Бодом
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бўйи 6 м гача борадиган дарахт ёки бута. Танасининг пўстлоғи, одатда, кулранг-қўнғир рангда, қариганида анча қорайиб қолади. Новдалари яланғоч, қизғиш-жигарранг тусда. Барглари навбатма-навбат жойлашган, бандли, узунлиги 9 см гача боради, наштарсимон шаклда, четлари тишли. Гуллари бодом ҳали барг ёзмасдан туриб очилади. Мевалари узунчоқ-тухумсимон шаклда бўладиган, бўйи 3 см гача борадиган, бахмалдек майин туклар билан қопланган данакли мева. Ранги – яшилроқ ёки қўнғир-кулранг тусда. Данаги 3 см ча узунликда бўлиб, аччиқ ёки ширин мағзи бор.

 Февраль - апрелда гуллайди, мевалари июнь - июльда етилади. Копетдог, Ғарбий Тяньшанда, Озарбайжоннинг жанубида, Қашқадарё вилоятининг Ҳисор олди тизмалари ёнбағирларида ёввойи ҳолда ўсади. Вилоятнинг барча туманларида аҳоли томонидан ўстирилади.

Ишлатиладиган органлари: бодом мағзи. Аччиқ ва ширин бодом мағзида 62 фоизгача ёғли мой, амигдалин гликозиди, гематин, витамин В2, 12 фоизгача оқсил моддалар, 3 фоизгача сахароза, эмульсин ферменти бор. Мағзидан олинадиган мойининг деярли 90 фоизи олеинат кислотадан иборат бўлади. Бодом гулларида бир оз миқдор эфир мойлари топилган, унинг таркибида эвгенол, гераниол ва бошқа бирикмалар бор.

Таъсири ва қўлланилиши: вилоят халқ табобатида бодом мағзи ва бодом мойи қадимдан ишлатиб келинади. Уни яллиғланишга қарши, яра ва жароҳатларни тезроқ битирадиган, умуман, қувватга киргизадиган, ични юмшатиб, мулойимлаштирадиган ва заҳарлар кучини қирқадиган восита тариқасида буюрилади. Ибн Сино бодом мағзини ва бодом мойини қон туфлаш, йўтал, астмага қарши ишлатишни тавсия этган, плеврит, буйрак, қовуқ касалликларида, сийдик йўлларида тошларни тушириш учун буюрган.

Ибн Сино фикрича, бодомнинг ҳамма турлари жигар, талоқ, меъдани тозалайди, мияга яхши таъсир кўрсатиб, кўз қувватини оширади. Табиблар меъда-ичак йўли, ўпка эшитув органининг яллиғланиш касалликларида, камқонлик, уйқусизлик, бош оғриғи, оёқ-қўллар увишишида аччиқ ёки ширин бодом мағзи ва мойини буюришади. Ширин бодом мағзи гепатит касаллигида ҳам ишлатилади: 1 кунда мағизни 5 донадан 3 маҳал ейиш буюрилади, кейин ҳар куни мағизлар сонини 5 донадан ошириб борилади. 15 тага етказилади, шу билан даво курси тугалланади.

Замонавий табобатда бодом мойини қабзият маҳалларида енгил сурги тариқасида ишлатилади. Ундан антисептик ва яллиғланишга қарши восита сифатида, шунингдек атир-упа саноатида ҳам фойдаланилади. Ширин бодом мағзидан тайёрланган эмульсия гиперацид гастритлар, меъданинг яра касаллигида наф беради. Йўтал маҳалида, қорин бураб оғриб турган пайтларда ва асаб бузилган вақтларда аччиқ бодом суви 10-15 томчидан ичиш учун буюрилади. Бодом мойи бадан терисини юмшатиш, сепкил, ҳуснбузарларни йуқотиш учун ҳам ишлатилади.

Аччиқ бодом мағзининг кунжарасидан аччиқ бодом суви деган расмий препарат олиш учун фойдаланилади. Бу препарат меъда-ичак йўли касалликларида тинчлантирадиган ва оғриқни қолдирадиган восита тариқасида ишлатилади. Аччиқ бодом мағзининг зарарли эканлигини айтиб ўтиш керак, чунки унда амигдалин деган заҳарли модда – гликозид бор.

 
Мавзуга оид мақолалар
Вақтисоати етиб, Аллоҳ таоло Муҳаммад мус­тафо соллаллоҳу алайҳи васалламга «Ва яқин қариндошларингни давоми...

07:17 / 10.01.2017 7163
Герпес Шундай хасталиклар аниқланганки, уларга йўлиққан киши бир зум довдираб қолади. Кўпинча улар давоми...

06:41 / 25.11.2016 9443
Бир куни амирул мўминин Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Мадина кўчаларининг бирида чопқиллаб юрган ёш болани давоми...

14:35 / 12.02.2017 6021