БАҲСЛАШИШНИНГ БЕШ ОДОБИ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Интернетдаги баҳслар ҳақида...

Инсон янги нарсани ўрганар экан, уни атрофидагиларга етказгиси келади. Айниқса, диний масалалар кўпинча одамнинг ҳиссиётлари билан боғлиқ бўлгани учун кўпчилик билимларини тезроқ бошқалар билан баҳам кўришга шошилади. Бугунги кунимизда бу борада интернет сарҳадлари асосий майдонга айланди. Айниқса, ўсмирлар, ғайрати жўшиб турган ёшларнинг ўзаро баҳслашишларига тез-тез гувоҳ бўламиз. Уларнинг ниятлари қанчалар холис бўлмасин, бу каби баҳс ва мунозаралар баъзан салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу билан инсон баҳслашаётган кишисини нафақат яхшиликка чақира олмаслиги, балки диндан айнитиб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас. Қуйида «Қандай қилиб?» деган саволга жавоб излаймиз.

  1. Ниятингизни текшириб олинг.

Биров билан баҳсга киришишдан аввал ўзингизга бир назар солиб, аниқлаштириб олинг – мақсадингиз ростдан ҳам унга ҳақиқатни англашда ёрдам бериш, динимиз чиройини намоён қилишми? Ёки қалбингиз тубида ўзингизни, билимингизни кўрсатиб қўйиш, рақибни пастга уриш, сизни ўқийдиганлар назарида мавқеингизни ошириб олиш истаги ҳам яширинганми?

Барчамизга маълум бўлган ҳадисда бежизга «Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир. Ва, албатта, ҳар бир инсонга ният қилган нарсаси бўлади», дейилмаган. Яъни, агар ниятингиз паст бўлса, баҳсда ғолиб бўлмаслигингиз турган гап. Аксинча, ўзингизни (ундан ҳам ёмони, динингизни) хунук кўрсатганингиз қолади.

Бу каби баҳслар тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки олимлар олдида фахрланиш ёки тортишиш ёхуд аҳмоқлар ила баҳслашиш, ё бўлмаса, одамларни ўзига қаратиш учун илм олган бўлса, унинг жойи оташи дўзахдадир», деганлар (Имом Термизий ривояти).

Агар чиндан ҳам бировга ниманидир ўргатмоқчи, тушунтирмоқчи бўлсангиз, Исломни етказмоқчи бўлсангиз, кейинги нуқтага эътибор қаратинг.

  1. Ўзингизда етарли билим бўлмай туриб, баҳсга киришманг.

Сиз кишиларга Исломдан сўзламоқчисиз. Ўзингиз уни яхши биласизми? Агар сизга савол берилса-ю, жавобини билмасангиз, нима қиласиз? Мабодо, сиз паст кетмай, нотўғри жавоб берадиган бўлсангиз, бировларни ҳам чалкаштириб қўясиз, шу билан бирга унда диндор кишилар ҳақида нотўғри тасаввур ҳосил қилишингиз ҳам мумкин. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

«Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиш учун тилларингиз васф қилган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар. Албатта, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқувчилар нажот топмаслар», дея огоҳлантирган (Наҳл сураси, 116-оят).

Шунингдек, агар суҳбатдошингиз ақлли ва мулоҳазакор инсон бўлса, бирор чалғитувчи савол билан ҳам мот қилиб қўйиши ҳеч гап эмас. Албатта, динимизда ҳар бир саволга жавоб бор. Бироқ шахсан сиз уни билмайсиз, натижада ўзингизнинг динингиз ҳақида гумонга бориб қолишингиз ҳам мумкин.

Шундай қилиб, агар сизда етарлича билим бўлмаса, биладиган инсонларга йўллаб қўйишингиз энг тўғри қарор бўлади.

  1. Баҳсга киришаётган инсон баҳс мавзуси ҳақида, хусусан, рақибининг нуқтаи назари тўғрисида етарлича тасаввурга эга бўлиши керак.

Мисол учун шифокор ёки физика бўйича мутахассис билан баҳсга киришмоқчисиз. Сиз у биладиган илмларни биласизми? Ёки тасаввурингиз у ёқ-бу ёқдан эшитган нарсаларингиз, «Фалончихон шунақа деган эди» каби аргументлардан иборатми? Сиз ҳамсуҳбатингизга «Сизлар мана шундай деб даъво қиласиз, бу нотўғри», десангиз-у, у эса ҳайрон бўлиб: «Мен ҳеч қачон бундай демаганман», деб турса, қандай бўлади?

  1. Сабрсиз бўлманг.

Тезкор натижалар кутманг. Сиз бировга ўзингизнинг нуқтаи назарингиз ҳақидаги ёлғон тасаввурларини пучга чиқаришингиз, тўғри маълумотни етказишингиз мумкин. Лекин унинг «Ҳа, мен энди тушундим, хато ўйлар эканман», дейишини кутиш нотўғри. Агар сиз унинг ўз қарашлари ҳақида бирор шубҳа уйғота олган бўлсангиз ҳам, бир кунда инсоннинг фикри ўзгариб қолмайди.

