Болаларга муомала: Расулуллоҳдан ўн ибрат
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

     Аллоҳ таоло Қуръони каримда Расулуллоҳ ﷺ ни «Ва албатта, сен улкан хулқдасан», деб мақтади (Қалам сураси, 4). Дарҳақиқат, Расулуллоҳ ﷺ  нинг хулқ-атворларида ҳар бир мўмин учун жуда ҳам гўзал ибратлар бордир. Ҳаётларида Расулуллоҳ ﷺ  ни атиги бир ёки икки марта кўрган саҳобалар ҳам, шу муборак учрашув давомида Расулуллоҳ ﷺ ни бир нарса қилаётган пайтларида кўрган бўлсалар, мана шу амални ҳаётларининг охиригача маҳкам ушлаб, бажариб келганлар. Бу ишни ўзларига амр бўлгани учун эмас, балки Расулуллоҳ ﷺ ни яхши кўрганликларидан, у Зотга доим ўхшашга ҳаракат қилганларидан қилганлар. Биз ҳам саҳобалардан ўрнак олайлик.

Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ ﷺ нинг кичик ёшдаги болаларга қилган гўзал муомалалари ҳақида кўплаб ривоятлар етиб келган. Сизнинг эътиборингизга ана ўшандай ривоятларнинг орасидан ўнтасини келтирамиз:

Бир: Анас ибн Моликнинг ўн йиллик хизмати

Анас ибн Молик машҳур саҳобалардан. Оналари Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни болалигида Набий ﷺ нинг хизматларига тутдилар. Расулуллоҳ ﷺ ни Анас ибн Моликка бўлган муомалалари хўжайиннинг хизматчисига қилган муомаласидек бўлмай, балки отанинг боласига қилган муомаласидек бўлар эди. Бу зот ўзлари айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сафарда ҳам, ҳазарда ҳам ўн йил хизмат қилдим...У Зот бирор қилган ишимни нимага бундай қилдинг ёки буюрган ишимни нега қилмадинг, деб сўрамас эдилар. Балки «Аллоҳ хоҳлагани бўлади, хоҳламагани бўлмайди», дер эдилар».

Юқоридаги ҳадис болаларга қилиниши керак бўлган муомаланинг гўзал намунасидир. Ушбу ҳадисдан биз қуйидаги ибратларни ўрганиб, ўз оиламизда фарзанларимизни тарбиялашга татбиқ қилишимиз мумкин:

Ёш болаларни койиманг.

Уларга ғазабланманг ёки улардан кўнглингиз қолмасин.

Улардан нимага бундай қилдинг ёки нега қилмадинг?, деб сўраманг (чунки улар бунинг сабабини билишмайди).

Ўша пайтда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ёшлари ўнда эди. Ўшандан бошлаб, у зот Расулуллоҳ ﷺ нинг ҳузурларида бўлдилар. Расулуллоҳ ﷺ ёш болалар хато қилсалар, уларни койиб ўз ҳолларича ташлаб қўймадилар, балки аксинча:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу садақанинг хурмосидан бир дона олиб оғзига солди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиҳ-қиҳ!» деб, уни отиб юбор дедилар. Сўнгра: «Биз садақа емаслигимизни билмасмидинг?» дедилар».

Кўриб турганингиздек, Ҳасан розияллоҳу анҳу хурмодан емоқчи бўлганларида, Расулуллоҳ ﷺ у зотга «Хурмони ташла», демадилар, балки, бу хатони ўз қўллари билан хурмони олиб ташлаб, тўғрилаб ҳам қўйдилар.

