Аёлларнинг исломий илмлар ривожига қўшган ҳиссалари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аёлларнинг исломий илмлар ривожига қўшган ҳиссалари

1-қисм 

САЛАФ МУСЛИМА ОЛИМАЛАР

Оксфорд университети қошидаги Ислом илмларини ўрганиш маркази стипендианти Муҳаммад Акром Надавийнинг маърузаси:

«Эй инсонлар, сизларни бир жондан яратган, ундан жуфтини яратиб, икковидан кўплаб эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқинглар! Савол-жавобларингизда номи ишлатиладиган Аллоҳдан ва қариндошчиликни узишдан қўрқинглар. Аллоҳ устингиздан кузатиб турувчидир» (Нисо сураси, 1-оят).

Исломнинг вужудга келиш даврида аёлларнинг ўрни

Аллоҳ таоло одамзодни пайдо қилар экан, илк давридан бошлаб эркак ва аёлни тенг яратиб, уларни бир руҳдан бор қилди, бир ота ва бир онадан тарқатди ҳамда яккаю ёлғиз Парвардигорга бўйсундирди. Юқорида зикр қилинган оят Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга аёллар таҳқирланган ва камситилган ана шу илк даврда нозил қилинган.

Таквир сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди:

«...ва вақтики, тириклай кўмилган қиздан сўралса: «Қайси гуноҳи учун ўлдирилган?»…» (Таквир сураси, 8-9-оятлар).

Бу оятда жоҳилият даврида арабларда урф бўлган одат, яъни янги туғилган қиз чақалоқларнинг наслларига доғ туширишидан ҳамда уларни таъминлай олмай, жамиятда камситилишидан қўрқиб, уларни ўлдиришдек хунук одатга ишора қилинмоқда. Бу каби кўплаб жирканч, қабиҳ одатларнинг илдизини қўпориш учун келиб, рисолати 23 йил давом этган Ислом аёлларга аввал ҳеч ким тасаввур ҳам қила олмаган мақомни берди.

«Роббинг исми билан ўқи» (Алақ сураси, 1-оят) ояти Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга илк нозил бўлганида у Зот шундай таъсирландиларки, қандай қилиб бир етим ҳолида ўсган, саводсиз, саҳройи араб бирор нарсани ўқиши мумкинлигига ақллари бовар қилмасди.

Бундай вазиятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни биринчи бўлиб тинчлантирган, қалбларига оро кирган, қийинчилик дақиқаларида қалбларини хотиржам қилган, у Зотга иймон келтирган инсон рафиқалари Хадича розияллоҳу анҳо бўлдилар. Бу аёл олий насабли, оқила, фозила, ишбилармон, тадбиркор, Қурайш аёлларининг саййидаси ҳисобланар, аёллар ичида Тоҳира деган номни олган эди. Ва айнан у ваҳий кела бошлаган илк даврда, Ислом вужудга келишининг энг оғир йилларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг асосий елкадош бўлди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч йил давомида Аллоҳнинг буйруғи билан ўз оилалари ва яқинларини тавҳид динига даъват қилдилар. Сўнг оилаларини тўплаб, Хошим ва Абдулмуттоллиб уруғларини рисолатга иймон келтиришга чақирдилар. Бу даъватлари давомида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аббос ибн Абдулмуттоллибга: «Қиёмат куни мен сени қутқара олмайман», дедилар. Аммалари София бинти Абдулмуттоллиб ҳамда қизлари Фотима розияллоҳу анҳоларга ҳам шундай сўзлар билан мурожаат қилдилар. Мурожаатлари давомида, жумладан: «Бу дунёда сиз мендан истаган нарсангизни сўрашингиз мумкин, аммо охират дунёсида, қиёмат куни мен сизга фойда бера олмайман», дедилар.

Ушбу мурожаатларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки аёл ва бир эркакка алоҳида урғу бериб, аёлларнинг диний эркинликка эга эканликларини намоён қилдилар. Ўз эрларининг эътиқодини инкор қилган Нуҳ алайҳиссалом ва Лут алайҳиссаломнинг аёллари диний эркинликнинг яққол мисоли ҳисобланади. Қуръон иймон келтириш ёки келтирмаслик масаласида ҳатто пайғамбарларнинг аёллари ҳам ўз ихтиёрига эга эканлигини тасдиқлайди.

