Дам солиш ҳақида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

      Дам солиш деганда, Аллоҳ таолонинг китоби Қуръони Карим оятларини ва Аллоҳ таолонинг исмларини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган дуоларни ўқиб паноҳ тилаш кўзда тутилади. Биз ўрганаётган дам солиш ҳақидаги масалада бир оз ихтилоф бор. Баъзи бир ҳозирги ўзгаришлардан ўта таъсирланиб кетган томонлар дам солиш масаласини йўққа чиқаришга, тибга аҳамият бериш керак, дам солиш шариатда йўқ нарса, дейишга уринадилар. Улар ўзларининг бу мавқифларида ўта муболағага кетадилар. Бошқа бир тоифалар эса ҳамма нарса дам солишда, у билан ҳар қандай дардни даволаса бўлади, дейдилар. Улар ҳам муболағага йўл қўядилар. Ҳар икки томон ҳам ўз фикрини қўллаш учун оятларни ўз услуби ила таъвил ва ҳадиси шарифларни ўз услуби ила шарҳ қиладилар.

   Аслини олганда бу борадаги ояти карималар ва ҳадиси шарифларни тўлиқ ва яхшилаб ўрганиб чиқилса, иш ўртача эканлиги аён бўлади. Тибга хос хасталикларни у орқали даволаш керак. Дам солишга оид хасталикларни у билан даволаш ва дам солишга эҳтиёжи бор кишиларга дам солиш керак. Кези келганда дам солишни узоқ муддат инкор қилиб юргандан сўнг замонавий тиб ҳам эътироф қилганини, уни дам солиш, демаса ҳам руҳий даволаш, деб атаётганини ҳам айтиб ўтишимиз лозим. Илмий изларишлар хаста инсоннинг тузалиши учун, унга нисбатан қилинаётган муолажанинг таъсирли бўлиши учун унинг руҳий ҳолати, ихлоси ўзига яраша яхши ҳолатда бўлиши кераклигини исбот қилди. Ҳозирда писихологлар номи билан кишиларнинг руҳиятини билувчи, уларга маслаҳатлар берувчи, турли нарсаларни, жумладан, мусиқа тинглаш, беҳуда нарсаларни ўйламаслик ва шунга ўхшаш одамнинг руҳий ҳолатини, ишончини қувватлашга қаратилган нарсаларни тавсия берувчи мутахассислар ишламоқдалар. Ўзимиз ўйлаб кўрайлик, мана шу масалада хаста кишини Аллоҳ таолодан ихлос билан шифо сўрашга ва, албатта, У Зот менга шифо беради, деб ишонишга даъват қилишдан ҳам кучлироқ руҳий таъсир бўлиши мумкинми? Аллоҳ таолонинг китобидан ўқиб, ўзига-ўзи дам солишдан ёки бирор тақводор, шу ишнинг ҳадигини олган кишига дам солдиришдан ҳам кучлироқ руҳий таъсир бўлиши мумкинми? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўқиган дуоларини ўқиш ёки ўқитишдан ҳам кучлироқ руҳий таъсир бўлиши мумкинми? Шунинг учун ҳам дам солиш бор, лекин фақатгина шариат кўрсатган доирада, ҳажмда ва услубда бўлиши керак, деймиз. Уламоларимиз дам солиш ҳақлигига қуйидаги ояти каримани далил қилиб келтирадилар: «Биз Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қиламиз». Уламоларимиз, ушбу ояти кариманинг зимнидан келган «шифо» сўзи ҳам маънавий, ҳам моддий шифони ўзида мужассам қилгандир, дейдилар. Имом Ибн Можа ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Давонинг яхшиси Қуръондир», деганлар. Ундан кейин дам солиш ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар бор. Шунинг учун ҳам муҳаддисларимизнинг барчалари ўз китобларида «тиб ва дам солиш китоби» сарлавҳаси остида ўша ҳадисларни келтирганлар. Чунки бу икки масала бир-бири ила чамбарчас боғлиқдир. Энди Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолимизда дам солишга оид ҳадиси шарифларни ўрганишга киришамиз.

Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Жоҳилият даврида дам солар эдик. Бас: «Эй Аллоҳнинг Расули, энди қандоқ дам соламиз?» дедик. Шунда у Зот: «Менга дам солишингизни кўрсатинг-чи? Модомики, ширк бўлмаса, дам солиш ҳеч нарса эмас», дедилар».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган. Шарҳ: Авф ибн Молик розияллоҳу анҳунинг: «Жоҳилият даврида дам солар эдик», дейишларидан Ислом келгунча бўлган даврда дам солиш ривож топганини тушуниб олиш керак. У вақтларда соғлик борасидаги деярли ҳамма нарса дам солишга боғлиқ бўлиб қолган эди. Тиб деярли ўз мақеъини йўқотганди. Дам солиш эса, асосан бутхоналарнинг ходимлари томонидан амалга оширилиб, Аллоҳ таолога ширк келтиришнинг ривож топган бир турига айланиб қолган эди. Шунинг учун ҳам Исломнинг дастлабки таълимотлари билан танишган одамларда бу нарса тўғри эмаслиги ҳақида тушунча пайдо бўлар эди. Ана ўша тушунчадан келиб чиқиб, одамлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, энди қандоқ дам соламиз?» дедилар. «Шунда у Зот: «Менга дам солишингизни кўрсатинг-чи? Модомики, ширк бўлмаса, дам солиш ҳеч нарса эмас», дедилар». Демак, дам солишга рухсатнинг асосий шарти унда зинҳор ва зинҳор Аллоҳ таолога ширк келтириш бўлмаслиги зарур экан.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биздан бир кишини чаён чақиб олди. Ўшанда биз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Шунда бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, дам солайми!» деди. «Сиздан ким ўз биродарига наф беришга қодир бўлса, берсин», дедилар у Зот». Шарҳ: Бундан чаён чаққанда дам солиш жоиз экани чиқади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Менинг бир тоғам бор эди. Чаён чаққанда дам солар эди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, дам солишдан наҳий қилдингиз. Мен чаён чаққанда дам солар эдим», деди у. «Сиздан ким ўз биродарига наф беришга қодир бўлса, берсин», дедилар у Зот». Иккисини Муслим ривоят қилган. Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳам олдинги маъно таъкидланмоқда. Хўш, заҳарли ҳайвонлар чаққанда дам солиш бор экан, нимани ўқиб дам солинади? Бу саволга жавоб топиш учун яна ҳадиси шарифларга мурожаат қиламиз. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир гуруҳи сафарга чиқдилар. Араб маҳаллаларидан бирига тушдилар. Унинг аҳлидан ўзларига зиёфат беришни сўрадилар. Улар зиёфат беришдан бош тортдилар. Бирдан ўша маҳалланинг бошлиғини чаён чақиб олди. Унга ҳар нарса қилиб кўришди. Ҳеч нарса наф бермади. Шунда улардан баъзилари: «Анави келган қавмнинг олдига борсангиз, эҳтимол, уларнинг баъзисидан бирор нарса чиқар», деди. Уларнинг олдиларига бориб: «Эй қавм, бошлиғимизни чаён чақиб олди. Унга ҳар нарса қилиб кўрдик. Ҳеч нарса фойда бермади. Сизларнинг бирортангизда бир нарса борми?» дедилар. «Бор. Аллоҳга қасамки, мен дам соламан. Лекин сизлардан бизни зиёфат қилишни сўрасак, зиёфат қилмадингиз. Бизга бир нарса атамагунингизча, дам солмайман», деди қавмдан бир киши. Бир қанча қўйга келишишди. У «Алҳамду лиллаҳи роббил оламийн»ни ўқиб дам сола кетди. (Бемор) худди боғлови ечилгандек ҳаракатга тушиб кетди. Ҳеч нарса кўрмагандек юриб туриб: «Уларга келишилган нарсани тўлиқ қилиб беринглар», деди ўз одамларига. Баъзилар бўлишиб олинглар, дейишди. Аммо дам солган киши: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб бўлган нарсани айтмагунимизча, ҳеч нарса қилмай туринглар. Кўрайлик-чи, бизларни нимага амр қилар эканлар», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганларида ўша нарсани зикр қилдилар. Шунда у Зот: «Унинг дам солиш эканини сенга ким билдирди? Тўғри қилибсизлар. Тақсимлаб олаверинглар. Менга ҳам бир улуш беринглар», дедилар». Ушбу ҳадиси шариф жуда ҳам машҳур. Ҳозирги кунларда ҳам тез-тез зикр қилиниб туради. Уни турли нарсаларга далил қилинади. Турли тортишувларга сабаб қилинади. Хусусан, дам солиш ва Қуръон ўқиш учун ҳақ олиш масаласидаги тотишувларда икки тараф ҳам айни шу ҳадисни зикр қилади. Дам солиш тарафдорлари, ушбу ҳадис шариатимизда дам солиш борлигига далилдир. Саҳобийлардан