Икки: «Марҳабо, хуш келибсиз, қизим»

Мўминларнинг онаси Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Ҳадисда ва каломда Фотимачалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаш одамни кўрмадим. Агар у у Зотнинг ҳузурларига кирса, ўринларидан туриб, ўпиб кутиб олар ва ўз ўринларига ўтказар эдилар. Агар у Зот унинг олдига кириб қолсалар, у туриб у Зотни ўпиб кутиб олар ва ўз ўрнига ўтказар эди. У Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига у Зот қабз қилинган хасталикларида кирди. Бас, у Зот уни кутиб олдилар ва ўпдилар». Яна бир ривоятда «Фотима розияллоҳу анҳонинг  юришлари оталарининг юришларидан ҳеч фарқ қилмас эди. Оталари Фотимани кўриб: «Марҳабо, хуш келибсиз, қизим», деб пешвоз чиқдилар. Кейин ўнг томонларига ёки чап томонларига ўтқаздилар. Ва қулоқларига ниманидир пичирлаб гапирдилар. Фотима розияллоҳу анҳо бу сўздан қаттиқ йиғладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларидаги бетоқатликни кўриб, яна қизларининг қулоғига ниманидир пичирладилар. Фотима розияллоҳу анҳо бундан кулдилар. Шунда мен Фотима розияллоҳу анҳога : «Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам шунча хотинлар ичида сизни хослаб, сир айтсалар, сиз нимага йиғлайсиз?» дедим. Кейин Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб кетганларида, Фотима розияллоҳу анҳодан: «Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга нима дедилар?» деб сўрасам, у: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  сирларини фош қилмайман», деди. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида, мен яна Фотима розияллоҳу анҳодан: «Оналик ҳаққи-ҳурмати, Расулуллоҳ ўша куни нима дедилар?» десам, Фотима розияллоҳу анҳо: «Энди, майли, айтиб бераман. Аввалги гал қулоғимга пичирлаганларида айтдиларки: «Жаброил алайҳиссалом ҳар йили келиб бир (ё икки) марта Қуръонни кўрикдан ўтказардилар. Ҳозир икки марта Қуръонни кўрикдан ўтказдилар. Ажалим яқинлашиб қолганини ҳис қиляпман. Аллоҳдан тақво қилиб, сабр этгин. Мен сен учун нақадар яхши пешводирман». Шу гапдан кейин сиз гувоҳи бўлган ўша йиғи зоҳир бўлди. Мендаги бетоқатликни кўриб, иккинчи марта қулоғимга пичирлаб: «Эй Фотима, мўмина аёлларнинг саййидаси ёки бу уммат аёлларининг саййидаси бўлишга рози эмасмисан?» дегандилар. Мана шу гапдан кейин сиз ўша гувоҳи бўлган кулгу зоҳир бўлди», дедилар».

Ўқиганингиздек, Набий ﷺ доимо ўз қизларини илиқ сўзлар билан қаршилаб олар, ўрниларидан туриб, ўпиб кутиб олар ва ўз жойларига ўтқазар эдилар. Фақатгина оғир ҳаста бўлган вақтларида, ўз ўрниларидан тура олмаганларидагина ёнларига ўтқазган эдилар. Биз ҳам мана шундай хулқни одат қилиб, ўз фарзандларимизга, айниқса, қизларимизга, шундай муносабатда бўлишга ҳаракат қилишимиз даркор.

Уч: фарзандни ўпиш

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ибн Алини ўпдилар. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида шу пайт Ақроъ ибн Ҳобис бор эди. Шунда Ақроъ: «Менинг ўнта фарзандим бор-у, улардан бирортасини ўпмайман», деди. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қарата: «Ким раҳим қилмаса, унга нисбатан ҳам раҳим қилинмайди», дедилар.

Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Фарзанд ва набираларни ўпиш ҳам уларга яхши кўрганингизни билдириш ва раҳим қилишнинг бир кўринишидир.

Тўрт: йиғлаётган бола учун намозни қисқартириш

Абу Қатода ривоят қиладирлар:  «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен намозни узунроқ қилиб ўқимоқчи бўлганимда, чақалоқ йиғлаб қолса, онасига оғир тушмасин деб, қисқароқ ўқийман»,— деган эканлар».

Расулуллоҳ ﷺ намоз ўқишни жуда яхши кўрар эдилар, ёлғиз қолганларида узундан-узоқ намоз ўқир эдилар; аммо аёллар ҳам қўшилган жамоат намозларида, чақалоқ йиғлаб қолса, онасига оғир тушмасин, деб қисқароқ ўқир эдилар. Бу йиғлаётган болага ва унинг онасига бўлган жуда улкан эътибордир.

