Анда жоним қолди менинг…

0 221

Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1483 йилнинг 14 февралида Андижонда, Фарғона улусининг ҳокими Умар Шайх Мирзо оиласида дунёга келди.

Бобур (тахаллуси; тўлиқ исми Заҳириддин Муҳаммад ибн Умаршайх Мирзо) (1483.14.2, Андижон 1530.26.12, Агра) – ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили: буюк шоир; тарихчи, географ; давлат арбоби, истеъдодли саркарда; бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзода.
Бобурнинг отаси – Умаршайх Мирзо Фарғона вилояти ҳокими, онаси – Қутлуғ Нигорхоним Мўғулистон хони ва Тошкент ҳокими Юнусхоннинг қизи эди. Бобурнинг онаси ўқимишли ва оқила аёл бўлиб, Бобурга ҳокимиятни бошқариш ишларида фаол кўмак берган, ҳарбий юришларида унга ҳамроҳлик қилган.

Бобур барча темурий шаҳзодалар каби махсус тарбиячилар, йирик фозилу уламолар устозлигида ҳарбий таълим, фиқҳ илми, араб ва форс тилларини ўрганади, кўплаб тарихий ва адабий асарлар мутолаа қилади, илм-фанга, шеъриятга қизиқа бошлайди. Довюраклиги ва жасурлиги учун у ёшлигидан «Бобур» («Шер») лақабини олади.
Бобурнинг отаси Умар Шайх Мирзо Ахсида бевақт, 39 ёшида фожиали ҳалок бўлгач, оиланинг катта фарзанди, 12 ёшли Бобур валиаҳд сифатида тахтга ўтиради (1494 йил июнь).

Бу даврда Марказий Осиё ва Хуросонда турли ҳокимлар, ака-укалар, тоға-жиянлар, амакиваччалар ўртасида ҳокимият – улуғ боболари Амир Темур тузган йирик давлатга эгалик қилиш учун кураш ниҳоят кескинлашган эди.
Адабиёт, нафис санъат, табиат гўзаллигига ёшлигидан меҳр қўйган Заҳириддин, барча Темурий шаҳзодалар каби бу илмларнинг асосини отаси саройида, етук устозлар раҳбарлигида эгаллади. Бироқ унинг беташвиш ёшлиги узоққа чўзилмади. 1494 йили отадан етим қолди. 12 ёшида отаси ўрнига Фарғона улусининг ҳокими этиб кўтарилган Бобур қаламни қиличга алмаштириб, Андижон тахти учун укаси Жаҳонгир Мирзо, амакиси Султон Аҳмад Мирзо, тоғаси Султон Маҳмудхон ва бошқа рақибларга қарши курашишга мажбур бўлди. Бобур укаси Жаҳонгир Мирзо билан муросага келиш учун унга ён беришга – Фарғона улусини иккига тақсимлаб, ярмини укасига топширишга қарор қилди ва ўзи Самарқанд учун олиб борилаётган курашга киришиб кетди. Бир неча йил давом этган бу кураш қирғинбаротдан бошқа бирор натижа бермади: унда катта ҳарбий куч билан аралашган Шайбонийхоннинг қўли баланд келди ва Бобур Самарқандни ташлаб кетишга мажбур бўлди. 1504 йили Шайбонийхон Андижонни ҳам қўлга киритгандан сўнг, Бобур жанубга қараб йўл олди ва Кобул улусида ўз ҳокимиятини ўрнатди. 1505-1515 йилларда у Марказий Осиёга қайтишга бир неча бор уриниб кўрди. Аммо бу уринишлардан ҳеч қандай натижа чиқмади. Сўнг ўз мавқеини янада мустаҳкамлаш мақсадида, 1519-1525 йиллар давомида Ҳиндистонни қўлга киритиш учун бир неча бор жанглар олиб борди. 1526 йил апрель ойида Панипатда Ҳиндистон султони Иброҳим Лўди билан ва 1527 йили март ойида Читора ҳокими Рано Санго билан бўлган жангларда Бобурнинг қўли баланд келди.

