Аллоҳга иймон

0 777
 Абу Бакр розияллоҳу анҳудан: «Роббингизни қандай танидингиз?», дея сўралганида шундай жавоб қилган эканлар: «Идрок қилиш чегараларидан ожиз қолишнинг ўзи идрокдир». Аллоҳ зотининг сирри ҳақида баҳс қилиш ишрокдир – ширкдир. Шунинг учун ҳам барча ақоид китобларида, Аллоҳ таолони таниш деганда, Уни Унинг ўзи билдирган исм-сифатлари орқали таниш ва билиш тушунилади. Ақл махлуқ, яъни яратилган нарса…У ўз Холиқини иҳота эта олмайди. Тўғрироғи, ҳақиқий моҳиятини била олмайди, муносиб тарзда идрок эта олмайди.

Демак, Аллоҳ ҳақидаги барча ҳар қандай тасаввурлар ботилдир. Атрофимиздаги ҳар бир мавжудот ўзининг ўлчови, тартиби ва гўзаллиги билан бизга Роббимизни танитадиган мактубларидир. Муҳими мактубларни ўқий билишда.

Биз бу асарларга қараб унинг исм ва сифатларини англаймиз, таниймиз. Аммо Зотини ақлимизга сиғдира олмаймиз. Ақлли инсон ақл сиғдира олмайдиган нарсани ақлига юкламайди. Ҳар жамол ва камол эгаси ўзининг жамол ва камолини кўриш ва кўрсатишни хоҳлайди.

Ҳар бир қобилият эгаси ўз ҳунар ва санъатини кўриш ва намойиш қилишни орзу қилади. Ҳар бир раҳм-шафқат эгаси бошқаларни мамнун қилишдан севинади. Ҳар бир олийжаноб зот бошқаларни бахтиёр қилишдан завқ олади. Ҳар бир адолат соҳиби ҳақ эгаларига ҳаққини олиб беришдан ва қаҳрига лойиқ золимларга жазо бериб, мазлумларни севинтиришдан лаззат олади.

Ҳар бир саховат эгаси муҳтожларга эҳсон қилиб, уларни масъуд қилишдан мамнун бўлади. Унинг қудсий Зотига хос, Ўз олий сифатларига ярашадиган пок ва муназзаҳ муҳаббати, мамнунияти, завқи, сурури ва севинчи ҳам биз биладиган тушунчалардан эмас…

Инсон санъатидан ҳисобсиз даражада ажойиброқ бўлган сон-саноқсиз мавжудотнинг яратилиши ҳамда эҳтиёжлари чексиз бўлгани ҳолда муносиб бандаларига жаннатда битмас-туганмас зиёфат бериб, ниҳоясиз даражада севинтириб абадий бахтиёр қилишда ҳам биз билмайдиган, тасаввур ҳам қила олмайдиган ва таърифидан ўзимизни ожиз деб биладиган Аллоҳнинг қудсий Зотига хос бўлган олий сифатлари намоён бўлади, дейишимиз мумкин.

Аллоҳга оид исм ва сифатларининг коинотдаги тажаллисини бир санъаткорнинг асари билан ўзи орасидаги муносабатга ўхшатиш мумкин…Зеро уста асло асарининг жинсидан бўла олмайди. Аллоҳ таолони танишлик учун инсон энг биринчи ўз нафсига қарасин. Чунки у ўзига энг яқин нарсадир. Шунда у Аллоҳ таолонинг:
وَفِي أَنفُسِكُمْ أَفَلَا تُبْصِرُونَ
«Ўз нафсларингизда ҳам (Аллоҳнинг оят-белгилари бордир), наҳотки кўрмаяпсизлар?!» оятида келтирилганидек Яратувчисининг ва сифатларининг вужудлиги, вожиблиги (борлиги аниқлиги)га далил бўлади.