Беш: болалар билан бирга намоз ўқиш

 Шаддод ибн Ҳод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шом ва Хуфтон намозларидан бирида олдимизга чиқдилар. У Зот Ҳасан ёки Ҳусайнни кўтариб олган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдинга ўтдилар ва уни ерга қўйдилар. Сўнг намозга такбир айтдилар. Намоздаги саждалардан бирида саждани чўзиб юбордилар. Мен бошимни кўтардим. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда қилган ҳолларида эса бола у Зотнинг орқаларига чиқиб олибди. Саждамга қайтдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни тугатганларида одамлар:«Ё Расулуллоҳ! Сиз намоздаги саждалардан бирида саждани чўзиб юбордингиз, ҳаттоки, биз бирор иш бўлдими ёки сизга ваҳий қилиняптими, деб ўйладик», – дейишди.«Уларнинг ҳеч бири бўлгани йўқ. Лекин ўғлим мени улов қилиб олди. То у ҳожатни қондиргунича шошилтиришни ёқтирмадим», – дедилар».

Насаий ва Ҳоким ривоят қилишган.

Ушбу ҳадисда ҳам, худди аввалги ҳадисдагидек, Расулуллоҳ ﷺ нинг ҳатто намоз ўқиётганликларида ҳам болаларни безовта қилмасликка уринганларини кўришимиз мумкин. (Шунингдек, у Зот ﷺ нинг ёш болалар билан бирга намоз ўқиганлари ҳақида ҳам ривоятлар келган.)

Олти: Абу Умайрнинг булбулчаси

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимизга кириб турардилар. Менинг Абу Умайр куняли кичик укам бор эди. Унинг кичкина қушчаси бор эди. Ўшани ўйнаб юрарди. Бир куни қушча ўлиб қолди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизникига кириб, Абу Умайрни маҳзун ҳолда кўрдилар ва:«Унга нима бўлди?» дедилар.«Қушчаси ўлиб қолди», дейилди. Шунда у Зот:«Эй Абу Умайр! Маа фаъалан нуғойр? («Эй Абу Умайр, не қилди булбулча?»)» дедилар».

Уламолар мана шу бир ҳадисдан кўплаб ибрат ва ҳукмларни ўрганиб олишган. Шулардан мавзуимизга алоқадори,  Расулуллоҳ ﷺ нинг ёш болаларга алоҳида вақт ажратганликлари, болаларнинг Набий ﷺ атрофларида бемалол ўйнаб юрганликлари, у Зотнинг болалар ва ҳатто уларнинг овунчоқларига ҳам ўзгача эътибор берганликлари, шунингдек, маҳзун бўлган болаларнинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилганликларидир.

Етти: яҳудий болани зиёрат қилиш

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир яҳудий бола Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламга  хизмат қилар эди. Кунларнинг бирида у бетоб бўлиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг зиёратига кириб, бош томонига ўтирдилар ва «Исломга кир», дедилар. У бола эса отасига қаради. Шунда отаси: «Абул Қосимга (Яъни Расулуллоҳга) итоат қил», деди. Бас, у бола мусулмон бўлди. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳузуридан чиқа туриб, «Алҳамду лиллаҳиллазий анқозаҳу минан-нар» (яъни «Уни дўзахдан халос қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин»), дедилар.

Имом Бухорий ривояти.

Набий ﷺ ўз хизматкорларининг қаерда эканлиги билан қизиқдилар, унинг касал бўлганидан хабар топгач, ҳатто у бола мусулмон бўлмаса ҳам, унинг зиёратига кирдилар. Болани Исломга киришга даъват қилдилар ва у бола мусулмон бўлганида уни дўзахдан халос бўлганига хурсанд бўлиб, Аллоҳга ҳамд айтдилар.

Саккиз: болаларни яхши кўриш ва улар учун дуо қилиш

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим, қарасам, Ҳасан розияллоҳу анҳуни елкаларига кўтариб олибдилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим! Мен буни яхши кўраман, сен ҳам яхши кўргин» деганларини эшитдим».

Сиз ҳам фарзандларингизга уларни яхши кўришингизни айтинг ва Аллоҳга «уларни сен ҳам яхши кўргин», деб дуо қилинг.