Оврўпо тарихчилигида «Буюк мўғуллар» номи билан «ғаллати машҳур» бўлган, аслида «Бобурийлар сулоласи» Ҳиндистонда 300 йилдан ортиқ ҳукмронлик қилди.
Бобур бу ғалабадан кейин узоқ яшамади – 1530 йил декабрь ойида, Агра шаҳрида вафот этди ва кейинроқ унинг васиятига кўра фарзандлари унинг хокини Кобулга олиб келиб дафн этдилар.
«Бобурнома»ни варақларканмиз, кўз олдимиздан Марказий Осиё, Афғонистон ва Ҳиндистон халқларига хос бўлган фазилат ва нуқсонлар, уларнинг тафаккур оламининг кенглиги ва мураккаблиги билан бирга, ўша даврдаги ҳаёт муаммолари, Бобур давлатидаги сиёсий ва ижтимоий ҳаётнинг тўлиқ манзараси намоён бўлади. «Бобурнома»да келтирилган бу тарздаги маълумотлар Бобур даврида ёзилган бошқа тарихий манбалар: Мирхонд, Хондамир, Муҳаммад Солиҳ, Биноий, Муҳаммад Ҳайдар, Фаришта, Абул-Фазл Алломий ва бошқа тарихчиларнинг асарларида бу даражада аниқ ва мукаммал ёритилган эмас. Муаллиф «Бобурнома»да Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Беҳзод, Мирзо Улуғбек ва бошқа алломалар ҳақида ўзининг энг юқори фикр ва мулоҳазаларини билдиради.
«Бобурнома» – Мовароуннаҳр, Хуросон, Ҳиндистон, Эрон халқларининг XV аср охири – XVI асрнинг биринчи ярмидаги тарихини ўзида акс эттирган бўлса ҳам, шу билан бирга жуда кўп долзарб иқтисодий, ижтимоий масалалар, юқорида номлари келтирилган вилоятларнинг ўзаро сиёсий-иқтисодий ва савдо муносабатлари, жуғрофий мавқеи, иқлими, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, тоғлари, дарёлари, халқлари, қабила ва элатлари ва уларнинг яшаш шароитлари, урф-одатлари, муҳим тарихий иншоотлари – ҳиндулар ва мусулмонларнинг ибодатхоналари, тўй ва дафн маросимлари ҳақида ниҳоятда нодир маълумотларни ўзида қамраб олган шоҳ асардир. Шу боис «Бобурнома» тарихий ва адабий мерос сифатида дунё олимларини ҳайратда қолдириб келмоқда.
Кейинчалик ўз юртини тарк этиб, Афғонистон ва Ҳиндистонга юз тутганда Бобур шеъриятида Ватан туйғуси, Ватан соғинчи, унга қайтиш умиди мавж ура бошлади:

Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди,
Ҳар ишниким, айладим хатолиғ бўлди.
Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,
Ё Раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди?..

Бобур ўз лирик шеърларида ҳар доим одамларни яхшиликка, адолат, инсонпарварликка, юксак инсоний туйғуларни қадрлашга чақирди:

Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур,
Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидур.
Яхши киши кўрмағай ёмонлиғ ҳаргиз,
Ҳар кимки ямон бўлса, жазо топқусидур.

Бобур ўзининг маълум ва машҳур асарлари билан тарихнавис адиб, лирик шоир ва ижтимоий масалалар ечимига ўз ҳиссасини қўшган олим сифатида халқимиз маънавий маданияти тарихида муносиб ўрин эгаллайди.

Бобурнинг дастлабки сиёсий мақсади Амир Темур давлатининг пойтахти, стратегик ва географик жиҳатдан муҳим бўлган Самарқандни эгаллаш ва Мовароуннаҳрда марказлашган кучли давлатни сақлаш, мустаҳкамлаш ҳамда Амир Темур салтанатини қайта тиклашдан иборат эди. Бу пайтда, қисқа муддат ичида Самарқанд тахтига учинчи ҳукмдор келган эди. Султон Аҳмад Мирзо вафоти (1494 йил июл) дан кейин тахтга ўтирган Султон Маҳмуд Мирзо Самарқандда давлатни 5–6 ойдан ортиқ идора этмади – қисқа муддатли касалликдан сўнг 43 ёшида вафот этди. Унинг ўрнига Бухорода ҳоким бўлган ўғли Бойсунғур ўтиради. 1495–96 йилларда Бобур Самарқандга икки марта муваффақиятсиз юриш қилади. 1497 йил кузида у Самарқанд атрофидаги бир қанча жойларни ва 7 ойлик қамалдан сўнг Самарқандни эгаллайди, Бойсунғур Қундузга қочади.

