Алишер Навоийнинг ҳаёт ва ижод йўли

0 2 545
Алишер Навоий — буюк ўзбек шоири, мутафаккир, давлат арбоби. Асл исми Низомиддин Мир Алишер бўлиб, 1441 йилнинг 9 февралида Ҳиротда таваллуд топганлар, 1501 йилнинг 3 январида вафот этганлар. Алишер Навоийнинг ота томондан бобоси Амир Темурнинг Умар Шайх исмли ўғли билан кўкалдош (эмикдош) бўлиб, кейинчалик Умар Шайх ва Шоҳрухнинг хизматида бўлган. Отаси Ғиёсиддин Баҳодир эса Абулқосим Бобурнинг яқинларидан бўлиб, мамлакатни идора этишда иштирок этган.
 Онаси (исми номаълум) Қобул амирзодаларидан Шайх Абусаид Чангнинг қизи. Алишер Навоийнинг болалиги Шоҳрух ҳукмронлигининг сўнгги йилларига тўғри келган. У темурийзодалар, хусусан бўлажак подшоҳ Ҳусайн Бойқаро билан бирга тарбияланган. 4 ёшида мактабга бориб, тез савод чиқариб, туркий ва форсий тилдаги шеърларни ўқиб, ёд ола бошлаган. Ўзбек тили билан бир қаторда форсий тилни ҳам мукаммал эгаллаган. 1447 йил 12 мартда мамлакат подшоҳи Шоҳрух вафот этгач, тахтга даъвогарлар орасида ўзаро кураш бошланади. Уриш-жанжаллар кўп кишиларни Хуросондан турли томонга кўчиб кетишга мажбур этди. Алишер Навоийлар оиласи ўз тинчлигини кўзлаб, Ироққа кўчишди (1449).
Таф шаҳрида Алишер машҳур «Зафарнома» тарихий асари муаллифи, шоир Шарафиддин Али Яздий билан учрашади. Бу учрашув болада ёрқин таассурот қолдиради. Ғиёсиддин Баҳодир оиласи Ҳиротга, қарийб икки йил муддат ўтгач, қайтади. Абулқосим Бобур Ғиёсиддин Баҳодирни Сабзавор шаҳрига ҳоким қилиб тайинлади. Алишер Навоий Ҳиротда қолиб ўқишни давом эттирди. Алишер Навоий шеъриятга ғоят қизиқди, Шарқ адабиётини қунт билан ўрганди. Оила муҳити болалигидаёқ унда адабиётга зўр ҳавас туғдирган эди. Тоғалари Мирсаид — Қобулий, Муҳаммад Али — Ғарибий етук шоир эдилар. Алишер Навоийлар уйида шоирлар тез-тез тўпланишиб, мушоира қилишар, адабиёт ва санъат ҳақида суҳбатлашар эдилар. Алишер Навоий 10—12 ёшларидан шеър ёза бошлаган. Тарихчи Хондамирнинг ёзишича, ёш Алишер Навоийнинг истеъдодидан мамнун бўлган мавлоно Лутфий, унинг:
Оразин ёпқоч, кўзумдан сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш  матлаъли ғазалини тинглаб: «Агар муяссар бўлса эди, ўзимнинг ўн-ўн икки минг форсий ва туркий байтимни шу ғазалга алмаштирардим…» деган.

Алишер Навоий 15 ёшида шоир сифатида кенг танилган. Шеърларини туркий (Навоий тахаллуси билан) ва форсий (Фоний тахаллуси билан) тилларида ёзган.

Алишер Навоий 13—14 ёшларида отаси ҳаётдан кўз юмади. Уни Абулқосим Бобур ўз тарбиясига олади, катта бадиий истеъдоди учун ғоят эъзозлайди. 1456 йил октябрда мамлакат пойтахти Ҳиротдан Машҳадга кўчирилади. Абулқосим ёш Алишерни ҳам, ўз хизматида бўлган Ҳусайн Бойқарони ҳам Машҳадга олиб кетади.

1457 йилнинг баҳорида тўсатдан Абулқосим Бобур ҳам вафот этди. Алишер Навоий учун бу, отаси вафотидан кейинги, иккинчи оғир жудолик бўлди. У Машҳад мадрасаларидан бирида ўқишини давом эттиради. Дўсти Ҳусайн Бойқаро эса Марв ва Чоржўй томонларга омад қидириб кетади. Хуросонни темурийларнинг яна бир вакили, Мовароуннаҳр ҳукмдори Султон Абу Саид эгаллади ва пойтахтини Самарқанддан Ҳиротга кўчиради. Ҳусайн Бойқаронинг тахтни эгаллаш йўлидаги биринчи рақиби — Абу Саид эди. Алишер Навоий оиласининг хоҳиш-рағбати Ҳусайн томонда бўлиб, бу аввало уларнинг оилавий яқинликлари билан изоҳланарди. Бундан янги ҳукмдор ҳам яхши хабардор эди. Ўртадаги бу вазият Алишер Навоий ҳаётини мураккаблаштирган.

