Абу Толиб (давоми)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Даъват ошкор этилганда

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига келган динга икки йилу уч ой давомида одамларни яширинча даъват қилдилар. Аста-секин мусулмонлар сони кўпайиб, иймон ва шижоатлари мустаҳкамлангач, Aллоҳ таолонинг: «Ва (Эй Муҳаммад), яқин қариндош-уруғларингни (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантир» , деган амрига биноан ошкор чақириққа ўтдилар.

Бу ишни Бани Ҳошимни тўплаб қуйидаги гапларни айтишдан бошладилар: — Алҳамду лиллаҳ, алҳамду лиллаҳ, унга ҳамдлар айтаман, ундан мадад тилайман, унга иймон келтириб, унга таваккал қиламан. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, у ёлғиз, шериксиздир.

Йўлбошчи ўз аҳлига ёлғон гапирмайди, ундан ўзга илоҳ йўқ (у ёлғиз, шериксиздир) бўлган Зотга қасамки, ухлаганингиз каби жон таслим қиласизлар, уйғонганингиз каби, албатта. тириласизлар ва қилган амалларингизга қараб ҳисоб қилинасизлар. Албатта унинг натижаси абадий жаннат ёки абадий дўзах бўлади. Буни эшитиб турган Абу Толиб жавобан: «Сизга ёрдам беришни истаймиз, насиҳатингизга иқбол қилдик, сизнинг сўзларингиз ҳақу рост. Мана, отангизнинг уруғи йиғилган. Мен ҳам улардан бириман, улар ичида сиз яхши кўрган нарсага шошилувчанроқман. Сиз ўзингизга буюрилган ишни давом эттираверинг, Аллоҳга қасамки, ҳамиша ҳимоя қилиб, ёнингизни олиб тураман, фақат нафсим мени Абдулмуталлиб динидан ажралишни истамаяпти», – деди. Жон томирлари-ю, суякларигача ширк ва жаҳолат сингиб кетган мушрикларни янги динга чақириш улкан нарса бўлиб, ота-онаси, бирор ҳомийси бўлмаган киши учун бундай катта ишни амалга ошириши ўта мушкул эди. Абу Толибдек обрўли ва уруғига сўзи ўтадиган кишининг хайрихоҳ ҳомийлиги Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам учун қанот бағишлади, насл-насаб ва ҳурмат-эътиборга, юқори мавқега эга бўлган Абу Толибнинг ҳимоясини қайтариш, беодоблик қилишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмас эди. Даъват ошкор этилгач, мусулмонларга қўлдан келганча азоб бериш, бу орқали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни қўрқитиб қўймоқчи бўлган Қурайш катталарининг боши қотиб қолди. Ўйлаб-ўйлаб охири масъул шахс Абу Толиб билан келишув йўлини тутишга, бироқ у билан сўзлашувга ғоят ҳикмат ва жиддийликни лозим тутишга, шу билан бирга, уни ўз фикрларига бўйсундириш учун бироз махфий таҳдид қилишга қарор қилишди. Қурайшнинг зодагон бошлиқларидан бир гуруҳи Абу Толибнинг олдига келиб: — Эй Абу Толиб, укангнинг ўғли олиҳаларимизни ҳақорат қилмоқда, динимизни айбламоқда, ақлимизни паст, оталаримизни залолатга кетган демоқда. Сен уни тийиб олгин, ёки ўзимизга қўйиб бер. Ахир сен ҳам бизнинг динимиз ва ақидамиздасан-ку!»  – дедилар. Абу Толиб уларга мулойим гапириб қайтариб юборди. Лекин мушриклар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга маҳкам ёпишиб олишди. У Зотни ҳеч тинч қўйишмади. Бир муддат ўтиб, яна бир гуруҳ қурайшликлар шикоят билан амакининг ҳузурига келди ва қаттиқроқ пўписа қилиб: — Эй Абу Толиб, сен бизнинг ёши улуғ, обрўли кишимизсан, биз сендан жиянингни тийиб қўйишингни талаб қилдик, сен ундай қилмадинг.