Аллоҳнинг исми ва сифатларига ишониш

0 2 976

БОЛАЛАР УЧУН  ЭЪТИҚОДИЙ ҲИКОЯЛАР ТУРКУМИДАН

Аллоҳнинг исми ва сифатларига ишониш

Бомдоддан олдин Рима уйғониб кетди. Ўрнидан туриб онасини қидира бошлади ва унинг ўз хонасида намоз ўқиб, йиғлаб дуо қилаётганини кўрди. Рима одоб билан волидаси намоз ўқиб бўлишини кутди.

Сўнгра сўради: Онажон, нега бу пайтда намоз ўқилади?! Ҳали бомдодга азон айтилмади-ку?

Онаси жавоб берди: Эй Рима, бу саҳар вақти дейилади. Бу пайтда бизнинг дунё осмонимизга кечанинг охирги учдан бир қисмида Роббимиз тушиб шундай нидо қилади: “Қани гуноҳлари кечирилишини сўрайдиган борми, дуо қиладиган борми?!..” Бизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб айтиб кетганлар. Демак, ҳар бир мусулмон бу пайтда Роббисига юзланиб, ундан гуноҳлари кечирилишини дуо қилиши ва Унинг фазлу марҳаматини сўраши лозим бўлади.

Рима: Аллоҳ қаерда? Нега биз уни кўрмаймиз?

Онаси жилмайиб жавоб берди: Эй Рима, бандалари Аллоҳни бу дунёда кўролмайди. Чунки бу дунё синов диёридир.

Рима: Унда Аллоҳни қачон кўрамиз?

Онаси: Мўъминлар Аллоҳни охиратда кўрадилар ва унга қарай оладилар, деб Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам бизга айтиб кетганлар.

Рима: Онажон, Аллоҳ Ўзи қаерда?!

Онаси: Аллоҳ таоло аршнинг устидадир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг “Тоҳа” сураси 5-оятида шундай деган: У – Роҳман, Аршни эгаллади.” Роҳман сифатининг соҳиби Аллоҳ Аршни эгаллади. Аршни эгаллашининг эса ўхшаши йўқ, мисли йўқ, шакли ҳам йўқ. Унинг эгаллаши ўзига хос. У ўз аршининг юқорисидан бизни кўриб, эшитиб туради ва Қиёмат куни бизнинг амалларимизни ҳисоб қилади.

Онаси яна жилмайиб айтдики: Эй Рима, шуни билгин-ки, мўъминлар Аллоҳни яхши кўрадилар ва уни кўришга ошиқадилар.

Шунда Рима табассум қилиб деди: Онажон, мен ҳам Роббимни кўришга муштоқман. Чунки мен Уни яхши кўраман!

Онаси: Ундай бўлса, қизим, Аллоҳнинг буюк жамоли, олий жалолини кўришга эришиш учун сен ҳар доим яхши ишлар қилишинг керак бўлади. Аллоҳнинг олий ва пок юзи гўзаллигига У яратган бирорта нарсанинг гўзаллиги ета олмайди!

 Рима: Хўп бўлади, ойижон, албатта Аллоҳга ёқадиган ишларни қиламан. Қуръон ёдлайман ва кўп намоз ўқийман, Аллоҳ қодир қилса!

Онаси шундай деб сўзини тугатди: Ҳа қизим, худди шундай қил. Бу дунёда Аллоҳни кўриб бўлмаса ҳам, агар ким У билан гаплашишни хоҳласа, намоз ўқиб Аллоҳга барча истакларини сўзласин, ким Аллоҳнинг гапларини эшитишни хоҳласа, Аллоҳнинг улуғ каломи бўлмиш Қуръонни ўқисин, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам бизга шуни ўргатиб кетганлар!

Аллоҳни ягона илоҳ деб билиш

Бир бахтиёр оила аъзолари жума куни намоздан кейин суҳбатлашиб ўтирган эдилар.

Қизлари Марям Қуръоннинг “Амма” ва “Таборак” жузларини, Яҳё эса “Бақара” сурасини ёдлаб тугатганди.

Оталари сўради: Қуръонни яхши тушуниб ёдлаганингизни текшириш учун сизларга савол бераман, қани ким бизга тўғри жавоб берар экан?!

“Ла илаҳа Иллаллоҳ” калимасининг маъноси нима?

