Аёлнинг меҳнати ва таҳсил вазияти
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аёлнинг ўзи ва оиласи учун ризқ-насиба излаш мақсадида меҳнати ёки уммат учун фойдали бир соҳада тадқиқ ва таҳлилда қатнашиши, таҳсил олиши, таҳсил бериши ҳақида Исломнинг ҳукми эркаклар билан айнидир. Яъни бу масалада эркак ва аёллар бошқа соҳаларда бўлгани каби тенгдирлар.

Ислом таълимотининг қайси бир ҳукмига назар солманг, аёл меҳнати ва таҳсил олишини ман этадиган, таъқиқлайдиган жойини тополмайсиз. Агар бу хусусда бирор нарса учрайдиган бўлса, у ҳам бўлса ҳаромларга боғланиш эҳтимолини йўқотиш учундир. Масалан, эркаклар ёнида Исломнинг аёллар учун қўйган қоидаларини бажариш имконидан маҳрум қилса ёки унинг меҳнати эркакларнинг ишлаш ва ризқ йўлларини кесса, торайтирса, бу ҳолларда аёллар учун чегаралаш бордир.

Чунки бу каби ҳолатлар бирикиши натижасида эркакларнинг, хусусан, оилаларига даҳлдор масалалари қаршисида, умуман эса Ислом умматининг йирик масалалари қаршисидаги масъулиятларини идрок этишлари жиҳатидан муаммоларга сабаб бўлади. Бу масала ушбу машҳур қоидага боғлиқдир: «Вожибнинг фақат ўзи билан тамомланган ҳар нарса вожибдир. Аммо бирор ҳаромнинг аралашуви туфайли рўёбга чиққан ҳар нарса ҳаромдир».

Яъни қилинадиган иш нақадар қонуний ва ҳатто шарафли бўлса-да, аёлнинг шариатда белгиланган вазифаларига риоя қилишига тўсиқ қўйса ёки оятда зикр этилган яқин эркаклардан ташқари, бегона эркакларнинг ёнига ўралмасдан чиқишга мажбур бўлса, бундай иш ўз-ўзидан соқит бўлади. Бу вазиятга тушиш эркакларга ҳамда аёлларга мутлақ ҳаромдир. Чунки бу каби ҳолда баробар бўлишлари аёлнинг у ердаги эркаклар олдида яланғочлик гуноҳига ботиши, эркакларнинг ҳам унга тикилиши, у билан суҳбатда бўлиши туфайли фитнага тушиш эҳтимоли ҳисобидан ҳар икки томон ҳам гуноҳ қилган бўладилар.

Аслида аёл меҳнати ҳалол бўлишига қарамай, Ислом динининг аёл ва эркак орасида тақсимлаган ижтимоий талаб ва масъуллик тарозисининг палласида ўзгариш сезилса, шу заҳоти аёл меҳнати таъқиқланади. Бу фикрларимизни бироз тушунтирадиган бўлсак, қуйидагиларни айтишимиз мумкин. Ислом шариати икки жинснинг (аёл ва эркак) муносабатлари чегараларини белгилар экан, уйланиш шартини қўйиб, қонуний асосларга таянади. Бу жинслардан бири фақат изланган (матлуб) бўлиб, у дастурга хизмат этади. Бошқаси эса изловчи (толиб) бўлиб, у ғоя йўлида ижтимоий яшаш тарзини тартибга солиб, шарафлари ва иззатларини муҳофаза қилади.

Акс ҳолда бу муносабатлардан кутилган тенглик низоми бузилади. Бу алоқалар соғлом жинсий тамаллар асосига қурилиши, икки жинсининг муносабатлари бу йўл билан, яъни никоҳ билан қонунлаштирилиб ва шу йўл билан рўёбга чиқади. Бу усул (бирининг матлуб, иккинчисининг толиб) бўлиши икки жинснинг алоқаларини ўрнатишда, тартибга солишда ягона кўприкдир. Фақат барча шартлар ва чегараланишларга риоя этган ҳолда кўприкдан ўтилса, ўшанда бу низом соғлом ҳолда ривожланади. Шундай қилиб ғоя бўлган бошқа жинс изланади.

Демак, қайси бирининг изланишини билмоғимиз лозим? Аёлнингми, эркакнингми? Юқорида эслатиб ўтилган соғлом низом рўёбга чиқишида энг саҳиҳ йўл аёлнинг доимо изланган, эркакнинг эса доимо излаган (қўлга киритишни) истаган тарафда бўлишларида яшириндир.Чунки аёл ўзини қарши жинсни, эрини излашга элтадиган бир руҳий ҳолат ичида бўлса, жинсияти билан алоқадор хусусий ва фитрий аниқлигини йўқотади.

