Айрилиқ ҳижрони

0 1 359

Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар, Расулуллоҳ алайҳиссаломга дуруду салавотлар, устозларга саломлар бўлсин!

“Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража – мартабаларга кўтарур”. (Моида сураси, 11 оят)

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, динда фақиҳ қилиб қўяди”, — дедилар.

(Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар инсон вафот этса, унинг амали тўхтаб қолади. Фақат 3 нарсада тўхтамайди, яъни номаи аъмолига ёзилиб боради: (1) Садақаи жория, яъни манфаати етадиган йўлда қилинган садақа, эҳсон. (2) Манфаатли илм, яъни таълим берилган илм ва ёзиб қолдирилган асар. (3) Ота-онасига дуо қилувчи солиҳ фарзанднинг ортда қолдирилиши”, — деб айтдилар. (Имом Муслим ривояти)

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илм талабида бир йўлга қадам қўйса, Аллоҳ таоло у бандага жаннат йўлини осон қилади. Албатта, фаришталар толиби илм қилаётган кишидан рози бўлиб, (юраётган йўлига) қанотларини ёзиб туришади. Олим учун еру осмондаги нарсалар, ҳаттоки сувдаги балиқлар ҳам истиғфор (гуноҳининг кечирилишини) талаб қилишади. Обидга қараганда олимнинг фазли бошқа юлдузларга қараганда (тўлин) ойнинг фазлига ўхшайди. Албатта, уламолар пайғамбарларнинг меросхўридир. Ўша пайғамбарлар динор ёки дирҳам мерос қолдирмайди. Балки улар илмни мерос қолдиришади. Ким мол-дунё ўрнига илмни олса, ҳаммадан зиёда тақсимни қўлга киритибди”, — дедилар.

(Абу Довуд ва Термизий ривоятлари)

ШАЙХ ҲАЗРАТЛАРИ ХОТИРАСИГА МОНОЛОГ

Ҳазрати Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳматуллоҳи алайҳи…

Бугун Ислом оламида мусибат… Бугун уммат ичра маҳзунлик…

Мана Ҳазратимизнинг вафотларига бир неча кун ўтди ҳамки, ўз мусибатимиздай дилларимиз ўртанмоқда. Ҳақиқатдан бу бизнинг мусибат… Улуғ мусибат…

Аллоҳ ва Расули рост сўзловчидир. Мана бугун Аллоҳнинг ваъдасини, Расулуллоҳ сўзларининг далилларини англаб турибмиз.

Эй, Она ер! Эй, Она тупроқ! Бугун бағрингда Аллоҳнинг энг суюкли бандаларидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг суюкли умматларидан бири ором олмоқда! Сен нақадар бахтлисан! Эй, Она ер! Эй, Она тупроқ!

Бугун буюк халқнинг, буюк аждоднинг буюк вакили – муносиб вориси, умматнинг сарбони орамизда йўқ! Гўё дунё қоронғу зулматга кириб қолгандай… Гўё онасини йўқотиб қўйган гўдакдай…

Эй осмон! Сен ҳар куни тўйиб-тўйиб боқувчи бир банда бугун ер остида ором олмоқда. Энди сен уни қачон кўрасан? Қачон яна тўйиб-тўйиб боқасан? Соғинмайсанми, эй, осмон?

Олимларнинг фазли ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисига асосланиб Имом Абу Ҳомид Ғаззолий ҳазратлари айтадилар: “Ҳар биримизга маълумки, пайғамбарлик рутбасидан устун рутба ва бу рутбага ворис бўлиш шарафидан устун шараф йўқ”.

Эй, азиз устоз! Эй, Аллоҳ ардоқлаган зот! Қуръони Каримда мадҳ этилган сифатлар соҳиби бўлган ҳазратим!

Имом Шофеъий шундай дейдилар: “Ким, Қуръон ўрганса, қадри ортади. Ким, фиқҳ ўрганса, ҳурмати ошади. Ким, ҳадис ўрганса, ҳужжати кучли бўлади. Ким, ҳисоб ўрганса, фикри ёрқинлашади. Ким, ажойиб нарсаларни ўрганса, юмшоқ табиатли бўлади. Ким, нафсини тақводор қилолмаса, илми унга фойда бермайди”.

Эй, ҳазрати устоз! Эй қадри ортган, ҳурмати ошган, ҳужжати кучли бўлган, фикри ёрқин, юмшоқ табиатли ва ҳамда нафсини тақводор қилиб, илми фойда берган Устоз! Охиратингиз нурли бўлсин! Аллоҳ амалларингиздан рози бўлсин!

Шайх ҳазратларимизнинг вафотларидан кейин Расулуллоҳнинг ушбу ҳадислари бағримни ўртади: “Албатта, Аллоҳ Қиёматга яқин илмни кишилар қалбидан тортиб олиш билан суғуриб ташламайди. Балки уламоларни вафот эттириш билан барҳам беради. Ҳатто олимлар қолмайди. Одамлар эса жоҳилларни ўзларига бошлиқ қилиб олишади. Кейин улардан диний масалалар сўралса, илмсиз фатво беришади. Бу билан ўзлари ҳам адашиб, бошқаларни ҳам адаштирадилар”.

Эй Аллоҳим! Эй марҳаматли, карами кенг Зот! Ўзинг бизларга марҳамат кўрсат! Илмни биздан кўтарма, жоҳилларни устимизга раҳбар қилма! Илм аҳлларини орамизда кўпайтир! Дуоларимизни қабул эт, эй Меҳрибон ва Раҳмли Зот!

Азиз мусулмон биродарларим! Олимларимизнинг қадрига борида  етайлик, улар бизга ғанимат экан!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари шубҳасиз қалбларимизда тирик ва мангудир. Кимнингки қалби тирик экан, у каби зотлар мангу яшайверишади. Уларнинг кўрсатмалари жаннат йўлларини яқинлаштиради. Илоҳо, бизни ҳам уларга муносиб қилсин!”.

Раҳимжон АЛИЖОН ЎҒЛИ

Мавлоно Жалолиддин Румий номидаги халқаро илмий-маърифий Фонднинг

 иқтидорли ёшлар бўлими раҳбари

Баҳам кўринг

Leave A Reply