Асмаий билан баққол

0 66

Асмаий айтади:

“Басрада илм талабида юрганимда қўлим юпқа эди. Тор кўчамиз эшиги олдида бир баққол бўларди. Агар эрта саҳарлаб кўчага чиқсам:

– Қаерга? – деб сўрарди.

Мен:

– Фалончи муҳаддиснинг олдига, – дер эдим.

Агар кеч қайтсам:

– Қаердан келяпсан? – дер эди.

Мен:

– Фалончи тарихчи ёки тилшуноснинг олдидан, – деб айтар эдим.

Баққол менга:

– Эй сен, насиҳатимни эшит! Сен ёш йигитсан, бу бекорчи нарсалар билан ўзингни зое қилма. Фойдаси тегадиган иш билан шуғуллан. Ҳамма китобларингни менга бер, уларни ёқиб юборай. Аллоҳ ҳаққи, агар ҳамма китобинг эвазига бир дона сабзи сўрасанг ҳам бермасдим! – деди.

Унинг бундай давомли гапларидан юрагим сиқилиб, уйдан тунда чиқиб, тунда кирадиган бўлдим. Бу орада аҳволим тобора қийинлаша бошлади, ҳатто кўйлагимни сотишга мажбур бўлдим. Бир кунлик харажатим учун ҳам пул топа олмай қолдим. Сочим ўсиб кетди, кийимим йиртилди, баданим кир бўлди. Шу ҳолимда нима қилишни билмай турганимда Амир Муҳаммад ибн Сулаймон ал-Хошимийнинг ходими олдимга келди ва деди:

– Амир сени йўқлаяпти. 

Мен унга:

– Амиримиз кўриб турганинг аҳволга келиб қолган фақирни нима қилар экан-а? – дедим.

Ходим аҳволим ёмонлиги ва кўринишим яхши эмаслигини кўриб қайтиб кетди ҳамда Муҳаммад ибн Сулаймонга хабаримни етказди. У олдимга бир неча қат кийимлар, бир қутида бахур ва бир халтада минг динор билан қайтиб келди.

У менга деди:

– Амир сени ҳаммом қилдиришга, мана бу кийимлардан кийдириб, қолганини ўзингга қолдиришга, бу таомдан едиришга, ўзингга келиб, хушбўй суртишингга, сўнг ҳузурига олиб боришимга амр этди.

Жуда хурсанд бўлиб кетдим, унинг ҳаққига дуо қилдим. Ходимнинг айтганларини қилдим, у билан бориб, Муҳаммад ибн Сулаймоннинг ҳузурига кирдим. Амирга салом берганимдан кейин мени ўзига яқинлаштириб, юқори кўтарди ва деди:

– Эй Абдулмалик, сен ҳақингда эшитдим. Бағдодга бориб, амирул мўмининнинг ўғлига таълим беришинг учун сени танладим.

Амирга ташаккур айтиб, ҳаққига дуо қилдим ва:

– Бош устига! Эртага бир неча китобларимни олиб, Бағдод томон йўл оламан, – дедим.

Ҳовлимга қайтдим, керак бўладиган китобларимни олдим, қолганларини ҳужрада қолдириб, эшигини беркитиб қўйдим. Қариндошимиздан бўлган бир кексани қўриқлаш учун қолдирдим. Бағдодга етиб келгач, амирул мўминин Хорун ар-Рашиднинг ҳузурига кирдим.

– Сен Абдул Малик ал-Асмаиймисан? – деди.

– Ҳа, мен Абдул Малик ал-Асмаийман, – дедим.

Хорун:

– Инсоннинг фарзанди қалбининг ҳаёти эканини бил! Шундай экан, мен сенга ўғлим Муҳаммадни Аллоҳга омонат қилиб топширяпман. Динини фасод қиладиган нарсани унга ўргатма! Шояд, у мусулмонларнинг имоми бўлар, – деди.

Мен:

– Бош устига! – дедим.

Болани менинг олдимга келтиришди ва таълим учун ажратилган ҳовлига ўтдик. Ҳар ойда ўн минг дирҳам ойлик белгиланди. Қуръонни ўқиб, динда фақиҳ бўлгунича, шеър айтиб, тилни билгунича, одамларнинг ҳолатлари ва хабарларни ўргангунича у билан бирга бўлдим.

Хорун ар-Рашид ўғлини олдига чорлаб, билимига қойил қолди ва деди:

– Жума куни одамларга намоз ўқиб беришини хоҳлайман, унга хутба тайёрлаб, ёдлатиб қўй! – деди.

Ўнта хутба ёдлатиб қўйдим. Одамларга намоз ўқиб берди, мен ҳам у билан бирга эдим. Шунда ҳар тарафдан менга туҳфа ва совғалар кела бошлади. Кўп мол-мулк тўпладим ва кўчмас мулк, ер-сув сотиб олиб, Басрада ўзимга уй қурдим. Уйим битиб, ер-сувим кўпайганда Басрага кўчиб ўтиш учун халифадан рухсат сўрадим. Менга рухсат берилди.

Юртимга етиб келганимда Басра аҳли мени қутлаш учун кутиб олишди. Менга етган неъматлар ҳақида уларга хабар тарқалган эди. Менинг олдимга келганларга тикилиб қарадим, улар орасида ҳалиги баққол ҳам бор эди. Унинг бошида кир салла, эгнида калта жубба бор эди. Мени кўриб:

– Абдул Малик!!! – деб қичқирди.

Мен унинг нодонлиги ва Хорун ар-Рашид менга мурожаат қилгандай хитоб қилганига кулиб: 

– Аллоҳ ҳаққи, китобларим битта дона сабзи берадигандан яхшироғини берди, – дедим.

Танухийнинг «Қийинчиликдан сўнг енгиллик» китобидан олинди,

Тўтиё Абдулқаҳҳор қизи таржимаси.

Баҳам кўринг

Leave A Reply