Андижондан кўнгли нотинч бўлган ва иқтисодий қийинчиликларга учраган, айни замонда оғир хасталикни бошидан кечирган Бобур Самарқандни юз кун идора этгандан сўнг, уни тарк этишга қарор қилади. Аммо Хўжандга етганда Андижон ҳам қўлдан кетиб, мухолифлар ихтиёрига ўтганини эшитади. Бобурнинг Тошкент ҳокими, тоғаси Маҳмудхон кўмагида Андижонни қайта эгаллашга уриниши натижа бермайди. Бу муваффақиятсизлик Бобур қўшинига салбий таъсир этиб, кўпчилик бек, навкарлар (700–800 киши) Бобурни тарк этади. Ўзига содиқ кишилар (200–300) билан қолган Бобур маълум муддат Хўжандда тургач, Тошкентга – Маҳмудхон ҳузурига келиб, Андижонни қайтариб олиш режасини туза бошлайди. Маълум муддат ўтгач, Бобур Хўжандга қайтади, кўп ўтмай, Марғилонни қўлга киритади ҳамда Андижонни эгаллаш тадбирларини кўради. Ниҳоят, икки (2) йилдан сўнг (1498 йил июнь) уни қайта қўлга киритади. Бобур укаси Жаҳонгир Мирзо билан сулҳ тузиб, унинг ихтиёрида «Хўжанд сувининг Ахси тарафи вилоятларини…» қолдиради, Андижон тарафи вилоятларини ўз тасарруфига олади.
Темурийларнинг ўзаро урушлари кучайган кезларда Шайбонийхон Мовароуннаҳрни истило қилишга киришади. У 1499 йил Жиззах ва Самарқанд орқали Қарши ва Шаҳрисабзгача босиб боради, катта ўлжа билан Дашти Қипчоққа қайтади. Орадан кўп ўтмай, катта куч билан Мовароуннаҳрга қайтган Шайбонийхон Бухоро ва Қоракўлни эгаллайди (1499), Султон Али Мирзо калтабинлик билан Самарқандни Шайбонийхонга жангсиз топширади (1500). Бироқ, шаҳар аҳолиси ва зодагонларининг маълум қисми темурийлар ҳукмдорлигини тиклаш тарафдори эди. Улар Фарғона ҳокими Бобурга мактуб йўллаб, Самарқандни ишғол қилишга даъват этганлар. Бобур 1500 йил кеч кузида ўз қўшини (240 киши) билан Самарқандга етиб келгач, аҳоли унга пешвоз чиқиб, шаҳар дарвозаларини очиб беради. Шайбонийхоннинг шаҳар химояси учун қолдирган 600 нафар аскари қириб ташланади. Шайбонийхон Бухорога чекинади. Қисқа вақт ичида Самарқанднинг барча туманлари, Қарши ва Ғузор шаҳарларида Бобур ҳокимлиги эътироф этилади. Аммо шаҳарда озиқ-овқат захиралари тугаб, очарчилик бошланган эди. Бундан хабар топган Шайбонийхон катта куч тўплаб, яна Самарқандга юриш бошлайди. 1501 йил апрелда Зарафшон бўйидаги Сарипул қишлоғи яқинида бўлган жангда Бобур қўшинлари енгилади. Бобур Самарқандга чекинади. Шаҳар яна қамал қилиниб, у тўрт ой давом этади. Қамалда қолган шаҳар аҳолисининг очликдан тинкаси қурийди, Бобур 1501 йилнинг 2-ярмида ноиложликдан Самарқандни тарк этиб, Тошкентга, Маҳмудхон ҳузурига йўл олади.