Алишер Навоий Машҳадда оддий бир муллавачча сифатида яшади. Шоирнинг бу даврдаги ижодида ўз юртини соғиниб ёзган ғазаллари талайгина. Орада, хусусан, ёз фаслларида Ҳиротга бориб-келиб ҳам турган. 1463 йилда эса у узил-кесил Ҳиротга қайтди. Бироқ бу ерда аҳвол ўзгарган, шаҳар харобага айланган эди. Хуросон пойтахтида Султон Абу Саид ўз тартибини ўрнатган, муҳим вазифаларга у билан Мовароуннаҳрдан келган кишилар тайинланган, Алишер Навоийга яқин кишилар қувғин қилинган, Ҳусайн Бойқаро билан бирга кетган тоғалари — Мирсаид ва Муҳаммад Али урушда ҳалок бўлган, яшаш учун бирон жой топиш муаммо эди.

Алишер Навоийнинг ўша кунлардаги аҳволи унинг кейинчалик устози Саййид Ҳасан Ардашерга Самарқанддан ёзган мактубидаги шеърий сатрларда ниҳоятда таъсирли ва ҳаққоний ифодалаб берилган. Бу вақтда мамлакатда таниқли шоир бўлиб қолган Алишер Навоийни Абу Саид таъқиб қилиб, Ҳиротдан чиқариб юборади. Шоир Самарқандга кетишга мажбур бўлади. Алишер Навоий Самарқандда 1465 йилдан 1469 йилнинг баҳоригача яшади. Фазлуллоҳ Абу Лайс мадрасасида ўқиб, турли фанларга оид билимларини янада чуқурлаштирди. Самарқанднинг кўзга кўринган шоирлари — Шайхим Суҳайлий, Мирзобек, Мавлоно Ховарий, Мир Қарший, Ҳарими Қаландар, муаммогўй Улойи Шоший, олим Мавлоно Муҳаммад Олим ва бошқа билан ҳамсуҳбат бўлди ва дўстлашди.

Самарқанд шаҳри ҳокими Аҳмад Ҳожибек асли ҳиротлик бўлиб, Вафоий тахаллуси билан шеърлар ёзарди. У Алишер Навоийга алоҳида ҳурмат ва эътибор билан қаради. Унинг ёрдамида Алишер Навоий давлат ишлари билан ҳам шуғуллана бошлади. У давлат ишларини бошқаришда дастлабки тажрибани шу ерда орттирди ва бу унга кейинчалик асқотди. Алишер Навоийнинг Самарқанддаги сиёсий ва давлат фаолияти юқори баҳоланиб, унга «Чиғатой амири» унвони берилган.

1469 йил бошларида Султон Абу Саид Қорабоғда ўз аскарлари томонидан ўлдирилади. Кўпдан буён шундай вазиятни кутиб юрган Ҳусайн Бойқаро зудлик билан келиб, Ҳирот тахтини эгаллайди. Алишер Навоий ҳам Ҳиротга етиб келади. 1469 йил 14 апрель куни, Рамазон ҳайити муносабати билан уюштирилган қабул маросимида Алишер Навоий ўзининг Ҳусайн Бойқарога янги ёзган «Ҳилолия» қасидасини тақдим этади. Подшоҳ Алишер Навоийни муҳрдорлик мансабига тайинлайди.

Алишер Навоий Ҳусайн Бойқаронинг энг хавфли сиёсий рақиби — Ёдгор Муҳаммад Мирзони тунда қўлга олишда шахсий жасорат кўрсатади. Янги ҳукуматнинг ортиқча солиқларидан норози бўлиб, қўзғолон кўтарган халқ оммасини тинчитишда адолат ва мардонаворлик билан иш тутади. Шу воқеалардан сўнг маълум вақт ўтгач, Ҳусайн Бойқаро ҳукуматидаги мухрдорлик вазифасига Алишер Навоийнинг розилиги билан унинг самарқандлик дўсти, шоир Шайхим Суҳайлий тайинланади.