Ўзидаги бу эшитиш, кўриш, калом, узунлик, қалинлик, ризо, ғазаб, оқлик, қизиллик, қоралик, билиш, билмаслик, иймон, куфр, лаззат, оғриқ ва бошқа ҳисобсиз нарсалар ўзгариб турувчидир ва йўқликдан борликка, борликдан йўқликка чиқиб турувчидир. Бу эса пайдо бўлганлик ва ҳаким, вожибул вужуд, ом илмли, том қудрат ва иродали Яратувчига муҳтожлик белгисидир.

Ким нафсини таниса, Роббини танийди. Бунинг маъноси ким нафсини ҳодис, яъни пайдо қилинган ва муҳтож деб таниса, Роббини қадим ва беҳожат деб танийди. Инсоннинг барча ҳолатлари ўзгарувчан. Гоҳида соғлом, гоҳ касал, гоҳ хоҳлаганини топа олади, гоҳ топа олмайди, гоҳ ўтирса, баъзида туради, баъзида ухлайди.

Буларнинг бари бири келиб, бири кетиб турадиган ҳолатлар. Буларнинг ўзгарувчанлиги билингач, ҳодис эканлиги билинади. Инсон шундай ишлардан ҳеч ажрала олмайди. Демак инсон зоти ҳам ҳодисдир. Шундан аниқ билинадики, унинг пайдо қилувчиси, яратувчиси бор. У эса якка Аллоҳдир.

Бир аъробийдан «Яратувчини қандай танидинг?» деб сўралганда, бўталоқ туянинг борлигига далил, излар юрилганига далил бўлса, осмонлару ер Латифул Хобирга далил бўла олмайдими, деган экан.

Бошқача айтганда, кўраётганимиз бутун коинот ҳақиқатлари фақатгина бир катта ҳақиқат файзидандир. У ҳам бўлса, Аллоҳ таолонинг зоти. Кичик, қўшимча ҳақиқатлар тагига уларнинг асли ва манбаини билмай туриб етиш мумкин бўлмаганидек, борлиқ ҳақида билиш учун ҳам аввал Холиқни билиш лозим бўлади.

Унинг борлигига У борлиқдан бирор нарсани беҳуда яратмагани далилдир. Бу эса ўз навбатида расуллар келтирган нарсаларида ҳақ эканликларига далилдир. Расулларга иймон келтириш эса илоҳий китоблар ва Қуръон Аллоҳ таолонинг каломи эканига иймон келтиришга бошлайди. Бу эътиқод эса Қуръондаги амр ва қайтариқлар, ҳукм ва хабарларнинг барчасига иймон келтиришни тақозо этади.

Аллоҳ таолони йўқ дейдиганлар ўзларининг куфрона фикрларини ё тадрижий ривожланиш, ё давр ҳақидаги назариялари билан тасдиқлашга уринадилар. Иблис бутун махлуқотларнинг энг ёмони бўла туриб, Аллоҳни Роб деб инкор этмаган:
قَالَ رَبِّ فَأَنظِرْنِي إِلَى يَوْمِ يُبْعَثُونَ
«(Иблис) деди: Эй Роббим, менга қайта тириладиган кунларигача муҳлат бер».

Уларга қарши Қуръон ва суннати Набавийдан далил келтирсак, табиийки, буни тан олмайдилар, ўз ақлларини устун қўядилар. Эшакка инсонийча «юр» дейилмайди, барибир, юрмайди. Лекин «кх-кх» дейилса, юради. Шунингдек, биз ҳам уларга ақлий далиллар билан қарши чиқамиз.

Ақл фараз қилиши мумкин бўлган барча нарсалар ё вожиб, ё муҳол, ё жоиз нарса бўлади. Вожиб – ақл унинг йўқлигини тасаввур қила олмайди. Муҳол эса ақл унинг борлигини тасаввур қила олмайдиган нарса. Жоиз – ақл унинг бор бўлиши ёки йўқ бўлишини ҳам тасаввур эта оладиган нарсадир.

Биз кўриб турган бу борлиқ, жоиз нарсалар туридандир, яъни ақл унинг йўқ бўлиш сабабларини йўққа чиқара олмайди. Демак, борлиқнинг борлиги ўз-ўзича зарурий эмас. Шундай экан, борлиқни бор бўлиш ва йўқ бўлиш томонларидан бирига яқинлаштириб, биридан узоқлаштирадиган ташқи таъсир бўлиши керак.

