Чинакам сабр
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Юрак ва қон томирлари жарроҳи доктор Холид шундай ҳикоя қилади:

– Кунларнинг бирида икки ярим яшар бола устида жарроҳлик амалиёти ўтказдим. Ўша куни сешанба экан. Чоршанба куни эса бола соғ-саломат эди. Аммо пайшанба соат 11:10 да содир бўлган воқеани ҳеч унутолмайман.

Ҳамширалардан бири боланинг юраги ва нафас олиши тўхтаб қолгани ҳақида хабар берди. Тезда бориб,  45 дақиқа давомида юрак массажи амалиётини қўлладим. Аллоҳ таолога ҳамд бўлсинки, юрак яна ура бошлади.

Сўнгра боланинг яқинлари ёнига унинг аҳволи ҳақида хабар бериш учун бордим...

Табиийки, беморнинг аҳволи оғирлашса, унинг қариндошларига хабар бериш жуда мушкулдир ва мазкур иш, албатта, докторнинг зиммасига тушади. Бу эса катта масъулият ҳисобланади.

Боланинг отасини сўрадим, лекин у йўқ экан. Онасини кўрдим ва унга дедим: “Болангизнинг юраги тўхтаб қолиши халқумида қон қуюлиб қолганидандир. Сабаби эса бизга ҳозирча номаълум. Унинг мияси ўлиб боряпти!”

Онанинг нима дейишини кутяпсиз? Бақирдими?! Қичқирдими?! “Сен сабабчисан!” дедими?! Асло! Фақатгина “Алҳамдулиллаҳ!” деди ва кетди.

Ўн кундан сўнг, Аллоҳ таолога ҳамд бўлсинки, бола ҳаракатлана бошлади. Мия ҳолатининг мўътадиллиги яхшиланганига хурсанд бўлдик.

Ўн икки кун ўтгач, яна бошқа бир сабаб билан боланинг юраги тўхтаб қолди. 45 дақиқа давомида унинг юрагини массаж қилдим, аммо юрак қимирламасди. 

Боланинг онасига: “Бу сафар умид йўқ”, дедим. У эса: “Аллоҳга ҳамд бўлсин! Аллоҳим, агар унинг шифосида яхшилик бўлса, боламга шифо бер, эй Роббим!” деди.

Яратганга ҳамд бўлсинки, юрак қайта ишлаб кетди. Лекин бундан кейин ҳам бу боланинг юраги олти марта нафас йўлларининг махсус жойлари сабаб такрор-такрор тўхтади.

Аллоҳнинг амри билан қон қуюлиши бутунлай бартараф бўлди ва унинг юраги меъёрида ишлай бошлади.

Уч ярим ой ўтди. Аммо бола комада, ҳаракатсиз эди. Бироқ вақт ўтган сари у аста-секин қимирлай бошлади. Лекин кутилмаганда боланинг бошидан бизга нотаниш бўлган катта ва йирингли яра топдик. Унинг онасига: “Фарзандингизнинг яшашига умид йўқ. Юрагининг қайта тўхтаб қолиш эҳтимоли бор. Бу йирингдан қутулиб бўлмайди”, дедик. У яна: “Аллоҳга ҳамд бўлсин!” деди-да, юриб кетди.

Шундан сўнг биз дарҳол нерв ва бош мия жарроҳлик ҳолатининг таҳлилини ўтказдик ва боланинг муолажасини қилдик. Уч ҳафта ўтиб, Аллоҳнинг фазли билан гўдак бу йирингдан қутулди. Лекин ҳали ҳам ҳаракатсиз эди.

Икки ҳафта ўтди. Энди норасиданинг қонида нотаниш заҳар пайдо бўлди ва тана ҳарорати 41,2 С га кўтарилди.

Мен онасига: “Ўғлингизнинг жони хатар остида, қутулиб кетишига ишонолмайман”, дедим. У эса қатъий ишонч ва сабр билан: “Алҳамдулиллаҳ! Аллоҳим, агар унинг шифоси хайрли бўлса, шифо бер!” деди.

5-рақамли хонада ухлаётган бу боланинг аҳволи ҳақида онасига хабар берганимдан сўнг улардан кейинги, яъни 6-рақамли хона олдига яқинлашдим. Бу беморнинг онаси йиғлар, қичқирар ва: “Доктор, доктор! Боламнинг ҳарорати 37,6 даража бўлибди!” дер эди. Ҳайратланиб унга дедим: “Бешинчи рақамли хонадаги боланинг онасини кўрмайсизми? Ўғлининг тана ҳарорати 41 даража, ҳатто ундан зиёда. Аммо у сабрли ва Аллоҳга ҳамд айтяпти”.

Шунда бу аёл сабрли аёлга қараб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ғарибларга жаннат бўлсин!» деган ҳадисларини эсладим. Бу оддий икки сўз! Аммо булар умматни таскинлантиради”, деди. 

Касалхонадаги 23 йиллик фаолиятим давомида бундай сабрли аёлни кўрмадим...

Бир қанча вақт ўтиб, гўдакнинг буйраги ишламай қўйди. Биз яна онага: “Энди асло умид йўқ!” дедик. У эса ҳар сафардагидек сабр ҳамда Аллоҳ таолога таваккал билан: “Алҳамдулиллаҳ!” деди ва нари кетди.