Мўминларнинг оналаридан бири Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо отаси Абу Суфённинг катта ҳокимиятга эга эканлиги ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг душманларидан эканлигига қарамасдан, иймонга келди. Отасининг на ҳокимияти, на имтиёзлари унинг танловига таъсир қила олди.

Иккинчи Ақаба байъати маълум бир сиёсий ва стратегик мажбуриятлардан иборат битим эди. Унда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эркаклар қатори, аёллардан ҳам байъат қабул қилдилар. У Зот аёлларни фақат уй ишлари, оила ташвишлари билан чекланиб қолмасдан, жамият ҳаётида ҳам ўзига хос равишда иштирок этишга рағбатлантиришга интилар эдилар.

Ислом манбаларининг сақланиб қолишида муслималарнинг ўрни

Қуръоннинг, яъни Мусҳафнинг илк сақловчиларидан бири аёл киши – ҳазрати Умарнинг қизи Ҳафса розияллоҳу анҳо эди. Мусулмонларнинг муқаддас Китобини сақлаш вазифаси аёл кишига топширилганлиги ўзида жуда кўп нарсани ифода этади. 

Ҳадисшунослик.

Рошид халифалар даврида аёл кишилардан илм олиш жоиз ёки жоиз эмаслиги ҳақида савол кўтарилмаган. Бироқ сизни ушбу масала қизиқтираётган бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари аёллардан ҳам, эркаклардан ҳам ривоят қилинганига эътибор беринг. Имом Ҳоким Нишопурийнинг таъкидлашича: «Динимизнинг тўртдан бири Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини етказган муслима опа-сингилларимизга боғлиқ. Агар бу ровийлар бўлмаганда, динимизнинг тўртдан бирини йўқотган бўлар эдик».

Масалан, Абу Ҳанифа «Пешин намозидан аввал 4 ракаат нафл (суннат) намози бор», деса, бошқа имомлар фақат 2 ракаатлик суннат намозини таъкидлайдилар. Имомлар Шофеий, Молик ва Аҳмадлар Абдуллоҳ ибн Умарларнинг ривоятига таянсалар, Абу Ҳанифа Умму Ҳабиба ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа аёллари розияллоҳу анҳолардан ривоят қилинган ҳадисларга таянади.

Абу Ҳанифа ўз ҳукмини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нафл намозларини, одатда, уйда ўқиганликлари, шунинг учун бу масалада уларнинг аёллари розияллоҳу анҳолар кучлироқ ровий эканликлари билан асослайди.

Рисолатнинг бошланиши каби кўпгина муҳим воқеалар аёллар томонидан ривоят қилинган. Бухорийнинг «Саҳиҳул Жомеъ»сига киритилган жуда кўп ҳадисларни Ойша розияллоҳу анҳо ривоят қилганлар. Мисол учун «Амаллар ниятга боғлиқ» деган ҳадис.

Барча намозларнинг қабул қилинишига таҳоратнинг шартлиги ҳақидаги муҳим ҳадис машҳур ровиялардан бири Робия бинти Муовиядан ривоят қилинган. Робия бинти Муовиядан ривоят қилинган ҳадисларни Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Ибн Можа ва бошқаларнинг ҳадис китобларида учратиш мумкин.

Ўша даврда Мадинада Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Муоз ибн Жабал ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳум каби саҳобалар яшаганларига қарамасдан, кўпчилик мусулмонлар Робия бинти Муовиянинг олдига илм истаб боришар эди. Айнан шу аёлни таҳорат илмининг билимдони сифатида танишар эди. Ўша даврнинг машҳур алломаси, Қуръон муфассири ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилалари аъзоси бўлган Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу унинг шогирди эди. Абдуллоҳ ибн Аббос ҳеч қачон: «Нега энди Расулуллоҳнинг яқин қариндоши ва Қуръон муфассири бўла туриб, ундан илм олишим керак?» демаган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набиралари ва йирик олим Али Зайд ал-Обидин ҳам шулар жумласидандир. Уларнинг мақсади саҳиҳ илм талаб қилиш бўлган ва бу илм эгаси қайси жинсга мансублиги уларни қизиқтирмаган.

Таажжубки, аёллардан ривоят қилинган бирон-бир ишончсиз ёки заиф ҳадис йўқ.

Имом Заҳабийнинг таъкидлашича, «Эркаклар томонидан ривоят қилинган ишончсиз ҳадислар жуда кўп. Аммо Ислом тарихида бирон-бир аёл йўқки, у (ҳадиснинг) заифлигида ёки сўзларининг ишончсизлигида айбланган бўлса».

