Беҳуда гап
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Билгин! Сўзларингни ғийбат, ёлғон, баҳсу жадал ва бошқа юқорида эслатилган офатлардан асрай билсанг, мана шу сен учун чиройли ҳолатдир. На ўзингга, на ўзга мусулмонга зарари тегмайдиган гапни сўзлашинг мубоҳ. Аммо бу сўзларингдан бирон фойда кўзланмас экан, вақтингни зое қилган бўласан, беҳуда нарсаларга тилингни ишлатганинг учун ҳисоб берасан. Бу ишинг яхши нарсани паст нарса билан алмаштириш билан баробардир.

Агар шу беҳуда сўзларга сарфлаган вақтингни фикрлашга сарфлаганингда эди, сенга улуғ туҳфа Аллоҳнинг раҳмати бошинг узра ёғилган бўлар эди. Агар бу беҳуда сўзлар ўрнига тенгию шериги йўқ, яккаю ёлғиз Парвардигорингни «Ла илаҳа иллаллоҳ», «Субҳаналлоҳ» деб поклик билан ёд этганингда, сенга кўп яхшиликлар етарди.

Қанча сўзлар бор, улар туфайли жаннатда қасрлар бино қилинади! Наҳотки инсон, шу сўзлар туфайли хазиналарни қўлга киритиш мумкин бўлган ҳолда, бу боқий бойликларнинг ўрнига бефойда, турган-битгани зиёндан иборат, увадаланиб йўқ бўлиб кетадиган гувалаларни йиғиш билан овора бўлса?!

Бу мисол Аллоҳ таолонинг зикрини тарк этиб, беҳуда гапларга умрини сарфлаётганларга тегишли. Гарчи уларнинг беҳуда сўзлари гуноҳ саналмаса-да, зиён кўраётганлари аниқ. Чунки улар улуғ фойдани – Аллоҳ таолонинг зикрини бой беряптилар. «Албатта, мўминнинг жимлигида фикр, назарида ибрат, нутқида зикр бўлади», деганлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам (Муҳаммад ибн Закариё ривояти).

Вақт мўминнинг сармояси. Уни қанчалик беҳуда нарсаларга сарфласа, у билан охират савоби ғамланмаса, сармояси кучаяди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Эр кишининг Исломи беҳуда нарсаларни тарк қилиш билан бўлади» (Термизий ривояти).

Бундан ҳам кескинроғи Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Уҳуд ғазотида бир бола шаҳид бўлди. Биз уни очликдан қорнига тош боғлаб олган ҳолда топдик. Онаси унинг юзидаги чангни арта туртиб, «Жаннат сенга хуш бўлсин, эй ўғилчам!»– деди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: «Қаердан биласан, балки у беҳуда нарсаларни гапирган, зарарсиз нарсаларни ман қилгандир» (Термизий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда келади. Пайғамбар алайҳиссалом бир куни Каъбни излаб қолдилар. Уни касал дейишди. Расули акрам Каъбни кўргани бордилар. Олдига кириб: «Хурсанд бўл, эй Каъб»,–  дедилар. Шунда Каъбнинг онаси: «Жаннат сенга хуш бўлсин, эй Каъб!» -деди. — Ким бу Аллоҳ номидан гапираётган? – деб сўрадилар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам. — У менинг онам, эй Аллоҳнинг Расули,– жавоб қилди Каъб. — Сен қаердан биласан, эй Каъбнинг онаси! Балки, (ўғлинг) Каъб беҳуда сўзларни гапиргандир, ҳожати йўқ ўринда ман қилгандир, дедилар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам (Ибн Абу Дунё ривояти).

Бунинг маъноси шуки, жаннат хушхабарига муносиб киши ҳисобга тортилмайди. Кимки беҳуда сўзларни гапирган экан, бунинг учун, албатта, ҳисоб беради. Ҳисоб эса азобнинг бир туридир.

Муҳаммад ибн Каъбдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Албатта, мана шу эшикдан кирадиган биринчи одам жаннат аҳлидандир!» Бироздан сўнг у эшикдан Абдуллоҳ ибн Салом кириб келди.

Саҳобалар унинг истиқболига шошиб, хушхабарни етказишди ва: — Қайси амалингдан умидинг кўпроқ, энг ишончли амалингни бизга билдир?! – дейишди. — Мен заифман. Аллоҳдан умид қиладиган энг ишончли нарсам қалб саломатлиги ва менга фойдаси йўқ, бекорчи гаплардан тийилиш, дея жавоб берди Абдуллоҳ ибн Салом» (Ибн Абу Дунё ривояти).

Абу Зарр дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга шундай дедилар: — Баданингга енгил, мезонда оғир амални сенга ўргатайми? — Ҳа, албатта, эй Аллоҳнинг Расули, дедим. — Бу амал ― жим юриш, гўзал ҳулқ ва беҳуда гаплардан тийилишидир, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» (Ибн Абу Дунё ривояти).

Имом Ғаззолийнинг «Тил офатлари» китобидан олинди.

Мавзуга оид мақолалар
Берар бўлсанг жуфтимни агар, Парвардигор, солиҳа ёр бер. Бўлса ҳамки, мискина, безар, Парвардигор, солиҳа давоми...

11:11 / 28.12.2016 3582
embedhttpswww.youtube.comwatchvCr16THAq9G8embed

10:20 / 27.10.2016 3796
Етим бошин силаган Умматим деб йиғлаган Қалби ором билмаган Оламлар пайғамбари Сифатлари айтса кам Дину давоми...

13:28 / 03.07.2018 2821
 Устозим, сизга демоқчи бўлганларим.... Муҳтарам  Устозим  Бугун сизни эсладим... аслида сизни унутганим ҳам давоми...

09:18 / 03.10.2017 7353