Ҳозир тўртинчи ойнинг охирги ҳафтасидамиз. Аллоҳга шукр, бола заҳардан шифо топди.

Бешинчи ойга кирганимизда кичик беморимиз ҳаётимда кўрмаган ажиб бир касалликка учради: юрак атрофидаги биллур пардада оғир яраланиш пайдо бўлиб, юрак ва унинг атрофидаги белбоғларни қаттиқ ўраб олди.

Юракни очиб қўйдим, унинг ураётганини кўриб туриш учун очиқ қолдиришга мажбур бўлдим. Боланинг ҳолатини бундан бошқага ўзгартириб бўлмасди.

Онасига: “Унинг муолажасини мутлақо қайта қилиб бўлмайди. Энди ҳам умид йўқ. Ҳолат жуда мураккаб”, дедим. Она: “Алҳамдулиллаҳ!” деди яна. 

Ўртача олти ой ўтгач, бола комадан чиқди. Аммо у гапирмайди, кўрмайди, эшитмайди, ҳаракатланмайди, кула олмайди; кўкси очиқ ва юрагининг уриб турганини кўриш мумкин.

Боғламларни алмаштиришда ёрдам берган она ва бола билан нима юз берганини биласизларми?! 

Сизларга буни айтиб беришимдан олдин савол бермоқчиман: боланинг ҳамма хатар, алам ва касалликлардан қандай нажот топганини кутяпсизларми ёки бу сабрли онанинг гўдак қабри устида нима қилишини билишни хоҳлаяпсизларми?

Аллоҳ таологагина тазарру ва дуодан бошқа нарса бу ишлар борасида ёрдам бера олмайди. Юрагининг уришини кўриб туриш мумкин бўлган бу болакай билан чамаси икки ойлардан сўнг нима содир бўлди?

Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг раҳмати билан бу солиҳа она учун болага шифо берди. Айни дамда у ҳеч нарса бўлмагандек, онаси билан қувлашмачоқ ўйнаб юрибди!

Ҳикоям ҳали тугагани йўқ. Мени йиғлатган нарса бу эмас!

Бола касалхонадан чиққач, тахминан бир ярим йил ўтди. Бир маҳал амалиёт вақтида ҳамширалардан бири битта оила (бир эркак ва аёл ҳамда уларнинг икки боласи) мени кўришни хоҳлаётганини айтди. Уларнинг кимлигини сўрадим. Ҳамшира бу оилани танимаслигини билдирди.

Мен уларнинг олдиларига бордим. Ҳа, улар мен жарроҳлик амалиётини бажарган боланинг ота-онаси эди. Ҳеч нарса бўлмагандек соппа-соғ, атиргул каби бола ва қўлларида тўрт ойлик чақалоқ ҳам бор эди.

Уларни табрикладим ва отадан ҳазиломуз тарзда: “Аёлингиз кўтариб олган бу янги чақалоқ ўн учинчи ёки ўн тўртинчи фарзандингизми?!” деб сўрадим. Ота менга ажойиб табассум билан қаради ва деди: “Бу бола иккинчи фарзандимиз. Биринчиси – сиз жарроҳлик амалиёти ўтказган боламиз, у бизга ўн етти йиллик фарзандсизликдан сўнг берилган. Каттамиз туғилганидан сўнг ўзингиз билган ўша касалликларга учради...”

Ўзимни тутолмадим, кўзларим ёшга тўлди. Беихтиёр ўша одамнинг қўлидан тутдим ва ўзимнинг хонамга олиб кириб, унинг аёли ҳақида сўрадим: “Аёлингиз қандайки, ўн етти йил фарзандсизликдан сўнг берилган бу боланинг қаттиқ мусибатларига сабр қила олди?!”

Биласизларми, у нима деди?! Эй ака-ука, опа-сингилларим, қулоқ солинглар! Ҳозирги замонда бундай сабрли бўлиш фахрга арзигуликдир.

У деди: “Мен бу аёлим билан 19 йил аввал турмуш қурганман. Бу узоқ муддат давомида у қиёмул лайлни тарк этмади. Унда бирор марта ғийбат, туҳмат ва ёлғонни кўрмадим. Қачон кўчадан келганимда мени очиқ юз билан кутиб олади. Буларнинг ҳаммасини меҳр, одоб ва мулойимлик билан қилади. Мен аёлимнинг бундай муомаласига ва ахлоқига фақат қойил қоламан!”

Унга дедим: “Мана шу ҳақиқий, сабрли аёлдир”.

Доктор Холид ҳафизаҳуллоҳ ўз ҳикоясини шундай тамомлади.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қиладики: «Албатта, Биз сизларни бироз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер. Улар мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», дерлар. Ана ўшаларга Роббиларидан салавотлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир».

 Маҳдия Суннат қизининг арабчадан таржимаси

Мавзуга оид мақолалар
РЎЗА ВА САЛОМАТЛИК Рўзанинг инсонга келтирадиган фойдалари ҳақида гап кетар экан, унинг инсон давоми...

06:34 / 08.02.2017 3488
«Қибла» луғатда «қаршида, рўпарада турган нарса» дегани. Намозда Каъбаи Муаззама намозхоннинг давоми...

09:40 / 16.05.2017 2911
Саломатлик  туман бойлик. Дини Исломда ҳар бир шаръий амал ибодатдир. Буларнинг барчаси инсоннинг икки давоми...

07:42 / 30.11.2016 2667