Илло, бунинг сабаби ушбудир: Аллоҳ таоло аёлни эркакдан завқ ва роҳат оладиган тузилишда эмас, балки яна ҳам зиёда —эркакка завқ ва шавқ берувчи бир тузилишда яратгандир. Ўзини бу шаклда кўриб, қабул этса ва эркакнинг ҳам бу туйғуларни қабул этганини бутун туйғулари ила ҳис қила олса, севинч ва роҳатга қовушади. Зотан, ана шу сабабдан ҳам севги ташаббуслари, кўнгил овлаш уринишлари кўп ҳолларда эркак тарафидан содир бўлади. Аёл эса бу таъсир фаолиятларга ёқимлилик ва нозлилик доирасида жавоб беради.

Бу масаланинг бир тарафи... Бошқа тарафи эса эркак аёл жинсининг ўзини излаган, яъни фаол табақа эканлигини кўрса ва у ёки бу ҳолда аёлларнинг ўзига суйкалганини мушоҳада этса, юқорида зикр этганимиз комил маънодаги табиий гўзалликлар мажмуаси бузилади, мувозанат йўқолади. Қоида ва низомнинг устунлиги негизи таъсирини йўқотади. Чунки модомики аёл эркакни излар экан, табиийки, унинг дунёсига суқилиб боради. Шундай экан, эркак нима учун ўзини бирор бир тартибга, низомли ҳаётга мажбур этсин? Нима сабабдан шаръий низомнинг талаблари асосида никоҳ риштасига боғлансин? Зотан, арз ва талаб қонунининг мантиғи бу нарсани қабул қилолмайди.

Ғарб ҳаёт тарзи ҳукмрон бўлган бир қатор минтақаларда шу қадар ваҳимали воқеалар майдонга келмоқдаки, аксарият ҳолда аёл эркакни изламоқ, талаб этмоқ вазиятига тушмоқда.(Ҳаёт тарзи аёлларни бу ҳолга тушишга мажбурламоқда. Бунга мисоллар кўпдир. Бунинг сабабларини ғарбликларнинг ҳаётга қараш мантиғидан изланиши керак.)

Хўш, бунинг натижалари қандай бўлмоқда? Бир аёлнинг ўзига ҳақиқий эр топгунига қадар неча бор алдангани ва қанча эркак томонидан ўйнатилганини англаган пайтимизда бу саволнинг жавобини осонгина топамиз. Бундай ҳаёт тарзининг оқибати, яъни аёлнинг эркак излаши (бу ерда ғарб кўчаларидаги аҳвол ҳақида гап бормоқда), эркакнинг ортидан қувиб юриши натижасини эркаклар ҳам кўрдилар. Лаззат фурсатлари оёқларига келди ҳам, осонлашиб, кўпайди ҳам. Ҳатто бу борада аёлларни роҳатсиз этмоқдалар, яъни уйланишдан қочиб, аёллар ўзларини кўпроқ излашини ва орзу қилишини истамоқдалар.

Демак, кўриниб турибдики, аёлнинг эр излашга чиқиши унинг йўқотишнинг энг аҳамиятли сабабларидан биридир. Жинсий эркинлик бир қанча омиллар сабабли ёйилгандир. Бироқ бу таъкидлаганимиз сабаб энг аҳамиятли омилдир. Яна оила ҳам бир қанча сабаблар туфайли бузилади. Фақат бу айни сабаб мазкур табақада энг муҳим бузилиш омили ҳисобланади.

Амалда бу нуқтада аёл масъуд (бахтли) бўлиш эҳтимоли жуда оз. Чунки гўзал ва қадрли, шодликларга тўлиб тошган оилали бўлишни, тартибли бир хонадон соҳибаси омадини йўқотгандир. Бироқ унутмаслик лозимки, асосий сабаб ҳеч шубҳасиз, аёлнинг эр қидириб чиқишидир. Демак, қонуний оила доирасида эркак ва аёлнинг жинсий алоқаларини назорат остида тута билмоқ, чизгидан тойишни тўхтатмоқ, эркак аёлни излаган пайтида, яъни фаол табақа бўлиш афзаллигини муҳофаза қилган вақтда, аёл эса изланган, яъни пассив табақа бўлган вақтдагина мумкиндир.

