Муҳаббат қилганлар қиёмат куни Арш соясида бўлурлар

0 730

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло қиёмат куни «Менинг жалолим ила муҳаббат қилганлар қани? Бугунги кунда мен уларни ўзимнинг соямдан ўзга соя бўлмаган кунда Ўз соямга олурман», дейди», дедилар.  

Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида:

«Менинг жалолим ила муҳаббат қилганларга нурдан минбарлар бордир. Набийлар ва шаҳидлар уларга ҳавас қилурлар», дейилган.

Шарҳ: Албатта, Аллоҳнинг жалоли ила муҳаббат қилганлар фақатгина яхши йўлда бўлурлар. Шунинг учун ҳам улар қиёмат куни мазкур олиймақомларга сазовор бўлурлар. Шунинг учун мўмин-мусулмонлар бир-бирлари ила фақат Аллоҳ таоло учун муҳаббат қилмоқлари ва ўша муҳаббатга лойиқ бўлиб яшамоқлари лозим.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳнинг бандаларидан баъзи одамлар борки, улар набий ҳам, шаҳид ҳам эмаслар. Уларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги маконларига қиёмат куни набийлар ва шаҳидлар ҳавас қилурлар», дедилар

«Эй Аллоҳнинг Расули! Улар кимларлиги хабарини бизга айтасизми?» дейишди.

«Улар ўзлари қариндош бўлмасалар ҳам, ораларида молиявий олди-бердилари бўлмаса ҳам, Аллоҳнинг руҳи ила муҳаббат қилган қавмлардир.

Аллоҳга қасамки, албатта, уларнинг юзлари нурдир. Улар нурдадирлар. Одамлар хавфда бўлганларида улар хавфда бўлмаслар. Одамлар маҳзун бўлганларида улар маҳзун бўлмаслар.

Огоҳ бўлинглар! Аллоҳнинг авлиёларига хавф бўлмас ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдаги «Аллоҳнинг руҳи»дан мурод, Қуръони Каримдир. Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда «Ана шунга ўхшаш, Биз сенга Ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик» деган (Шуаро, 52). Шундан гоҳида Қуръони Карим «руҳ» деб ҳам аталади.

Ўзлари қариндош бўлмасалар ҳам, ораларида молиявий олди-бердилари бўлмаса ҳам, Аллоҳнинг руҳи ила муҳаббат қилган қавмлар, Аллоҳ таолонинг Қуръонига амал қилиш сабаби ила дўст бўлган одамлардир. Ана шундоқ одамлар ушбу ҳадиси шарифда зикр этилган улуғ мақомга эришар эканлар.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир нарсага бўлган муҳаббатинг сени кўр ва соқов қилиб қўюр», дедилар».

Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.

Шарҳ: Бирор инсон ёки бошқа нарсага қаттиқ муҳаббат қўйиш унинг айбларини кўриш ва эшитишдан четга олиб чиқиб қўяди. Унинг барча нарсаси ошиқ учун гўзал бўлиб кўринаверади. Шунинг учун муҳаббат кўру кар қилиб қўядиган даражада бўлмаслиги лозим. Балки мўмин мўминнинг ойнаси бўлиб, дўст ўз дўстининг баъзи нуқсонларини тузатиб турадиган бўлмоғи керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ўз ҳабибингга юмшоқ муҳаббат қил. Шояд, бирор куни ёмон кўрганингга айланиб қолар. Ёмон кўрганингни бироз юмшоқ ёмон кўр. Шояд, бир куни маҳбубингга айланиб қолар», дедилар. 

Термизий, Байҳақий ва Тобароний ривоят қилишган.

Шарҳ: Инсон эртага нима бўлишини билмайди. Шунинг учун бир нарсага қўл урганда ҳаддан ошириб юбормаслиги керак. Хусусан, одамлар билан муомалаларида. Бировни бугун яхши кўриб турган бўлсанг, эртага ёмон кўриб қолишинг мумкин. Ёки аксинчаси ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун оддий ҳолдаги одамлар билан бўладиган муҳаббат ва ёмон кўришда ўртача йўл тутган яхшидир.

Аммо Аллоҳ таолога ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат қанча кучли бўлса, шунча яхши бўлади.

Аллоҳ таолонинг Ўзи тўғри йўлга бошласин! Омин!

Баҳам кўринг

Comments are closed.