Душанба ва пайшанба кунлари рўзаси

0 2 847

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан душанба ва пайшанба куни рўзаси ҳақида сўралди. У Зот: «Ўша кунда туғилдим ва ўша кунда менга Қуръон нозил қилинди», дедилар».

Абу Довуд ва Муслим ривоят қилишган.

Шарҳ: Кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан душанба ва пайшанба кунлари нима учун рўза тутилади, деган маънода сўралган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса душанба куни нима учун рўза тутилиши ҳикматини баён қилиб берганлар. Ёки душанба ҳам пайшанба куни нима учун рўза тутилиши ҳикматини баён қилган бўлсалар ҳам, бу ривоятда жавобнинг фақат душанба куни ҳақидаги қисми келган. 

Хўш, душанба куни нима учун нафл рўза тутишга амр қилинган экан? Чунки у – улуғ кун. Унинг улуғлигининг биринчи аломати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша кунда туғилганлар.

Ҳа, охирги замон Пайғамбари, Сарвари олам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Фил йили, Робиъул аввал ойи, душанба куни дунё­га келганлар. Бу кун дунё тарихидаги энг улуғ кунлардан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам у куннинг рўзасини ҳар ҳафта тутиш тарғиб қилинади.

Шунингдек, душанба куни нафл рўза тутишнинг яна бир сабаби ўша муборак кунда Қуръони карим нозил бўлгандир. 

Ҳа, Аллоҳ таолонинг охирги ва қиёматгача мўъжиз ва боқий қолгувчи, инсониятга икки дунё саодатини кўрсатиб бергувчи китоби Қуръони каримнинг биринчи оятлари тушиши Рамазон ойининг ўн еттинчи куни, душанба кунида содир бўлган.

Бу кун ҳам дунё тарихидаги энг улуғ, энг муборак кунлардандир. Аллоҳ томонидан инсониятни ҳидоятга бошловчи илоҳий дастурнинг туша бошлаш кунидир. Шунинг учун бу куннинг рўзасини ҳар ҳафта тутиш тарғиб қилинади.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ўз молининг талабида Водий ал-Қуро томон жўнади. У душанба ва пайшанба кунлари рўза тутар эди. Ходими унга:

«Нима учун қари чол бўлатуриб душанба ва пайшанба кунлари рўзасини тутасиз?» деди.

«Аллоҳнинг Пайғамбари бу икки куннинг рўзасини тутар эдилар. Бу ҳақда сўралганларида:

«Албатта, бандаларнинг амаллари душанба куни ва пайшанба куни арз қилинади, менинг амалим арз қилинганда рўзадор ҳолда бўлишни яхши кўраман», дедилар» деди».

Сунан эгалари ривоят қилишган.

Шарҳ: Аввало, ҳадиси шарифнинг ровийи, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маҳбублари Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Усома ибн Зайд ибн Ҳориса ибн Шураҳбил ал-Қалбий, кунялари Абу Муҳаммад. Оналари Умму Айман, яъни Расулуллоҳнинг мураббиялари.

Бу зот улуғ саҳобалардан бўлиб, Маккада таваллуд топдилар. Исломда ўсдилар. Чунки оталари Исломга аввалги кирган зотлардан эдилар. Расулуллоҳ бу Усомани худди неваралари Ҳасан ва Ҳусайнларни яхши кўргандек, қаттиқ яхши кўрар эдилар. Усома Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадинага ҳижрат қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида Усоманинг ёшлари ҳали йигирмадан ошмаган эди. Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳаётлик пайтларида Усомани аскарлар устидан қўмондон қилиб тайинлаган эдилар. Мана шу амалда Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳуларнинг халифалик даврларида ҳам ўтирдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан сўнг Водий ал-Қурога кўчиб, мана шу ерда истиқомат қилдилар. Сўнгра Дамашққа кўчиб ўтдилар. Сўнг яна Мадинага кўчиб, вафотларига қадар мана шу ерда яшадилар.

Ҳаммаси бўлиб, 128 та ҳадис ривоят қилдилар. Бу ҳадисларни оталари, оналари ва Умму Салама оналаримиздан ривоят қилдилар.

Бу зот ҳижратнинг 54-йили Муовиянинг халифалик даврида вафот этдилар.

Водий ал-Қуро Мадинаи Мунаввара билан Шом орасидаги бир водий бўлиб, у ерда Мадина аҳлининг молу мулклари бўлар эди.

Улуғ саҳобий Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ўз хизматчиларининг нима учун қариб қолсангиз ҳам, қийналиб душанба ва пайшанба кунлари рўза тутасиз, деган саволига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша кунлар рўзасини тутганлари учун тутишларини айтдилар.

Ҳа, саҳобаи киромлар учун – чин мусулмонлар учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар бир нарсада эргашиш катта бахт ва шону шараф эди. Улар каттаю кичик ишларини ўз ҳабиб Пайғамбарлари Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати санияларига мослаб қилишга ҳаракат этганлар. Суннатга хилоф иш қилишни залолат, деб билганлар.

Қолаверса, Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳуга у кишининг ходимлари берган саволни Пай­ғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга баъзи саҳобалар ҳам бериб, нима учун душанба ва пайшанба кунлари рўза тутиш афзал кўрилишини билишга қизиққанлар.

Жавоб битта, ҳадисда зикр қилинганидек, ҳар душанба ва пайшанба кунлари бандаларнинг қилган амаллари Аллоҳ таоло ҳузурида арз қилинар экан.

Албатта, ўша арз қилинадиган амалларнинг қабул бўладигани бор, қабул бўлмайдигани бор. Арз пайтида амалнинг эгаси рўза тутган ҳолида Аллоҳ таолога илтижо қилиб турса, унинг сабабидан амали кўпроқ қабул бўлиши мумкин экан.

Шунинг учун ҳар душанба ва пайшанба кунлари рўза тутишга ҳаракат қилинади. Бу рўзанинг ушбу ривоятда зикр қилинаётган ҳикматидан ташқари тақво, меҳр, сабр ва соғлиққа тегишли ва бошқа ҳикматлари ҳам борки, уни унутмаслигимиз керак.

Умму Салама розияллоҳу анҳо:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ҳар ойдан уч кун рўза тутмоғимни, уларнинг биринчиси душанба ва пайшанба бўлишини амр қилар эдилар», деди.

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ривоятда ҳам душанба ва пайшанба кунлари рўзасига тарғиб борлиги кўриниб турибди.

Оиша розияллоҳу анҳо:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ойдан шанба, якшанба ва душанба куни, бошқа ойдан эса сешанба, чоршанба ва пайшанба куни рўза тутар эдилар», деди.

Термизий ривоят қилган ва ҳасан деган.

Шарҳ: Бу ривоятда ҳам олдинги ривоятлардаги маъно таъкид қилинмоқда. Ислом умматидаги солиҳ кишилар душанба ва пайшанба кунлари рўзасини доимо тутиб келганлар ва тутмоқдалар. Аллоҳ таолодан бизни ҳам ўша солиҳлар қаторидан қилишини сўраб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига биноан, ушбу икки куннинг рўзасини тутишда бардавом бўлайлик.

Баҳам кўринг

Comments are closed.