Аллоҳга инонган ҳар бир ёш қизга (давоми)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳга иймон келтирган ёш қизлар, бутун инсониятнинг муайян бир кунда ҳузурига қайтиши муқаррар бўлган, борлиги ва ягоналигига шак-шубҳа бўлмаган, сифатларида аҳад бўлган ва шерик қабул этмаган Аллоҳга қалбан иймон келтирган қизлар демакдир. Фойда берувчи ҳам, тилаганига зарар берувчи ҳам ёлғиз Удир. Бутун инсонлар Унга қайтиб борганларида барча сирлар очилишига, яширин ҳақиқатлар ошкор бўлишига, фоний дунёда ғурур-ла кезганларнинг бошлари эгилишига, Аллоҳнинг ҳақларига риоя этмаганлар пушаймонликда қийналажак кунга, яратилиш ҳақиқатини билганлар учун эса охират ҳаёти бахт ва саодат эканлигига, бу саодатли ҳашаматга фақат Аллоҳнинг ризоси билан эришиш мумкинлигига ишонганларни ҳамсуҳбатимиз, деб биламиз. Демоқчимизки, бу китоб орқали биз мурожаат қилмоқчи бўлган инсонлар Аллоҳнинг номини ҳар кун йигирма карра такрорлаб турганлари ҳолда умрларида бирор марта ҳам Тангрининг қудрати ва азаматини тафаккур этмаган, иймон калимаси ва ҳақиқатини олди-қочди давралардан ўрганиб, бу ҳақиқатнинг жаннат калити эканлигини англаб етмаганлар эмас. Шунингдек, ҳамсуҳбатларимиз Аллоҳнинг фақат номини ўрганиб, ҳақиқатини, маъносини идрок қила олмайдиганлар ҳам эмас. Бу инсонлар вақти-вақти билан Аллоҳни эслаб, Унга илтижо этсалар-да, Унинг яширин ва буюк ҳақиқат эканлигини билсалар-да, Унинг ҳақида бошқа нарсалардан хабардор эмаслар. Халқ тилида Асир деганлари каби, Яратувчи ҳақида ҳам атрофлича билимлари бўлмасдан Уни борлиқнинг сирларидан бири, деб биладилар. Бундай бир қараш иймонга мажозий маъноси ва ташқи кўриниши нуқтаи назаридан ўхшаш бўлгани билан ҳақиқий иймонга ҳеч бир алоқаси йўқ. Чунки бундай бир иймон қалбда асил қўрқув, ҳушёрликни майдонга келтирмайди. Бундай иймон ўз эгасини бирор томонга йўналтирмагани каби унинг ҳаётини ва ҳаракатларини ўзгартириб, тартибга ҳам солмайди. Бу арзон иймоннинг маълум бир кўринишлари Оврупо ва Америкада ёйилмоқда. Лекин унинг аҳамияти кўринмаётир. Чунки бу жамиятларда бундай ишонч даҳшатли бир ахлоқий чўкиш, олди олинмас бир руҳий тушкунлик, ҳар ёнда ҳукмрон бўлган материалистик ҳаёт тарзи сархушлиги билан ёнма-ён, қўшилиб кетган ҳолда кўзга ташланмоқда. Менинг бу рисоладаги сўзларим эркин иродаси, ўз билими ва кўнглининг хоҳиши ила Аллоҳга иймон келтирган ёш қизларга қаратилгандир. Чунки мен жамиятимизда бундай бир иймонга эга қизларимиз кўпчилик эканликларига мутлақо ишонаман. Бундай бир иймонни қалбига нақш этган ҳар бир ёш қизга қарата, бу дунёда яратилишимизнинг ҳикмати жиддийдир, ҳатто жиддийликдан ҳам юксакдир, дегим келади. Бу жиддий сабабни кўз ўнгингиздан ҳеч қачон айирманг, токи ҳаётнинг алдовлари ўз келажагингизни доимо тасаввур ва идрок этмоқдан сизларни узоқлаштирмасин. Токи бу дунёга тиш-тирноқлари билан боғланиб олган кўпчилик сизни бу дунёнинг аҳамиятсиз ва қадрсиз эканлигини тафаккур қилишингиздан тўсиб қўймасин. Шуни ҳеч қачон унутмангки, инсонлар, хоҳ билсинлар, хоҳ билмасинлар, бу дунёга Аллоҳ белгилаган вақт – замонларининг имтиҳонини ва ҳисобини бермоқ учун келганлар. Қолиш фурсати хоҳ узоқ, хоҳ қисқа бўлсин, натижа эътибори ила ҳеч нарса ўзгармайди. Бу дунё бир соатлик имтиҳондан бошқа нарса эмас. Бу имтиҳон жараёнида аёллар ва эркаклар орасида фарқ бўлмаса-да, аёллар бу дунёда кўп таҳликали, охиратда эса жуда муҳим бир юкни ўз зиммаларида ташиганлари учун эркаклардан фарқ қиладилар. Аёл эркак билан баробар синовдан ўтишига қарамасдан бутун борлиги билан бу имтиҳон-синовнинг аҳамиятли сабабчиларидан биридир. Чунки бу имтиҳондаги муваффақиятсизликларнинг ягона сабаби турли шаҳватлардир. Аллоҳ таоло бу дунёни турли шаҳватлар: туганмас олтин-кумушлар, баҳоли жонзотлар ва ҳоказоларга тўлдирган. Аёл эса Тангри буюргани каби бу шаҳватларнинг энг бошида келгани ва энг фаолидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай буюради: «Одамларга аёллар, болалар; туганмас олтин-кумуш бойликлар, (қиммат) баҳоли отлар, чорва ва экин-тикинлар каби истак-хоҳишларга кўнгил қўйиш чиройли қилинди. Ҳолбуки бу нарсалар ҳаёти дунёнииг (ўткинчи) нарсаларидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса энг гўзал қайтадиган жой – жаннат бордир». (Оли Имрон,14)
(давоми бор)
Мавзуга оид мақолалар
Aллоҳ таоло иймон аҳлига ният суратида шундай кимёвий элементни ато этганки, у ёрдамида инсон озгина давоми...

15:39 / 13.12.2016 5804
Инсон шакли қанчалик чиройли бўлиб унинг аьзолари бирбирига муносиб жойлашсада, у рухсиз яшай олмагани каби давоми...

10:39 / 07.03.2017 6590
Андижон вилоятида Қуръон мусобақаси   Ўзбекистон Республикасида илк бор оммавий тарзда ташкил қилинган давоми...

20:39 / 03.02.2018 2184
Кекса аёл қадимий буюмлар дўконидан харид қилган финжонни меҳмонхонасидаги идиш жавонига жойлаштирди. давоми...

05:26 / 13.12.2018 5300