Алишер Навоийнинг мақсади саройда маслаҳатчи бўлиб қолиш, кўпроқ ижодий иш билан шуғулланиш эди. Бироқ Ҳусайн Бойқаро 1472 йилнинг февраль ойида уни ўз саройининг бош вазири қилиб тайинлайди ва унга «Амири кабир» унвонини беради. Алишер Навоий янги лавозимда аввало бутун кучини мамлакатда тинчлик ва осойишталик ўрнатишга қаратди. Вақф ишларини тартибга солишга киришди. Шаҳарларда савдо-сотиқни, ҳунармандчиликни ривожлантиришга катта аҳамият беради. Алишер Навоий саъйи ҳаракати билан қишлоқларда деҳқончилик маданияти ўсиб боради. Шаҳарлар, хусусан Ҳирот кун сайин обод бўла бошлайди.

Буюк инсонпарвар Алишер Навоий ўрта асрдаги Уйғониш даврининг бошқа улуғ зотлари сингари бутун ҳаёти билан ҳақиқий инсон қандай бўлиши лозимлигини кўрсатди. У ўз давридаги ноҳақликка, адолатсизликка қарши курашди, амалдорларнинг ўз вазифаларини суиистеъмол қилишларини ва таъмагирликларини фош этди, ожиз, муҳтож кишиларни ўз ҳимоясига олди. Султон Ҳусайн Бойқаро подшоҳлик қилган, Алишер Навоий ҳукуматда бош вазир вазифасини эгаллаганларида ҳеч бир мамлакатга қарши босқинчилик уруши олиб борилмади.

Бош вазир Алишер Навоий маданият ва санъатнинг чинакам ҳомийси сифатида танилади. Унинг фаолиятида ижтимоий-сиёсий масалаларни тўғри ҳал этишга интилиш, жамиятдаги барча ижтимоий қатламларга, барча қавмларга бир хил муносабатда бўлиш, ҳеч қайси бирини камситмаслик, ҳамманинг манфаатига баробар хизмат қиладиган жамоат биноларини қуришга алоҳида эътибор бериш олдинги ўринга чиқа бошлади.

Хондамирнинг қайд қилишича, 80-йиллар давомида Алишер Навоий ўз маблағлари ҳисобидан Ҳиротда ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида бир неча мадраса, 40 та работ, 17 масжид, 10 хонақоҳ, 9 ҳаммом, 9 кўприк, 20 га яқин ҳовуз қурган ёки таъмирлаттирган. Улар орасида Ҳиротдаги «Ихлосия», «Низомия» мадрасалари, «Халосия» хонақоҳи, «Шифоия» тибгоҳи, Қуръон тиловат қилувчиларга мўлжалланган «Дорул-ҳуффоз» биноси, Марвдаги «Хусравия» мадрасаси, Машҳаддаги «Дорул-ҳуффоз» хайрия биноси ва бошқа ноёб меъморий ёдгорликлари бор.

Бу даврда Ҳиротда адабий ҳаёт жўш урган. Алишер Навоий атрофида Шайхим Суҳайлий, Хожа Осафий, Биноий каби ўнлаб шоирлар, Ҳасан Ноий, Хожа Абдулло Марворий, Қулмуҳаммад Удий, Шоҳқули Ғижжакий каби ўнлаб созандалар, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар, Султонали Машҳадий, Абдужамил Котиб, Хожа Ҳофиз Муҳаммад, Султонали Коиний, Муҳаммад Хандон, Мавлоно Ҳижроний каби машҳур котиблар, Беҳзод каби мусаввирлар қизғин ижодий меҳнат билан банд эдилар. Ҳиротда, умуман Хуросон мулкида маънавий ҳаётнинг бақувват устунларидан Абдураҳмон Жомий билан Алишер Навоий ўртасидаги ижодий ҳамкорлик — устоз-шогирдлик кўп масалаларда ҳамфикрлиликка олиб келди. Алишер Навоийнинг ўзбек тилидаги дастлабки йирик асарларидан «Ҳилолия» қасидаси Султон Ҳусайн Бойқарога бағишланган бўлса, форсий тилдаги биринчи йирик асари «Туҳфат ул-афкор» (1476) қасидаси Жомийга бағишланган эди.

1470-йилларнинг охирларида Алишер Навоий ўзининг ўзбек тилида ёзган шеърларидан иборат илк девони — «Бадоеъ ул-бидоя» («Бадиийлик ибтидоси»)ни тузди. Мазкур девонда 777 ғазал, 85 рубоий, 52 муаммо, 46 қитъа, 53 фард, 10 туюқ, 10 луғз, 3 мустазод, 5 мухаммас, 3 таржеъбанд, 2 мусаддас бўлиб, бундай мукаммал девонни тузиш Навоийгача камдан-кам ўзбек шоирига насиб бўлган. Алишер Навоий «Бадоеъ ул-бидоя» тузилгандан кейинги даврда ёзилган ўзбекча шеърлари асосида 1480 йилларнинг охирида «Наводир ун-ниҳоя» («Беҳад нодирликлар») девонини тузди. 1481 — 82 йилларда Алишер Навоий «Чихл ҳадис» («Қирқ ҳадис» ёки «Арбаин») асарини ёзади. Бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қирқ ҳадиси тўртлик билан шеърий ифодалаб берилган.