Аллоҳга қасамки, биз энди оталаримизнинг ҳақоратланишига, муқаддас туйғуларимиз топталишига, олиҳалариминингз айбланишига сабр қила олмаймиз, ё сен уни тўхтатасан, ёки унга қўшиб сен билан ҳам урушамиз. Майли, икки томондан бири ҳалок бўлса бўлсин, – дейишди. Бу таҳдид ва қаттиқ талаб Абу Толибни ғамга солди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни чақириб келиш учун ўғли Ақилни юборди. У Зот етиб келганларида: — Эй жияним, қавмимиз келиб менга шундай гапларни айтди, менга ҳам ўзингизга ҳам раҳм қилинг, Мен кўтара олмайдиган нарсани устимга юкламанг, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амаким мени ҳимоясиз қолдирмоқчи, у менга ёрдам беришдан ожиз қолибди деб ўйладилар ва: — Эй амаки, Аллоҳга қасамки, шу ишни тарк қилгин, деб ўнг қўлимга қуёшни, чап қўлимга ойни қўйсалар ҳам, то Аллоҳ шу динни ғолиб этгунча ёки шу йўлда ҳалок бўлгунимча уни тарк қилмасман, – дедилар. Сўнг тўлиб кетиб, йиғлаб юбордилар ва ўринларидан турдилар. У Зот чиқиб кетаётганларида Абу Толиб чақириб, ўзига қаратди ва: — Жияним, бу ёққа келинг, нимани хоҳлайсиз, гапиринг. Аллоҳга қасамки, сизни ҳеч қачон, ҳеч нарса учун ташлаб қўймайман, – деди. Бу унинг Ислом ҳимояси учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берган учинчи ваъдаси эди. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз ҳимоясида бўлишларига қатъий қарор қилди. Арабларнинг одатига кўра, улардан бири бировини ҳимоясида эканини эълон қилса, бошқалари ўшанга тега олмас эдилар. Шу одатга биноан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам учун Абу Толибнинг ҳимояси жуда қўл келди. У ўзи Исломда бўлмаса ҳам Ислом Пайғамбарини ҳимоя қилар эди. Ўшанда унинг ёши етмиш олтида эди. Қурайш қилган дўқ-пўписаси таъсир этмаганини кўргач, Абу Толиб билан сулҳ тузмоқчи бўлдилар. Уларнинг ҳар бир иши каби ушбу шартлар ҳам ғирт аҳмоқлик ва кулгили эди. Бунга кўра Абу Толиб, Валид ибн Муғийранинг ўғли Уморани ўғилликка олиб, ўрнига Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни мушрикларга топшириши керак эди. Бундан унинг ғазаби келиб: — Сизлар менга фарзандингизни берасиз, мен уларни сизнинг ўрнингизга едириб-ичирайин-да, сизларга ўз ўғлимни берайин ва сиз уни ўлдиринг?! Йўқ, Аллоҳга қасамки, бу ҳеч қачон бўлмайдиган иш, – деди. Қурайшнинг Абу Толиб билан олиб борган ҳар икки музокараси муваффақиятсиз тамомлангач, мушриклар шу пайтгача қилолмаган ишни қилиб, Пайғамбарга очиқ тажовузга ўтишди. Ана шундай қилиб воқеалар оқими ўзгарди. Мушрикларнинг дадил ҳаракатлари билан ўзини назар-писанд этмай, жиянига ҳужумга ўтганини кўрган Абу Толиб Бану Абдуманнофни йиғиб, у Зотни ҳимоя қилишга чақирди. Кучли қариндошчилик ҳамиятидан келиб чиқиб, уруғнинг мусулмонию кофири бунга рози бўлди.

(Давоми бор)

Зебуннисо Қутбиддин қизи

Мавзуга оид мақолалар
Кўк пиёз инсон организми учун йил давомида зарур бўлган сабзавот ҳисобланади. Айниқса, эрта баҳорда инсон давоми...

06:39 / 24.11.2016 4371
Маълумки, шу кунларда Қуръон мусобақаси Тошкент вилояти бўйлаб давом этмоқда. Бугун эса Назарбек давоми...

11:51 / 12.02.2018 3169
embedhttpswww.youtube.comwatchvCHHUl8HxXl0embed

09:42 / 12.06.2017 2825
Кундалик ҳаётимизни тобора енгиллаштириб келаётган бугунги илмий кашфиётларни ким қилар экан, дея ўйлаб давоми...

07:41 / 31.01.2019 2409