Аллоҳнинг меҳмонлари, ҳажингиз МУБОРАК!

0 799
Аллоҳнинг меҳмонлари, ҳажингиз МУБОРАК!
  Кечагина Аллоҳ таолонинг инояти билан дунё мусулмонлари қатори Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунаввара томон ҳаж амалларига бел боғлаган юртдошларимиз бугун она ватан сари дуо ва ибодатларга чўмган ҳолда қайтишмоқда. Уларнинг гўё фариштадек сиймолари оппоқ кийимларида барқ уриб туради. Умра ва ҳаж амалини адо этганларнинг барча гуноҳлари шаксиз кечирилиши ва дуолари ижобат бўлиши ҳақида ҳадиси шарифларда баён қилинган. Ажаб эмас, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваъдаларига мувофиқ онадан янги туғилган чақалоқдек бегуноҳ бўлиб қайтишган бўлса. Шу билан бирга ватан бағрига қайтган ҳожилардан яхши тилак ва мақсадларни ижобат бўлиши учун дуолар сўрашимиз даркордир. Айримлар масжид имомларини ваъз ва кўрсатмаларига кўра бу неъматдан унумли фойдаланиб, уларни зиёрат қиладилар. Айниқса, хожиларни муборак сафар олдидан бевосита саломлари, дуолари ва хатму-қурьонларини ўз номларидан бағишлаб қолишади. Натижада, улуғ ва хўп савобларга сазовор бўлишади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тавоф қилаётган бир кишини шундай деб дуо қилаётганини эшитдилар: “Эй Аллоҳим! Фалончи ўғли фалончини мағфират қил!”. У зот айтдилар: “Ким у?”. У деди: “У мендан Рукн ва Мақоми Иброҳим орасида (ҳаққига ) дуо қилишимни сўраган кишидир”. У зот айтдилар: “Аллоҳ дўстингни мағфират қилди”. Бу ажойиб мақомдир.
 Аксар ибодатли кишилар эса шу каби имкониятдан маълумотлари бўлмагани ёки бошқа сабаблар туфайли бебаҳра қоладилар. Бироқ диний манбаларда уларни зиёрат қилиш ва дуоларидан баҳраманд бўлишга доир хадис шариф ва уламолар ҳикматларидан тарғиб ва кўрсатмалар кўплаб келтирилган.
Хўш, бизлар ҳожиларни қай йўсинда ва қай тартибда кутиб олиб, улардан истагимиз қандай бўлиши лозим. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига эргашамиз.
 У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Агар сен (ҳаж амалини бажарган) ҳожи билан кўришсанг, (аввал) унга салом бер, сўнгра, у билан қўл бериб кўриш-да, (ҳожи) уйига киришидан аввал ҳаққингга истиғфор (яъни, Аллоҳ гуноҳларингни кечиришини) айтишга буюр. Чунки, у (айни дамда) мағфират қилинган кишидир”.
Шунинг учун биз зиёратчилар ҳожини қўйидаги дуолар билан қарши олишимиз даркор. “(Эй биродар!) Аллоҳ ҳажингизни қабул қилсин, гуноҳингизни кечириб, нафақангизни тўлдирсин”.
Хусусан, ҳаж амалини бажарган ҳожини гуноҳи кечирилгани маълум экан, шу каби уни зиёрат қилиб, дуо сўраганни ҳам бутунлай гуноҳи мағфират этилиши ҳақида ваъдалар келтирилган.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Зулҳижжа ойини қолган кунлари, (бутун) Муҳаррам ойи ва Рабиъул-аввал ойининг ўн кунлари асносида ҳожи ва ҳожидан истиғфор (яъни, Аллоҳ гуноҳини кечиришини) сўраган кишининг (гуноҳлари) мағфират қилинади”.
Бу ҳадиси шарифдан ойдек равшанки, зиёрат қилувчи улар билан оҳиста кўришиб, ўзи ва оила-аъзолари ҳаққига дуолар, шунингдек, хос истак ва тилаклари бўлса, уларни ҳам сўраб қолишга айни фурсатдир. Ҳожини бир неча кун мобайнида дуосидан баҳраманд бўлишга ҳам кўрсатма бор. Хусусан, бу каби сафари муборакни адо этган жаннат билан тақдирланади ва қиёмат куни жаннатга ҳожилар учун хос бўлган эшикдан киради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар: “Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир”. Шунингдек, ҳаж амалини адо қилган киши ибодат ва амаллари таъсирида ҳаёт кечирар экан, Аллоҳим унинг буюк ибодати эвазига, оила-аъзолари ва аждодларини ҳам қиёмат кунида шафоъат қилишдек бахтга муяссар қилади. Бу борада Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ҳожи оила-аъзоларидан тўрт юз кишини (қиёмат кунида) шафоъат қилади”. Бу даража қанчалар буюк ва қанчалар бахт!!!!
Ҳожидан дуо сўраш ва ибодатида ҳам шерик қилишини сўраб қолишда пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдек зот ўрнак бўлганлар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу умра сафарига боришга изн сўраганларида ҳам ўзларини ҳам дуо қилишларини сўраб қоладилар. Бу ҳақда Ибн Умар розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: “Умар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан умра қилишга изн сўрадилар. Унга изн бериб: “Эй, биродарим! Ўзингни хос дуоингда бизни ҳам шерик қилгин ва бизни унутиб қўймагин” дедилар”.
Оиша онамизнинг ривоятида келтирилишича, ҳожининг энг буюк совғаси Зам-зам суви ва хурмо меваси ҳисобланади. Чунки, Зам-зам суви ва унинг фойдаси борасида кўплаб ҳадислар ворид бўлиб, бу ҳақда бир неча китоблар ҳам битилган. Ҳатто буни оддий ичимлик суви эмас, балки, озуқа ва ҳамда шифо-малҳам сифатида келтирилади. Зам-замни истеъмол қилиш пайтида нима тилак бўлса, Аллоҳдан сўраб ичилса, ҳар қандай мақсадга етказади. Бироқ унинг ўзига мувофиқ одоби ҳам мавжуд. Хусусан, аввал тик турган ҳолда қиблага юзланиб, қуйидаги дуони хуфёна тарзда айтиб ичиш суннат амал ҳисобланади: “Эй Аллоҳим! Мен сендан фойдали илм, кенг ризқ ва ҳар қандай дардга шифо сўрайман”. Баъзи олимлар эса, Зам-зам сувини қиёмат кунида чанқамаслик ниятида ҳам ичишган. Тадқиқот ва илмий кашфиётлар натижасига кўра Зам-зам суви ҳомиладор аёлларга, айниқса, туғруқ даврида кони фойда экани аниқланди.
Ҳадиси шарифларнинг бирида Зам-зам сувини қониб ичиш кишида мунофиқликни йўқотади деб келтирилади. Бу ҳақда шундай дейилади: “Зам-зам сувидан қониб ичиш нифоқни кетказади”. Шу билан бирга Зам-зам сувига қараш ҳам ибодат саналган.
Тузувчи: Муҳаммад Фозил Абу Айюб
Баҳам кўринг

Leave A Reply