Марям: Мен айтаман… маъноси шуки: фақат Аллоҳгина ибодат қилинишга ҳақли Зотдир. Чунки Аллоҳ таоло айтган-ки: “Бас, агар кофирлар ёқтирмасалар ҳам, Аллоҳга динни холис қилган ҳолингизда ёлборинг”, (Ғофир, 14)

Яҳё ҳам жавоб беришга шошилди: Ҳа, отажон, фақат Аллоҳгина ибодат қилинишга лойиқ Зот. Биз бандалар турли ҳайкаллар ёки Аллоҳ яратган жонзотларга эмас, балки бизни яратган Аллоҳга ибодат қилишимиз керак.

Оталари: Баракалла Марям, баракалла Яҳё, – деб фарзандларини мақтаб қўйди.

Оналари ҳам сўради: Ибодат ўзи нима дегани?

Марям: Ибодат – бу Аллоҳни шундай севишимиз-ки, бошқа яратган нарсаларига нисбатан севгимиз Аллоҳга бўлган севгимизга тенг келолмайди. Ва мана шу севги фақат Унинг буйруқларинигина бажаришга, Унинг буйруқларини бошқа махлуқларининг хоҳишидан устун қўйишга, аввал Аллоҳнинг буйруғини Унга шукр қилган ва бўйсунган ҳолда сидқидилдан бажаришимизга ундайди.

Яҳё: Ҳа шундай, ибодат деб Аллоҳга ёқадиган ва Аллоҳни рози қиладиган барча ишларга айтилади. Намоз ва рўза каби чиройли хулқ, муомала ва одоб ҳам ибодатдир. Аллоҳ таоло Ўзининг Қуръонида айтадики: “Сен: «Албатта, менинг намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир. Унинг шериги йўқ. Ана шунга буюрилганман. Ва мен энг аввалги мусулмонман, деб айт”. (Анъом, 162-163) Бу оят мусулмон одам бутунлай Аллоҳига ажралиб чиқиши лозимлигини кўрсатади. У намозни фақат Аллоҳ учун ўқийди. Бошқа зот учун ёки бадантарбия, ахлоқий машқ, ота-онасини хурсанд қилиш учун эмас. У ибодатларини фақат Аллоҳ учун адо этади. Ҳаж қилса, рўза тутса, закот берса, Аллоҳ учун қилади. Бировнинг гапи, мақтови ёки эҳтироми учун қилмайди.

Оталари уларнинг жавобидан мамнум бўлиб айтди: Аллоҳ иккингизга барака ва фойдали илм ато қилсин!

Онаси қизига қараб деди: Қизим Марям, менга бир пиёла сув келтир.

Марям: Онажон, хўп бўлади, мен сизнинг буйруқларингизни бажаришим шарт. Чунки ота-онага бўйсуниш – бу Аллоҳга итоат қилишдир. Аммо ошхона қоронғи-да, мен эса қоронғидан қўрқаман, – дея ҳижолат бўлиб ерга қаради.

Яҳё синглисига шундай деди: Сингилгинам, лекин Аллоҳ ҳар доим биз билан бирга, бизни кўриб, эшитиб туради. Биз буни ҳис қилган ҳолда Унга имон келтиришимиз ва Унга итоат қилишимиз керак. Энг муҳими, фақат Аллоҳдангина қўрқишимиз лозим. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Аллоҳнинг Ўзи энг яхши муҳофазачи ва Унинг Ўзи раҳмлиларнинг энг раҳмлисидир”, – деди. (Юсуф, 64). Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: “Кучли мўъмин кучсиз мўъминдан кўра яхшироқ ва Аллоҳга севимлироқдир. Ҳар иккаласида ҳам яхшилик бор”.

Бу гапларни эшитган Марямда қўрқув йўқолиб, ўрнини Аллоҳга бўлган янада мустаҳкам ишонч эгаллади.

Марям бу суҳбатга шундай якун ясади: Ҳа ростдан ҳам, мен энди қўрқмайман. Қачонки қўрқсам, Аллоҳдан ёрдам сўраб дуо ва илтижо қиламан, Ўзи яратган нарсаларнинг ёмонлигидан Ўзидан паноҳ тилайман. Ибодатнинг маъноси ҳам мана шу бўлса керак. Мўъмин ҳар доим ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳ билан бирга бўлиши ибодат экан.Аллоҳ ризқ берувчи эканлигига имон келтириш

Абдуллоҳ боғда ерда ўтирган ҳолда чумолилар тўдаси ҳақида узоқ тафаккур қилиб қолди. Отаси унинг бу ҳолатини кўриб деди:

  • Нимага бунча термулиб ўтирибсан, эй Абдуллоҳ?!

Абдуллоҳ: Чумолилар ҳақида ўйлаяпман, отажон. Чумолилар қандай қилиб овқатларини териб келадилар?