Шу билан бирга, агар бирор-бир ровийнинг тўғрисўзлиги шубҳа остига олинса, бу фақат эркак бўлиши мумкин. Аёллар диний билимларни доимо ишончли тарзда етказганлар.

Амра бинти Абдурраҳмон тобеинлар  авлодининг (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан кейинги авлод) буюк аёллари ичида муваффақиятга эришганлар орасида эди. У фақиҳ, муфтий ва муҳаддис эди.

Рошид халифа Умар розияллоҳу анҳу кўпинча: «Агар сиз ҳадис ўрганмоқчи бўлсангиз, Амрага боринг», дерди. Биринчи ҳадислар тўплами китоби мусаннифи Имом Зуҳрий: «Амрага боринг – у ҳадисларнинг асосий манбаи», дея қайта-қайта таъкидларди.

Бир куни маҳкамада ўғрилик қилган насронийнинг иши кўрилаётган эди. Қози у одамнинг қўлини чопишга ҳукм қилди. Қозининг ҳукми Амра бинти Абдурраҳмонга етиб келганида, у дарҳол қозига ўз талабаларидан бирини юбориб, ўғри нархи бир динордан арзон нарсани ўғирлаганлиги ва бунинг учун қўлни чопиш ҳукми татбиқ этилмаслигини айттирди. Қози Амранинг ҳукмига рози бўлди ва натижада насроний айбсиз деб топилиб, жазодан озод қилинди.

Қози ҳатто Амрадан унинг қарори нимага асосланганлиги ҳақида сўраб ҳам ўтирмади. Чунки унинг обрўси борасида қози учун шубҳа йўқ эди. У ўша даврда Мадинада яшаган бошқа олимлар, масалан, Саид ибн Мусайябнинг фикрини ҳам сўраб кўрмади. Бу воқеа Имом Моликнинг «Муватто» китобида баён қилинган ва буюк имом ушбу масалада Амра бинти Абдурраҳмонга иттифоқ қилган.

Умму Дардо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюк саҳобияларидан бўлиб, Димашқ ва Қуддусда дарс берарди. Унинг дарсларига имомлар, фақиҳлар ва ҳадисшунослар қатнашарди. Испаниядан Ҳиндистонгача бўлган ерларни ўз ичига олган катта империяни бошқарган забардаст ҳукмдор Абдулмалик ибн Марвон ўз даврининг энг йирик уламоси бўлган Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу томонидан устоз сифатида эътирофга сазовор бўлган эди. Абдуллоҳ кекса ёшга етганида, одамлар ундан: «Сиздан кейин илмни кимдан оламиз», деб сўрашди. Ибн Умар: «Марвоннинг ўғли бор, Абдулмалик. У – фақиҳ. Шунинг учун ундан илм талаб қилинг», деб жавоб берди. Шу тариқа Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Абдулмалик ибн Марвонни олим сифатида эътироф этди. Бироқ Абдулмалик ибн Марвон Умму Дардонинг дарсларига қатнар ва буни ўзи учун ор деб билмасди.

Қолаверса, Абдулмалик унга ёрдам берар эди. Ривоят қилинишича, Умму Дардо кексайиб қолганида, Абдулмалик уни масжидгача кузатиб қўяр, Умму Дардо эса унинг елкасига суяниб оларди. Намоздан кейин эса дарсхонасига қайтишига ёрдам берар эди.

Аёлларнинг уламолар қаторига кириб бўлган эркакларга дарс беришлари мазкур аёлларнинг мақомини ва уларга бўлган эҳтиромни ифодалайди.

Ҳадисшунос Фотима бинти Иброҳим ибн Жавҳарнинг исми ҳижрий 8-йилнинг бошларида маълум ва машҳур эди. Буюк имомлардан Заҳабий ва Субкий айнан унинг бошчилигида Бухорийнинг ҳадислар тўпламини тўлиқ ўрганиб чиқишди.

Ўша даврда у шунчалик машҳур эдики, ҳадисшунослик бўлими талабалари унинг ҳажга кетаётиб, Мадинага етганлигини эшитганларида, Масжиди Набавийда уларга дарс ўтиб бериш илтимоси билан унга мурожаат қилишди.

