АЛЛОҲДАН ШАРИАТГА МУВОФИҚ ҲОЛАТДАН БОШҚА ҲОЛАТГА ЧИҚАРИШНИ СЎРАШНИНГ ЯХШИ ЭМАСЛИГИ

0 214

“У Зотдан сени бир ҳолатдан – ундан бошқада ишлатиши учун – чиқаришини сўрама. Агар ирода қилса, сени чиқармасдан ҳам ишлатаверади”.

Ушбу ҳикматда бандаларни орасида учраб қоладиган ҳолат айтилган. Киши бир ҳолатда турибди, шариатга мувофиқ, ҳаром аралашаётгани йўқ, динда ман қилинган нарсалар йўқ, ибодатини адо қилиб турибди. Ана шу ҳолатга қониқмасдан бошқа ҳолатга ўтишни хоҳлаб қолади. Олдинги ҳолатини ўзича мувофиқмас, деб ўйлайди.  Бу ҳикмат орқали мана шундай саъй-ҳаракатдан қайтарилмоқда.

Агар Аллоҳ таоло сенга бошқа бир ҳолатни хоҳласа, ўша турган ҳолатингда ҳам чиқариб олади. Банда ўзича тахмин қилиб, бу нарсада турсам камроқ чиқяпти-ю, у нарсада турсам, кўпроқ чиқади, дейиши нотўғри бўлади.

Мисол қилиб айтадиган бўлсак, тиббиёт билан шуғулланаётган одам бошқа касб билан шуғуллансам, кўпроқ савоб оламан, деб ўйлаб қолади.

Ёки турмуш қурган аёлни олайлик. Эрининг хизматида яшаяпти, болаларини катта қилиб тарбиялаяпти, лекин ўзидан кўнгли тўлмаяпти. Нега, десангиз: “Илм олганим яхшироқ эди. Бирор жойда илм ололмадим, ўқиб устоз бўлиб, мен ҳам дарс берсам, бўларди…” деган фикрга боради. Билмайдики, эрнинг хизматини қилиб розилигини олиш орқали жаннатга эришилади, иншааллоҳ. Фарзандларини тўғри тарбиялаб, вояга етказса, улар жамиятга, динга хизмат қилади. Инсон ўзининг ўлчови – қаричи билан шундай хато хулосаларга келади. Лекин тавфиқ бериш, розилик ҳаммаси Аллоҳдан, буни унутмаслик керак. Бу ерда сабабга суяниш бор. Аёл киши оилага хизмат қилгандан кўра илм олиб тарқатсам, кўпроқ савоб оламан, деб ўйлаяпти. Лекин билмайдики, Аллоҳ таоло савобни Ўзининг фазлу карами билан беради. Аёл амалга суяниш билан савоб оламан, деб ўйлаяпти. Бунга эса таълимни сабаб қиляпти. Модомики шариатга мувофиқми, Аллоҳнинг буюргани, қайтарганларидан қайтарилган ҳолатдами, қандай натижа чиқишини амал турига боғламасдан, Аллоҳ таолога боғлаш лозим. Жаннатга киришнинг йўли кўп. Фақат олим бўлиш билангина кирилмайди. Ҳамма фақат илм билан шуғулланса, қолган вазифаларни ким қилади? Бандаларнинг бир-бирларига эҳтиёжлари бор. Аллоҳ таоло еру осмон ва улар орасидаги нарсаларнинг ҳаммасини инсониятга хизмат учун яратган, шу билан бирга уларга қараш масъулияти ҳам бор. Шунинг учун Аллоҳ таоло инсонларни турли-туман хусусиятли қилиб қўйган. Банда фақат илмда, ёки маълум бир нарсада манфаат бор, деб нотўғри чегараланмаслиги керак. Ниятни тўғрилаб, ҳаром-харишдан сақланиб, ҳар бир ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, ҳамма ишда ажр ва савоб бор. Қайси касбни, илмни, вазифани, соҳани, ҳаракатни тўғри амал қилиб бажарадиган бўлсак, савоби илм билан баробар даражада бўлади, иншааллоҳ. Шуларнинг ҳаммаси ибодат ҳисобланади.

Тиббиёт ходими одамларнинг саломатлигига сабабчи бўлса, аскар Ватанни ҳимоя қилиб тинчликка сабабчи бўлади, оналар фарзанд тарбиялаб, жамиятга, динга ҳизмат қиладиган одамлар бўлишига сабабчи бўладилар. Албатта, буларнинг ҳаммасига юксак ажру савоблар берилади.

Аллоҳ таоло бизга қайси ҳолатни тақдир қилган бўлса, шу ҳолатни яхшилашга ҳаракат қилишимиз керак.

Касбу кор, вазифалар ҳаммаси яхши қилинаётган бўлса, кўнгил илмга иштиёқ қилаётган бўлса, бирини қўйиб, тўхтатиб, кейингисига ўтилмайди – иккисини баробар олиб бориш керак.

Сурия, Туркия, Миср ва бошқа мамлакатлардаги олимларнинг иккита мутахассислиги бўлади. Ўзи ҳам қори, ҳам тиш шифокори ёки аҳли илм, шу билан бирга тижорати  ҳам бор. Булар бир-бирига монеълик қиладиган нарсалар эмас. Улар илмни ўзларига берилган фазилат ва масъулият деб билишади. Касбу кор учун бошқа ишни қилаверишади. Кўп илм берадиган устозлар соатсоз бўлишади. Дарсни бериб бўлгач, қолган бўш вақтда соат тузатиш орқали касб-кор қилишади.

Борди-ю, иккита ишни жамлашнинг имконияти бўлса, жамланади.

Аллоҳ таоло барчамизни У Зотдан ўзимизни шариатга мувофиқ ҳолатдан бошқа ҳолатга чиқаришини сўрашимиздан Ўзи асрасин!

Одинахон Муҳаммад СОДИҚ

Баҳам кўринг

Leave A Reply