Азизам, тангликдан халос бўл!

0 3 213

Азизам, тангликдан халос бўл!

Америкада юраги эзгин кишилар устида олиб борилган тадқиқотлардан шу нарса маълум бўлдики, юракнинг эзгин бўлиши, «синиш»и ҳақиқий, ҳиссий касаллик бўлиб, уни даволаш мумкин экан.

Қалбнинг синиши муваққат бир воқеъликнинг ифодаси бўлиб, бунга ҳис‑туйғуда кечган танглик сабаб бўлади. Ушбу мавзу бўйича етук мутахассис Юргин: «Киши бир азиз инсонини йўқотгани сабабли юраги оғриётганини айтар экан, бу таъбир мақсадга рўй‑рост тўғри келади, воқеъликни айнан ифода этади», дейди.

Мухлис, яъни холис иш қилувчи кишилар ана шундай ҳис‑туйғу зарбаларига энг кўп рўпара бўладиган кишилардир.

Хитойда «маҳзунлик қаҳвахонаси» бор, у ерга кирганлар ўз хафачиликларини йиғи ва оҳ‑воҳ билан изҳор этадилар.

Маҳзун маҳзунни юпатади.

Йиғи ҳам бир хордиқдир. Нега йиғламас эканмиз? Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, бошқа набийлар ҳам йиғлашган‑ку! Яъқуб алайҳиссалом йиғлади, Мусо алайҳиссалом йиғлади, Муҳамммад соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар…

Берлинда турли хил бузилган алоқалар кўргазмаси бор. Унда йўқ бўлиб кетган алоқаларга оид совғалар, хатлар ва эсдаликлар намойиш этилади.

Хитойда ҳис‑туйғуларида тангликка учраган ҳар қандай одам учун икки кун дам берилади.

Японияда буни «Руҳий мувозанатни жойига қайтариш таътили» деб атайдилар.

Аламни унутиб, руҳиятни қайта тиклашга бир неча кун кифоя.

Келажагингни бир кишига боғлаб олма! Уни яратган Зот бошқасини ҳам яратган, балки ундан яхшироғини ҳам яратгандир.

Кўзингни оч! Юзингни келажак томон бур! Аллоҳдан кўмак сўра! Қалбингни янада гўзалроқ, янада афзал, янада пишиқ янги тажрибаларни ўзлаштиришга ҳозирла!

Ушбу ташвишли қиссангни вақти‑соати келиб фарзандларингга ёки дўстларингга қандай ҳикоя қилиб беришингни бир ўйла! Ҳали етакчи бўлиб, ўз кучингни, сабрингни ва иймонингни кўрсатиш билан нақадар гўзал бўлиб кетишингни тасаввур қил!

«Сабр биринчи зарбададир» («Икки Саҳиҳ»да Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган). Биз уни розилик ила қарши олсак ва: «Ҳар бир ҳолат учун Аллоҳга ҳамд бўлсин!» десак, ундан кейинги ҳол енгилроқ бўлиши аниқ.

Мана мени айтди дейсанг, тангликда яшаш ва унга мослашиш сен ўйлагандан кўра осонроқ, бунга ўзинг гувоҳ бўласан.

Шуни ҳис эта билгинки, нафас чиқариш руҳий таранглик ва хавотирни чиқариб юборади, нафас олиш эса ичингга осудалик, сокинлик ва орзу киритади.

Муаммоларингни бошингга ёпирилиб тушадиган қарғалар лашкари каби бир пайтга тўплаб олма!

Дугоналаринг билан суҳбатлаш, тортинма ва ҳадеб нолима. Бор ташвишинг юкини уларнинг устига юкламасдан улардан насиҳат сўра!

Узлат ва ёлғизликдан четлан! Ўзингни ва ақлингни кучинг етадиган миқдорда ишга сол!

Бошқалар ҳақида сўз қотма. Тангликнинг жавобгарлигини уларга илма, гарчи сенга зулм қилишган бўлса ҳам. Зеро, бу нарса ҳиқду адоватни зиёда қилади ва сенинг танглигингни орттиради, холос.