бирлари дам солди, бемор тузалди ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда хабар эшитиб тасдиқладилар, дейдилар. Уларга қаршилар эса бу ҳадиси шарифда зикр қилинган ҳолат фавқулодда ҳолат, саҳобалар қийин вазиятга тушиб қолганларида Аллоҳ таолонинг Ўзи уларга осонликни муҳайё қилган. Бундан бошқа ҳолатларга ҳадиси шарифни умумлаштириб бўлмайди, дейишади. Қуръонга ҳақ олса бўлади дейдиганлар, мана саҳобаи киромлар Қуръони Каримни ўқиб дам солиб ҳақига бир неча қўйни олдилар, бу ишни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам маъқулладилар. Шундан Қуръонга ҳақ олса жоизлиги чиқади, дейдилар. Уларнинг қаршилари эса, бу махсус замон, макон ва шахсларга хос нарса. Уни умумийлаштириб бўлмайди, дейдилар. Аммо икки тараф ҳам ўзлари тортишаётган масала бўйича фақатгина ушбу ҳадиси шариф бор эмаслиги, бошқа далиллар ҳам кўплигини унутиб қўядилар. Мисол учун айтадиган бўлсак, ҳозиргина, ушбу бобнинг аввалида чаён чаққанда дам солишга изн берувчи ҳадисларни ўрганиб чиқдик. Уламоларимиз, оддий одамларнинг гап-сўзи кишиларга, жумладан, беморларга фойда бериши ҳамма кўрган, билган ҳақиқатдир. Бас, шундоқ бўлгандан кейин одамларнинг Роббисининг каломи фойда бермасмиди? дейдилар. Жисмоний дардларга дори берилса, дори таъсир қилади, беморнинг жисми ундан таъсирланади ва уларнинг ўзаро бир-бири ила боғланишидан хасталик тузалади. Худди шунингдек, руҳий хасталикка учраган шахсниг руҳига дам солувчининг руҳининг таъсири ўтади. Орада ўзаро боғланиш содир бўлади ва Аллоҳ таолонинг изни ила бемор тузалади. Шунинг учун дам солувчи етук шахс бўлиши муҳимдир. Агар дам солувчи тақводор, Аллоҳ таолога етишган, дуоси қабул бўлиши мужарраб одам бўлса, Аллоҳ таолонинг изни ила солган дами фойдали бўлади. Ҳазрати Умари Одил розияллоҳу анҳу хасталарга «Фотиҳа» сурасини ўқиб дам солсалар, дарҳол таъсир қилар экан. У кишининг вафотларидан кейин бошқалар бу ишни қилса, аввалги натижа чиқмабди. Шунда сирдан хабардор кишилар, «Фотиҳа» сураси-ку ўрнида турибди, аммо уни ўқийдиган Умар қани? деган эканлар. Юқорида зикр қилинган нарсалардан заҳарли ҳайволар чаққанда фақат дам солиш керак экан, деган хулосага келиб қолмаслик керак. Бу ҳақда Ибн Абу Шайба Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифни келтирилади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб туриб сажда қилган эдилар, у Зотнинг панжаларини чаён чақиб олди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтдилар-да: «Аллоҳ чаённи лаънатласин! Пайғамбарни ҳам, бошқани ҳам қўймайди», дедилар. Сўнгра бир идишда сув билан туз чақирдилар. Чаён чаққан жойни ўша сув ва тузга солдилар ва босилгунча «Қул ҳуваллоҳу аҳад» билан икки «қул аъузу»ни ўқиб турдилар». Эътибор берадиган бўлсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аввал чаён чаққан жойга дори-дармон қилиб туриб, кейин Қуръони Карим сураларини ўқиганлар. Ҳа, ўзлари ўқиганлар. Шунинг учун ҳар бир одам ўзига ўзи дам солиши яхшидир. Заҳарли ҳайвонлар чаққанда уларнинг заҳари иссиғидан чақилган жой исий бошлайди. Шунинг учун уни совутишга совуқ сув зарур экан. Тузда эса заҳарни сўриш қобилияти бор экан. Буни Ибн Сино ҳам таъкидлаган. Уламоларимиз дам солиш, руҳий муолажалар дардга йўлиққандан кейин уни тузатишга хизмат қилганидек, дардни олдини олиш, у етганда ҳам зарарини кам бўладиган қилишга хизмат қилади, дейдилар. Улар ўзларининг бу гапларига далил сифатида бир неча ривоятларни ҳам келтирадилар. Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилади: «Бир одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, кечаси мени бир чаён чақиб олиб, кўрадиганимни кўрдим», деди. Шунда у Зот: «Кечқурун бўлганда, Аъузу бикалиматиллаҳи тааммаати мин шарри маа халақ» деганингда сенга зарар қилмас эди», дедилар». Имом Бухорий ва Имом Муслим Оиша онамиз Розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ётар жойларига ўринлашсалар «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ва икки «Қул аъузу»ни ўқиб куфтларига дам солиб, юзларига ҳамда баданларининг қўл етган жойларига суртар эдилар».

