилада ўғил болалар билан оталар кўпроқ шуғулланишса, уларни мактабдан бўш пайтида спорт тўгаракларига ёки ҳунармандчилик устахоналарига берилса, яхши бўларди, чунки бундай жойларда аввало мураббий ва усталар эркак киши, қолаверса, жамоадагилар ҳам фақат ўғил болалар бўлади.

Яна бир оғриқли нуқта шуки, ҳозирги кунда  оилада эркак кишининг ўрнини аёл киши эгаллаб  бормоқда. Оилада эркак киши йўқ бўлса бошқа гап, лекин эркак бўла туриб, хотинига тирик товон бўлаётганлар қанча!

Ҳатто бугунги кунда тўкис оилаларда ҳам эркак киши ўз вазифасининг уддасидан чиқа олмаётгани  учун рўзғор юки хотинга қолаётгани, ўғиллар оила тебратиш йўлларини отасидан эмас, онасидан ўрганаётгани ҳам сир эмас. Шу ўринда қаердадир ўқиган бир ҳикоячам эсимга тушди:

«Хотин кун бўйи ишлаб, қайтишда бозор қилиб, қўлида оғир халталар билан уйга қайтди. Бирор жойда ишламайдиган такасалтанг эр диванда телевизор кўриб ётарди. Хотин кела солиб сигирни соғди, овқат қилди, томорқада ишлашга ҳам улгурди. Дарс қилиб ўтирган ўғил отасидан сўради: «Дада, ҳақиқий эркак қандай бўлади? Шу мавзуда иншо ёзишим керак». Ота: «Бор, халал берма, онангдан сўра». Бола онасининг ёнига бориб, шу саволни берди. Онаси жавоб берди: «Ҳақиқий эркак уйим-жойим деб тиним билмайди, ишлаб пул топади, оиласини боқади, фарзандларини тарбиялайди...». Буни эшитган ўғли шундай деди: «Ойи, катта бўлсам мен ҳам сизга ўхшаган ҳақиқий эркак бўламан!»

Буни ўқиб, кулгингиз келдими? Менинг эса йиғлагим келяпти, чунки аксарият оилаларда ҳозир аҳвол мана шундай... Эркакларнинг кўпларида орият, ҳамият деган тушунчалар умуман йўқолиб кетганми, дейсиз. Ўз оиласида ўрнини тобора йўқотиб бораётган, оиладаги эркаклар қиладиган барча вазифаларни  уялмай хотинига, баъзида бўйи етган қизларининг бўйнига илиб қўйган эркакларга қандай қилиб оғир пайтларда суяниб бўлади?. Аҳли аёлини оддий рўзғор юкидан халос қилишга қурби етмайдиган эркаклар қандай қилиб уларни бошқалардан ҳимоя қила олади?. Аллоҳга шукрки, тинч юртда яшаяпмиз. Лекин баъзи юртларда бўлаётган урушлар ҳақидаги хабарларни эшитганимда хаёлим бир лаҳза ҳар томонга олиб кетади. Аллоҳ кўрсатмасин, агар  юртимизга бирданига ёв бостириб келиб қолса, эркакларимиз Ватанини, аҳлини химоя қилишга ошиқармикин ёки бу ишда ҳам осонгина аёлларга йўл бериб, ўзлари панага қочармикинлар?! Аллоҳ сақласин!

Шундай бўлмаслиги учун, яъни эркаклар доимо ўз бурч ва масъулиятини ҳис қилишлари учун нима қилиш керак?

Мусулмон кишига Қуръон ва суннатдан яхшироқ дастур ва насиҳатгўй йўқ, албатта. Агар ҳар бир эркак, ҳар бир аёл ўзини мана шу илоҳий дастурлар ила ислоҳ қилса, муаммолар осонликча ҳал бўларди. Афсуски ҳамма ҳам, хатто илм аҳли деб танилганлар ҳам бунинг уддасидан чиқавермаяпти.

Энг муҳими, эркак киши ўзига ўхшаш яна бир эр кишини тарбиялаши учун ўзи ҳам асл эркак  бўлиш илмини эгаллаши лозим. Агар у эркак мусулмон бўлса, унинг чин инсон, чин мусулмон ва чин эркак бўлиши учун ўрнак оладиган зотлар тарихимизда  жуда кўп. Улардан энг афзали Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У кишидан сўнг эса саҳобаи киромлар ва тарихда ўтган барча солиҳ кишиларнинг ҳаёти ибратдир.

Муслималарга эса ўғил фарзандларини тарбиялашда  уларнинг  қариган чоғларида суянчиқ бўладиган киши эмас, балки Исломга хизмат қиладиган, Ватанига, халқига, барча мусулмон биродарларига фойдаси тегадиган етук шахс бўлиб етишишларига аҳамият беришларини тилар эдим. Энг асосийси, бу ишни эрларига, агар эрлари бўлмаса яқин эркак қариндошларига ҳавола қилганлари, ўзлари эса уларга бу ишда энг яқин кўмакчи бўлганлари афзалроқ экан. Тўғри, «Буюк эркакларни буюк аёллар тарбиялайди» ёки «Ҳар бир буюк кишининг ортида буюк аёл бор» деган гаплар ҳам бор. Бироқ шуни унутмаслигимиз лозимки, ҳар бир буюк эркакни тарбиялаётган буюк аёлнинг ёнида кўпинча буюк бир эр ёки буюк бир эркак  қариндош бўлади, чунки аёл қанчалик буюк бўлмасин, барибир, заифадир.

Хулоса қилиб айтганда, ўғилларимизни эркаклар тарбия қилсин! Ҳақиқий эркак деган номга лойиқ инсонлар кўпайсин! Чунки ақлли, тақводор, мард, ўктам, олийжаноб, шижоатли эркаклар кўпайган сари, аёллар ҳам уларга мослашиб фаросатли, иболи, назокатли бўлиб борадилар! Ана шунда ҳаёт гўзал бўлади! Зеро, ҳар  нарса ўз ўрнида, яъни Аллоҳ яратган фитратидан ўзгармаган ҳолдагина гўзалдир!

Малоҳат Анвар қизи 2014 й. 15 март

Мавзуга оид мақолалар
Масаллиқлар 1та тухум 34 ош қошиқ ўсимлик ёғи 300 гр сут 1 ош қошиқ хамиртуруш Чимдим шакар 1 чой қошиқ туз 3,5 ст ун  Начинка 200 гр кетчуп 1 блок сосиска давоми...

02:02 / 29.11.2016 4546
Дунёдаги барча адашишларнинг  асосий сабаби илмсизликдир. Суқрот Илм бор жойда жоҳилиятга ўрин йўқ. Жоҳил одам биринчи навбатда ўз зарарига ишлайди. Асосийси, у давоми...

03:54 / 07.02.2018 4016
Даъват ошкор этилганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига келган динга икки йилу уч ой давомида одамларни яширинча даъват қилдилар. Астасекин давоми...

21:14 / 20.01.2017 2589