Тўққиз: бавл қилиб қўйган болача

Умму Қайс бинти Миҳсон розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «У киши ўзининг ҳали таом емаган жажжи ўғлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келди. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қўйниларига ўтқаздилар. Бола у Зотнинг кийимларига сийиб юборди. Бас, у Зот сув чақирдилар ва унинг устига септилар, ювмадилар».

Ушбу ҳадисдан Набий ﷺ нинг ёш болаларни қўйниларига олганликларини, улар Расулуллоҳ ﷺ нинг кийимларига сийиб қўйганларида, у Зот аччиқланмай, аксинча сув олиб сийдик теккан жойга қуйганларини билиб олишимиз мумкин. Кийимингиз устига эмас, гиламга сийиб қўйган ёш болаларга нисбатан қанча қаҳр қилишингизни ўйлаб кўринг?

Ўн: Насиҳатим – Аллоҳдан сўра

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай дейди: Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларида мингашиб, кетаётган эдим, менга: «Эй бола, мен сенга баъзи калималарни ўргатаман: Аллоҳни ёдда тут, Аллоҳ сени ёдида тутади. Аллоҳни ёдингда тут, У Зотни рўпарангда топасан. Агар сўрасанг, ёлғиз Аллоҳнинг ўзидан сўра. Мадад сўрасанг, ёлғиз Аллоҳнинг ўзидан мадад сўра. Билгинки, агар ер юзидаги ҳамма одам жамланиб сенга бирон фойда етказмоқчи бўлишса, Аллоҳ сенинг тақдирингга ёзган нарсадан ортиқ фойда етказа олишмайди. Агар уларнинг ҳаммаси жамланиб сенга бирон зарар етказмоқчи бўлишса, Аллоҳ сенинг тақдирингга ёзган нарсадан ортиқ зарар етказа олишмайди. Тақдир қаламлари кўтарилиб, саҳифалар қуригандир», дедилар.

Набий ﷺ нинг Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга ақида, иймон, яхшилик ва ёмонлик қаердан эканлиги ва фақат Аллоҳдан сўраш кераклиги ҳақида насиҳат қилган эдилар. Сиз ҳам фарзандларингизга мана шу мавзуларда насиҳатлар қиласизми? Аллоҳга дуо қилиш ҳақидаги яна бир ҳадис эса буни тўлдириб келади:

Собит Бунонийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бирингиз эҳтиёжини Роббисидан сўрасин, ҳатто ўша туз бўлса ҳам, пояфзалнинг узилиб кетган ипи бўлса ҳам», дедилар.

Термизий ривоят қилган.

Сиз Аллоҳдан катта-катта нарсаларни сўрайсиз, аммо ундан майда-майда нарсаларни ҳам сўрайверинг. Чунки Аллоҳ учун сизга кичик нарсаларни ҳам, катта нарсаларни бериш ҳам бирдек осон. Унинг учун ҳеч қандай фарқи йўқ ва Унга малол ҳам келмас. Шу боис сўрайверинг!

Аллоҳ таолодан бизни Расулуллоҳ ﷺ га эргашганлардан қилишни ва фарзандларимизни у Зотдан ﷺ ўрнак олиб тарбия қилишимизга мадад беришини сўраб қоламиз, омин.

«Ilmfruits.com» сайтидан Саййид таржимаси.

Мавзуга оид мақолалар
Идда ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз. Бу вақт ичида ишлаш мумкинми ёки уйда ўтириш керакми Идда сўзи давоми...

03:33 / 25.10.2016 6447
Авваламбор, биз дунёвий илмлар вакиллари ҳам ўз рисола ва мақолаларимизни айнан Ўзининг номи билан бошлаш давоми...

00:57 / 30.12.2016 2563
Манзил httpmuslimaat.uzforumindex.php Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Муҳтарама опасингиллар Сизларга давоми...

14:47 / 03.03.2017 6432
Бу қиз Малайзияда жуда машҳур бўлиб, унинг миллионга яқин мухлислари бор. Ҳар сафар у ойнаи жаҳонда кўринар давоми...

06:54 / 28.02.2017 8602