Бор бўлиш ва йўқ бўлишни тенг шаклда қабул қилиши мумкин бўлган борлиқни, борлиқ пайдо бўлиш тарафига хослаб қўйган ташқи таъсир қилувчи куч бўлиши керак. Бу Аллоҳ азза ва жалланинг қувватидир.

Кенгроқ изоҳласак, ҳозирги борлик ўз мақомида бир замонлар йўқ бўлган. Демак, ўша вақтда йўқ бўлиш томони устун бўлган ва шу тариқа давом этган. Сўнг иш тескарисига айланиб, бор бўлиш томони йўқ бўлиш томонидан устун бўлиб олган. Агар олам Яратувчидан беҳожат зотий бир қувват билан пайдо бўлган дейилса, бор бўлиш йўқ бўлиш томонидан ўз-ўзидан, ҳеч қандай сабаб ва омилсиз устун келиб қолган дейилган бўлади. Бунинг ботиллигини инсон фитратидан келиб чиқиб ҳам билади.

Энди агар эволюцион борлиқ ҳақида гап кетса, бунинг нотўғрилигини олимлар англаб етган. Эволюциянинг маъноси махлуқотларнинг барчаси бир-биридан туғилиб кетаверади, ниҳояси йўқ, деган назариядир. Яъни биринчиси иккинчисининг бор бўлиш сабаби. У ҳам ўз навбатида ўзидан аввалгисининг сабабидан пайдо бўлган. Бу силсила занжири, барибир, охирида борлиги бўлиши керак бўлган бир нарсага бориб тақалади.

Бу фараз нотўғридир. Силсила жоиз махлуқотларники, қанчалик узун бўлмасин, уларни жоизлик ҳаддидан чиқара олмайди. Жоизлар эса имконнинг икки тарафидан бирига таъсир этувчи кучсиз бўлмаслигини юқорида айтиб ўтдик. Бу силсиланинг охири бир манбага бориб тақалади ва у биринчи бўлиб бу силсилага ҳаёт бериши керак бўлади. Демак, силсиланинг ҳеч бирида зотий таъсир йўқ, балки ҳаётнинг бир нарсадан иккинчи нарсага ўтишини таъминловчи ташқи куч бор…

Масалан, узун бир ҳисоб рақамларини олсак, охири ноллардан иборат бўлади. Биз биринчи асл рақамлар билан ишлаб, нолларга қиймат бермаймиз. Биламизки, ноллар бир ўзи ҳисобда ҳеч қандай қийматга эга эмас, ўзидан аввалги нолга суянади. У ҳам учинчи нолга, у тўртинчисига ва ҳоказо, то ноллар саноқ сонларга етиб боргунича.

Агар нолларни саноқ сонларга суянтирмасак, борлик қийматида бўлмайди. Бундай тасалсулни табиатда тасаввур қилиш эса уни борлик маъносидан чиқариб, унга ҳеч қандай қиймат белгиламасликдир. Агар эволюцион ривожланиш бўлса эди, бу мавжудот инқирозга ҳам учрамасди. Чунки у кейингисининг сабабчиси бўлиши керак эди. Ҳисларимиз ва тажрибаларимиз эса унинг инқирозини кўрсатмоқда.

Даврнинг ботиллигига далил, фараз қилсак, Зайд Умарни бор қилди ва Умар Зайдни бор қилди. Зайд ҳам биринчи, ҳам кейинги бўлиши керак. Шунингдек, Умар ҳам. Бу икки зиднинг жамланиши бўлиб қолади, бу эса аслан ботил. Демак, даврлар ҳам ботил.

Ўзи Аллоҳнинг борлигига далил бўла туриб, уни қандай инкор этиш мумкин? Бу худди пулини қўлида ушлаб туриб, уни олмаганини даъво қилаётганга ўхшайди. Кийимлари ҳўл бўла туриб, сувга яқинлашмадим, деяётгандек.

