Баҳсу мужодала

0 1 248

Ривоят қилинишича: «Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ Довуд Тоийга:

— Нега ёлғизликни ихтиёр қилдинг? – деб сўради.

— Баҳсу жадални тарк этиш билан нафсимга қарши курашяпман, — жавоб берди Довуд Тоий.
— Майли, гапирмасанг ҳам мажлисларда қатнашиб, айтилганларни тинглаганинг яхшироқ эмасми?!
— Қилиб кўрдим, бу узлатда нафсга қарши курашишдан ҳам оғирроқ экан, — деди Довуд Тоий».

Ҳа, бировнинг нотўғри гапираётганини эшитиб, уни тузатишга қодир бўла туриб, жим туриш тоқат қилиб бўлмайдиган даражада оғир. Шунинг учун Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: « Кимки ҳақ бўлатуриб, баҳсу жадални тарк этса, Аллоҳ унинг учун жаннати аълода бир уй бино қилади», деганлар. Негаки, бундан нафс қийналади. Айниқса, мазҳаб ва ақида масалалари тортишувга сабаб бўлса.

Агар кимки тортишиб савоб қозонаман, деб ўйласа, бу аниқ хатодир. Инсон аҳли қибладан тилини тиймоғи лозим. Агар бидъатчини кўрса, унга ҳам баҳсу жадал йўли билан эмас, балки чеккароққа чорлаб, мулойимлик билан насиҳат қилсин. Чунки баҳс уни ҳар хил хаёлларга олиб боради, булар ҳийла билан мени чалғитишмоқчи, деб ўйлайди ва жадални кучайтиради. Қарабсанки, тортишув туфайли унинг қалбида бидъат янада маҳкамроқ ўрнашади. Агар насиҳат кор қилмаса, нафсинг билан машғул бўл, уни тарк эт.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аҳли қибладан тилини тийган кишига Аллоҳнинг раҳмати ёғилсин. Улар ҳақида имкони борича фақат яхши гапларни гапирсин» (Ибн Абу Дунё ривояти).
«Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзларни етти марта такрор айтган эдилар» – дейди Ҳишом ибн Урва.

Баҳсу жадалга одатланиб, ҳатто бу феъли учун одамлардан мақтовлар эшитаётган, нафсида ғолиблик ҳиссини туя бошлаган кишининг ҳалокати яқин. Ғазаб, кибр, риё, мансабга муҳаббат, фазилати билан фахрланиш каби иллатлар қуршовида энди унинг ҳалокатдан қутулиш имкони йўқ.

Бу иллатларнинг биттаси билан курашиш қанчалик машаққат, агар улар бирлашса, аҳвол нима бўлади?!
Шариатимиз ортиқча баҳсу тортишувлардан қайтаради. Баҳсу жадал ўзганинг ҳар бир сўзига эътироз билдираверишдан туғилади. Яъни тортишувчан киши айтилаётган гапнинг сўзларида ёки маъносида, ё гапирувчининг мақсадида нотўғрилик бор, деган гумон билан суҳбатдошига қарши чиқаверади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Биродаринг билан тортишма, уни мазах қилма, сўз бериб, кейин унга хилоф қиладиган ваъдани берма» (Термизий ривояти).

Яна У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: « Баҳсу мунозарани тарк қилинглар. Чунки мунозара ҳикматини билмайсиз ва унинг фитнасидан (тўла) сақланишга ҳам қодир эмассиз» (Табароний ривояти).

Аслида даҳанаки тортишув такаббурлик ва кераксиз жанговарликдан келиб чиқади. Тортишувчи илм ва фазилатини намойиш этиш билан кибрга кетади. Бировнинг нуқсонини ошкор этиш учун унга ташланади. Кибр ҳам ўзгага ташланишга ундайдиган ёвузлик ҳамда нафснинг истаги, балки нафсга қувват берувчи иллатлардир.

Фазилатини, яъни ўзининг бошқалардан афзал томонини кўрсатишга тиришиш ― улуғлик ва буюкликни даъво қилишдан бошқа нарса эмас. Ўзгани айблайверадиган кишининг табиатида ёвузлик устун бўлади.

Ибн Абу Дунё ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Роббимнинг энг аввал менга топширган ва бутларга сиғиниш, маст қилувчи ичимлик ичишдан сўнг мени қайтарган нарсаси – кишилар билан баҳсу мунозарага киришмаслик эди».
Яна айтадилар: «Ўзи ҳақ бўла туриб, баҳсу мунозарадан кеча оладиган бўлмагунча, банданинг иймони комил бўлмайди».

Имом Ғаззолийнинг «Тил офатлари» китобидан олинди.

Баҳам кўринг

Leave A Reply