Шифо бинти Абдуллоҳ розияллоҳу анҳо айтади: «Мен Ҳафсанинг олдида эдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб қолдилар-да, менга: «Мана бунга ёзишни ўргатганингдек, «намила»га дам солишни ҳам ўргатмайсанми!» дедилар». Абу Довуд, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилишган. Шарҳ: «Намила» одамнинг ёнбошига чиқадиган нарса бўлиб, чумоли ўрмалаб юриб, чақаётганга ўхшайдиган ҳисга сабаб бўлади. Ушбу ривоятнинг соҳибалари Шифо бинти Абдуллоҳ розияллоҳу анҳо жоҳилият даврида мазкур хасталикка дам солиб юрар эканлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Маккаи Мукаррамада байъат қилган эканлар. Ҳижрат қилиб Мадинаи Мунавварага келганларида: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен жоҳилиятда «намила»га дам солар эдим. Ҳозир уни сиздан ўтказиб олмоқчиман», деди. Сўнгра ўқий бошлади: «Бисмиллаҳи, саъалту ҳаттаа яъуда мин афваҳиҳа ва лаа тазурру аҳадан. Аллоҳумма икшифил баъса, Роббан наси». Шунда у Зот: «Шуни ўқиб бир шохчага етти марта дам урасан, пок жойни топиб туриб, уни яхши сиркага солиб олиб, тошга ишқайсан, кейин «намила»га суртасан», дедилар». Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Ўз уйида, хотини билан гаплашиб ўтирган аёл ила кўришиш, гаплашиш мумкинлиги. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса онамиз билан гаплашиб ўтирган Шифо бинти Абдуллоҳ розияллоҳу анҳо билган гаплашганлари каби. 2. Аёл киши ҳам дам солиш ила шуғулланса жоизлиги. Шифо бинти Абдуллоҳ розияллоҳу анҳо жоҳилиятда ҳам шу ишни қилар эдилар, Исломда ҳам шундоқ бўйича қолди. 3. Дам солишни бировга ўргатиш ёки уни биладиган одамдан ўрганиш жоизлиги. 4. Аёлларга ёзишни ўргатиш лозимлиги. 5. Фақат бир нарсадан дам солишни ўзлаштириш мумкинлиги.

