Дезинформациядан огоҳ бўлинг!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

[gallery link="file" ids="5802,5803,5804,5805,5806,5807,5808,5809,5829"] Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим! Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари вафотларидан сўнг ижтимоий тармоқлар марҳумнинг забардаст шахсияти, фазилатли хислатлари, илмий мероси мавзулари билан қайнади. Илиқ хотиралар, сокин кечинмалар, у зот билан қурилган ўзаро суҳбатлар ила тўлқинланди. Мусулмонларнинг қалбларидаги дил изҳорларидан кўзлар намланди. Ҳазратимизнинг биз билмаган кўплаб қирралари ҳам бизга намоён бўлди.. «Дўстдан кўра душман кўп», деган гап бекор экани сезилди. Душмандан кўра дўст кўп экани билинди! Алҳамдулиллаҳ! Лекин «душманнинг ози ҳам кўп», деганларидек олимнинг ортидан орчиқча гап қотганлар ҳам бўлди! Ичидаги ҳасадини яширишга уриниб ҳам ўтирмаганлар учради. Нима ҳам дердик, карвон бор экан, ҳурадиган итлар ҳам бўлади… Биз устозимизнинг ўгит ва васиятларига кўра, бу каби пасткашларга эътибор қаратмасликка, имкон қадар илмий савиядан пастламасликка қарор қилгандик ва ўша ювиндихўрларни ўз товоқлари олдида тарк этдик! Ит ҳурар карвон ўтар! Биз карвонга қўшилайлик, итларни ўз ҳолига қўяйлик.. Аммо... Дўстлар ҳақида ҳам икки оғиз сўз... Ҳодисадан сўнг дўстларнинг ихлоси, муҳаббати ва ҳис-ҳаяжони жўшиб, кўп нарсаларни ёза бошлашди. Мени эса ўша ёзаётган нарсаларининг аслини суриштирмаётганлари ташвишга солди, бу мулоҳазаларни қоралашимга айнан шулар туртки бўлди... Тўғри, ҳақиқатга яқин гаплар кўп, аммо ҳиссиёт ғалаёни билан мишмишлар гирдоби ҳам чайқалиб ётибди. Гўё бу борада мусобақа кетаётгандек, ҳар ким бошқаларни қойил қолдиришга уринаётгандек, гўё... Ахир... Ахир ҳар қандай инсонни ўз мақомида эслаш кифоя эмасми?! Ахир бир кишини фазилатли кўрсатиш учун тўқилган гапларни айтиш шартми..?! Ахир асоссиз мақтовлар ўша кишига нисбатан беҳурматлик эмасми..?! Ахир Исо алайҳиссаломни яҳудийлар зинодан туғилган, дея ҳақорат қилишган бўлса, насоролар «Аллоҳнинг ўғли», дейиш билан мақтамоқчи бўлиб ҳақорат қилишмаганмиди..?! Ахир Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни таърифлаганида, у зотга энг буюк мақомларни берганида «банда» деб, «қул» дея эсламаганмиди..?! Ҳа, энг буюк мақом Аллоҳга бўлган қулликдир...! Бори ҳам шу... Борини айтиш кифоя! Бўрттириш, кўпиртириш, йўқ нарсаларни бор қилиб кўрсатишга уриниш керакмас, такаллуфга ҳожат йўқ..! Ахир... Айрим мисолларни эслаб, уларнинг асоссиз мишмишлигини кўрсатиб ўтсам, зора ўзимизга келсак... Зора... 1. Нима эмиш, шайх ҳазратлари вафот топганлари муносабати билан Мадина Мунавварадаги яшил гумбаз қизариб кетганмиш! 2. Яна нима эмиш, шайх ҳазратларини бир шогирдлари тушда кўрганмиш, у кишига Аллоҳ Ўз жамолини кўрсатганмиш..! 3. Шайх ҳазратларимиш, Бухорода «Мир Араб» мадрасасида ҳожатхона кесакларидан ишлатилганларини тозалаб юрганларида яқин биродарлари Акбаржон кўриб қолган эмиш. Шайх ҳижолат бўлиб: «Ахир бу кесаклар исроф эмасми!» деганмиш... 4. Фотиҳага Арабистондан иккита самолётда одамлар келганмиш... 5. Рамазон Қодиров жанозада қатнашганмиш... 6.Русиядаги китоб нашрларига асосий маблағни Рамазон берармиш... 7. «Камолон» масжиди ҳожатхонасини тозалаб чиққанларини бир киши ўз кўзи билан кўрган эмиш... Эмиш, миш, миш... Ҳой, мусулмон биродарлар! Бу гаплар билан марҳумни фазилатли инсон бўлганини таърифламоқчимисизлар?! Фазилат шу каби мишмишлар билан таърифланадими?! Аввалига ўзимиз билан ўзимиз овора эдик, бу каби гапсўзларга у қадар эътибор қаратмадик. «Ҳа, энди ҳиссиётда ёзишяпти-да», деб қўя қолгандик... Лекин гапсўзларнинг ривожи шу даражага етдики, буларга жавоб ёзиб қўймасак, аҳвол янада кескинлашадигандек кўринди…Бу мишмишларни ёзаётганлардан кўра тарқатаётганлар кўпая бошлади... Ҳайҳот…! 