8 — 9 ёшли боланинг ҳиссий ҳолати

0 1 564

8 — 9 ёшли боланинг ҳиссий ҳолати

8 — 9 ёшли бола  ҳамма нарсани тез қилгиси келади: ҳаракатланишни, овқатланишни, ўқишни, гапиришни. Унга катталар худди ўз тенгдошларига қилгани каби муомала қилишлари ёқади. Бола бу ёшда инсоний муносабатларга ниҳоятда қизиқади: инсонлар қандай қилиб ва нима учун дўстлашадилар, бир-бирларидан нега хафа бўладилар ва ҳ.к.  8 — 9 ёшли болалар ҳамма ёққа бурун суқишни ёқтиришади: нега чироқ ёнаяпти ва машина қандай ишлайди, телевизорнинг ичида нима бор ва нега у бундай, у айнан қандай ишлайди, — саволлар ниҳоятда кўп ва бола уларнинг ҳар бирига аниқ ҳамда қайта саволга ўрин қолдирмайдиган даражадаги мукаммал жавоб олишни истайди.

Дўстлар билан муносабатлар унинг учун энди катталар билан бўлган муносабатдан анча муҳим, лекин бу пайтда ўғил ёки қиз бўлишидан қатъий назар бола онасига яқин бўлгиси келади. У ҳатто онасини бошқалардан рашк қилади. 8 — 9 ёшли болалар ниҳоятда таъсирчан бўладилар ва танқидга ўта сезгирдирлар. Ўзларига таниш бўлган инсонларнинг ҳатти-ҳаракатини муҳокама қилишни ёқтиришади. Ўз камчиликларини жуда яхши билишадию, аммо ҳар доим ҳам улар билан кураша олишмайди.  Баъзан улар бошқа болалар билан чиқиша олишмайди, гоҳида эса ҳатто онаси билан ҳам ўта қўпол муомалада бўладилар. Агар бу ёшда бола меъёрда ривожланса, унда масъулият ҳисси ва нимагадир эришиш иштиёқи кучлироқ бўлади. Инсонлар билан муносабатлари бу пайтда анча яхши ривожланган.

8 — 9 ёш (айниқса ўғил болаларда) – мустақил ўқиш анча сусайган давр ҳисобланади, шунинг учун ўғлингизни ўқишга асло мажбурламанг. Айёрлик қилинг. Фарзандингизга ўзи қизиққан мавзудаги китобни олиб беринг, ана ундан сўнг аста-секин бошқа мавзуларга ўта бошлайсиз. Ва яна бир жиҳат: китобларни у билан бирга танланг, айниқса уларни дўконлардан харид қиладиган бўлсангиз.

Тўққиз ёшли болалар кўпинча нарса йиғиш билан шуғулланишади: бунда ҳамма нарса иш беради — тошчалар, маркалар, сақич қоғозлари … Бунда болакайлар нафақат уларни йиғиш, балки вақти-вақти билан уларни саралаб, тартиблаб туришга ҳам қизиқадилар.

Саккиз ёшли болалар ўз буюмларини ҳам баъзан тартиблашга интиладилар. Ёзув столи тортмасига бирорта ёпиштиргични ёпиштириб қўйишлари, китобларни чиройли қилиб тахлаб чиқишлари ҳам мумкин. Албатта бу тартиб узоқ сақланиб қолмайди. Аммо энг муҳими ушбу тартибга интилишдир.  Болага озроқ вақт беринг, шунда тозалик ва озодаликка у кўникади ва бу ишни қилиш унинг одатига айланади.

Баҳам кўринг

Leave A Reply