Бу ривоятда Шифо бинти Абдуллоҳ розияллоҳу анҳо «намила» хасталигига дам солишни ўзлаштиргани ва уни адо этиб юриши ҳақида сўз кетмоқда. Аввалги ривоятларда чаён чаққанда дам соладиган эркак киши ҳақида сўз кетган эди. Эҳтимол, одамлардаги Аллоҳ таоло берган руҳий ва бошқа қобилиятларга қараб баъзи кишиларда маълум заҳарли ҳайвон заҳарини қайтаришга истеъдод бўлар. Бу ҳолат ҳозирги кунда ҳам мулоҳаза қилинади. Келажакда мутахассис уламолар ушбу бу нарсани илмий равишда ўргансалар яхши бўлади.

Араб аёллар «намила» хасталигига ушбу калималар ила дам солар эдилар: «ал-Арусу таҳтафилу, тахтазибу ва тактаҳилу. Ва кулла шайъин тафтаъилу. Ғойра алла таъсияр ражла» Абу Довуд ривоят қилган. Шарҳ: Араб аёллар ушбу ривоятда айтилган сўзларни айтиб эрта билан ва кечқурун «намила» хасталигига учраган шахсларга дам солар эканлар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга кўз текканда, заҳар етганда ва намила чиққанда дам солишга рухсат бердилар». Тўртовлари ривоят қилишган. Шарҳ: Бундан бошқа ҳолатларда дам солиб бўлмас экан, деган хулосага келмаслик керак. Чунки бу ҳадис саволга жавоб тарзида айтилган. Нимадан дам солса бўлади-ю, нимадан дам солиб бўлмаслигини ҳисоб қилиш учун, чегаралаш учун эмас.

ДАМ СОЛИШ КАЛИМАЛАРИ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши ўзига, тобим йўқ, деган Собитга: «Сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дам солишлари ила дам солиб қўяйми?» деди. «Ҳа», деди у. «Аллоҳумма Роббаннаси, музҳибал баъси. Ишфи. Анташ шафии. Лаа шофия иллаа анта. Шифаан лаа юғодиру сақман», деди».

Тўртовлари ривоят қилишган. Шарҳ: Мазкур дам солиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг машҳур дам солишларидир. Унинг маъноси қуйидагича: «Эй Аллоҳим! Одамларнинг Роббиси! Шиддатни кетказгувчиси! Шифо бер. Ўзингдан ўзга шифо берувчи йўқ. Ҳеч дардни қўймайдиган шифо бер!

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларидан баъзиларга паноҳ тилаганларида ўнг қўллари ила силаб: «Аллоҳумма Роббан наси, изҳибил баъса. Ишфи. Анташ шафии. Лаа шифаъа иллаа шиффаъука. Шифаан лаа юғодиру сақман», дер эдилар».