Марокашдан келган Ибн Рушайд Субкий унинг дарсларидан бири ҳақида шундай баён қилган: «Фотима бинти Жавҳар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзалари ёнида бир оз унга суянган ҳолда ўтирарди (чунки кекса ёшда эди). У дарсини ривоятларни, айниқса, ҳар бир талаба ҳузурида етказилган ҳадисларни тарқатиш тўғрисидаги қоғозни (ижозани) имзолаш билан якунлади». Бу ва бошқа ҳикоялар аёл киши энг аъло масжидлардан бирида дарс бериши жоизлигини яққол намоён қилади.

Ҳозирги кунда Ислом дунёсида аёлларнинг, умуман, масжидга бориши жоиз-жоиз эмаслиги масаласи баҳс қилинаётгани ҳайратланарли! Бу бизнинг жоҳиллигимизни, исломий қадриятларни билмаслигимизни ва рошид салафларимизнинг амалидан оғганлигимизни намоён қилмоқда.

Ойша бинти Абдулҳодий Димашқнинг катта масжидида дарс берар эди. У ўша даврнинг ҳукмдори томонидан буюк муҳаддис сифатида эътироф қилинган эди. У Бухорийнинг «Жомеъ»сидан дарс берар ва ўша даврда бу илмни ундан яхшироқ биладиган бирорта эркак йўқ эди. Ҳозирги кунгача тенги йўқ ҳисобланган ва энг забардаст муҳаддислардан бири дея тан олинган Ибн Хажар Асқалоний Ойша бинти Абдулҳодийдан дарс олиш учун атайлаб Димашққа келар эди. Улар биргаликда 100 дан ортиқ китобни ўрганиб чиқишган.

Афсуски, бугунги кунда у тасниф қилган китобларнинг мундарижаси у ёқда турсин, ақалли номини биладиган мутахассисларни топиш мушкул. У ўта нодир заковати билан ажралиб турарди; унинг ровийларининг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган силсиласи энг ишончли ҳисобланади. Бошқа ҳеч бир санад Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга унга ўхшаш ёки ундан камроқ ровийлар билан етказилмайди.

Агар биз Қуръонни сақлаган Ҳафса розияллоҳу анҳо, ҳадисларни сақлаб ва аниқ етказган Ойша бинти Абдулҳодий каби аёлларнинг ўрни ҳақида мулоҳаза қилсак, динимизнинг икки асосий манбаси мукаррам аёллар туфайли бизгача етиб келганини инкор қила олмаймиз.

Исфахоннинг йирик олимаси Фотима Жузжоний энг мўътабар ҳадис тўпламларидан бири ҳисобланмиш «Ал-мўъжам ал-кабир»ни унинг мусаннифи Табаронийдан илм олган Абу Бакр ибн Ридо билан ўрганган. Бу китоб 37 жузда чоп қилинган (тугатилмаган). Фотима ушбу китобни тўлиқ ўзлаштириб, бошқаларга дарс берган.

Ибн Таймия даврида имом Заҳабий, Бирзолий, Тожиддин Субкий, кейинчалик ибн Касир, ибн Қайюм, ибн Носириддин Димашқий, ҳофиз ибн Хажар Асқалоний каби ёрқин уламолар шодаси мавжуд эди. Бу ҳадисшуносликнинг олтин даври – ҳадисшунослик ва бу илмдан дарс бериш тараққиёти ўзининг энг юксак чўққисига етган давр эди. Булар шунчаки машҳур уламолар эмас, балки ўз даврида жамиятнинг буюк ислоҳотчилари эди.

Айнан шу даврда Сурияда ўзининг олималиги билан танилган, эҳтиромга эга бўлган ва жамиятга ижобий таъсирини ўтказган бир аёл яшар эди. У амри маъруф ва наҳий мункар орқали Димашқ ва Қоҳирада ижтимоий ислоҳотларнинг вужудга келишига ўз ҳиссасини қўшди.

Ибн Таймиянинг шогирди Ибн Касир ўзининг машҳур тарихий асари «Ал Бидоя ва ан-Ниҳоя»да ёзади: «Бу аёл амри маъруф ва наҳий мункар орқали эркаклар эплай олмаган нарсаларни ниҳоясига етказиб, жамият учун кўп ишлар қилди ҳамда ўша даврнинг эркак олимларидан кўра кўпроқ ишларни амалга оширди». Ушбу гувоҳлик эркак киши томонидан ёзилган экан, ҳеч ким мазкур юксак баҳони бир ёқламаликка, «аёлларнинг ҳамжиҳатлиги»га йўйиб, шубҳа остига ололмайди ёки гувоҳликнинг асллигини инкор қила олмайди. Бу ниҳоятда фаол, қатъиятли ва истеъдодли аёлларнинг олтин даври эди.