Отаси табассум ила жавоб берди: Барча нарсани яратиб, яратган барча махлуқларининг ризқини берувчи – Аллоҳ. Аллоҳ таоло айтадики: “Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир.” (Ҳуд, 6)

Чумоли ҳам, бошқа махлуқотлар ҳам ўзининг емишини топиш учун изланади, ҳаракат қилади. Емишларини эса уларга Аллоҳ йўлиқтиради ва уларни ризқлантиради. Аллоҳнинг қайси бир яратилган махлуқи ўз ризқини топишини, Аллоҳ уларга қачон насиб қилдириши тақдирда ёзиб қўйилган. Агар ўз ризқларини топишларини Аллоҳ уларга насиб эттирмаса, ризқлантирмаса, махлуқлар ризқларини топа олмай адашиб юраверган, охир-оқибат очликдан ўлиб кетган бўлардилар.

Абдуллоҳ яна сўради: Биз-чи, отажон, бизга ким ризқ беради?!

Ота шундай деб жавоб берди: Бизни ҳам чумолига ризқ берган зот – Аллоҳ таоло ризқлантиради, эй Абдуллоҳ! Мен ҳам Аллоҳга таваккал қилган ҳолатимда ишимга кетаман ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло менга тақдир қилган ризқимни оламан.

Агар Аллоҳнинг бизга тақдир қилган ризқи ва неъматлари бўлмаганда, биз на ейишга таом, ва на ичишга сув топа олмаган бўлардик.

Ота яна шундай деб гапини тўлдирди: Аллоҳ таоло ўзининг ҳар бир махлуқига бу дунёдаги нарсалардан унга белгиланган ризқ-насибани тақсимлаб беради. Энди ким ўзининг ризқида Аллоҳга тақво қилса ва неъматларига шукр этса, Аллоҳ ўша бандасига охиратда бир неча баробар кўпроқ неъматлар ато қилади ва шу бандасини жаннатига киргизади.

Шундай экан, биз доимо Аллоҳнинг бераётган неъматларида унга итоат қилишимиз лозим бўлади.

Барча нарсани бошқариб турувчи зот Аллоҳ эканлигига ишониш

Умида осмонда порлаб турган юлдузларни тафаккур қилган ҳолда балконда ўтирар эди.

…Осмон мусаффо ва тўлин ой порлаб турган эди. Бир-иккита шамол билан ҳаракатланаётган булутларни айтмаганда…

Бу ҳолатга тикилиб турган Умида отасидан сўради: Отажон, осмондаги юлдузлар ерга қулаб тушмаслиги учун уларни ким ушлаб туради, мана бу булутларни ким ҳаракатлантиряпти?!

Отаси жавоб берди: Умида қизим, осмон ва ерни, ундаги барча нарсаларни яратган Зот Аллоҳдир, уларни ўз измида ҳаракатлантирадиган ҳам олий ва пок бўлган Унинг Ўзидир. Қуёш ҳам Аллоҳнинг қудрати билан тонгда нур сочиб чиқади, шамоллар ҳам Аллоҳнинг буйруғи билан булутларни ҳайдайди. Умуман, борлиқдаги барча нарса фақат Унинг изни ва буйруғи билангина ҳаракатланади. Инсон, қушлар, ҳайвонлар, ҳаттоки, чумоли ҳам.

Умида: Аллоҳ бу яратган нарсаларининг ҳаммасини қандай қилиб ҳаракатлантиради?

Отаси: Аллоҳ таоло ҳамма нарсага қодир. У борлиқдаги барча нарсанинг ҳукмини берар экан, бир иш Аллоҳни иккинчи ишдан чалғитиб қўймайди. У бир вақтнинг ўзида ҳаммамизни кўриб, эшитиб, дуоларимизга ҳам жавоб беради.

Умида ҳайратланиб деди: Бу буюк, олий Яратувчи қанчалар улуғ бўлмаса!

Ота ҳам ҳайрат билан: Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг қудрати жуда буюк, Умида. У бутун борлиқни, ундаги ҳар бир энг кичик ва энг катта нарсани ҳам бошқаради. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтади: “Олий Роббинг исмини поклаб ёд эт. У яратган ва мутаносиб қилган зотдир. У ўлчовли қилган ва ҳидоятга бошлаган зотдир.” (Аъло, 1-3). Демак, Аллоҳ азза ва жалла ҳар бир яратилган нарсасига, тақдир қилиб қўйган нарсасига эришишимиз учун йўл кўрсатиб қўяди.

Умида: Буюк ва улуғ Роббимиз – Аллоҳ покдир! 

      

 

 

 

 

 

  

Баҳам кўринг

Leave A Reply