Боланинг йиғлаши

0 877

Боланинг йиғлаши

Боланинг йиғлаб қичқириши (айниқса, қорни очганда сут эмишидан олдин) ота-онасини қийин аҳволга солмаслиги керак.

Чунки бола бундан улкан фойда олади. Негаки бу нарса унинг аъзоларини машқ қилдиради, меъдаларини кенгайтиради, кўкрагини очади, миясини иситади, мизожини қиздиради, унинг туғма ҳароратини кўзғайди, табиатидаги чиқитлар, миясидаги мишиқ ва бошқа нарсалардан бўлган хилтларни чиқариб ташлаши учун унинг жисмини ҳаракатга келтиради.

Бола ўтирадиган бўлганда

Бола то жисми қаттиқлашиб, аъзолари кучга кириб, ерга ўтирадиган бўлгунча уни йўргаклаш ёки бешикка белаб қўйишга бепарво қарамаслик лозим. Ўтирадиган бўлганда уни машқ қилдириб, шошилмаган ҳолатда ҳаракатга ўргатилади, шу билан бирга, то малака ва қувват ҳосил қилиб, ўзи тура оладиган бўлгунича оз-оздан туришга ўргатиб борилади.

Боланинг руҳияти

Болани чўчитиб юборадиган ҳар қандай шовқин-суронли товушлар, қаттиқ тортишув ва саросимага солувчи ҳаракатлардан авайлаш лозим. Негаки бу нарса унинг ҳали заиф бўлган ақлий қувватининг бузилиши ва вояга етганда ундан фойдалана олмай қолишига олиб келиши мумкин. Бордию шу нарсалардан бири содир бўлгудек бўлса, шу заҳоти унинг зиддини пайдо қилиш ва ўша нарсани унуттирадиган нарса билан уни овутиш керак. Уни нотинч қилган нарса қувваи ҳофизасида ўрнашиб қолиб, кейин кетиши қийин бўлмаслиги учун дарҳол унга кўкрак тутиб, эмизиш лозим бўлади. То ухлагунча латиф ҳаракат билан уни бешикка беланади ва у безовталикни унутади. Бу нарсага бепарво қарамаслик керак. Чунки бунга бепарво бўлиш унинг қалбида қўрқоқлик ва ҳуркаклик имконини очиб қўяди-да, у шу ҳолда улғаяди, кейин уни кетказиш қийин бўлади ёки умуман, иложи бўлмайди.

Баҳам кўринг

Comments are closed.