БАСИЙРАТНИНГ ДАРАЖАЛАРИ

0 259

Қалб кўзининг шуъласи У Зотнинг сенга яқинлигига сени шоҳид қилади. Қалб кўзининг очилиши сени У Зотнинг мавжудлиги олдида адам эканлигинга шоҳид қилади. Қалб кўзининг ҳақиқати сени У Зотнинг вужудига шоҳид қилади, адамингга ҳам эмас, вужудинга ҳам эмас.

Ўтган ҳикматларимизда басийра ҳақида қисман гаплашиб ўтган эдик. Басар, танадаги кўзнинг кўришига нисбатан бўлиб, моддий нарсаларни кўриш, узоқ-яқинлиги, катта-кичиклиги сингари. Басийра эса қалб кўзидир. Қалблар ҳам ҳар хил бўлади. Одамлар ичига кирсак, турли тоифадаги одамларни кўрамиз. Бизда басийранинг ўрнига: “Фаросатли экан, ҳаким киши экан, узоқни кўра билар экан”, каби жумлалар ишлатилади. Баъзи одамлар бор, шундай оёқ тагида кўриниб турган нарсаниям кўра олмайди. Яъни мулоҳазаси йўқ, ақлини ишлатишни билмайди. Бундай кишилар ҳақида: “Жуда ақли қисқа экан, кўзи кўр экан, дунёқараши тор экан”, дейилади.

Қалб кўзи беш даражага бўлинса, бошланғич иккита даражасида ҳис қилолмаслик бўлса, учтаси басийра даражасидир.

Саҳобалар басийраси ўртасида ҳам даражалар бўлган. Динимиз мукаммал бўлганлиги ҳақидаги оят тушганда кўпчилик хурсанд бўлишган, динимиз мукаммал бўлибди, нусрат келибди, деб. Қалби очиқ, ҳисси, фаросати кучли саҳобаларимиз: “Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг вафотлари яқин келиб қолибди”, деб йиғлашган. Шу боис ҳам басийра бандаларда турлича бўлади. Аҳли илмда, аҳли тасаввуфда кучли бўлади. Бирор ҳодиса рўй берса, унинг ҳикматли, манфаатли ёки салбий томонларини кўра билишади. Оддий одам оддий муҳокама қилиб кетаверади. Мартабага етган, басийраси кучли кишилар эса бошқача фикр юритади. Оддий мисол қилиб Хизр алайҳиссалом билан Мусо алайҳиссаломларнинг қиссасини келтиришимиз мумкин. Ҳазратимизга ҳам бирор ҳодисадан хафа бўлиб гапирсам, шу воқеани айтиб бераверар эдилар: “Биз банда кўзи билан кўрамиз, зоҳиран бошқа, ботинан бошқа нарса бор”.

Кўп бандаларда басийра кучсизланиши оқибатида, фитналар, тушунмовчиликлар, амал қилмасликлар, диндан узоқлашиш кабилар рўй беряпти. Атрофда бўлиб турган нотинчликларга енгил-елпи фикрловчи кўзи кўр кишилар югуриб чиқишди, нусрат бўляпти, демократия бўляпти, деб ҳамма ишни бузишди. Ўша пайтда имом Бутийга ўхшаган басийраси бор, узоқни кўра биладиган имомлар фитналарга алданмасликка, кўзларини очишга, тийилишга одамларни чақиришди. Аммо ҳеч ким бу даъватларга қулоқ солмади.

Басийранинг Аллоҳ таолога нисбатан бўлгандаги даражаларининг биринчиси – басийра шуъласи. Бу басийранинг илк даражаси бўлиб, илм орқали эришилади. Лекин қалб кўзи билан кўролмайди, ҳис қилолмайди, у нарсанинг ичида бўлолмайди. Тарихий ҳодисаларни, пайғамбарлар қиссаси, сийрат илми кабиларни мисол қилсак, биз у пайтда бўлмаганмиз, қолдирилган манбалар орқали билиб оламиз. Ёки Каъбатуллоҳни олсак, китобларда ўқиб, билимга, тасаввурга эга бўламиз.

Аллоҳ таолога нисбатан ҳам шундай, У Зотни билганимиз сари, сифатлари, исмларини билганимиз сари У Зотга қурбат – яқинлик ҳосил қила бошлаймиз. Билимимизни давом эттириб, илм олиб, муроқаба қилиб, бандалик ўрнига қўйилаверса, кейинги даражага ўтиш мумкин экан.

Кейинги даража басийранинг очилиши, боя айтганимиздек, Маккани узоқдан тасаввур қилган бўлсак, энди бу сафар Каъбанинг ўзини кўриб турган инсон каби ҳис қиламиз. Пайғамбаримиз алайҳиссалом яшаган пайтларда, у киши ҳақида эшитган-билган одам, у киши (соллаллоҳу алайҳи вассаллам)нинг ўзларини кўриб турибди. Шу каби қалб ҳам Аллоҳ таолони таний бошлайди, яъни билиш бошқа, таниш бошқа. Билиш бўлганда, Унинг қайсидир маълумотларини эшитган, ўқиган бўлар эди. Таниганда эса янада яқин бўлади. Аввалги даражасида мавжудотларни кўрсангиз, буларни Аллоҳ яратган, чиройли, ранг-баранг экан, Аллоҳ таоло Холиқ Зот У яратган деб, илм жиҳатдан айтилади. Бу мартабада эса нимани кўрсангиз, унда албатта, Аллоҳнинг қудратини кўрасиз. Ҳар нарса сизга фақат Аллоҳни эслатади. Сабаблардан, нарсалардан кўра Аллоҳга қайтилади. Бир ҳодиса бўлса обдон муҳокама қилиб, ундай бўлса эди, бундай бўлса эди, деб охирида хулоса қилиб, кейин: “Аллоҳнинг иродаси экан-да”, дейилмайди бу даражада. Бу даражада, Аллоҳ таоло кўриб тургандай ҳис қилинади, ҳодиса бошланган пайтдаёқ: “Аллоҳнинг иродаси экан, Унинг хоҳиши экан”, дейилади. Ибодатларни бажарганда ҳам ҳамиша Аллоҳ ўзини кўриб тургандай ибодат қилади. Ибодат қилса, “Мен ибодат қилдим”, демайди, “Аллоҳ мени ибодат қилдирди”, дейди. Ўзининг вужудини унутади, яъни “мен” деган нарса “ўлади”.

Аммо амалларга суяниб қолмаслик экан.  Бу даражадан ҳам юксалса, қалб кўзи ҳақиқати даражасига чиқилади. Бу даражада Аллоҳ таоло ҳис қилиб турилади. Энди тўсиқ ҳам қолмайди. Вужудини энди йўқ деб ҳис қилмайди, Аллоҳ таолога янада яқинлашади. Бу даража жуда ҳам кам бандаларга насиб қиладиган, анбиёларда, авлиёларда, валий зотларда бўладиган даражадир.

Одинахон Муҳаммад Юсуф

Баҳам кўринг

Leave A Reply