
Солимдан, у отасидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ухлаётган пайтингизда уйингизда оловни қолдирманг», дедилар».
Шарҳ: Акс ҳолда ёнғин чиқиши, инсон мол-мулкидан ва ҳатто жонидан ҳам ажралиб қолиши мумкин.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Умар розияллоҳу анҳу: «Олов душмандир, ундан ҳазир бўлинг», деди».
Шарҳ: Ҳар доим ётишдан аввал аҳли-аёллари ётадиган жойлардаги ёниб турган оловларни ўчириб, сўнг ухланг. Бошқа пайтларда ҳам оловга эҳтиёт бўлинг.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уйларингизда оловни қолдирманглар. У душмандир», дедилар».
Шарҳ: Албатта, бу ерда оловни қаровчиз қолдирмаслик ҳақида сўз бормоқда.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мадийнада бир уй кечаси аҳли ичида ёнди. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтилди.
Шунда У зот:
«Албатта, олов сизга душмандир. Қачон ухласангиз, уни ўчиринг», дедилар».
Шарҳ: Бундай ҳодисалар, минг афсуски, ҳозир ҳам бўлиб туради. Бунинг асосий сабаби, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу борадаги тавсияларига амал қилмасликдир.