Темурийларнинг тўхтовсиз жанглари ва оғир солиқларидан толиққан халқ Бобурни қўлламади ва у Мовароуннаҳрни тарк этишга (1504 йил июнь) мажбур булади.
Бобур 200–300 навкари билан Ҳисор тоғлари орқали Афғонистонга ўтади ва у ердаги ички низолардан фойдаланиб Ғазна ва Кобулни эгаллайди. Бобур Кобулни эгаллагач, мустақил давлат тузишга жадал киришади, қўшинни тартибга келтиради, қаттиқ ички интизом ўрнатади. Кобулга, умуман Афғонистонга Бобур ўз юрти каби қаради, қурилиш, ободонлаштириш, касбу ҳунар ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ишларини бошлаб юборади. «Боғи Шаҳроро», «Боғи Жаҳоноро», «Ўртабоғ», «Боғи вафо» ва «Боғи Бобур» каби оромгоҳлар ташкил этди. Шаҳар ичидаги Боло Ҳисор қалъасини ўз қароргоҳига айлантириб, уни қайта таъмирлатди, янги иморатлар қурдирди ва оиласи билан шу қалъада яшади. Унинг Ҳумоюн, Гулбаданбегим, Комрон ва Ҳиндол исмли фарзандлари шу ерда туғилади. 1506 йил баҳорда вафот этган Қутлуғ Нигорхоним Мирзо Улуғбек шу ерда бунёд эттирган «Боғи Наврўзий»га дафн этилади.
Бобур Афғонистонда бир фотиҳ сифатида эмас, балки шу юрт, эл ободонлиги ва равнақи учун жон куйдирган тадбирли ҳукмрон сифатида қизғин фаолият кўрсатди, унинг манфаатлари йўлида одилона ва оқилона иш тутди. Афғонистондаги амалий фаолиятига кўра Бобур бутун Хуросон ва Мовароуннаҳрда қудратли давлат бошлиғи ва музаффар саркарда сифатида катта обрў орттира борди, минтақадаги сиёсий ҳаёт эътиборли ўринга кўтарилди.

1507 йил бошларида Бобур Ҳиндистонга юриш бошлайди. Аммо бу уриниши муваффақиятсиз тугаб, яна пойтахт Кобулга қайтади.
Бобур Мовароуннаҳр ва Хуросондаги сиёсий вазият ва уруш ҳаракатларини кузатиб боради, ўз қўшинларини доимо шай тутади. Шайбонийхон Хуросоннинг йирик марказларини қўлга киритгач, Эронни забт этиш учун юриш бошлайди.

