Амира – борлиғимни қирқ икки ой кезган рўё (давоми)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Амира! Сендан кейин мен учун дунё неъматларидан мени сенга боғлаб турадиган эсдаликлар ва сенга тегишли осорлардан бошқа нарса қолмади.

Одамлар мусибатли, ғамли хотиралардан хуррамлик келтирадиган, ғамларни унуттирадиган нарсаларга қочадилар. Бироқ мен... Менга эса хуррамлик келтирадиган, ғамларни унуттирадиган нарсалардан мусибатли, ғамли хотираларимга қочишгина ёқади. Мени фақат сен ҳақингда сўзлаш юпатади, менга сен билан ўтказган кунларимни қайта ўйлашгина завқ беради. Ҳаётдаги овунчини йўқотган кимса унинг ортидан осорлари билан овуниш-у, қолдирган ёдгорликлари узра ўзини ташлашдан бошқа нима ҳам қиларди? Қалбининг райҳонини йўқотган бечора у ўсган тупроқ атрини ҳидлашдан, унинг атрофида айланган ҳаводан нафас ютишдан бошқа нима ҳам қиларди? Лекин мен, эй Амира, сендан кейин ҳатто ёдгорликларингни ҳам йўқотган кўринаман. Ҳолбуки, мен ўшаларга юкиниб, улар билан овунаман, деб умид қилган эдим! Жозибадор қоматингни куйловчи кўйлакларинг ҳақида ҳеч нарса билмайман. Уни кўзларимга сурма қилиб сурта олмаяпман. Ташна ўпкаларим унинг атридан ҳидлашга, хушбўйида ғарқ бўлишга бирор чора топа олмай қолди. Бизни илк кунларимизда ўз соясига олган анор, сояси остида биз бахт гаштини сурган жасмин дарахти ва бизга табиат саломларини йўллаб турган, замон қувончларини улашган баланд қирмизи атиргулларни ҳам кўрмаётгандекман. Оҳ, менинг куйган юрагим! Ҳар гал зиёратга келганимда сенинг порлоқ ва сертабассум чеҳранг билан очиладиган ҳовлинг эшиги остонасида бугун мен учун туриш йўқ! Шундай қилиб, бағрида мен сени таниган жаннатим менга нотаниш бир ғурбат ҳовлиси бўлди-қолди. Мен орзу-умидлар чашмаси, бахт-саодат хазинаси деб билган дунё қувроқ катта дарахту, зим-зиё зиндонга айланди. У менинг оғриқларимни орттиради, мени ўз кунларимдан янада олисларга улоқтиради. Вафо дунёси, баъзи ёдгорликлар, эсдаликлар ва суратларни ҳисобга олмаганда, одатдагидек, қаровсиз ҳолга қайтди! Лекин мен бу қаровсиз оламдан ўзим учун хобхона ва қароргоҳ тутажакман. Унда аҳду паймон майдонини яратиб, сен билан учрашув кунигача бу ердан айрилмайман! Оила аъзоларидан бўлсин, қавму қариндош, қўни-қўшнилардан бўлсин, сен туфайли дўстлашган кишиларим билан бўлган дўстликни асло бузмасман! Ичкарига кира олмасам ҳам, сизларнинг ҳовлингиз атрофида айланавераман. Ўтганда ҳам, кетганда ҳам, шарққа юрсам ҳам, ғарбга юрсам ҳам, унинг ҳавосидан нафас олавераман. Гўзалликларни тераман, бошқасини эсламайман ҳам. Қалбимдаги муҳаббатга сабр оташини тож қилиб кийдираман. Йиғласам, йиғим вафо бўстонида қолган кундалар учун суғориш бўлсин! Алам чексам, қолган гўзалликлар ҳам фоний дунё матоҳига айланиб қолишидан қўрқиш бўлсин! Эй дунёю охиратдаги Севгилим! Ҳа, сенинг ёдгорликларингни қўлдан бердим, лекин мен молик бўлган бир қимматбаҳо ёдгорлик бор. У мен учун энг бебаҳо бойликдир, зотан ундан менга руҳинг бўйи эсиб туради, муҳаббатинг, меҳринг тафти уриб туради. У сенинг хатларинг, варақларинг… Ҳа, менга бўлган содиқ севгинг ифодаси ўлароқ қолдирганинг ўша қоғоз парчалар. Бирор муносабат йўқ эдики, сен уни зарварақларга жо қилмаган бўлсанг, энг нафис иборалар билан энг нозик ва жўшқин ҳиссиётларни, оташин севги муҳаббат сўзларини унга битмаган бўлсанг. Бу саҳифалар сендан кейинги менинг энг қимматбаҳо хазинамдир. Мен уларни хушбўй суртилган бир сандиқчада сақлаяпман! Мен ёлғизлик меҳробида сирли суҳбатларингни такрорлайман, мен учун сендан кейин хотира бўлиб қолган сўзларингни қайтараман. Шу он ширин кўз ёшлар ёрдамга келади. Мана шу кўз ёшлар билан Аллоҳ мени икром қилади, ўйноқ юрагим ҳапқириқларига шафқат кўрсатади. Мен сенинг сатрларингни шуурларим ва эҳсосларим нигоҳи билан ўқийман. Уларнинг орасида сокин ва нафис руҳингни кўраман. У менга она ёлғиз фарзандига мушфиқ бўлгандек, мушфиқлик қилади, мени аламларим дўзахидан тўлғониб турган қалбинг жаннати томон тортади! Эй мангу Маҳбубам! Нозик бармоқларинг билан ошиқ қалбинг туйғуларидан энг ғаройиб баёнларни битар экансан, сендан кейин дарбадарлик биёбонларида озиғим бўлиши учун муҳаббатинг гулидан гулоб берар экансан-да?! Эй латиф туйғулар маликаси! Ичимга сендан кейин мени куйдириб адо қиладиган ишқ ўти солишингни, аммо муҳаббат умрини мен учун узоқ яшаб бермаслигингни тақдир сенга шивирлаганмидики, бу муҳаббат ўрнига мангу сиймойингни қолдирмишсан, уни тотли калималар билан қалбга кашталамишсан, ажойиб нозик баёнларингни унга тож қилиб тикмишсан?! Оҳ, бу ишқнинг ширин оғриқли туйғулари! Эҳ, бу лов-лов аланга ичра ёнган кўксим! Эҳ, бу ишқ дўзахи ўртасида жаннат бўлган девона юрак!

Муҳаммад Саид Рамазон Бутий

Араб тилидан Одинахон Муҳаммад Юсуф таржимаси

(давоми бор)

Мавзуга оид мақолалар
Фахриёрнинг Фахриддин Низомов «Излам» номли шеърий тўплами «Академнашр» нашриётида чоп этилди. Китобдан давоми...

08:13 / 31.10.2017 5499
Саломатлик дарсларини бошлаганимизда соғлом турмуш тарзининг бир қатор омиллари тўғрисида тўхталган эдик. давоми...

16:01 / 02.01.2017 4204
Олтмиш халқнинг бир ярим миллиондан ортиқ китоби жамланган маконга ташриф буюринг БАА, Шаржа амирлигида давоми...

10:06 / 06.11.2017 4775
Шайх ҳазратлари, мени болалар уйидагилар, тўғрироғи, беникоҳ туғилганларнинг тақдири давоми...

09:15 / 29.11.2016 3942