Имом Молик, Абу Ҳанифа, Суфёни Саврий, Саид Қаҳтонларнинг устози Ҳишом ибн Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ўз даврининг буюк муҳаддиси сифатида ҳам машҳур. У ривоят қилган энг ишончли ҳадислар ўзининг аҳли аёли Фотима бинти Мунзирдан қилинганларидир: бу ҳадислар Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг «Жомеъ»ларига киритилган.

Ҳозирги кундаги жамиятимизда кўпчилик мусулмонлар ўзларидан илмлироқ бўлган аёлларга уйланишдан хавфсирашлари ҳам ачинарли ҳолатдир. Аввалги эркаклар ғурур билан уйланиб, ўз аҳлларидан илм олишни ор деб ҳисобламаганлар.

Имом Косонийнинг машҳур «Бадоеъ ас-Саноеъ» асари ҳанафий фиқҳининг энг яхши тўплами ҳисобланади. Имом Косонийнинг аёли Алоуддин Самарқандийнинг қизи Фотима Самарқандия эди. Фотима ҳадисшунослик ва бошқа диний илмларнинг катта мутахассиси эди.

Имом Косонийнинг шогирдлари шундай ҳикоя қилишади: «Баъзида устозимиз бирор-бир қийин саволнинг жавобини топа олмасалар, бизни қолдирардилар. Кейин тўлиқ жавобни айтиш учун қайтардилар. Кейинчалик бизга маълум бўлишича, улар бу қийин саволни аёлларига бериб, унинг жавобини эшитиш учун уйларига борар эканлар». Таълим жараёнида у аёлига тобе эди.

Олима аёлларга нафақат фатво бериш, балки агар бу масалада бошқача фикр бўлса, эркак олимлар билан баҳсга киришишга ҳам рухсат бериларди. Исломнинг аввалги даврида бу каби ҳолат ҳеч кимни ҳайратга солмаган.

Бундай ҳолат Фотима ибн Қайс розияллоҳу анҳо мисолида яхши ифода этилган. У: «Эркак киши ўзи ажрашган аёлини идда вақтида таъминлаши шарт эмас», деган ва ўз фикрини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган ривоятга асослаган.

Ҳазрати Умар ва бошқа саҳобалар розияллоҳу анҳум Қуръон оятига асосланиб, бу фикрга хилоф қилишган бўлса ҳам, Фотиманинг эътиқоди шубҳа остига олинмади, унга нисбатан бирор чора кўрилмади, ҳатто ҳадисларни ривоят қилишига ва кейинчалик фатволар чиқаришига тўсқинлик қилинмади.

Ушбу ҳодиса шуниси билан қизиқки, аёл киши баён қилган фикр натижасида аёлларнинг зарарига ҳукм қилинишига олиб келарди. Бироқ у аёлларнинг фойдасига ҳукм чиқарган эркакларнинг фикрини баҳс қилди. Бундай ҳодиса бизнинг давримизда рўй берадиган бўлса, катта низо ва муҳокамаларга сабаб бўлиши тайин.

Юқорида зикр қилинган воқеалар аёлларнинг исломий илмлар ривожига қўшган беқиёс ҳиссаларига гувоҳликнинг ҳаммаси эмас.  

muslimaat.uz

 
Мавзуга оид мақолалар
Муборак динимизда тўғри йўлда бардавом бўлиш, ҳаётимизни тартибга солиш учун барча қонунқоидалар белгилаб давоми...

08:31 / 02.11.2018 2748
Аёллар қачон каффорот рўзасини тутадилар «Эй иймон келтирганлар Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, давоми...

07:47 / 19.06.2017 3081
Албатта, шундай муборак ойда масжидларни руку ва сажда қилувчи намозхонлар билан тўлибтошиши ва Расулуллоҳ давоми...

16:59 / 07.03.2017 3986
Ҳақ ризосини тилаб ҳижоб тутган қизлар, Халқнинг эмас,Холиқ лутфин кутган қизлар, Ҳақ ишқида нозин ичга давоми...

14:52 / 20.11.2016 2442