Шундай экан, бу тартиб амалга ошишини қайси дастур кафолат остига олади? Бу кафолатни Ислом шариатининг инфоқ (ҳаржлама, эҳсон) сиёсати амалга оширмоқда. Эркак аёлнинг зарурий эҳтиёжлари юзасидан мутлақ масъулдир, уни қаноатлантирмоқ мажбуриятидадир. Эркак унинг хоҳ эри, хоҳ отаси, хоҳ бошқа бир қариндоши бўлсин, ана шу масъулият доимо унинг зиммасида бўлади. Яъни аёл ўз маҳрини тўла олади. Эркакнинг бу маҳрни олиш ёки унга шерик бўлиш ҳаққи йўқдир. Ҳатто турли-туман йўллар билан аёлдан бу ҳақни исташи ман этилади. Зотан, бунинг учун ҳам эркак мерос пайтида аёлга нисбатан икки ҳисса кўп олади. Чунки эркак насибининг ярмисини балки ярмидан ҳам кўпроғини илоҳий фармон билан кесади ва аёлнинг улушига қўшади.

Амалда бундай асосни сақлаб қолишда молиявий низомнинг аҳамияти бениҳоядир. Кундалик фаолиятда иқтисодий бир ҳақиқат бор. Бировдан бир нарса истаган киши, агар бу нарса унинг эҳтиёжини қондирса, бу ҳол ўзидан бир нарса сўралган тарафга сўралган нарсанинг ўринини босадиган ҳақ ва қиймат талаб этмоқ ҳаққини беради. Соддалаштириб айтганимизда бир нарсани истаган киши, унинг ўрнини қоплаш, тўлаш мажбуриятидадир.

Маҳр ва эҳтиёжларнинг устига уйланиш учун бошқа керак бўлган ҳаржларни ҳам эркак тўлашини, аёл ва эркак аёлни яхши билиб, қабул этса, аёлнинг келиб эркакни исташига, унинг ортидан қувишига жасорат қолмайди. Чунки бу истаги ҳам эрга ҳамда маҳрга эҳтиёжи борлигини эълон қилмоқ демакдир. Қолаверса, бу арз ва талаб қонунларига манфаатлар тақсим мезонига тескаридир. Бу қусурли бир хатти-ҳаракатдир. Кўриниб турибдики, уйланишнинг моддий асосини қурмоқ фақат эркакка хосдир. Бунинг ҳал этилиши фақат шаръий негизлар доирасида қулайлашади.

Ҳозир баъзи Европа ўлкаларида бўлгани каби маҳр ва уйланиш учун керакли нарсаларни эркак ва аёл орасида муштарак ёҳуд аёл тарафидан ўталиши оддий ҳол эканлигини жамият ҳам қабул қилмоқда. Бу вазиятда тадрижий ўлароқ масала орқасига қайтади. Эркак уйланишни истамайди. Ўз роҳатини кутиб, яна ҳам яхшироқ фурсатларни кутишга берилади. Уйланиш учун истак туйғуси бўлса-да, атайлабдан орзусини сақлайди. Буни кўрган қарши томонда мусобақа шиддатли тус олади. Чунки эрга эга бўлиш бойлигини ва ўзини кўз-кўз қилиш билан амалга ошади. Бундан кейин ёмон натижалар усма-уст ёғилиб келаверади.

(Буларга тўхталишдан мақсадимиз яхши бир оила қурмоқ учун эркак ва аёл орасидаги ўзаро моддий ёрдамлашишини ман этиш эмас. Истаймизки, бу ҳамкорлик Ислом хоҳлагани каби мукаррам бўлсин. Фақат Ислом шариати ахлоқ доирасида ва эркин шахсият чегаралари ичида эркак ила аёл орасида муҳаббат бўлишини истайди. Тарафлар орасида манфаат тушунчасидан бошқа нарса бўлмаслигини истамайди. Буни қонуний йўллар билан мажбурий қилмайди.)

Мавзуимизнинг асли аёл меҳнати ҳалол бўлишига қарамай, эркак ва хотин орасида мувозанатни сақлаган масалалардан муаммо, масъулият ўртага келган тақдирда ҳаромга айланиши сабаблари, натижалари таҳлил этишдир. Унда аёл меҳнатига муносабатнинг бунга нима алоқаси бор? Бу келтирилган изтироб мисоллари, воқеаларга аёл меҳнатининг даҳли нима?

Бизнинг атрофлича, ҳар жиҳатдан англатишдан мақсадимиз шуки, аёл доим изланган, қадрланган, эъзозланган тараф бўлишини, эркак эса доимо излаган тараф эканлигини идрокда сақлашини таъкидлаш, бунга даъват ва бундан чекинмасликка огоҳ этишдир. Чунки ҳаётнинг асоси бу масала устига қурилади. Ҳаром аралашмаган оила гўзалдир. Бу оиланинг болалари ҳам аёл ким, эркак ким, уларнинг ўрни қаерда, вазифаси нимадан иборат, буни яхши биладилар. Шунга қарамай, биз бу мавзуни такрорлаймиз. Чунки бугун мувозанат бузилмоқда.