Пиёда юриб тур. Гангиб, хаёлга берилиш ўрнига атрофингга диққат билан назар сол!

Ишхонангдами, уйингдами, қаерда бўлма, яхши кўринишда, яхши ҳайъатда бўл! Бу ҳол кучингни ўринли сарфлаб беради ва сенга осуда, тинч ухлаш имконини туғдиради.

Бироқ, бу гап тангликни билмаганга олиш, уни эътироф этмаслик дегани эмас. Нохушликни инкор этма! Ҳеч қачон бировнинг ёрдамисиз, бир ўзим ҳам буни ҳал эта оламан деб, даъво қилма!

Бошқаларга бахт‑саодат улаш, қалбингда ва руҳингда унинг акс‑садосини топасан! Болаларга шар совға қил, дугонангга атиргул тут. «Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир» (Раҳмон сураси, 60‑оят).

Кушойишни кутиш ҳам ибодат. Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўл, У Зот сен билан гумонингга кўра муомала қилади. Ҳеч бир нарса Унинг қаршисида қиладиган хушуъ ва кўз ёшларингдек жароҳатингни даволай олмас.

Дуойинг фалончи, пистончилардан ўч олишга қаратилган бўлмасин, чунки бу Роббисига муножот қилаётган мўминга ярашмайди. Дуойинг Аллоҳнинг олдида шундай тазарру тимсоли бўлсинки, бундан қалбингга розилик ва осудалик зилоли қуйилсин: сен учун нимани ихтиёр қилса, Ўзи қилсин, сени Ўзи истаган томонга бурсин, сендан олгани ўрнига яхшироғини берсин, сени мағфират қилсин…

Танглик ва мусибат ҳақида гапириш қачонгача давом этади?

Танглик кетиши учун вақт керак. Бизни эшитадиган олижаноб кишиларнинг тинглови ҳам дардимизга шифо бўлади, бизга таскин бахш этади.

Маслаҳату машварат ва қўллаб‑қувватлашлар ҳам бўлиши керак.

Нима бўлганда ҳам, ташвишни бартараф этишдан тўхтаб қолишга ёки бошқаларнинг туйғуларини чарчатишга ўтиб кетмаслик даркор.

Ҳис‑туйғуда кечадиган тангликлар ўз тафсилотларига кўра турлича бўлса‑да, интиҳоси ўхшашдир… Гулдек орзуларимиз гоҳида синиқ, эзгин қалблар билан алмашади.

Сен ҳозир ҳаётга ёмон ва пастқам ер деб қараётган бўлишинг ҳам мумкин. Бироқ, уни абадул‑абад шундай бўлиб қолади деб ўйламаслигинг лозим.

Дарҳақиқат, Аллоҳ сени тангликни енгиб ўтиш, руҳий лаёқатни қайта тиклаш ва қийинчиликларга рўбарў бўлишга етарли куч‑қудрат билан таъминлаб қўйгандир.

Умид қиламизки, сен Аллоҳга бўлган иймони, ўзига бўлган ишончи ва дўстларнинг қўлловлари ила кўмак топиб, алалоқибат торликдан чиқиб, бахту саодат ва орзулар кенглигига етиб борадиган кўпчилик инсонлар сафидансан.

Чевар Зот ўсов шамол билан кемани яксон қилиш ўрнига, уни соҳил сари ҳайдаши ҳам мумкин.

Тақдир сенга қилич отса, сен уни дастасидан ушлашга ҳаракат қил, қаттол тиғидан эмас.

Айюб алайҳиссаломнинг жасади касал эди, аммо руҳи соғлом эди.

У қичқирса ҳам: «Ҳамд Сенга хосдир, эй қадар билан жароҳатлаб, кейин шифосини ҳам Ўзи битадиган Зот!» деб қичқирар эди.

Салмон Авда

Таржимон: Одинахон Муҳаммад Содиқ

Муҳаррир: Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид

                                                                                 

Баҳам кўринг

Leave A Reply