Аллоҳ таолонинг борлигининг моҳиятини қуйидагича изоҳлаш мумкин:
Вужудлик, яъни борлик икки қисмга бўлинади: комил ва ноқис. Бошқача қилиб айтганда, зотий вужуд ва табиий вужуд. Аллоҳ таолонинг вужудлиги зотий комилдир. Унга таъсир этган бир куч, сабаб йўқ. Зотий вужудлик йўқликни қабул қилмайди.

Аллоҳдан ўзга нарсаларнинг вужуди ноқис ва табиийдир. Яъни улар бор қилувчига муҳтож. Бу турнинг хусусияти шундаки, икки йўқлик ўтган ва келажакдаги йўқлик орасида туришидир. Шунга кўра, зотий, комил мутлоқ вужуд фақат Аллоҳ таолонинг вужудлигидир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло вужудлигининг маъноси ҳақида бу чегарадан ошмаслик лозим. Чунки бу борада ҳеч қандай хабар, ишончли нақл, таржима, кўрсатув, далил, қиёс, ўрганиш учун манбаларга ҳам эга эмасмиз.

Бу борада чуқур кетиш боши ва охири йўқ залолат бўлади. Ёки «вужудийлар» каби ёлғонга тушиб қолинади ёки баъзи сўфийлар каби бошқа нарсалар ўйлаб топилади. Вужудийлар вужудликни Аллоҳ таолонинг ҳақиқати фақатгина моҳиятдан иборат, деб ичида «вужуд» исми бўлган бўм-бўш идиш деб ўйлашса, сўфийлар эса Аллоҳ шу бутун олам кўринишида, бу борлиқ Аллоҳнинг борлигидир, деб кўриб турган махлуқотларимизга тўла бир идиш деб тасаввур қиладилар.

Аммо ақлий далиллар билан билдикки, буларнинг бари вужудлиги лозим бўлган Зотга муҳтождир. Аллоҳ таоло борлиги вожиб Зотдир. Чунки Унга азалда ҳам, абадда ҳам йўқлик мумкин эмас. Бунинг сабаби Унинг зотида вужудлиги, бошқасининг таъсири бўлмаганлигидир. Бутун олам Унга муҳтож.

Бутун оламни Ўзига муҳтож қилишни вожиб қилган Зот Вожибул Вужуддир. Бунга ҳам далиллар бисёр. Бундан баъзилари, оламнинг ҳодислиги, ҳар бир ҳодис муҳдисга яратувчига муҳтождир ва У, албатта, Аллоҳ таолодир. Агар Вожибул Вужуд бўлмаса, жоизул вужуд бўларди. Унда уни пайдо қилувчи, яратувчига муҳтож бўлиб қоларди. Униси уни яратганга ва ҳоказо.

Агар ниҳоясиз шундай давом этса, тасалсул бўлади. Агар шу яна бошига қайтса, давр келиб чиқади. Бу иккиси эса муҳолдир. Демак, Аллоҳ таоло бирор яратувчига муҳтож эканлиги ҳам муҳол ва унинг жоизул вужуд бўлиши ҳам муҳол. Бундан эса буларнинг акси Вожибул Вужуд собит бўлади.

Қонунларни кўриб, таъсирларини сезиб бу қонунларни ўрнатган Зотни инкор этиш ақлсизлик эмасми?! Аллоҳни инкор этиш коинотни, бу борлиқни инкор этишдан ҳам баттар ақлсизликдир. Аллоҳга ишониш эмас, уни инкор қилиш энг катта ақлсизликдир.

Коинотни инкор этмасдан туриб, Аллоҳни инкор этиб бўлмаслигини англаб, коинотни ва ҳатто ўзи яшаб турган борлиқни инкор этган Сўфастоий деган аҳмоқлиги билан машҳур худосизлар тоифаси, аслида, худосизларнинг энг ақллисидир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога У Зотнинг улуғлиги ва поклигига хос ва мос ҳамду санолар ҳамда мақтов ва олқишлар бўлсин!
Оламларнинг сарвари, Набийларнинг афзали Муҳаммад Мустафога мукаммал ва давомли саловоту саломлар бўлсин!

Баҳам кўринг

Comments are closed.