Aллоҳнинг қаҳри мавжудлигига далолат қиладиган нарсалардан бири

0 1 014

Сен учун У Зот субҳанаҳунинг қаҳри мавжудлигига далолат қиладиган нарсалардан бири – Ўзи билан мавжуд бўлмаган нарса ила сени Ўзидан тўсганидир.

Қарангки, ўша тўсилган нарса ҳам аслида мавжуд бўлмас экан. Бу ерда эътибор берадиган бўлсак, шундай балоғат билан айтилганки, Аллоҳ таолодан тўсгувчи бор деб ўйлаймиз, аслида у йўқ, бу – мажозий мисол. Ўзимиз йўқ нарсани биз пайдо қилиб, тўсиб қўямиз. Масалан бебошлик билан аслида бебошлик йўқ бўлиши керак бўлган нарса – шу билан Аллоҳ таолони тўсиб турамиз. Бу ерда шундай чиройли бир мисол келтириладики, масалан чироқни бундай қўйиб қўйилган бўлса, нури тушиб туради, лекин унинг олдини бирор стул қўйиб қўйилса, ўша стул нурни тўсиб, қайтариб туради. Мана шу стул қўйилиши керак бўлмаган, йўқ нарса, лекин инсон ўзи уни қўйиб, ўзидан нурни тўсиб қўяди.

Бизни Аллоҳ таолодан тўсиб турадиган нарсалар моддий эмас, яъни гуноҳларимиз, ўзимиз ишлаган, орттирган майлларимиз бўлиб, улар Аллоҳнинг раҳматидан бизни тўсиб туради.

Аллоҳ таолонинг Қаҳҳор сифати бор. Қаҳҳорнинг маъноси барча маҳлуқотларни қабзасида тутиб, уларни Ўз ҳукмига юритиб ва қудрати ила бўйсиндириб турувчи, деганидир.

Масалан қаҳр сифати бандага нисбатан ишлатилганда ижобий эмас,балки  салбий маънода келади. Яъни «Қаҳри қаттиқ экан», «Қаҳрли экан», дейилса, шу инсонга нисбатан яхши маъно тушунилмайди. Қаҳр бешафқат маъносида ишлатилади.
Аммо Аллоҳ субҳанаҳу таолога нисбатан айтилганида бунинг бошқа маъноси бор. Бундаги маъно У Зотнинг Ўзига лойиқ ҳолда тушунилади. 

Қаҳҳор деганда маҳкам ушлаб туриши, Ўз ҳукмини юритиши англанади.

Баъзи бир бандалар борки, Аллоҳнинг неъматларидан, раҳматидан тўсилган бадбахт бандалар бўлади. Шундай бандаларига Аллоҳнинг қаҳри, ғазаби лойиқ бўлади. Энди нимага, деган савол туғилади. Яъни баъзилар шу ўринда дарҳол қазои қадар масаласини кўтаришади: Аллоҳ Ўзи бандаларига шуни тақдир қилган-ку, деганга ўхшаб. Агар уларга Аллоҳнинг қаҳри тушган бўлса, демак, бу бандаларнинг гуноҳи йўқ экан-да, пешанасига ёзиб қўйилган бўлса, дейишади. Йўқ! Бундай тушуниш, бундай иддао қилиш – нотўғри! Энди Аллоҳнинг қаҳри кимларга келади? Ҳамма бандаларигами? Гуноҳ қилганлар ҳаммаси қаҳрга учраб, шу йўлга кириб кетаверар эканми? Йўқ, гуноҳнинг турлари бор: енгили, кечириладигани, мағфират қилинадигани ёки оғир, кечирилмайдиганлари бор. Бунда ҳар бир гуноҳкор банда хатосини англаб, қилмишига пушаймон бўлиши, тавба қилиши лозим.

Хатодан маъсум зотлар фақат Пайғамбарлар алайҳиссалом! Улардан ташқари бандаларнинг эса ҳаммаси хатокор бўлади. Бу Қуръони Каримда келади. Бандаларнинг барчаси хатокор, гуноҳкор. Хатокорларнинг энг яхшиси эса тавба қилувчилар, дейилади. Шунинг учун тавба қилишга буюрилганмиз. Банда агар хато, гуноҳ қилиб, хатосини эътироф этиб, тавба қиладиган бўлса, қалби муҳрланганлардан бўлмайди. Қалби муҳрланганлар, Аллоҳнинг қаҳрига учраганлар кимлар, дейилса, улар кибрга кетиб, бошидан Аллоҳга исён қилган ва Унинг буйруқларини тан олмаганлардир.

Гуноҳкорлар ўзининг иродасизлигидан, заифлигидан хато қилиб қўяди.

Яъни қасддан гуноҳ содир этмайди. Шу ишнинг хатолигини билади, Аллоҳни танийди, Унинг аҳкомларини эътироф қилади, шариат ҳукмларини тан олади, лекин ўзидаги мавжуд заиф сифатлар сабабли, нафсига қарши курашолмаслиги туфайли хато ишлаб қўяди. Мана шундай гуноҳкорларнинг тавбаси кечирилади. Чунки ким тавба қилса, худди гуноҳи йўқдек пок бўлади, дейилган. Аммо нариги гуноҳкорлар қалбан гуноҳга майл қилади. Кибрга кетади. Шу сабаб уларга Аллоҳнинг қаҳри инади. Аллоҳ таолонинг қаҳри тушгач, раҳматидан буткул тўсиб қўйилади. Чунки бу ҳолат нозик тафсилот билан берилган. Биз гуноҳкорлар борки, тавба қилса, кечирилади, деймиз. Йўқ, гуноҳкорлар борасида умумий ҳукм чиқарилмас экан! Гуноҳнинг ҳам даражаси, кибри бор экан. Ана шунга эътибор бериш керак.

«Роббининг оятлари ила эслатилганда, улардан юз ўгириб, ўз қўллари тақдим қилган нарсани унутган кимсадан кўра золимроқ ким бор?!.» (Каҳф сураси, 57-оят).

  Золим дейилганда бандаларнинг бир-бирининг ҳаққига тажовуз қилганларни золим, деб аталади, лекин золимлик Аллоҳ билан банданинг муносабатида ҳам бўларкан!.. Астағфируллоҳ.

Аллоҳ таолога муносиб бандалик қилмаслик ҳам зулм бўлади. “Роббиларининг оятлари эслатилганда…” дейилганнинг ўрнига “гуноҳ қилиб қўйганлар” дейилгани йўқ – оятлар эслатилганида улардан юз ўгиришгани айтилмоқда, яъни кибр қилганлардир.

Банда Аллоҳ таолога нисбатан кибр қилиши яъни оятларни тан олмаслик ила тўсилишидан Яратгандан паноҳ сўраймиз!

Одинахон Муҳаммад Юсуф

Баҳам кўринг

Leave A Reply