Икки Шайх ривоят қилишган. Шарҳ: Ҳар бир дам солувчи беморни ўнг қўли билан силаб туриб дам солиши шундан олинган. Тўғрироғи, дуони ўқиб, ўнг кафтга дам солиб, сўнг беморни ўша ўнг кафт билан силамоқ керак.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон биздан бир инсоннинг тоби йўқ бўлса, уни ўнг қўллари билан силаб, «…изҳибил баъса»ни охиригача ўқир эдилар. У Зотнинг ўзлари хаста бўлиб, оғирлашиб қолганларида, ўзлари қиладиганга ўхшатмоқчи бўлиб қўлларидан ушладим. Шунда у Зот қўлларини қўлимдан тортиб олдилар. Сўнгра: «Эй, Аллоҳим, мени мағфират қилгин. Мени олий рафиқ ила бирга қилгин», дедилар. Кейин назар солсам, қазо қилибдилар». Муслим ривоят қилган. Шарҳ: Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу дунёдаги охирги лаҳзаларини сиз билан биз умматларга сўзлаб бермоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизнинг ҳужраларида ва бошлари у кишининг қўйинларида туриб олий рафиққа интиқол қилганлар. Шунинг учун у Зот алайҳиссаломнинг охирги кунлари, соатлари ва лаҳзалари ҳақидаги ривоятларнинг кўплари айнан Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан келади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон биздан бир инсоннинг тоби йўқ бўлса, уни ўнг қўллари билан силаб, «…изҳибил баъса»ни охиригача ўқир эдилар». Яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли байтларидан ким бемор бўлиб қолса, олдинги ривоятда келган дуони ўқиб, муборак қўлларига дам солиб, беморни силар эдилар. «У Зотнинг ўзлари хаста бўлиб, оғирлашиб қолганларида, ўзлари қиладиганга ўхшатмоқчи бўлиб қўлларидан ушладим». Яъни Оиша онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дунёдан ўтишларидан олдинги хасталикларида ётганларида мазкур дуони ўқиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз қўлларига дам солиб туриб, у Зотнинг ўз қўллари билан ўз баданларини силамоқчи бўлганлар. «Шунда у Зот қўлларини қўлимдан тортиб олдилар». У Зот алайҳиссалом Оиша онамизнинг ўйлаган нарсаларини юзага чиқишини хоҳламадилар. Чунки буёғи аён бўлиб қолган эди. Шунинг учун у Зот бошқа ишга машғул бўлдилар: «Эй Аллоҳим, мени мағфират қилгин. Мени олий рафиқ ила бирга қилгин», дедилар». Олий рафиқ, Аллоҳ таолонинг яқинидаги фаришталарнинг олий тўплами. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан собит бўлган ушбу дуонинг сабабидан Ислом адабиётида у Зот вафотлари ҳақида турли истилоҳлардан кўра, рафиқи аълога интиқол қилдилар, истилоҳи афзал кўрилади. «Кейин назар солсам, қазо қилибдилар». Нима учун юқоридаги дуони қилишга ўтиб қолганлари шунда аён бўлди.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Қачон бир инсоннинг тоби йўқ бўлса ёки ярами, жароҳатми ориз бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам панжаларини бундоқ қилиб кўтарар ва: «Бисмиллаҳи, турбати арзина. Бирийқати баъзина. Лиюшфа биҳи сақиймуна. Би изни Роббина», дер эдилар». Учовлари ва Насаий ривоят қилган. Шарҳ: Дуонинг маъноси: Аллоҳнинг исми ила дам солурман. Еримизнинг тупроғи ва биримизнинг туфургиси ила. У ила беморимиз шифоланиши учун. Роббимиз изни ила.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Қачон Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бетоб бўлиб қолсалар, у Зотга Жиброил дам солар эди: «Бисмиллаҳи юбрийка. Ва мин кулли доин юшфийка. Ва мин кули шарри ҳасидин иза ҳасад ва шарри кулли зи айнин», дер эди». Муслим ривоят қилган. Шарҳ: Дуонинг маъноси: Аллоҳнинг номи ила. Сени тузатадиган. Ва ҳар бир дарддан сенга шифо берадиган, ҳар бир ҳасадчининг ҳасад қилган пайтидаги ҳасади шарридан ва ҳар бир кўзи борнинг шарридан.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Жаброил Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Бемор бўлдингми?» деди. «Ҳа», дедилар у Зот. Шунда у: «Бисмиллаҳи урқийка. Мин кулли шайъин юъзийка. Мин шарри кулли нафсин ав айнин ҳасидин Аллоҳу яшфийка. Бисмиллаҳи урқийка», дер эди». Муслим ва Термизий ривоят қилишган. Шарҳ: Дуонинг маъноси: Аллоҳнинг номи ила сенга дам солурман. Сенга озор берадиган ҳар бир нарсадан. Ҳар бир нафс ёки кўзнинг шарридан Аллоҳ сенга шифо берсин. Аллоҳнинг номи ила сенга дам солурман.

Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Исломга кирганидан буён жасадида пайдо бўлган оғриқдан шикоят қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Қўлингни жасадингдаги аламли жойга қўй ва уч марта, бисмиллаҳи, етти марта, аъузу биллаҳи ва қудратиҳи мин шарри маа ажиду ва уҳазиру, дегин», дедилар. Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Охирги иккисининг лафзи: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. Мендаги оғриқ, мени ҳалок қилишига сал қолган эди. Бас, у Зот: «Ўшани ўнг қўлинг билан ушлагин ва етти марта, аъузу би иззатиллаҳи ва қудратиҳи мин шарри маа ажиду, дегин», дедилар. Бас, ўшандоқ қилган эдим, Аллоҳ мендаги бор нарсани кетказди. Шундан буён аҳлимга ва улардан бошқаларга ҳам шуни буюраман». Шарҳ: Дуонинг маъноси: Аллоҳнинг иззати ва қудрати ила ўзимда ҳис қилаётган нарса шарридан паноҳ тилайман.

