Сизни яратган, чексиз неъматлар билан сийлаган Раббингизнинг улуғ исмини биринчи марта айтган кунингизни эслай оласизми? Уни қачон танигансиз, калимаи шаҳодатни айтишга неча ёшингизда мушарраф бўлгансиз?

Мен эслайман. Кичкина қизалоқ чоғимда эрталаб уйғониб, юз-қўлимни ювиш учун ташқарига чиққанимда, обдастада илиқ сув олиб, онажоним кутиб турар, қўлимга сув қуйиб «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Росулуллоҳ»ни такрорлар эдилар. Менга, айтганларимни қайтар, уни айт, буни айт демас, бу ишни ҳар куни эринмасдан такрорлар эдилар.

Дастурхонга ўтирганимизда, биринчи бўлиб дадам «Бисмиллаҳ»ни айтиб овқатланишни бошлаб берар, таомни ўнг қўл билан, овоз чиқармай, шапиллатмай ейишимизни қаттиқ назорат қилар эдилар.

Ана шу тариқа , сабр-тоқат, назокат билан қалбимизга Аллоҳ таолонинг исми ўрнашди. Биз буни ҳеч бир қийинчиликсиз қабул қилдик. Секин-секин бу тарбияга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар, Аллоҳ таолонинг мўъжизалари ҳақидаги ҳикоялар қўшилди. Бора-бора бу нарсалар қалбимизда улкан муҳаббат ҳосил қилди ва бизнинг икки дунёда саодат топишимиз, халққа, ватанимизга муҳаббатли, манфаатли киши бўлишимизда асосий тамал тоши бўлди.

Ота-онамиз бизни Аллоҳ таоло халқ қилган кундан умрларининг охиригача доимо беминнат, ҳеч бир малолсиз ёрдамчимиз, суянган тоғимиз бўладилар. Уларнинг бизга қилган беқиёс хизматларини хижолатсиз, иккиланмай қабул қилишга ўрганиб қолганмиз, жавобини қайтариш, миннатдорлик билдириш эса кўпинча хаёлимизга ҳам келмайди.

Улар биздан бирон нарсани умид ҳам қилмайдилар, ота-онамизнинг биздан кутган ягона илинжи – яхши фарзанд бўлишимиз, эл ичида уятга қолдирадиган иш қилмаслигимиз ва бахтли яшашимиздир.

Ўйлаб қоламан, биз ҳам вақти келганда ота-она бўлармиз, болаларимизга меҳрибон, мушфиқ бўлармиз, бу билан қайсидир маънода уларнинг бизга сингган меҳнатларини фарзандларимиз орқали рўёбга чиқарармиз, аммо Роббимизнинг исмини ўргатганлари, У Зотнинг севгисини юрагимизга солганлари учун қай йўл билан, қандай сўзлар билан раҳмат айтамиз? Бизнинг улар учун қиладиган, қила оладиган ягона ишимиз – бу хайрли дуо қилишимиздир.

Аллоҳим, иноятинг билан бизни дунёга келтирган, шафқат билан улғайтирган, қалбимизда Ўзингга ва Пайғамбарингга муҳаббатни шакллантирган ота-онамиздан раҳматингни узиб қўймагин. Парвардигорим, ота-онам бизни ожиз гўдак чоғимиздан улғайтиргани каби, Сен ҳам икки мушфиқимга раҳим қилгин, Сен раҳимлиларнинг раҳимлироғи, Карамли Зотсан.

Бизни бу дунёда бирга қилганингдек, жаннатда ҳам бирга қилгин. Уларнинг жисмларини , руҳларини Ўзинг билан учрашадиган масъуд кун учун муносиб этиб тарбия қилгин. Муборак исмингни ўргатганлари мукофотига Жаннати Фирдавсни инъом этгин, зеро Сен Арҳамар Роҳиминсан.

Зебуннисо Қутбиддин қизи

Баҳам кўринг

Leave A Reply