Юқорида эркак толиб, аёл матлуб бўлиши кафолат остига олиниши учун эркак ҳаржловчи ва инфоқ берувчи бўлиши керак деган эдик. Шундай савол туғилади. Жуда яхши, эҳтиёж юкларини ташийдиган тараф доимо эркак бўлиши керак экан, аёл ҳам бунда иштирок этиши учун қандай шартлар бор?

Бу ерда шуни айтиш керакки, пичоқ суякка қадалгунга қадар аёлнинг иш майдонларига тушмагани тўғри йўлни сақлашнинг кафолатидир. Чунки аёл мол излаб, ризқ тўплашга киришса, эркак ёнида баробар ишласа, энг аввало, бу эркакнинг меҳнат имкониятларини камайтиради.(Бугун шуни очиқча кўряпмизки,  аёл ишчининг меҳнат ҳаққи оз сақланишида унинг даромади оилага етмаслигини назарда тутиб, атайлаб уни кам ҳаққа боғлаб қўйганлар.)

Бундай ҳолда эркакнинг моддий масъулияти ва ризқ йўлида алоқа ва мувозанат ҳам бузилади. Чунки аёл ишлагани билан эркакнинг масъулияти айнан турибди, фақат ризқ майдони тугайди, холос. Бу хусусдан катта муаммо келиб чиқади. Юзаки тушунчага соҳиб бўлганлар бу муаммонинг ечими учун аёлнинг эркак билан баробар ишлаши масъулиятни ҳам баробар ташиши кераклигини афзал кўрадилар. Бошқа масалаларда ҳам аёл эркакка шерик бўлиши керак, дейдилар.

Демак, аёлнинг эркакнинг барча ишларида иштирок этишига, зарурий ҳолларда уйланишнинг моддий асосларини ҳам кўтаришига сабаб туғилади. Бундан кейин бу иш тўғри йўлдан тойишига олиб келадиган омилга айланади. Натижада аёл ўзи эр қидириш ҳолатига тушади ва уни излаб юради. Топгани билан яна йўқотаверади. Эр ўрнига бир-икки кунлик ўйнашга соҳиб бўлади. Ҳатто бундай «дўст»бир неча соатлик бўлиши ҳам мумкин... Шунинг учун деймизки, аёлнинг меҳнати, ишлаши, ризқ қидириши ҳалол, бу нуқтаи назардан у билан эркак орасида фарқ йўқ. Лекин бу кейинчалик бир ҳаром пайдо бўлишининг сабабига айланади. Бу натижа икки сабаб туфайли ҳаромга йўл очади:

1. Аёл Аллоҳ таолонинг буюргани каби ўраниб юришни йиғиштириб, эркаклар орасида очиқ юрса ва фаҳш ҳаёт ёйилса.

2. Ижтимоий муаммолар ўртага чиқса ва шаръий шарифга кўра барпо қилинган оила бузилиб, инқирозга юз тутса. Ҳар икки ҳолда ҳам юқоридаги натижа ўртага чиқади, ҳалол ҳаромга айланади. Зеро барча ишлар яқин натижалари билан эмас, узоқдаги натижалари билан мутолаа қилинади. Шакл ва сурати билан эмас.

Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий

 
Мавзуга оид мақолалар
2019 йил ноябрь ойида «Ҳилол нашр» матбаанашриёти томонидан Ўзбекистон мусулмонлар идораси ҳамда Хадичаи кубро ўрта махсус ислом билим юрти билан ҳамкорликда давоми...

10:07 / 31.12.2019 2616
Ифторликда муздек шарбатни ичиб, шом намозини ўқиб бўлгач, дугоналарнинг ёқимли даврасида ёстиққа ёнбошлаб, турфа таомлар тортилади. Гулзордаги гуллар каби давоми...

00:22 / 11.05.2019 2658
Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг азалий иродаси ва қудрати билан инсон зотини барча мавжудотлардан ақл, тафаккур билан афзал ва мумтоз этиб яратди. Инсон ҳаётига давоми...

04:03 / 01.12.2016 6876
Ёмонликлар онаси ҳақида Қуръони Каримнинг «АлИсро» сураси 32оятида «Зинога яқинлашманглар Чунки бу бузуқликдир энг ёмон йўлдир», дея амр этилган. Бундан зино давоми...

03:26 / 24.11.2016 4158