  1. Ҳидоят йўли - инсон қиладиган иш эмас.

Инсонларнинг қалбини ёлғиз Аллоҳ таоло ўзгартира олади. Биз бунда фақатгина бир восита бўлишимиз мумкин. Шундай экан, бизнинг вазифамиз – ҳақиқатни етказиш, инсонларни чўчитиб қўйиш эмас. Эсланг, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларининг севимли амакилари Абу Толибни ишонтира олмаган эдилар:

«Албатта, сен ўзинг севган кишингни ҳидоят қила олмассан. Лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани ҳидоят қилур. У ҳидоятга юрувчиларни яхши билгувчи Зотдир» (Қасос сураси, 56-оят).

Ўз сўзларингиз ва хулқингиз билан инсонни диндан узоқлаштириб қўйманг.

Баҳсда қуйидагилардан четда бўлинг:

  • Қўполлик қилиш, ҳамсуҳбатни ерга уриш, жинси, ёши, касби ёки миллатини шаъма қилиб, шахсиятига ўтиш.
  • Бировнинг эътиқодини ҳақорат қилиш, диний эътиқоди устидан кулиш. Биз учун Ислом қандай азиз бўлса, бировнинг эътиқоди ўзи учун шундай азиз. Шунинг учун эътиқодига қаратилган ҳақорат шахсиятига қаратилганидан кўра оғирроқ ботади. Бундай ҳолатдан сўнг инсон сизнинг сўзларингизни, ҳатто улар энг тўғри бўлса ҳам, эшитиб, тушунишни истамайди.

Агар суҳбатдошингиз ўзини шундай тутаётган бўлса, баҳсни тарк қилинг – демак, у асосли суҳбатга тайёр эмас, шунчаки баҳслашиб қўймоқчи. Ўзингиз ҳам бу хулқдан қочинг, шундай хулқли инсонлардан узоқроқ ҳам юринг. «Ўзи биринчи бошлаган» бўлса ҳам, унинг савиясига тушиб, нолойиқ сўзларни сўзламанг.

Умуман, инсон ҳамиша ўзини эҳтиёткорона тутгани маъқул. Унутманг, сиз фақат ўзингизни эмас, динингизни ҳам намоён қиласиз. Сизнинг хулқингизга қараб диндорларга баҳо беришади. Қуръони каримда тўғри баҳслашиш ҳақида шундай дейилади:

«Ва улар ила гўзал услубда мунозара қил» (Наҳл сураси, 125-оят).

Бундай мунозараларнинг яна бир завқли томони бор: бу – мақсад йўлида ҳар қандай восита яхши, дея ҳисоблашдир. Баъзилар агар мақсадлари энг эзгу йўлда бўлса, унга эришиш учун нима қилсам ҳам, тўғри бўлади: айёрлик қилиш, фактларни нотўғри ишлатиш, ёлғон гапириш мумкин, деб ўйлашади. Бу жуда катта хато.

Мана булар ҳам четланиш лозим бўлган нохолис баҳс усулларидан баъзилари:

  • Матндан бир қисмини қирқиб олиб, иқтибос келтириш.
  • Икки тарафлама, иккиюзлама бўлиш, бир нарсани икки хил стандарт билан ўлчаш.
  • Алоҳида кишиларнинг хатти-ҳаракатларини уларнинг эътиқоди билан боғлаш.
  • Танлаб таққослаш, урғуни фақат салбий жиҳатга бериш (хунук кўрсатиш учун қарши тарафдан ўзига манфаатлисини танлаб, қолганини инкор қилиш).

Умуман, агар мажбур бўлиб қолмасангиз, баҳслашмасликка ҳаракат қилинг. Кимнингдир нотўғри иш қилаётганини исботлашга биз масъул эмасмиз. Иккинчи даражали нарсаларни деб ўзимизнинг зиммамиздаги муҳим ишлардан чалғимаслигимиз керак.

Аллоҳ таоло бизни ҳақни ҳақ деб кўриб, унга эргашишга, ёлғонни ёлғон деб кўриб, ундан четланишга муваффақ қилсин.

 Муслима (Анна) Кобулова мақоласи асосида тайёрланди.

Мавзуга оид мақолалар
Хабар берилишича, Ўзбекистон делегациясининг Саудия Арабистонга қилган ташрифида Ўзбекистондан 5200 та давоми...

05:23 / 23.01.2017 2536
«Ҳилолнашр» матбаасининг фаолияти юксак баҳоланди  Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинким, халқимизнинг давоми...

08:38 / 24.12.2016 2807
«Ҳаммамиз Аллоҳникимиз Ҳаммамиз Аллоҳга қайтажакмиз» Бирозгина олдин Ўзбекистон уламоларининг улуғи, давоми...

17:58 / 02.02.2017 4499
 Словения Президенти Ильинка Баратосак Словенияда қуриладиган биринчи масжид ҳақида хабар берди. 2016 давоми...

13:08 / 21.01.2017 2393