Алишер Навоийда мансуб адабий ҳаётда шеърий жанрлардан ғазал, қасида, айниқса муаммо ёзишга қизиқиш кучли эди. Алишер Навоий форсий девонига 373 муаммо киритган. Шундай адабий майллар туфайли 1485 йил муаммо ёзиш қоидалари ҳақида махсус «Муфрадот» асарини яратди.

Алишер Навоийда ўзбек тилида «Хамса» — беш достон яратиш мақсади ёшлигидан бўлган. Бу мақсадини 1483—85 йилларда амалга оширди. Асар ўзбек адабиёти шуҳратини оламга ёйиб, жаҳон адабиётининг дурдоналаридан бирига айланди.

«Хамса»дан кейин Навоий яна бир қанча асарлар яратди. 1485 йил ўзининг машҳур «Назм ул-жавоҳир» асарини ёзди, бунда биринчи халифалардан бўлмиш Ҳазрат Алининг 266 та ҳикматли гапи рубойи тарона (тўрт мисраси ҳам қофияланган) шаклида баён этилган. 1494 йилда туркий тилдаги мактубларини тўплаб «Муншаот» («Мактублар») мажмуасини тузди. 1495 йил Жомийнинг «Нафаҳот ул-унс» асарини «Насойим ул-муҳаббат» («Муҳаббат шабадалари») номи билан таржима қилиб, уни қайта ишлаб, туркий машойихлар ҳақидаги янги маълумотлар билан бойитди. Шу боисдан «Насойим ул-муҳаббат»га Алишер Навоийнинг мустақил асари сифатида қараш мумкин.

Алишер Навоий 1491—92 йиллардан бошлаб туркий тилда ёзилган ҳамма шеърларидан янги, йиғма девон тузишга киришди ва бу иш 1498—99 йилда ниҳоясига етди. Девоннинг умумий номи «Хазойин ул-маоний» («Маънолар хазинаси») бўлиб, 4 қисмдан иборат бўлганлиги учун «Чор девон» деб ҳам аталган. Девон шоирнинг бутун ҳаёти давомида ёзилган шеърларини қамраб олган, уларда Алишер Навоийнинг барча даврларидаги кайфияти, дунёқараши, орзу-умидлари ифодалаб берилган.

Тахминан шу йилларда Алишер Навоий форсий шеърларидан ташкил топган «Девони Фоний» («Фоний девони»)ни, форсий тилдаги 2 қасидалар мажмуаларини тузиб, форсий шеърият тараққиётига ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Хуросонда форсийзабон халқлар кўпчилликни ташкил этганлиги инобатга олинса, Алишер Навоийнинг бу тилда ҳам самарали ижод қилгани мамлакат маънавий эҳтиёжини яхши ҳис этганлигини билдиради.

Алишер Навоийнинг шеърий даҳоси XV аср охирларига келиб яна жўш урди. У 2 йил мобайнида 2 та йирик асар — «Лисон ут-тайр» («Қушлар тили») достонини ва «Муҳокамат ул-луғатайн» («Икки тил муҳокамаси») номли илмий асарини яратди. Алишер Навоийнинг сўнгги буюк асарларидан яна бири насрий панднома йўсинида ёзилган «Маҳбубул-қулуб» («Қалблар севгани»)дир. У Шарқ адабиёти тарихида Шайх Саъдийнинг «Гулистон», Кайковуснинг «Қобуснома», Низомий Арузи Самарқандийнинг «Чор мақола» каби асарлари қаторида туради. Бу асарида Алишер Навоий ўзининг ҳаёт йўлини, бошидан кечирган турмуш машаққатларини ёрқин тасвирлаб берган.

1500 йилнинг декабрда Ҳусайн Бойқаро исён кўтарган ўғли — Муҳаммад Ҳусайн билан сулҳ тузиб, Ҳиротга қайтар экан, Алишер Навоийни ҳам уни кутиб олиши лозимлигига ишорат қилади. Орада 2—3 кунлик йўл бор эди. Алишер Навоий ўзининг сўнгги шеърини Поёб работида ёзган ва ундан нусха кўчиртириб, келаётган Ҳусайн Бойқарога юборган. Учинчи куни Алишер Навоий ҳукмдор истиқболига яқинлашаётганида ўзини ёмон ҳис этган, у билан кўришаётганда ҳушидан кетиб, қайтиб ўзига келмаган ва ҳаётдан кўз юмган.

Баҳам кўринг

Leave A Reply