Ахлоқ ва уни сайқаллаш

0 883

Ахлоқ «хулқ» сўзининг кўплиги бўлиб, инсонда шаклланадиган хулқ-атворни билдиради. Баъзи уламолар ахлоқни «ироданинг одати» деб таъриф қилганлар. Яъни ирода ўзига бир нарсани одат қилиб олса, ўша ахлоққа айланган бўлади. Мисол учун, кишининг иродаси хайр-эҳсон қилишга азму қарорли бўлиб қолса, ўша «карамли хулқ» дейилади.

Ислом динида ахлоқий тарбия диний тарбиянинг ажралмас қисми десак, муболаға қилмаймиз. Зеро дин яхши деб ҳисоблаган ва даъват этган нарсалар эзгулик, ёмон деб ҳисоблаган ва ман этган нарсалар ёвузликдир. Шунингдек, дин буюрган, ҳаётда ва муомалада касб этишга тарғиб этган ахлоқ ва фазилатлар Ислом жамиятида қадрият, чиройли хулқ ва маънавий фазилатлар ҳисобланади. Ахлоқий дунё ўз табиатига кўра динийдир. Ахлоқи ва муомаласи гўзал бўлмаган мусулмоннинг дини ҳам мукаммал ҳисобланмайди.

Қадимдан ахлоқ илми уламолари «Одамдаги ахлоқлар унинг яратилишида қўшиб яратилган бўладими ёки киши ахлоқни кейин ўрганадими?» деган саволга жавоб беришда ихтилоф қилишган. Улардан баъзилари: «Яхши ва ёмон ахлоқ инсон яратилган чоғида қўшиб яратилади, ахлоқни кейин касб қилиб бўлмайди», деганлар. Бошқа бир гуруҳ уламолар: «Инсон туғилганда ҳеч қандай фазилат ёки разилатсиз туғилади, унда қандай хислат бўлса, туғилганидан кейин пайдо бўлади», деганлар.

Ахлоқ илми уламолари эса: «Ота-онасида мавжуд бўлган баъзи ахлоқлар хамиртуруши инсонга онасининг қорнидалик пайтидаёқ ўтади. Аллоҳ бандани халқ қилиш чоғида ахлоқ қобилиятини ҳам қўшиб яратади. Инсон ўсиши жараёнида тарбия, муҳит ва одатланиш оқибатида у ёки бу ахлоқни ўзида ривожлантиради ёки йўқотиб юборади», дейдилар. Шунинг учун ҳам Исломда хулқни сайқаллашга алоҳида эътибор берилади. Бу иш ҳар бир мусулмон учун лозим ва лобуд ишлардан бири даражасига кўтарилади.

Аллоҳ таоло «Қалам» сурасида: «Ва албатта, сен улкан хулқдасан», деган. (4-оят)

Бу ояти карима Пайғамбар алайҳиссалом учун катта ва олий баҳодир. Аллоҳ таоло у Зотга хитоб қилиб, хулқларини улуғлик билан сифатламоқда.

Язид ибн Бобанусдан ривоят қилинади:

«Оишанинг олдига кирдик ва: «Эй мўминларнинг онаси! «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари қандай бўлган эди?» – дедик.

Бас, у киши: «Хулқлари Қуръон эди. «Мўминун» сурасини қироат қиласизларми? «Қод афлаҳал муъминун»ни ўқинг!» – деди.

Язид айтади: «Мен «Қод афлаҳал муъминун»ни то «ли фуружиҳим ҳофизун»гача ўқидим.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари Қуръон эди», – деди Оиша.

Бухорий «Ал-Адаб ал-Муфрад»да ва Насаий «Кубро» ҳамда «Туҳфатул Ашроф»да ривоят қилган.

Яъни Муҳаммад алайҳиссалом Қуръондаги олий хулқлар билан хулқланиб, барча яхши одоб-ахлоқни ўзларига сингдирганлар.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни мўминнинг мезонида чиройли хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмас. Албатта, Аллоҳ фаҳш ва чиркин сўз айтувчини ёмон кўрур», дедилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта, мўмин ўзининг чиройли хулқи ила рўза тутувчи ва бедор бўлувчининг даражасини топадир», деганларини эшитдим».

Абу Довуд, Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан одамларни кўпроқ жаннатга киритадиган нарса ҳақида сўралди. Бас, у Зот: «Аллоҳга тақво қилиш ва чиройли хулқ»,  дедилар.

Ул Зотдан яна одамларни кўпроқ дўзахга киритадиган нарса ҳақида сўралди.

Бас, у Зот: «Оғиз ва фарж»,  дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради. Одамларга чиройли хулқ ила муомала қил»,  дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг яхшингиз чиройли хулқлигингиздир», – дедилар».

Термизий, Муслим ва Бухорий ривоят қилишган.

Бухорийнинг лафзида«Албатта, сизнинг энг яхшингиз ҳусни хулқлигингиздир», дейилган.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан менга энг маҳбубингиз ва қиёмат куни мажлиси энг яқинингиз чиройли хулқлигингиздир. Сизлардан менга энг ёқмайдиганингиз ва қиёмат куни мажлиси энг узоғингиз сергап, тили узун ва мутафайҳиқингиздир»,  дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули! Сергап ва тили узунни биламиз, мутафайҳиқлар кимлар?» – дейишди.

«Мутакаббирлар», – дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Аввал ҳам ишора қилинганидек, ахлоқ ва одобни яхши савияда тутиб туриш учун доимо уларни сайқаллаб туриш ва бузилишига қарши чоралар кўриш керак. Бунинг учун эса ахлоқ-одобни бузадиган, ёмонлаштирадиган омилларни ва уларни сайқаллаш йўлларини яхшилаб ўрганиш лозим.

Баҳам кўринг

Comments are closed.