Бобур шоҳ Исмоил билан ҳарбий-сиёсий иттифоқ тузиб, 1519 йил баҳорига келиб Бобур Ҳиндистонни забт этиш режаларини амалга оширишга киришади ва кейинги 5–6 йил давомида бир неча юришлар уюштиради. Ниҳоят, 1526 йил апрелда Панипатда асосий рақиби, Деҳли султони Иброҳим Лўдийнинг юз минг кишилик қўшинини 12 минглик аскари билан тор-мор қилади ҳамда Деҳлини эгаллайди. Орадан кўп ўтмай, иккинчи йирик ҳинд саркардаси Рано Санго устидан ҳам зафар қозониб, Шим. Ҳиндистоннинг Бенгалиягача бўлган қисмини ўзига бўйсундиради. Аграни ўзига пойтахт сифатида танлаган Бобур катта қурилиш ва ободончилик ишларини бошлаб юборади. Шу тариқа Бобур Ҳиндистонда уч ярим асрга яқин ҳукм сурган қудратли бобурийлар сулоласига асос солади.
Бобур Ҳиндистонда ҳам, худди Афғонистонда бўлганидек, кўплаб ижтимоий хайрли ишларни амалга оширди, мамлакат тараққиётига жиддий таъсир кўрсатди. Тарқоқлик ва парокандаликка, ўзаро ички низо, қирғинларга барҳам бериб, вилоятларни бирлаштирди, марказлашган давлатни мустаҳкамлаш ва юртни ободонлаштиришга, илму ҳунар ва деҳқончиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратди. Қурилиш ишларига бошчилик қилди.
Бобур Самарқанддалигининг илк ойларида Алишер Навоий ташаббуси билан улар ўртасида ёзишма бошланади. Бобур атрофида ижодкорлар тўплана бошлаши ҳам шу йилларга тўғри келади. Жумладан, Биноий, Абулбарака ва Бобур ўртасидаги рубоий мушоираси Самарқанддаги қизғин адабий ҳаётдан дарак беради. Умуман, давлат арбоби ва кўп вақти жангу жадалларда ўтган саркарда сифатида ижтимоий фаолиятининг энг қизғин даврида ҳам, шахсий ҳаёти ва давлати ниҳоятда мураккаб ва хатарли шароитда қолган чоғларида ҳам Бобур ижодий ишга вақт топа билган, илм, санъат ва ижод аҳлини ўз атрофига тўплаб, ҳомийлик қилган, уларни рағбатлантирган.
Ўтмиш адабиёт ва тарих, мусиқа ва санъатдан яхши хабардор бўлган, диний таълимотга чин ихлос қўйган Бобур ҳар доим олиму фозиллар даврасида бўлди, хусусан ижод аҳлига, касбу ҳунар соҳибларига самимий эҳтиром кўргазиб ҳомийлик қилди, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириб турди. Ижод ва санъат аҳлига бундай меҳрли муносабат асло бежиз бўлмаган. Бобур табиатан ижодкор эди. Йигитлик йилларидан бошлаб то умрининг охиригача самарали ижодий иш билан шуғулланди, ҳар қандай шароит ва вазиятларда ҳам ижоддан тўхтамади, натижада, ҳар жиҳатдан муҳим бой илмий ва адабий мерос қолдирди.
Бобур 18–19 ёшларида рубоий ва ғазаллар ёза бошлаган. Унинг «Топмадим» радифли ғазали ва «Ёд этмас эмиш кишини ғурбатда киши» мисраси билан бошланувчи рубоийси ўша йиллардаги ҳаёти билан боғлиқ.
Бобурнинг улкан санъаткорлиги шундаки, шахсий кечинмаларини жиддий умумлашма даражасига кўтара олади ва натижада асарларида олға сурилган ғоялар умуминсоний қадриятлар даражасига кўтарилади. Бобур ижодида, хусусан, шеъриятида киндик қони тўкилган она юртини дил-дилдан қўмсаш, унинг тупроғига талпиниш, ғариблик азобларидан ўтли ҳасрат, ёру диёр соғинчи ва висол илинжи, тақдир зарбалари ва турмуш уқубатлари, замона носозликларидан нола бадиий таҳлил этилади.
Бир неча муддат олдин подшоликни Ҳумоюнга топширган Бобур 47 ёшида ўзи асос солган салтанат пойтахти Аграда вафот этди ва ўша ерда дафн этилди, кейинчалик (1539), васиятига мувофиқ хоки Кобулга келтирилиб, ўзи бунёд эттирган «Боғи Бобур»га қўйилди.

Бобур гарчи шоҳ эса-да, Ватанга бўлган муҳаббат ҳамда ҳижрон азоби уни адо қилган, балки гадо қилган, деб айта оламиз: 

Падаримни ютиб кетган жарда жоним қолди менинг,

Қалбим торин чертиб кетган ёрда жоним қолди менинг,

Қалам бирлан шамшир тутган ерда жоним қолди менинг,

Шаббобликда шабгир этган анда жоним қолди менинг,

Анда жоним олиб қолған Андижоним қолди менинг…

Нодиримсан, Андижонни қалбим ҳаргиз тарк этмайин,

Ҳабибимсан, Андижонни ёдин ҳаргиз тарк этмайин,

Илҳомчимсан, Андижонни ким ҳаргиз тарк этмайин,

Анда номим боқий этган Андижоним қолди менинг,

Анда жоним қолиб кетган Андижоним қолди менинг…

Боғишамол насимига куйган дилим зор айлабон,

Риёликни рафиқ билган рақиблар озор айлабон,

Диёримда муқимликни замонам душвор айлабон,

Фурқатига эътимодим афғонга изҳор айлабон,

Фарзандини меҳмон этган Андижоним қолди менинг.

Бобурингман, фатво берган юртим ҳаргиз тарк этмайин,

Анда номим боқий этган Андижоним қолди менинг…

Интернет маълумотлари асосида

Гулбаҳор Абдуллоҳ тайёрлади.

Баҳам кўринг

Leave A Reply