Амр ибн Шуъайб, отасидан, бобосидан розияллоҳу анҳум ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қўрқинчда ўқиладиган калималарни ўтгатар эдилар: «Аъузу бикалимаатиллаҳи ат-тааммати мин ғазабиҳи ва шарри ибадиҳи ва мин ҳамазаатиш шайятийн. Ан яҳзурууни». Ибн Умар буларни болаларидан ақли кирганларига ўргатар, ақли кирмаганларига ёзиб илиб қўяр эди». Абу Довуд, Термизий, ал-Ҳоким ва Аҳмад ривоят қилган. Шарҳ: Дуонинг маъноси: Аллоҳнинг тугал калималари ила Унинг ғазабидан, бандаларининг шарридан ва шайтонларнинг қалбга соладиган хатарларидан паноҳ сўрайман.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайнга паноҳ тилаб: «Уъийзукумаа бикалимаатиллаҳи ат-тааммати мин кулли шайтонин ва ҳаамматин. Ва мин кулли айнин лаамматин» дер ва сўнгра: «Бобонгиз булар ила Исмоил ва Исҳоқга паноҳ тилар эди», дер эдилар». Абу Довуд ва Термизий яхши санад ила ривоят қилган. Шарҳ: Дуонинг маъноси: Иккингизга Аллоҳнинг тугал калималари ила ҳар бир шайтондан ва зараркунандадан ҳамда гуноҳкор кўздан паноҳ тилайман. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, «бобонгиз булар ила Исмоил ва Исҳоқга паноҳ тилар эди», деганлари Иброҳим алайҳиссалом ўз ўғиллари Исмоил ва Исҳоқ алайҳимуссаломларга худди мана шу дуо ила паноҳ сўрар эди деганларидир.

«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, кечаси бир нарса чақиб олиб, тонг отгунча ухлай олмадим», деди. Шунда у Зот: «Нима чақди?» дедилар. «Чаён», деди. «Кечқурун бўлганда, Аъузу би калиматиллаҳи тааммаати мин шарри маа халақ» деганингда, иншааллоҳ, сенга зарар қилмас эди», дедилар». Абу Довуд ва Насаий яхши санад ила ривоят қилган. Шарҳ: Дуонинг маъноси: Аллоҳнинг тугал калималари ила У Зот халқ қилган нарсалар шарридан паноҳ тилайман. Демак, манашу дуони ёдлаб олиб доимо ўқиб юрса, яхши бўлади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иситма ва барча оғриқлар учун, бисмиллаҳил кабири. Аъузу биллаҳил азийми. Мин шарри кулли ирқин наъарин ва мин шарри ҳаррин наари»ни ўқишни таълим берар эдилар». Термизий ривоят қилган. Шарҳ: Дуонинг маъноси: Азим Аллоҳдан ҳар бир наъра солувчи томирнинг шарридан ва оловнинг иссиғи шарридан паноҳ тилайман.

Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Исро сурасининг 36оятида марҳамат қилади «Ўзинг билмаган нарсага эргашма Албатта, қулоқ, кўз ва давоми...

03:46 / 25.05.2019 2891
Тўлаганова Наима харидор embedhttpswww.youtube.comwatchvas34I6t1Hkfeatureyoutu.beembed Ҳайдарова Раъно давоми...

14:58 / 06.07.2018 2706
«Никоҳ» сўзи луғатда «қўшилиш», «жамланиш», «яқинлашиш» маъноларини англатади. Шариатда эса никоҳ бир давоми...

04:42 / 27.10.2016 4492
  Душанба куни, ўзининг 33 йиллик тарихида илк марта Ислом қонунчилигига мувофиқ иш олиб борадиган Покистон давоми...

15:22 / 20.01.2017 3300