1. Жорий ойда Масжиди Набавийдаги бир минорага азон айтилганда яшил гумбазга қизғиш тус берадиган мослама қўйилганди. Буни саккизинчи март куни тажрибада синаб кўрилди. Ҳазратимиз ўнинчи март куни вафот топдилар ва бу икки ҳодисанинг бир-бирига умуман алоқаси йўқ! 2. Туш масаласидаги гаплар ҳам ҳиссиётлар ғалаёни, холос! Тўғри, солиҳ тушдан яхши гумонлар олиш бор нарса, лекин ундан ҳукм олинмайди. Ўзим гувоҳ бўлган бир неча ўринларда Ҳазратимдан шу каби тушлар сўралганида, тушга суяниб яшаш тўғри эмаслигини, аксарият хаёлпарастлар кўп туш кўришини айтгандилар. Туш кўраверадиган миллат ухлайверадиган миллатдир! 3. «Мир Араб»да ҳожатхона кесакларини тозалаб юрганлари ҳақидаги гаплар...Мен бу гапларнинг асоссиз эканини Акбаржон домланинг ўзларидан сўраб, суриштириб билган ишончли кишидан шахсан эшитиб билдим... Зотан, бу каби ҳокисорлик ишлари оммага достон қилинадиган, фахрланиб гапириладиган ишлар бўлмайди... 4. «Камолон» масжиди таҳоратхонасида Шайх ҳазратларини «ўз кўзи билан кўрган» кишининг хабари ҳам уйдирма гап. Зотан, Ҳазратнинг бирор жойга ташриф буюришлари ҳеч қачон бехосдан, яширинча бўлмаган. Қаерга борсалар, ўша ердаги мутасаддилар кутиб олиб, кузатиб қўйишган. У кишининг ёнларида кечаю кундуз хизматда бўлган яқинларининг таъкидлашларича, Ҳазратимиз «Камолон» масжидининг таҳоратхонасига бирор марта ҳам кирмаган эканлар... 5.6. Рамазон Қодировнинг жанозага келганини «обрўли» ахборот агентликлари гапирди. Бу –  бекор гап. Ўша «обрўли»ларнинг эшиттиришларида Русиядаги китобларни молиялаштириш сафсатаси ҳам айтилганди. Бу гапларнинг ғирт туҳмат эканини билиб қўйишимиз лозим. Қизиқ… Мен қўштирноқ ичида «обрўли» деяётганим ахборот агентликлари ўзим гувоҳ бўлган ушбу мавзуда асоссиз гапларни очиқчасига, текшириб ўтирмай, мишмишлаганча ёйишганди… Журналистика этикасига ҳам тупуриб юборишди. Журналистик суруштирув, деган жанр бор. Унда мухбир рақамлардан, саналардан жавобгар бўлади. Лекин ўша беобрў «обрўли»лар Шайх ҳазратларининг анча олдин тушган суратларини вафотларидан бир неча дақиқа олдинги сурат деб тарқатишди... Хабардаги сананинг қанчали ишончли эканини суриштириб ўтиришмади, жавобгарлик ҳақида ўйлаб ҳам кўришмади... Ўша «обрўли» ташкилотнинг ишончлилик даражаси ҳаминқадар эканини ҳам кўрдик... Суф сизларга, ҳаминқадарлар!... Бу рўйхатни яна узайтириш мумкин. Лекин натижа ўзгармайди. Асоссиз гаплар асоссизлигича қолаверади! Демак... Хуллас, саййидимиз, устозимиз, шайх, муфассир, муҳаддис, аллома, фақиҳ, зоҳид Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг қолдирган меросларини ўқиб-ўрганишимиз, ундаги тавсияларга амал қилишимиз марҳумнинг фазилатига етарли эътироф бўлади. Бекорчи гаплар билан вақтларни беҳуда ўтказишимиз эса фақат ўзимизга зиёндир. Зотан у зотнинг фироқлари билан қалбларимиз маҳзун бўлди, кўзларимиз ёшланди фақат тилларимиз билан Раббимиз ёқтирмайдиган гапларни гапирмайлик! Ҳадиси шарифда Раббимизнинг мишмишларни, деди-дедиларни ёмон кўриши зикр қилинган. (Бухорий ривояти) Илмий карвонни ташлаб орқага чекинмайлик. Олимга муносиб муҳаббатда бўлайлик. Ҳаддимизни билайлик. Олимни ҳурмат қилмоқчи бўлсак, руҳларини шод этишни хоҳласак, марҳамат қилиб у кишининг қолдирган асарларини ўрганайлик, ўрганганларимизга чин дилдан амал қилайлик. Биздан лозим бўлган иш – Устознинг ҳақларида хайрли дуода бўлиб, асарларини ўқиб, уқишдир. Салавоту саломлар Расули Акрамга бўлсин!

Аброр Мухтор Алий

22.03. 2015

Мавзуга оид мақолалар
Икки киши саёҳат қилиб юриб, бир ғорга дуч келибди. Ичига кириб қарашса, кумуш эшик бор экан. Эшикни очиб, давоми...

11:20 / 28.12.2016 3361
 Саҳобаларни яхши кўриш ва уларни пайғамбарлардан кейин энг афзал инсонлар бўлган деб эътиқод қилиш ҳар бир давоми...

09:30 / 16.02.2018 4638
Рамазон ойи рўзасидан кейин Шаввол ойида олти кун нафл рўза тутишлик Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи давоми...

01:28 / 02.05.2019 5654
  Бақара ва Оли Имрон сурасидаги гўзал дуолар Бақара сураси «Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сенинг давоми...

05:12 / 27.01.2017 15643